Путин Украинага ядровий қурол берилса, оқибати қандай бўлишидан огоҳлантирди

Сурат манбаси, Reuters
Президенти Владимир Путин Киевда жойлашган қарор чиқарувчи марказларга “Орешник” - янги баллистик ракетаси билан ҳужум қилишини айтиб, таҳдид қилди. У, шунингдек, Украинага ядровий қурол берилса оқибати қандай бўлишини ҳам айтди.
Путиннинг бу гаплари Россиянинг АҚШ берган Atacms ракеталари билан Россия ҳудудига уюштирилган "давомли ҳужумлар"га жавобан Украина энергия тармоғига берилган "кенг қамровли" тунги ҳужумидан сўнг янгради.
Украина президенти Володимир Зеленский ҳар қандай "Россия таҳдиди"га "қатъий жавоб" қайтарилиши билан огоҳлантирди.
Украина ўтган ҳафта илк марта ғарб давлатлари — АҚШ, Буюк Британия ва Франция томонидан тасдиқланган Atacms ва Storm Shadow ракеталарини Россия ҳудудига ҳужум қилиш учун ишлатди.
Россиянинг ўтган тундаги ҳужуми бир неча соат давом этди, бутун Украина бўйлаб дрон ва ракеталар ёғди. Бу – ўтаётган ойдаги иккинчи шундай ҳужум.
Ҳужумлардан ҳалок бўлганлар бўлмади, аммо у бир миллиондан ортиқ одамни электрсиз қолдирди.
Зеленский кластер снарядлари фуқаролик ва энергия инфратузилмасига қарши қўлланганини айтди.

"Кластерли снарядлар — Россия қуролининг фуқароларга қарши қўлланиладиган хавфли туридир", — деди у ва улар қутқарувчилар ҳамда таъмирлаш гуруҳларининг ишини "анча мураккаблаштирмоқда" дея қўшимча қилди.
Путин Россия ҳужуми 90 та ракета ва 100 та дрон билан амалга ошганини, шу жумладан "Орешник" номли янги баллистик ракета қўлланганини ва бу ракетани йўқ қилиш мумкин эмаслигини айтди.
АҚШ расмийларининг ишонишича, Россияда тажрибадаги "Орешник" ракеталаридан оз миқдорда мавжуд бўлиши мумкин ва уларни кўпроқ ишлаб чиқариш учун вақт керак бўлади.

Сурат манбаси, Getty Images
Зеленский ўзи мурожаатида айтишича, Путин "бу урушни тугатишга қизиқиш билдирмаяпти" ва уни "бошқаларни ҳам бу урушни тугатишга қўймасликка уринаётганликда" айблади.
"[Унинг] ҳозирги кескинликни кучайтириши АҚШ президентларига Россия шартларини қабул қилиш учун босим ўтказишга қаратилган".
Россия раҳбари шунингдек, Москва Украинага ядровий қурол олишга йўл қўймаслигини ва агар шундай бўлса, Россия қўлидаги барча йўқ қилиш воситаларидан фойдаланишини таъкидлаган. Бу ҳақда Россия давлат ахборот агентлиги РИА хабар берди.
Бу АҚШ президенти Жо Байден 2024 йил январда лавозимидан кетгунга қадар Украинага ядровий қурол бериши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга ишора бўлиши мумкин.
Зеленский бир неча бор 1994 йилдаги Будапешт меморандуми Украинага Совет Иттифоқидан мерос қолган ядровий қуролларни топшириш орқали мамлакатни керакли хавфсизликдан маҳрум қилганини айтган.
Украина урушига ОДКБ аъзолари ҳам қўшиладими?
Худди НАТОга ўхшаб, ОДКБ низомига кўра, ташкилотга аъзо бир мамлакатга ҳужум бўлса, қолганлар ҳам урушга қўшилиши керак.
Украина Американинг АТАКАМС ва Сторм Шадоу ракеталари билан Россия ҳудудига ҳужум қилди, демоқда Россия.
Энди бу Украина-Россия урушига Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳам қўшилиши кераклигини англатадими?
Кузатувчилар Остонадаги навбатдаги ОДКБ саммитини ана шу савол билан кузатдилар.
Президент Путин айтишича, шу кеча Россия Украинага 90 ракета ва 100 дрон билан зарба берди, бу АТАКМС ҳужумларига жавобдир.
Россия 19 ноябрдаги Ғарб ракеталари билан ҳужумга 21 ноябр куни “Орешник” янги баллистик ракетаси билан жавоб ҳужуми қилганини айтди, Путин сўзларига кўра, “Орешник” ракетаси жанговар шароитда синовдан ўтказилаяпти, Киевдаги “қарор қабул қилиш” марказлари нишонга олинаяпти.
“Шундай ракета тизимларини ишлаб чиқаришга келадиган бўлсак, Россия ишлаб чиқариши НАТО мамлакатларининг жами ишлаб чиқаришидан 10 марта кўп. Ва кейинги йил у яна 25-30 фоизга оширилади”, деди Президент Путин.
Украина расмийларига кўра, дрон ҳужумлари 9 соат давом этган, Х-59, 69, 101 ва “Калибр” ракеталарининг 76 тасини уриб туширганлар, ҳужумларда асосан энергетика инфратузилмаси нишонга олинди, оқибатда Украинанинг катта ҳудудида электр таъминоти ишдан чиқди. Бир миллиондан ортиқ одам электрсиз қолди.
Кузатувчиларга кўра, Россия 127, 158 ракетали ҳужумларни бундан олдин ҳам, Америка ва Британия ракеталари ҳужумларидан илгари ҳам уюштирганди.
Остонага Озарбайжон билан урушда енгилган ОДКБ аъзоси Арманистон бош вазири бормади.
Аксар сиёсий таҳлилчиларга кўра, Кремль “ёнимда тур!” деб МДҲ, ШОС, БРИКСга аъзо мамлакатлардан сўраяпти, босим кўрсатаяпти. Аммо Украина босқинини очиқ қоралаб чиқмаган собиқ Совет республикалари раҳбарлари Киевдан кейинги нишонлари ўзлари бўлишлари мумкинлигини яхши англайдилар.












