Ғазо уруши Исроилнинг ўзини иккига бўлиб ташладими?

Mavzuga aloqador kollaj rasm
Ўқилиш вақти: 15 дақ

Исроилнинг энг кўп муддат хизмат қилган Бош вазири ва мамлакат сиёсатидаги энг таъсирли шахс Бенямин Нетаняҳу Ғазодаги уруш ҳақидаги ўзи ишонган "асосий ҳақиқат"дан ҳеч чекинмаган.

ҲАМАС деярли икки йил аввал Исроилга ҳужум қилганидан буён у ҳам мамлакат ичида, ҳам ташқи дунёга изчил равишда бир нарсани таъкидлаб келмоқда. У буни илк марта 2023 йил 28 октябрда – ҳужумлардан уч ҳафта ўтиб, Ғазога йўлланган биринчи катта қуруқлик амалиёти пайтида очиқ айтган ва шундан кейин уни қайта-қайта такрорлаган.

"Биз юртимизни ҳимоя қилиш учун курашамиз. Курашамиз, асло чекинмаймиз. Қуруқликда ҳам, денгизда ҳам, ҳавода ҳам жанг қиламиз. Душманни ер устида ҳам, остида ҳам йўқ қиламиз. Жанг қиламиз ва ғалаба қозонамиз.

Бу ғалаба – эзгуликнинг ёвузликдан, нурнинг зулматдан, ҳаётнинг ўлимдан устун келиши бўлади. Бу урушда ҳар қачонгидан ҳам бирдамроқ ва адолатимизга ишонч билан собит туриб курашамиз."

Унинг нутқи оҳанг жиҳатидан 1940 йил июн ойида Уинстон Черчиллнинг машҳур чақирувини – "биз соҳилларда ҳам жанг қиламиз" деган сўзларини эслатарди. Ўша нутқ Британиянинг Франция шимолида Германиядан мағлуб бўлганидан ва Дюнкеркдан 338 мингдан ортиқ иттифоқчи аскар эвакуация қилинганидан кейин янграган эди.

Cherchil va Netanyahu rasmi kollaj qilingan

Сурат манбаси, Walter Stonema Getty / ABIR SULTAN /AFP Getty

Сурат тагсўзи, Нетаняҳу 1940-йилда Уинстон Черчиллнинг халқни руҳлантиришга қаратилган нутқи оҳангларини ўзида мужассам этган ўша нутқидан буён, бир неча бор ёруғлик, зулмат, яхшилик ва ёмонлик каби мавзуларга қайтди.

Шундан бери Нетаняҳу кўп марта нур ва зулмат, эзгулик ва ёвузлик каби образларга мурожаат қилиб келди.

Аммо Черчилл ўзининг машҳур нутқида "асло таслим бўлмаймиз" дейишдан олдин халқни "улкан ҳарбий мағлубият"дан хабардор ҳам қилган эди.

ҲАМАС 7 октябрда Исроилга энг аламли мағлубиятни етказди. Чегараларни бузиб кириб, кўплаб одамларни ўлдиргани ва гаровга олиб кетгани Исроилда ҳануз жуда реал даҳшатдек эсланади. Бу ҳолат урушга бўлган муносабатни, унинг қандай олиб борилаётганини ва қандай якун топиши мумкинлигини шакллантираётган асосий омиллардан бири бўлиб турибди.

Исроилликларнинг кўпчилиги ўз ишлари адолатлилигига шубҳа қилмаган. Бироқ Нетаняҳунинг "ҳар қачонгидан ҳам бирдамроқ" туриш ҳақидаги сўзлари икки йил ўтгач, Исроил воқелигига унча ёпишмаяпти.

Ҳозир Исроил ўз тарихидаги энг бўлинган даврлардан бирини бошидан кечирмоқда. ҲАМАС ҳужум қилган пайтда ҳам аллақачон баҳсли шахс бўлган Нетаняҳу мамлакатдаги ушбу чуқур нифоқлар устида раҳбарлик қилмоқда.

Ғазодаги азоблар ҳақидаги ўйлар

Тел-Авивдаги аксил-Нетаняҳу намойишларида бир неча юз исроиллик сукутда, ҳар бири Ғазода ўлдирилган фаластинлик бола исми ёзилган плакат ушлаб турарди.

Кўплаб плакатларда кулимсираб турган қизалоқ ёки болакайнинг сурати, туғилган ва ўлдирилган санаси кўрсатилган. Расми йўқ болаларнинг исмлари эса гул тасвири билан ифодаланган.

Ўлдиришни тўхтатишни талаб қилаётган жимлик намойишлари сони тобора ортиб бормоқда. Айримлари ҳатто ҳарбий ҳаво базалари ташқарисида ўтказилади, учувчиларнинг эътиборини тортмоқчи бўлади. Бироқ бу намойишчилар ҳануз камчилик фикрини ифода этмоқда.

Намойиш ташкилотчиларидан бири Тимина Переснинг айтишича, ҳаракат 18 мартда Исроил ҲАМАС билан охирги оташкесимни бузиб, яна урушга қайтгач бошланган.

Ovqatga navbatda turgan och G'azoliklar tasviri

Сурат манбаси, MOHAMMED SABER/EPA/Shutterstock

Сурат тагсўзи, Ижтимоий сўровлар шуни кўрсатадики, исроиллик яҳудийларнинг катта қисми Ғазодаги фаластинликларнинг азоб-уқубатларидан ташвишланмаяпти.

"Бир ҳафта ичида қанча кўп болалар ҳалок бўлганини англадик. Одамлар геноциди ва очликдан қирилиши бўлаётганда жим туришни истамайман…"

Унинг айтишича, кўчада кўпчилик уларга раҳмат айтади, аммо кўплаб одамлар қарғайди, хафа бўлади ва бу суратлардан қаттиқ ранжийди.

– Сизларни "хиёнатчи" деб аташадими? – деб сўрашди ундан.

– Албатта, – дейди Перес. – Кўплари: шундай ўйласангиз бориб Ғазода яшанг дейди.

"Улар давлатни танқид қилиш демократиянинг асосий қисми эканини англашмайди."

Март ойида Исроил мудофаа кучлари Ғазода урушга қайта киришиб, оташкесимни бузгандан бери ўтказилган сўровлар яҳудий исроилликларнинг катта қисми Ғазодаги фаластинликлар азобидан безовта эмаслигини кўрсатмоқда.

Исроил Демократия институти июл ойи охирида ўтказган сўровда аҳолининг бешдан тўрт қисмини ташкил этувчи яҳудий исроилликларнинг 78 фоизи "уруш шароитида Исроил фаластинликларга ортиқча азоб етказмаслик учун жиддий ҳаракат қилмоқда" деб ҳисоблаган.

Шахсий савол ҳам берилди: "Ғазодаги фаластинликлар орасидаги очлик ва азоблар ҳақидаги хабарлардан безовта эмасмисиз?"

Алоқадор мавзулар:
Netanyahu rasmi

Сурат манбаси, REUTERS/Ronen Zvulun/Pool

Сурат тагсўзи, Исроил бош вазири Нетаняҳу: "Ғазода оч қолаётган ягона инсонлар – бу бизнинг гаровга олинган асирларимиз", – деб айтди.

Сўралган яҳудий исроилликларнинг 79 фоизи "безовта эмасман" деб жавоб берди. Шу билан бирга, шу саволга жавоб берган Исроилдаги фаластинлик арабларнинг 86 фоизи "жуда безовтаман" ёки "анча безовтаман" деб жавоб берди.

Нетаняҳу, унинг вазирлари ва расмийлари эса ҲАМАС, БМТ, гувоҳлар, ёрдам гуруҳлари ва хорижий ҳукуматларни Ғазодаги гуманитар инқироз ҳақида ёлғон тарқатаётганликда айбламоқда.

10 август куни халқаро ОАВ учун инглиз тилида ўтказилган матбуот анжуманида Бенямин Нетаняҳу Ғазодаги очлик ҳақидаги хабарларни кескин қоралади. У "ёлғонларни фош қилиш" зарурлигини таъкидлаб: "Ғазода очликдан азоб чекаётган ягона одамлар – бу гаровдаги фуқароларимиздир", деди.

Нетаняҳу кўп йиллардан бери Исроилга қаратилган ҳар қандай танқидни антисемитизм билан тенглаштириб келади. Британия, Франция ва Германия каби яқин ҳамкорлар ишониб, қоралаган очлик ҳақидаги маълумотлар ва Исроил аскарлари овқат излаган фаластинликларни ўлдиргани ҳақидаги хабарларни у Европа тарихида яҳудийларнинг таъқиб қилинишига қиёслади.

У шундай деди:

"Биз ҳақимизда масиҳий жамиятига зараркунанда ҳашаротлар тарқатмоқда, дейишган. Қудуқларни заҳарлаяпти, деганлар ҳам бўлган. Болаларни сўйиб қонини ичяпти, деган бўҳтонлар ҳам тарқатишган.

Бу ёлғонлар дунё бўйлаб ёйилгани сайин, уларнинг ортидан даҳшатли қирғинлар, погромлар, кўчирилишлар содир бўлди ва ниҳоят энг даҳшатлиси – Холокостга олиб келди.

Бугун яҳудий давлатига ҳам худди шу йўсинда бўҳтон қилинмоқда."

"Биз оғир замонни яшаяпмиз – гаровдагилар ҳалок бўлмоқда"

Фаол Тимина Перес Исроил оммавий ахборот воситалари фаластинликларнинг азоб-уқубати ва ўлими ҳақида етарлича кўрсатмаётганини таъкидлайди.

Бу мавзудаги баҳс миллий муҳокамалар марказига яқинлашди, чунки уни шанба кечқурунги машҳур ток-шоу – собиқ "West Ham United" футболчиси Эял Бэркович олиб борадиган дастурда ҳам тилга олишди.

Дастурнинг мунтазам меҳмони исроиллик журналист Эммануэл Элбаз-Фелпс эди. Улар аввалги суҳбатлардаги каби гаровдагилар ва уларнинг оилалари кўраётган азоблар, шунингдек, Ғазода жангда ҳалок бўлган исроиллик аскарлар ҳақида гаплашишарди.

У менга айтишича, шунда журналист сифатида ўзини Исроил телевидениесида камдан-кам тилга олинадиган бир нарсани айтишни бурчидек ҳис этган.

Элбаз-Фелпс хонимнинг сўзларига кўра, "исроилликлар азият чекмоқда... [Кўпчилик] ҳукуматдан гаровга олинганларни озод қилиш учун йўл топишни сўрамоқда".

Сурат манбаси, REUTERS/Ammar Awad

Сурат тагсўзи, Элбаз-Фелпс хонимнинг сўзларига кўра, "исроилликлар азият чекмоқда... [Кўпчилик] ҳукуматдан гаровга олинганларни озод қилиш учун йўл топишни сўрамоқда".

"Мен шунчаки айтдимки, уруш Ғазода кўп фаластинликларни ҳам ўлдирмоқда. Бу оддий гап эди, ҳеч қандай сиёсий позиция эмас. Лекин ҳеч ким сабр билан қулоқ солмади."

Бэрковичнинг жавоби кескин бўлган. Франция телевидениеси мухбири ҳам бўлган Элбаз-Фелпс уни шундай эслайди:

"У: 'Мен Ғазодаги одамлар ҳақида қайғуришим шарт эмас, улар менинг душманларим', деди. Мен эса: 'Мен у ердан келаётган даҳшатли тасвирлардан ташвишдаман', деб жавоб бердим. У эса: 'Албатта, мавзуни ёпинг', деди. Бу жамоат фикрининг ёрқин ифодаси эди."

Элбаз-Фелпс Исроил журналистларини ҳимоя қилди:

"Менимча, дунёга Исроил ҳукумати ва қарорлари ҳақида маълумотларнинг 95 фоизини айнан исроиллик журналистлар етказади. Бироқ гапириш билан кўрсатиш ўртасида катта фарқ бор. Ғазо ҳақида кўрсатилган кадрлар асосан ИМК урушда қандай ютяпти, деган хабарни беришга хизмат қилади. Инсоний ҳикоялар йўқ, юзлар йўқ… Чунки исроилликлар ҳам оғриқ ичида."

Бир журналистнинг айтишича, "Исроил жамоатчилигининг 7-октябрь воқеалари ҳақидаги дардини Исроилдан ташқарида тўлиқ англаб етиш қийин".

Сурат манбаси, Leon Neal/Getty Images

Сурат тагсўзи, Бир журналистнинг айтишича, "Исроил жамоатчилигининг 7 октябр воқеалари ҳақидаги дардини Исроилдан ташқарида тўлиқ англаб етиш қийин".

Унинг фикрича, бунга асосий сабаб – 7 октябрдан кейинги миллий жароҳат:

"Дунё Ғазо аҳолисининг азоби ҳақида ёритмоқда – бу тўғри. Аммо исроилликларнинг ўзлари қандай оғир жароҳат ичида экани етарлича англанмаяпти. Биз ҳали жароҳатдан кейинги босқичда эмасмиз, балки жароҳатнинг ўзидамиз. Гаровдагилар ҲАМАСнинг туннелларида ҳалок бўлмоқда. Одамлар ҳукуматдан битим тузишни ва уларни озод қилишни сўрамоқда. Фақат гаровдагилар уйга қайтгачгина шифоланиш мумкин. Исроил жамоати ҳали ҳам 7 октябрда қолиб кетган."

Кўтариш жуда оғир

Ҳозирги пайтда тахминан 20 яҳудий гаровда экани ва уларнинг тириклигига ишонишади. Сиёсий қарашидан қатъи назар, исроилликлар яқинда тарқалган видеолардан қаттиқ даҳшатга тушди – уларда Ғазо туннелларидаги икки қаттиқ озиб-қуриб қолган йигит кўрсатилган эди.

Уларнинг тақдири исроилликларнинг урушга муносабати марказида турибди.

Hamas asrga olgan erkak askar tasviri

Сурат манбаси, Гаровдагилар ва Бедарак Кетганлар Оилалари Форуми

Сурат тагсўзи, Ғазо секторида гаровга олинган исроиллик аскар Эвиатар Давиднинг видео тасвирлари ҲАМАС томонидан эълон қилингани Исроил ва Ғарб давлатлари раҳбарлари томонидан кескин қораланди. Унинг акаси: "Унинг фақат суяклари қолган қолган", – деди.

Мен Тел-Авивдаги армия бош қароргоҳидан унча узоқ бўлмаган "гаровдагилар майдони"да омма фикрини ўрганувчи Далия Шейндлин билан учрашдим. У либерал "Haaretz" газетасида кўп марта Нетаняҳунинг уруш сиёсатини танқид қилган.

2023 йил октябридан бери бу жой гаровдагиларнинг оилалари уларни озод қилиш учун кураш олиб бораётган марказга айланган.

"Исроилликларнинг урушни тўхтатишни қўллаб-қувватлашига асосий сабаб – гаровдагиларни қайтариш истаги", дейди у.

Фаластинликларнинг азобига нисбатан бефарқлик ҳақида у қўшиб қўйди:

"Кўплаб исроилликлар бу азоб-уқубатлар бўрттирилган ёки қисман ҲАМАС томонидан уйдирилган, деб ҳисоблашади."

Garovdagilarni ozod qilish uchun namoyishga chiqqanlar

Унинг фикрича, исроилликлар ахборотни тақдим этиш тарзига шубҳа билан қарашади:

"Исроилликлар узоқ йиллардан бери PR – яъни Ҳасбарага ҳушёр бўлиб қолишган."

Исроилга қаратилган танқидларни "ноқис коммуникация" билан изоҳлашга мойиллик уруш даврида янада кучайди, айниқса, очлик ҳақидаги айбловлар масаласида.

"Ўта ўнг қанотдагилар буни сохта кампания, деб атайди. Улар ҳатто Исроил медиаси бу ҳақда ёза бошлаганини ҳам ҲАМАС тарғиботини кучайтириш деб кўради.

Аммо, менимча, асосий кўпчилик исроилликлар бу ҳақдаги фикрларни хаёлдан чиқаришга ҳаракат қилади – чунки буни кўтариш улар учун жуда оғир. Бу каби гаплар фақат шахсий суҳбатларда айтилади.

Улар гаровдагилар тақдири ёки Ғазода жанг қилаётган яқинлари ҳақида шунчалик ўйга чўмганки, Исроил қандайдир нотўғри иш қилаётган бўлиши мумкин деган эҳтимолни кўтара олмайди."

"Ҳукм чиқариш осон…"

Тел-Авив ва Ўрта ер денгизи соҳилидаги шаҳарлардаги дунёвий қатламдан ташқарида мен Исроилнинг урушдаги ҳаракатлари адолатлилигига шубҳа қилганларни деярли учратмадим.

Ғарбий соҳилнинг чангли йўлларидан бири орқали бориладиган "Эш Кодеш" номли яҳудий манзилгоҳи бор. Бу кичик қишлоқлар мажмуаси бир авлод олдин фақат тепаликлардаги карвонлардан иборат эди, ҳозир мустаҳкам қарор топган.

Лос-Анжелесдан кўчиб келган, етти боланинг отаси Аарон Катзофф бу ерда шаробхона ва "Settlers" (Келгиндилар) номли бар очган. У ерга Америка Ғарби руҳини олиб кирган ва ўз шаробини "суюқ башорат" деб номлаган.

"Settlers Bar" ўнг қанот ва диндор инсонлар, шунингдек, маҳаллий аҳоли орасида оммабопдир.
Сурат тагсўзи, "Settlers Bar" ўнг қанот ва диндор инсонлар, шунингдек, маҳаллий аҳоли орасида оммабопдир.

"Settlers Bar" ўнг қанот ва диний қатлам вакиллари, шунингдек, маҳаллий аҳоли орасида оммалашган. Бу жой нафақат қишлоқ аҳли, балки махсус йўл босиб келадиган ўнгчи ва диндор мижозлар учун ҳам ижтимоий марказга айланган.

Мен борган пайтда кўпчилик мижозлар қуролланган эди. Чангга ботган формадаги бир аскар бургер еб, тиззасига қўйган М-16 винтовкаси билан қизил шароб ичарди. Бошқалар автоматларини бар ортида қолдиришган, гулли либос кийган бир аёл эса белидаги ғилофда 9 мм пистолет олиб юрарди. Бурчакда ўтирган йигитлар эса, Аароннинг айтишича, Ғазодаги хизматдан сўнг дам олаётган экан.

Аарон ҳали ҳам захирадаги ИМК офицери сифатида хизмат қилади ва Ғазода жанг қилган. У Исроил ҳаракатлари адолатлилигига шубҳа қилмайди.

"Ғазодаги ер ости туннелига тушиб кўринг. Кислородсиз, иссиқ ва нам, аёллар ва болалар ортига яшириниб сизга милтиқ ўқталадиган террорчиларга қарши жанг қилишни тасаввур қилинг…

Кондиционерли хонада ўтирволиб ҳукм чиқариш осон. Лекин уруш осон иш эмас", дейди у.

Garovdagilarniozod qilishni talab qilib chiqqanlar tasviri

Сурат манбаси, REUTERS/Ronen Zvulun

Мен ундан: "Кўп исроилликлар истаганидек, урушни ҳозир тугатиш ҳақида нима дейсиз?" деб сўрадим.

"Ҳамма нарса дарҳол ҳал бўлмайди. Сиз ҳар нарса 'Ажойиботлар ўлкаси'га айланишини хоҳлайсиз, лекин дунё ундай эмас. Вақт керак. Ачинарли, лекин бу – реаллик", деб жавоб берди у.

7 октябрдан олдинги "қўллаб-қувватлов йўқолди"

2023 йил 7 октябрдан аввал минглаб исроилликлар ҳукуматнинг суд тизимини ўзгартириш режаларига қарши кўчаларга чиққан эди. Улар буни демократияга ҳужум, деб ҳисоблаган.

"Бу ҳукумат урушдан анча олдинданоқ обрўсизланган эди", дейди сиёсатшунос Далия Шейндлин.

"Уруш бошлангач эса, бошқа кўплаб давлатларда кузатиладиган ҳукуматни қўллаб-қувватлов ошиш ўрнига, аксинча, йўқолди."

Нетаняҳунинг айтишича, ҲАМАС устидан тўлиқ ғалаба қозонилмагунча, уруш тугамайди.

Сурат манбаси, ABIR SULTAN/Pool via REUTERS

Сурат тагсўзи, Нетаняҳунинг айтишича, ҲАМАС устидан тўлиқ ғалаба қозонилмагунча, уруш тугамайди.

Шу билан бирга, ўнг қанот сайловчилар Нетаняҳуга "ҲАМАСни тўла мағлуб этмай туриб уруш тугамайди" деган даъво билан рейтингини қайта тиклаш имконини берди. Бироқ у ҳануз мухолифат партияларидан ортда.

Мухолифат вакиллари эса уни урушни сунъий узайтириб, ҳокимиятда қолишга уриняпти, деб айбламоқда. Агар у оддий фуқаро бўлганида, 7 октябр куни ҲАМАСга имконият берган хавфсизлик хатолари учун суд қилинарди. Шу билан бирга, унга нисбатан йирик коррупция иши ҳам тезлашиб, эҳтимолий қамоқ жазосига олиб келиши мумкин эди.

Коалициядаги ултрамиллатчи етакчилар – молия вазири Бецалел Смотрич ва миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир агар Нетаняҳу ҲАМАС билан ҳар қандай келишув қилса, ҳукуматни ағдариш билан таҳдид қилмоқда. Уларнинг мақсади фақат ҲАМАСни мағлуб этиш эмас, балки Ғазони аннекция қилиш, фаластинликларни чиқариб юбориш ва уларнинг ўрнига яҳудийларни жойлаштиришдир.

Гаровга олинганларнинг оила аъзолари Нетаняҳудан ҲАМАС билан келишувга эришишни сўраб мурожаат қилишди.

Сурат манбаси, Гаровдагилар ва Бедарак Кетганлар Оилалари Форуми

Сурат тагсўзи, Гаровга олинганларнинг оила аъзолари Нетаняҳудан ҲАМАС билан келишувга эришишни сўраб мурожаат қилишди.

Гаровдаги инсонларнинг оилалари эса яқинлари ҳалок бўлиб кетмасидан олдин ҲАМАС билан келишувга эришишни талаб қилмоқда.

Бироқ Нетаняҳу "тўла ғалаба" шиорида қатъий қолиб, янги ҳужум эълон қилди. Бу гаровдаги оилаларнинг кўпини қаттиқ ғазаблантирди ва Исроилнинг кўплаб иттифоқчилари томонидан қораланди.

Генерал Эяль Замир Ғазода янги ҳужум бошлаш ҳақидаги Нетаняҳу режасига қарши эканини маълум қилди.

Сурат манбаси, Исроил мудофаа кучлари (IDF)/Anadolu via Getty Images

Сурат тагсўзи, Генерал Эяль Замир Ғазода янги ҳужум бошлаш ҳақидаги Нетаняҳу режасига қарши эканини маълум қилди.

Нетаняҳу режаларига Исроил армиясининг ҳозирги раҳбарияти ҳам қарши чиқди. Бош штаб бошлиғи генерал Эял Замир унинг Ғазода янги ҳужум бошлаш режасига қарши эканини очиқ билдирди. Унинг таъкидлашича, бу гаровдагилар ҳаётини хавфга қўйиб, гуманитар инқирозни янада оғирлаштириши мумкин.

Замир март ойида тайинланган, чунки унинг олдинги раҳбари урушни олиб бориш масаласида Бош вазир билан келиша олмай, истеъфо берган эди.

Исроил медиаси ҳозирда Нетаняҳу генерал Замирни истеъфога мажбур қилиши мумкинлиги ҳақида тахмин қила бошлади. Бир хабарга кўра, Замир "Бош вазир режасига қарши чиққанидан сўнг ишдан олиш учун белгилаб қўйилгани"га ишонишини айтган.

"Бу гўё мўъжиза даври"

Уруш Исроилдаги энг кескин бўлиниш – дунёвий аҳоли ва диний ўнг қанот ўртасидаги зиддиятни янада чуқурлаштирди. Тел-Авивдаги дунёвий исроилликлар намойишларидан Қуддусдаги диндор аҳоли йиғинларига бориш гўё икки хил мамлакат орасида қатновга ўхшайди.

Уруш ҳар доим оғир. Аммо Исроилдаги муросасиз диний миллатчи ўнг қанот вакиллар учун бу фақат дард эмас – балки имконият, ҳатто мессия келишига яқинлаштираётган "мўъжиза даври"дир.

Смотричнинг "Диний Сионизм" партиясидан вазир Орит Строк ўтган ёзда уруш воқеаларни улар томон бурганини айтган эди:

"Назаримда, бу гўё мўъжизалар даври," деган у.

(Расмда: 7-октябрь куни исроиллик танк устига чиқиб олган фаластинликлар).

Сурат манбаси, SAID KHATIB/AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Уруш доим оғриқлидир. Аммо Исроилдаги ўта ўнг қанот диндор миллатчилар учун бу айни пайтда имконият ҳамдир.

Айримлар буни Худо томонидан берилган имконият деб кўриб, Исроилни Таврот қонунлари асосидаги давлатга айлантириш мумкин, деб ишонади.

Уруш шунингдек, харитани ўзгартириш истагини ҳам тезлаштириши мумкин. Уларга кўра, Худо Ўрта ер денгизидан то Иордан дарёсигача бўлган барча ерларни яҳудийларга берган. Шунинг учун Ғазо ва Ғарбий соҳилда мустақил давлат барпо этиш орқали Исроил билан тинчлик ўрнатиш мумкин деб ўйлайдиган оз сонли фаластинликлар учун ҳам бу ерда жой қолмаслиги керак.

Смотрич ҳатто яҳудий давлати Иорданнинг ҳар икки томонида бўлиши, Ярмукдан то Дамашққача чўзилиши керак, деб айтган.

Диний қонунларни жорий этиш ҳукумат сиёсати эмас, шунингдек, Исроил чегараларини Иордан ортигача кенгайтириш ҳам расмий режада йўқ. Аммо Фаластин давлатига йўл қўймаслик – Нетаняҳу коалициясининг асосий устуни.

Молия вазири Бецалель Смотрич шу йил бошида Ғазо ва Ғарбий Соҳил бўйича ўз қарашларини баён қилди.

Сурат манбаси, Amir Levy/Getty Images

Сурат тагсўзи, Молия вазири Бецалель Смотрич шу йил бошида Ғазо ва Ғарбий Соҳил бўйича ўз қарашларини баён қилди.

Бу коалиция фақат Смотрич ва Бен-Гвир уни қўллаб-қувватлаб тургани учун ҳокимиятда қолмоқда. Шу боис уларнинг Бош вазирга таъсири жуда катта.

6 май куни Смотрич Ғазо ва Ғарбий соҳил бўйича ўз қарашини баён қилди. Бу ҳудудни фаластинликлар мустақил давлат учун талаб қилиб келади. Ғарб мамлакатларининг кўпчилиги, жумладан, Буюк Британия Фаластин давлатини Исроил билан бир қаторда тан олишни ягона ечим сифатида кўради.

Бироқ Смотричнинг айтишича, олти ой ичида Ғазо аҳолиси тор бир ҳудудга қамалиши, қолган ер эса "бутунлай вайрон этилиши ва бўшатилиши" лозим.

Ғазолик фаластинликлар эса "буткул умидсиз ҳолатга тушиб, Ғазодан кўнгил узиб, бошқа ерларда янги ҳаёт бошлаш учун кўчиш йўлини излаши" керак.

Қадимги шаҳардаги таранглик

3 август, якшанба куни Қуддуснинг босиб олинган Қадимги қисмида кўплаб фаластинликлар дўконларини ёпиб, кўчаларга чиқмади. Чунки исроиллик яҳудийлар Тиша бе-Ав – биринчи маъбадни бобилликлар, иккинчи маъбадни эса римликлар йўқ қилган кунни мотам сифатида нишонлашади.

Маъбадлар жойлашган ҳудуд кейинчалик исломнинг учинчи муқаддас масканига айланди. Ҳозир бу ерда ал-Ақсо масжиди жойлашган. Мусулмонлар бу ерда Муҳаммад пайғамбарнинг Исро ва Меърожи содир бўлганига ишонади.

Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди мусулмонлар учун муҳим диний маскандир.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди мусулмонлар учун муҳим диний маскандир.

Тинчликни сақлаш учун бу ерда "статус-кво" қоидалари амал қилиши керак. Унга кўра, яҳудийларга ал-Ақсо майдонида ибодат қилиш тақиқланган. Аммо сўнгги йилларда Бен-Гвирнинг қўллаб-қувватлови билан бу қоида кўп марта бузилди.

Тиша бе-Ав кунининг ўзида Бен-Гвир ўзи ҳам ал-Ақсо ҳудудига кириб, дуолар ўқишга бошчилик қилди. Бу эса провокация сифатида баҳоланди.

Унинг ортидан ўнлаб тарафдорлари ва миллий хавфсизлик вазири сифатида у бошқарадиган оғир қуролланган полиция кузатиб борди. Улар Қуддус эски шаҳарининг тор кўчалари ва ибодатхона тепалиги дарвозаларидан ўтишди.

Бен-Гвирнинг сўзларига кўра: "Биз бутун Ғазо сектори устидан суверенитет эълон қилишимиз керак".

Сурат манбаси, Amir Levy/Getty Images

Сурат тагсўзи, Бен-Гвир: "Биз бутун Ғазо сектори устидан суверенитет эълон қилишимиз керак".

Бен-Гвир фақат дуо ўқиш билан чекланмай, нутқ ҳам сўзлади. У ўз иштироки ва дуоларини Ғазодаги уруш ва Исроилни ўзгартириш нияти билан боғлади.

Унинг айтишича, очликдан азобланаётган гаровдаги икки исроиллик тасвирланган видеолардан мақсад Исроилни босим остига қўйишдир, бунга қарши туриш лозим.

"Ҳукмронлик қилиш мумкин бўлган жойдан – Маъбад тепалигидан айнан шу ердан биз хабар йўллаймиз. Бугуннинг ўзида Ғазо сектори тўлиқ забт этилсин, суверенитет эълон қилинсин, ҲАМАСнинг ҳар бир аъзоси йўқ қилинсин ва кўнгилли кўчишлар рағбатлантирилсин", деди у.

"Фақат шу йўл билан биз гаровдагиларни озод қиламиз ва урушда ғолиб чиқамиз".

"Уйимизни қайтариб олишни истаймиз"

Бен-Гвир кетгач, унинг ёш тарафдорларидан катта бир гуруҳ тўсиқли айвон остида қолиб, дуо қилишда давом этди. Уларнинг садолари баланд тош айвон остида қайта-қайта янгради.

Ёш икки қиз – Атерет ва Тамар келажакка умид билан тўлган ҳолда, нега Маъбад тепалиги яҳудийликнинг юраги экани ҳақида гапирди.

Атерет маъбадлар вайрон қилингани ҳақида:

"Бу худди тананг бор-у, аммо юрагинг йўққа ўхшайди", деди.

"Биз фақат гаровдагиларимиз қайтишини, ҳамма тинчликка эришишини хоҳлаймиз. Бу фақат бизнинг эмас, бутун дунёнинг юраги. Худо бу ерга келганда, дунё тинчлик топади".

Улар ҳар куни бу ерда учинчи маъбад қурилиши учун дуо қилишини айтади:

"Бу минг йиллар давомида бизнинг уйимиз бўлган. Энди биз яна шу ердамиз. Биз уйимизни қайтаришни истаймиз".

Мен улардан ҳозирги мусулмон муқаддас масканлари тақдири ҳақида сўраганимда, билмасликларини айтишди. Атерет ва Тамар мулойим, аммо диний шавққа тўла одамлардек кўринди.

Дипломатик манбаларга кўра, Исроил ва араб қўшнилари хавфсизлик хизматлари учун энг катта хавф – радикал яҳудий экстремистнинг ал-Ақсо масжидига зарар етказиб, учинчи маъбад қурилиши жараёнини тезлаштиришга уриниши. Бу бутун минтақани ёқиб юборадиган воқеа бўлиши мумкин.

"Биз ич-ичимиздан парчаланганмиз"

Сиёсий саҳнанинг иккинчи томонида ёзувчи ва Нетаняҳунинг ўткир танқидчиси Аврум Бург. У бир вақтлар Исроилнинг етакчи марказ-сўл сиёсатчиларидан бири эди: 1999–2003 йилларда Кнессет – парламентда спикер, ундан олдин эса Яҳудий агентлиги ва Бутунжаҳон сионистик ташкилоти раҳбари бўлган.

Бугун у урушни мамлакатни ўзгартириш учун мўъжизавий имконият деб билмайди.

"Исроилликлар ҳозир диний шавқ ва руҳий тушкунлик орасида қолган", дейди Бург.

Унинг фикрича, ўрта йўл йўқ:

"Озчилик исроиллик ва ҳукуматдаги кўпчилик "мўъжизавий даврда яшаяпмиз. Бу имконият. Худо берган имконият. Тарих билан қайта уйғунлашишга очилган ягона эшик", деб ишонади.

 Аврум Бургнинг айтишича, "Кўплаб исроилликлар бу урушни маъносиз деб ҳис қилмоқда. Улар "Бу нима учун керак? Нима учун мен бунинг бадалини тўлашим керак?" деган саволларни бермоқда".
Сурат тагсўзи, Аврум Бургнинг айтишича, "Кўплаб исроилликлар бу урушни маъносиз деб ҳис қилмоқда. Улар "Бу нима учун керак? Нима учун мен бунинг бадалини тўлашим керак?" деган саволларни бермоқда.

"Аммо кўп исроилликлар: "Нима учун? Бу нимани англатади? Мен нима учун баҳосини тўлашим керак? Бу маъносиз уруш", деб ўйлайди. Шу икки ҳолат орасида Исроил деган нарсанинг ўзи йўқ. Исроил – парчаланган, синган, пароканда жамият".

Бу руҳий тушкунлик ва ҳукуматдан ғазаб Нетаняҳу истеъфосини талаб қилаётган мунтазам намойишларда яққол кўринади.

Тел-Авивдаги иссиқ ва нам кечада дунёвий намойишчилар Довуд юлдузи туширилган байроқларни кўтариб, шиорлар айтди, ноғора қоқди, миллий мадҳия вақтида сукутга чўмди. Кейин эса армия ва полициянинг нафақадаги қўмондонлари минбарга чиқиб, ўт очишни тўхтатишни талаб қилдилар.

Саҳна орқасида, кўп оммавий митингларни ташкил қилган Нава Росалио ўз позицияларини очиқ баён қилди:

Нетаняҳунинг истеъфосини талаб қилиб намойишлар бўлиб ўтди.

Сурат манбаси, JACQUELYN MARTIN/POOL/AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Нетаняҳунинг истеъфосини талаб қилиб намойишлар бўлиб ўтди.

"Биз Нетаняҳу ҳукуматини алмаштирмоқчимиз. Энг аввало барча гаровдагиларни келишув орқали қайтаришни ва Ғазодаги урушга чек қўйишни истаймиз. Чунки бу уруш ҳозир фақат унинг ва иттифоқчиларининг сиёсий омон қолишига хизмат қилмоқда".

Мен унга: "Айримлар сиз ҲАМАСнинг позициясини такрорлаяпсиз, деб айтиши мумкин", дедим.

Бироқ Росалио бу фикрни рад этади:

"Бу фақат пропаганда. Бизда кучли армия бор, у Ғазо ташқарисида қолиб, фақат чегарани қўриқлаши мумкин.

У ерда қолиш учун ҳеч сабаб йўқ, агар улар Ғазони босиб олишни ва аҳолисини кўчиришни орзу қилмаётган бўлса.

"Биз сизларни ҳимоя қилаяпмиз" деган баҳонага ишонмаймиз. Агар ҳақиқатан халқни ҳимоя қилмоқчи бўлсангиз, урушни тугатиб, жамиятга тикланиш имконини берган бўлардингиз.

Биз ич-ичимиздан парчаланганмиз".

Худонинг қўлида

Сўнгги уч ҳафта ичида мен Исроилнинг икки қарама-қарши томонини кўрдим: Тел-Авивда фаластинлик болаларнинг ўлдирилишига қарши сукунат билан норозилик билдирган, парламентнинг собиқ спикери Аврум Бург таърифлаган "руҳий изтироб"ни намоён этган либерал-сўл қанот вакилларидан тортиб, мамлакатнинг бошқа қисмида, Исроил ўз иттифоқчилари ёки душманларидан келаётган босим ва танқидларга қулоқ солмаслиги керак, деган қатъий ишончгача.

У ердаги кўпчиликка кўра, 7 октябрда ҲАМАС амалга оширган ҳужумлар ва туннелларда шафқатсиз шароитда тутиб турилган асирлар Исроилнинг барча ҳаракатларини оқлайди.

Жереми Боуэн Исроилнинг икки томони ўртасида саёҳат қилди – бир томонда, Тель-Авивда фаластинлик болаларнинг ўлдирилиши ва у ердаги азоб-уқубатларга қарши жимгина норозилик билдираётган сўлчилар бор эди.

Сурат манбаси, REUTERS/Mahmoud Issa

Сурат тагсўзи, Жереми Боуэн Исроилнинг икки томони ўртасида саёҳат қилди – бир томонда, Тель-Авивда фаластинлик болаларнинг ўлдирилиши ва у ердаги азоб-уқубатларга қарши жимгина норозилик билдираётган сўлчилар бор эди.

Исроил Бош вазири ҳануз омма олдида АҚШ президенти Доналд Трампнинг қўллаб-қувватловига эга. Бироқ, Нетаняҳунинг гаровдагилар бўйича келишувга йўл очишдан бош тортгани сабабли Трамп тобора безовта бўлаётгани ҳақида ҳам ишоралар бор. Шунга қарамай, Бош вазир яна бир ҳарбий ҳужумга тайёрланмоқда ва Исроилнинг айрим иттифоқчиларини илдизи чуқур антисемитликда айбламоқда.

Уни қўллаб-қувватлаётган мессиячи диний сионистлар эса Худо улар билан биргалигига ишонади.

Ғарбий соҳилда, Иордан водийсига қараб турган қишлоқларда Аарон Катцоф ва унинг "Settlers"даги дўстлари ўзлари ичaётган шароб Библия давридан қолган усулларда етиштирилган узумдан тайёрланганига фахр билан ишонади, ўзларини муқаддас ёзувлардаги башоратларни бажараётгандек ҳис қилишади.

Унинг ҳузурбахш ва мамнун мижозлари эса Тел-Авивда Нетаняҳуга қарши намойиш қилаётган секуляр либералларни кечаги исроилликлар, деб ҳисоблайди. Энди уларнинг назарича, давлатнинг келажаги ўз қўлларида ва Худонинг иродасида. Шу боис, ҳаммаси охир-оқибат хайрли тугайди, деган ишонч билан яшамоқдалар.