Ўзбекистон: аёлларга шилқимлик камаймоқда, энди ҳокимлар фермернинг чигитига хўжайинлик қилолмайдими?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Рут Комерфорд
- Role, BBC news
- Ўқилиш вақти: 9 дақ
Ўзбекистонда сўнгги йилларда оилавий зўравонлик ва шилқимлик сони кескин камайди. Фермерлар ва бизнес фаолиятига аралашганлик учун жавобгарликни кучайтирилаётгани ҳокимларни тия оладими?
Шилқимлик ва оилавий зўравонлик камайишига нима сабаб?
2025 йилнинг дастлабки саккиз ойи натижаларига кўра, Ўзбекистонда оилавий зўравонлик ва шаҳвоний шилқимлик ҳолатлари ўтган йилга нисбатан камайгани кузатилмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, 2025 йил январь—август ойларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59²-моддаси асосида 7 624 нафар шахсга нисбатан маъмурий чоралар қўлланилган. Бу кўрсаткич 2024 йилда 16 524 нафарни ташкил этган эди.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 126¹-моддаси — "Оилавий (маиший) зўравонлик" бўйича жиноят иши қўзғатилганлар сони ҳам 2024 йилдаги 472 нафардан 2025 йилнинг саккиз ойида 298 нафаргача камайган.
Шаҳвоний шилқимлик ҳолатларида ҳам шунга ўхшаш пасайиш кузатилмоқда. 2024 йилда бу модда бўйича 1 854 нафар шахс жавобгарликка тортилган бўлса, жорий йилнинг саккиз ойи давомида бу рақам 1 450 нафарни ташкил этди.
Мутахассислар фикрича, бу тенденциянинг шаклланиши 2024 йил октябрида қабул қилинган "Оилавий зўравонликдан ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш тўғрисида"ги қонун билан боғлиқ. Унинг доирасида зўравонликка қарши жазолар кучайтирилиб, жабрланувчиларни ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилган.
Ҳокимлар энди фермерларнинг чигит ташишига тўсқинлик қилолмайдими?

Сурат манбаси, Getty Images
Ўзбекистонда фермерлар ва тадбиркорлар фаолиятига мансабдор шахслар аралашувига қарши янги ҳуқуқий чоралар кўрилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қабул қилган қонун лойиҳасига кўра, энди ҳокимлар ёки бошқа давлат амалдорлари фермернинг маҳсулотини қаерда сотишини, нархини белгилашини ёки чигитни қаерга ташишини чеклашга ҳақли эмас.
Қонунга киритилаётган ўзгартиришлар орқали Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241¹-моддаси ва Жиноят кодексининг 192¹-моддасида фаолиятга тўсқинлик қилган амалдорларни жавобгарликка тортиш белгилаш кўзда тутилмоқда. Агар мансабдор шахс фермернинг маҳсулотини эркин сотишига ёки ташишига ғов бўлса, у маъмурий жазо олади, қонунбузарлик такрорланса — жиноий жавобгарликка тортилса мумкин бўлади.
Бу ўзгаришлар фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим қадам бўлаётгани айтилмоқда. Яқинда Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразмда ҳокимликлар чигитнинг бошқа вилоятларга чиқарилишини оғзаки равишда тақиқлагани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Янги қонун кучга киргач, бундай кўрсатмалар қонунбузарлик сифатида баҳоланиши мумкин.
Шунингдек, қонун лойиҳасида фермерга ўз ер участкасини оила аъзосига ёки бошқа шахсга вақтинчалик ўтказиш ҳуқуқи ҳам берилиши назарда тутилган. Бу тартиб фермерларга ердан самарали фойдаланиш ва коррупция ҳолатларини олдини олиш имконини яратиши айтилмоқда.
Янги қонун фермерларга ўз маҳсулотини эркин сотиш, ташиш ва бозорда нарх белгилаш ҳуқуқига амалий кафолат бериши кўзда тутилган.
Украинада жанг қилган ўзбекистонлик 3 йилга қамалди

Сурат манбаси, EPA
Самарқанд вилоятида 27 ёшли Ўзбекистон фуқароси Россия томонидан Украинадаги урушда қатнашгани учун 3 йилга озодликдан маҳрум этилди. gazeta.uz нинг суд маълумотларига таяниб ёзишича, у аввал Россияда ишлаш учун борган. Аммо наркотик савдосида айбланиб қамалган ва жазо муддатини ўтаётган вақти, Россия қуролли кучлари сафида Украинада жанг қилишга ёлланган.
Фуқаро Россия фуқаролигини олганидан кейин Луганск ва Запороже вилоятларида жангларга жалб қилинган, кейинроқ яраланганидан сўнг Москва орқали Ўзбекистонга қайтган. Ватанга келгач, унга нисбатан "ёлланиш" моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилиб, суд ҳукми билан 3 йиллик қамоқ жазоси тайинланди.
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, чет эл қуролли кучлари таркибида ёлланиб жанг қилиш тақиқланган. Бу нафақат Россия-Украина уруши, балки ҳар қандай хорижий можароларда иштирок этган фуқароларга ҳам тааллуқли.
Охирги ойларда Россия томонида Украинада жанг қилган ўзбекистонликлар устидан бир нечта шундай суд ишлари бўлгани ҳақида хабарлар чиққан.
13 октябр: Марказий Осиё дайжести: Путинни ҳибсга олмаган Тожикистон танқид қилинди, ЕИ минтақага $2,4 млрд бермоқчи, Толибон Покистондан ўч олганини айтди (видео)

Сурат манбаси, Reuters
Афғонистон ва Покистон ҳарбийлари ўртасида қуролли тўқнашувлар рўй бергани ортидан чегаралар ёпилди, савдолар тўхтади, инсонлар ўтолмай қолдилар.
Афғонистон Толибонига кўра, Покистон Афғонистон "суверенитетига дахл қилиб", бозорни бомбалаганига қасос сифатида Покистон ҳарбийларига ҳужум қилганлар.
Афғон расмийларига кўра, 9 октябр куни Покистон Афғонистоннинг жануби-шарқидаги Пактика вилоятидаги бозорга авиа бомба ташлаган, оқибатда кўплаб дўконлар вайрон бўлган.
Бунга жавобан Толибон Покистон билан чегарадаги тоғли ҳудудлардаги Ангур-Адда, Бажаур, Куррам, Дир, Читрал ва Барамча деган жойларда Покистон армияси мавқеъларига ҳужум қилган.
Покистон ҳарбийлари "бизнинг 23 аскаримиз, Толибоннинг 200 дан ортиқ жангчиси ҳалок бўлди" дейди.
Афғонистон эса Покистоннинг 59 ҳарбийсини ўлдирдик, дейди.
Исломбод Толибонни Покистон ҳудудига ҳужумлар уюштираётган террорчиларга паноҳ бераётганликда айблайди.
Буни эса Толибон рад этади.
Европа Иттифоқи Тожикистонни танқид қилди

Сурат манбаси, President.tj
Европа Иттифоқи Халқаро Адолат суди талабини бажармагани учун Тожикистон расмийлари танқид қилинган баёнот тарқатди.
Хусусий 24.kg ахборот агентлиги хабар қилишича, баёнот Европа Ташқи алоқалар хизмати (EEAS) веб-сайтида эълон қилинган.
Баёнотда айтилишича, Тожикистон Республикаси Халқаро Адолат судининг Рим Статуси аъзоси бўла туриб, ўз зиммасидаги мажбуриятини бажармаган.
2023 йил мартида Ҳаагадаги Халқаро Адолат суди Россия Президенти Владимир Путинни ва Россиянинг болалар ҳуқуқлари бўйича омбусдмани Мария Лвова-Беловаяни ҳибсга олиш учун ордер чиқарди.
8-10 октябр кунлари Президент Путин Тожикистон пойтахтига давлат сафари билан борди, шунингдек, "Марказий Осиё - Россия" ва МДҲ раҳбарлари саммитларида қатнашди.
EEAS ўтган йили кузида Рим Статуси аъзоси ҳисобланган Мўғулистонни ҳам Владимир Путинни ҳибсга олиш ордерини адо этмагани учун ХАС Улан-Батурни қоралаганини эслатган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Қамбарота лойиҳасига Европа Иттифоқи 2,4 миллиард доллар ажратмоқчи
Қирғизистондаги Қамбарота-1 ГЭСи лойиҳаси қурилиши учун Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистонга 2,4 миллиард доллар ажратишга рози бўлган.
Ушбу хабар уч мамлакат энергетика вазирларининг Брюсселда Европа Қайта қуриш ва Тарққиёт банки вакиллари билан учрашувидан кейин эълон қилинган.
EBRD Марказий Осиё мамлакатлари билан янада фаол ҳамкорликка тайёр эканини билдирган.
Қамбарота-1 ГЭСи Қирғизистоннинг Норин дарёсидаги олти ГЭСдан энг йириги бўлади, деб кутилаяпти.
У йилиги 1860 МВт электр энергияси ишлаб чиқаришга қодир бўлади.
Ушбу ГЭС лойиҳаси Совет Иттифоқи замонида ишлаб чиқилган, СССР парчаланиб кетганидан кейин маблағ етишмаслиги туфайли қолиб кетган эди.
2008 йили Россия лойиҳа қурилишига киришди.
Аммо орадан тўрт йил ўтиб Қирғизистон ҳукумати Россия ширкатини ўз шартномасида белгиланган мажбуриятларини бажармаётганликда айлаб келишувни бекор қилган эди.
2025 йил апрелида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳам лойиҳа қурилишига бош қўшишга қарор қилдилар.
25 сентябр. Марказий Осиё дайжести: Қозоғистон ташқи ишлар вазири истеъфоси муҳокамада, электрга муҳтож Қирғизистон токини Хитой майнингига бераяпти

Сурат манбаси, akorda.kz
Президент Тоқаевнинг сиёсий вориси сифатида кўриб келинган Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу ва бошқа дипломатлар лавозимидан четлатилгани сабаблари ижтимоий тармоқларда муҳокамаларни келтириб чиқарди.
Қозоғистондаги Orda.kz веб-сайти хабар қилишича, Тоқаевнинг фармони билан Мурат Нуртлеу президентнинг халқаро сармоявий ва савдо ҳамкорлиги бўйича ёрдамчиси этиб тайинланган.
Қозоғистон Ташқи ишлар вазири лавозимига Ермек Кошербаев тайинланган. Бундан олдин у бош вазир ўринбосари эди.
Президент фармонига биноан, Қозоғистоннинг БМТ ва АҚШдаги элчилари ҳам алмашган.
Шу вақтгача президентнинг халқаро масалалар бўйича ёрдамчиси бўлиб келган Ержан Қозихон Қозоғистоннинг БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий ташкилотлардаги доимий вакили этиб тайинланди.
Президент Тоқаев Ержан Ашикбаевни АҚШдаги Қозоғистоннинг фавқулодда ва мухтор элиси лавозимидан бўшатган.
Ермек Кошербаев ҳали 1980 йиллардан ташқи сиёсат соҳасида фаолият юритиб келаётган Қозоғистоннинг фахрий дипломатларидан ҳисобланади.
У 2019-2020 йилларда Қозоғистон Ташқи ишлар вазири, 2020-2023 йиллари Қозоғистоннинг Россиядаги элчиси, 2023 йилдан то шу кунгача Шарқий Қозоғистон вилоятининг ҳокими бўлиб ишлаб келган.
Мурат Нуртлеунинг Ташқи ишлар вазири лавозимидан бўшатилиши Қозоғистон расмийлари томонидан "фейк" деб рад этилган баҳсли матбуот хабарлари ортидан юз берди.
Сентябр ойи бошида Қозоғистон нашрларида Мурат Нуртлеу, бир маҳаллий тадбиркор ва бир неча хавфсизлик зобитлари ҳибсга олинганлари ҳақида хабар тарқатган эдилар.
Халққа зулмат, майнерларга яшил чироқ

Сурат манбаси, ASIA-TODAY.NEWS
Ана шундай сарлавҳа билан мақола эълон қилди Қирғизистондаги энергетика инқирози ҳақида Asia Today Телеграм канали.
Қирғизистон Энергетика вазири ўринбосари Эмилбек Исмановнинг парламент олдидаги чиқишида айтишича, йил сайин мамлакатда энергетика тақчиллиги ортиб бораяпти ва ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда дефицит 1 миллиард 600 миллион киловатт-соатга етган.
Шу боис вазир ўринбосари назоратли электр ўчиришлари рўй бериши мумкинлигини истисно этмаган.
Расмийларга кўра, куз-қиш мавсумида Қирғизистон қўшнилардан 4,3 миллиард киловатт-соат электр қувватини импорт қилади, бироқ эҳтиёж ортиб бораётгани туфайли энерго тақчиллик ҳам ортиб бораяпти.
"Бундай баёнотлар вазирлар маҳкамасининг бошқа баёнотлари манзарасида, юмшоқ қилиб айтганда, шубҳали туюлади", деб ёзди нашр.
"Гап майнингни кенгайтириш ҳақида бораяпти. Агар республика олдин бундай фаолиятдаан фақат солиқ олган бўлса, энди "крипто"ни расман давлат лойиҳалари ичига ҳам киритаяптилар", деб ёзади Asia Today.

Сурат манбаси, .
Вазирлар маҳкамаси бир қўли билан майнинг ва криптобиржалара ишини "кучайтираяпти", иккинчи қўли билан Қирғизистон аҳолисининг электр истеъмоли лимитини "қаттиқлаштираяпти, бу билаан криптосхемалара иши учун база яратаяпти, дейди нашр.
Нашрга кўра, Хитой крипто майнингни тақиқлаган 2020 йилдан кейин крипто майнинг фирмалари электри арзон Қирғизистонга "ўзларини урганлар".
Бугунга келиб Қирғизистон жаҳондаги крипто валюта "қазиб чиқарилаётган" ўнликка кирадиган мамлакатга айланган.
Муҳожиротдаги журналист Болот Темиров ҳукумат баёнотларининг бир-бирига зид эканига эътибор қаратади.
"Икки йил олдин Энергетика вазири Қирғизистонда энергетика инқирози бўлиши мумкинлигини рад этганди. Энди эса энергетика инқирозидан 2028 йили чиқиб кетамиз, деяпти", деб ёзди Болот Темиров ўзининг Телеграм каналида.
"Халқ ўз имкониятлари чегарасида тирик қолишга интилаётган бир пайтда Қирғизистон крипто-хабга айланиб бораяпти. Бу каби "ташаббусларда" мамлакат қанча узоққа торта олишини келаётган қиш кўрсатади", деб ёзади Asia Today.
Шу кунларда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон Брюсселда Қирғизистоннинг Норин дарёсидаги "Қамбарота-1" ГЭСи қурилишини муҳокама қилганлари хабари тарқалди.
Қиш ғамини бугун е!

Сурат манбаси, Ministry of Energy
Президент Мирзиёев Ўзбекистондаги таълим муассасаларининг 20 фоизи қиш аёзларига тайёр эмаслигини танқид қиларкан, мутасаддиларга кузги-қишки мавсумга тайёргарлик ишларини якунлашга икки ҳафта муҳлат берди.
Қиш совуқларига тайёргарликни Тожикистон ҳам бошлаган, Тошкентда Ўзбекистон ва Тожикистоннинг энергетика вазирлари Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Далер Жума музокара ўтказганлар.
Вазирлар қишки мавсумда Ўзбекистондан Тожикистонга табиий газни узлуксиз етказиш масасини муҳокама қилганлар.
Ўзбекистон нашрлари Қозоғистондан бензин импортини кескин оширгани ҳақида хабар қилмоқдалар.
Бунинг сабаби, Россиядан бензин таъминотида узилишлар кузатилгани ортидан Ўзбекистон ўз манбаларини диверсификация қилишга ҳаракат қилаётгани билан тушунтирилмоқда.
zamin.uz веб-сайти ёзишича, 2025 йилнинг биринчи ярмида Туркманистондан хомашё 5 баравар ортган, Қозоғистондан газ конденсати 3 баробар, бензин импорти эса 10 марта кўпайган.
25 сентябр. Путин ва Зеленский Қозоғистонда учрашадими, Зеленский Россия тўхтатилиши кераклигидан огоҳлантирди

Сурат манбаси, EPA/Reuters
Россия президенти матбуот котиби Зеленскийнинг Путин билан Қозоғистонда учрашиш таклифига жавоб берди. Путин "агар тўхтатилмаса, урушни янада кенгроқ ва теранроқ йўналишда давом эттиради", деб огоҳлантирди Украина президенти Володимир Зеленский.
Путин Украина президенти билан фақат Москвада учрашишга тайёр.
Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков Украина раҳбари Володимир Зеленскийнинг Путин билан Қозоғистонда учрашиш таклифига шундай деди:
"Украинлар таклиф билан тўлдириб ташлашди, кўплаб давлатларнинг номини айтишяпти. Бошида Қозоғистонга эмас, балки биз умуман қабул қилмайдиган давлатларга урғу беришди", деди Песков РБК радиосига берган суҳбатида.
У, шунингдек, Россия президенти олдинроқ бу каби муҳокамаларни Москвада ташкил қилиш таклифи билан чиққанини эслатди.
"Швейцария ва Австрия энди биз учун де-факто нейтрал давлат эмас, буни ҳисобга олиш керак. Биз Путиннинг айтганидан келиб чиқамиз: "Йигитлар, агар учрашмоқчи бўлсангиз, Москвага келинглар. Сизга ҳамма кафолатни берамиз" дея Путиндан иқтибос келтирган Песков.
Володимир Зеленский олдинроқ Путин билан Қозоғистонда учрашишга тайёрлигини айтганди.

Сурат манбаси, Reuters
Путин "агар тўхтатилмаса, урушни янада кенгроқ ва теранроқ йўналишда давом эттиради", деб огоҳлантирди Украина президенти Володимир Зеленский.
Ню-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган Зеленский, агар иттифоқчилар ягона фронтда бирлашмаса ва ёрдамни кучайтирмаса, яна кўпроқ давлатлар Россия тажовузига дуч келишини айтди.
У ҳарбий технологиялар тараққиёти билан бутун дунёда қуролланиш пойгаси таҳдиди остида қолаётганини таъкидлаб, "ким омон қолишини қуроллар ҳал қилади", деди ва сунъий интеллект бўйича глобал қоидалар киритишга чақирди.
Унинг баёноти АҚШ президенти Доналд Трамп Россия-Украина урушида фикрини ўзгартириб, илк бор Украина ўз ҳудудларининг барчасини қайтариб олиши мумкинлигини айтганидан кейин янгради.
Зеленский халқаро институтларни танқид қилиб, улар Украинага хавфсизлик кафолати бериш учун "жуда заиф" эканини таъкидлади. У — аниқ қилиб айтмаса-да, НАТОни назарда тутган ҳолда — "катта ҳарбий иттифоққа аъзо бўлиш ҳам хавфсизликни автоматик равишда таъминламайди", деди.
"Биз ҳозир инсоният тарихидаги энг вайронкор қуролланиш пойгасини бошдан кечиряпмиз", деди у.
Зеленскийнинг фикрича, "Россияни ҳозир тўхтатиш" — "биринчи бўлиб ким ядровий каллакли оддий дрон яратади, деб ташвишланишдан арзонроққа тушади.
У сунъий интеллект ва унинг қуроллардаги роли бўйича халқаро қоидалар зарурлигини қайд этди. Зеленскийга кўра, автоном дронлар ва учувчисиз самолётлар анъанавий урушдан кўра катта хавф туғдиради.
Украина президенти Европа Молдовани йўқотишни кўтара олмаслигидан ҳам огоҳлантирди. Унинг айтишича, Украина ва Европа Иттифоқига аъзо Руминия орасида жойлашган Молдова Россия таъсирига ўтиб кетиши мумкин. Зеленский Ғарб Путин таъсир доирасидан Грузия ва Беларусни қутқариш имконини қўлдан бой берганини ҳам таъкидлади.
Пайшанба Молдова президенти, Европа Иттифоқи тарафдори Майя Санду Кремлни мамлакатда зўравонликни қўзғатиш ва аҳоли орасида қўрқув уйғотиш мақсадида "юзлаб миллион евро йўналтираётган"ликда айблади.
Собиқ Совет республикаси бўлган Молдова аҳолиси якшанба куни сайловга боради. BBC суриштирувига кўра, Москвага боғлиқ тармоқ орқали дезинформация тарқатилмоқда.
Ўтган ҳафта Эстония ва Полша Россия ҳаво ҳудудини бузганидан сўнг бошқа НАТО аъзолари билан маслаҳат чақиришни сўради. НАТО аъзоси Руминия ҳам Россия дронлари унинг ҳаво ҳудудини бузганини маълум қилди.
Сешанба куни, БМТдаги нутқидан кейин, Доналд Трамп НАТО давлатлари Россия самолётлари уларнинг ҳаво ҳудудини бузса, уларни уриб тушириши кераклигини айтди.
Xalqaro institutlar Ukrainaga xavfsizlik kafolati berish uchun juda zaif. Katta harbiy ittifoqqa a’zo bo‘lish ham xavfsizlikni avtomatik ravishda ta’minlamaydi.
Зеленский Доналд Трампни мақтаб, у билан "яхши учрашув ўтказганини" билдирди.
Сешанба куни у журналистларга АҚШ Украинага урушдан сўнг хавфсизлик кафолатлари беришга тайёр, деб тушунганини айтди.
Бу кафолатлар нимани англатиши ҳақида сўралганда, Зеленский аниқ тафсилотларга эга эмаслигини, лекин кўпроқ қурол, ҳаво мудофаа тизимлари ва дронлар олиш эҳтимолини тилга олди.












