Исроил-фаластин можароси: Икки давлат ечими нима ва у нега ҳеч амалга ошмаган?

Сурат манбаси, Getty Images BBC
Саудия Арабистони ва Франция БМТда ўтказилган юқори даражали анжуманга ҳамраислик қилди. Ушбу анжумандан кўзланган мақсад – ўнлаб йиллардан бери давом этаётган Араб-Исроил можаросини бартараф этиш учун икки-давлат ечимини қайта кун тартибига олиб чиқиш эди. Анжуман Фаластин давлатини тузиш учун асос яратишга қаратилган.
2022 йил 7 октябрда ХАМАСнинг Исроилга қилган ҳужумлари ва шундан кейин Ғазода бошланган уруш икки-давлат ечими имкониятини янада камайтирди. Бироқ Ғазодаги оғир гуманитар инқироз шароитида араб ва Европа давлатлари ушбу ечимни тиклашга уринмоқда. Франция Фаластин давлатини тан олишини маълум қилди, Буюк Британия эса Исроил маълум шартларга амал қилмаса, шундай қадам ташлашини билдирди.
Анжуманда Исроил ва унинг яқин ҳамкори – АҚШ иштирок этмади. Вашингтон бу учрашувни урушни тўхтатиш бўйича ўз ташаббусларига зид, деб баҳолади.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш мазкур анжуманни "муҳим бурилиш нуқтаси" деб атаб, у "ишғолни тугатиш ва икки-давлат ечимига эришиш йўлида қайтмас суръат беришини" таъкидлади.

Сурат манбаси, Sarah Yenesel / EPA / Shutterstock
Анжуманда Исроил ва унинг яқин ҳамкори – АҚШ иштирок этмади. Вашингтон бу учрашувни урушни тўхтатиш бўйича ўз ташаббусларига зид, деб баҳолади.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш мазкур анжуманни "муҳим бурилиш нуқтаси" деб атаб, у "ишғолни тугатиш ва икки-давлат ечимига эришиш йўлида қайтмас суръат беришини" таъкидлади.
Икки-давлат ечими нима?
Икки-давлат ечими хавфсиз ва халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган чегараларга эга Фаластин давлати Исроил билан ёнма-ён тинчликда яшашини назарда тутади.
Фаластинликлар ўз давлатини 1967 йилги урушда Исроил томонидан ишғол қилинган Ғарбий соҳил, Шарқий Қуддус ва Ғазо ҳудудларига асослашни истайди.
Бироқ Исроилнинг ҳозирги ҳукумати Фаластин мустақил давлат сифатида барпо этилишига қарши.

Сурат манбаси, Reuters
Исроил бу ҳақда нима дейди?
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяҳу ўз сиёсий фаолияти давомида Фаластин давлатчилиги ва икки-давлат ечими ғоясига доим қарши чиққан.
7 октябрдаги ХАМАС ҳужумларидан икки ҳафта олдин у БМТ Бош Ассамблеясида сўзга чиқиб, Исроил ва унинг араб қўшнилари ўртасида "тинчликнинг янги даври бошланганини" эълон қилганди.
Нетаняҳу ўтган чорак аср мобайнида халқаро экспертлар икки-давлат ечимига асосланган музокараларни илгари сургани, лекин бу "бирорта ҳам тинчлик келишуви"га олиб келмаганини таъкидлади:
"2020 йилда мен илгари сурган ёндашув асосида қисқа вақтда катта натижага эришдик – тўрт ойда тўртта араб мамлакати билан тинчлик шартномалари туздик."
Бу келишувлар "Иброҳим келишувлари" деб номланади ва АҚШнинг Дональд Трамп раҳбарлигидаги маъмурияти орқали амалга оширилган эди.

Сурат манбаси, Reuters
Нетаняҳунинг айтишича, ушбу келишувлар фаластинликларни "Исроилни йўқ қилиш ҳақидаги хаёлларидан воз кечиб, ҳақиқий тинчлик йўлига олиб чиқиши" керак.
У "Янги Яқин Шарқ" харитасини кўрсатиб, икки-давлат ечимидан воз кечишга сигнал берди.
Икки-давлат ечими қандай пайдо бўлган?
Бу ғоя илк бор 1947 йилдаги БМТнинг Бўлиниш режасида таклиф этилган. Унда Британия мандати остидаги Фаластин ҳудудини яҳудийлар ва араблар ўртасида икки давлатга бўлиш назарда тутилган эди.
1993 йилга келиб, Норвегия орқали олиб борилган яширин музокараларда Исроил ва Ёсир Арофат бошчилигидаги Фаластин Озодлик Ташкилоти ўзаро тан олишга келишиб олди. Бу келишув "Осло жараёни" деб ном олди.
"Ер эвазига тинчлик" тамойилига асосланган келишувлар Фаластин Маъмуриятига (ФМ) ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқини берди, лекин Исроил ҳарбий назорат ва яҳудийлар манзилгоҳларини барпо этишни давом эттирди.
Кейинги музокараларга қолдирилган, лекин ҳал қилинмаган асосий масалалар қуйидагилар эди:
1948 йилдаги биринчи араб-исроил уруши вақтида ўз уйларидан қочишга мажбур бўлган фаластинлик қочқинлар тақдири;
1967 йилда Исроил томонидан аннексия қилинган Шарқий Қуддуснинг келажаги – бу ҳудуд ҳар икки томон учун муқаддас саналади ва ўта ҳассос масала ҳисобланади.
2000 йилда Кемп-Дэвидда АҚШ президенти Билл Клинтон раҳбарлигидаги ёпиқ музокараларда мазкур масалалар кўтарилди. Бироқ Исроил Бош вазири Эҳуд Барак ва Фаластин раҳбари Арофат ўртасида келишувга эришилмади.
Музокаралар муваффақиятсизликка учрагач, ҳар бир томон айбни бошқа томонга юклади. Исроил ва АҚШ расмийлари Ёсир Арофат ўзига таклиф этилган энг саҳий келишувдан бош тортганини айтди. Фаластинликлар эса буни ўз талаби ва ҳуқуқларига жавоб бермайдиган сохта келишув деб баҳолади – хусусан, Шарқий Қуддусда келажакдаги фаластин давлати пойтахтини тузиш талаблари инобатга олинмаган эди.
1987 йилда Ғазода ташкил этилган ҲАМАС – Исломий Қаршилик Ҳаракати, Фатҳнинг тинчликка йўналтирилган ёндашувларини қабул қилмади ва 1994 йилдан бошлаб худкушлик ҳужумлари билан музокараларни издан чиқаришга ҳаракат қилди.
Бу вақтда диндор яҳудий манзилгоҳлари ҳам Исроил ҳукумати имкониятларидан фойдаланиб, Худо ваъда қилган деб ишонган ерларда ўз ҳозирлигини кенгайтиришга киришди.
2000 йилда эса фаластинликлар истаган нарса билан исроилликлар таклиф қилган ечим ўртасидаги фарқ бартараф этилмади.

Сурат манбаси, Reuters
Ослодан кейинги воқеалар
2000 йилда "Иккинчи Интифада" – фаластинликлар қўзғолони бошлангач, Исроилда сиёсий таъсир маркази ўнг қанотга силжиди. Осло келишувларининг асосий тарафдори – Исроил Меҳнат партияси сиёсий саҳнадан четлашди, унинг ўрнини ўнг қанот сиёсатчилар эгаллади.
Қўзғолонга Исроил армияси куч билан жавоб берди. Ариэл Шарон раҳбарлигидаги ҳукумат Ғарбий соҳилда айрим фаластин шаҳарларини Исроилдан ажратиш мақсадида девор қурилишини бошлади. Ёсир Арафат Рамаллаҳда қамалда қолди ва 2004 йилда вафот этди.
Шарон Ғазодаги бир неча минг яҳудий кўчманчиларни чиқариб, ҳарбийларни ҳудуд атрофига қайта жойлаштирди. Ғарбий соҳилдаги тўртта манзилгоҳ ҳам эвакуация қилинди. Бу "алоҳидалашув" режаси аҳолиси зич фаластин ҳудудини ажратиш орқали Исроилда яҳудийлар сонини кўпчиликда сақлаб қолишга қаратилган эди.
Шароннинг маслаҳатчиси бу ҳаракатни «музокаралар жараёнини музлатиб қўйиш учун керакли формальдегид» деб атаган эди.
Ушбу ҳаракат Ликуд партиясини бўлиб юборди ва яҳудий кўчманчилар қаршилигига учради. Лекин Шарон янги партия тузиб, 2006 йилги сайловда иштирок этди. Аммо сайлов арафасидаги оғир хасталиги сабабли, Шароннинг Ғарбий соҳилга нисбатан ҳам шундай режаси бор ёки йўқ бўлгани номаълум қолди.
Арофатнинг вориси Маҳмуд Аббос буни Осло келишувларига хиёнат деб атади. Аммо Ғазода ҲАМАС буни қаршилик ғалабаси сифатида нишонлади.

Сурат манбаси, Uriel Sinai / Getty Images
Ғазо ва ҲАМАСнинг кучайиши

Сурат манбаси, Jaafar Ashtiyeh / AFP via Getty Image
Исроил Миср билан ҳамкорликда Ғазони қамалга олди. Ҳар икки томон ўртасида зўравонлик мунтазам кучайди: ҲАМАС ракета отар ва рейдлар уюштирарди, Исроил ҳаводан бомбалар ва ҳужумлар билан жавоб берарди.
Шу орада Фатҳнинг коррупцияга қарши кураш ва мустақиллик бўйича муваффақиятсизлиги ортидан ҲАМАС Ғарбий соҳилда сиёсий позициясини кучайтирди, 2006 йилдаги парламент сайловларида ғалаба қозонди.
ҲАМАС куч билан Ғазодан Фаластин Маъмуриятини чиқариб юборди. Натижада, қуролли қаршилик марказига айланган Ғазо билан дипломатик йўл танлаган Ғарбий соҳил ўртасида нифоқ юзага келди.
Шу билан бирга, ҲАМАСнинг сиёсий мавқеида айрим ўзгаришларини ҳам кўриш мумкин эди. Улар узоқ муддатли тинчликни муҳокама қилишга тайёр эканини билдиришди ва 1967 йилда Исроил эгаллаган ерларда мустақил давлат тузишни таклиф қилишди. Аммо ҳаракат ўз Низомидаги Исроил йўқ қилиниши зарур деган позициясини ўзгартирмади.
Исроил эса Ғарбий соҳилда манзилгоҳлар қурилиши ва яҳудий аҳоли кўчириб келинишини тўхтатмади – бу жараён ҳозиргача давом этмоқда.
Бу вақт мобайнида ҲАМАС назоратсизликдан фойдаланиб, Ҳизбуллоҳ ва бошқа иттифоқчилар орқали ҳарбий қудратини оширди. Бу ҳаракат "Қаршилик ўқи" номи билан танилди

Янги омиллар: 7 октябрдан кейинги вазият
2023 йил 7 октябрдаги ҲАМАС ҳужумлари ва ундан кейинги Ғазо уруши янги геосиёсий ўзгаришларга олиб келди.
Биньямин Нетаняҳунинг айтишича, у энди фаластин давлатининг ҳар қандай шаклига янада қаттиқроқ қарши. У Исроил Иордан дарёси ғарбидаги барча ҳудудлар – Ғазо ва Ғарбий соҳил устидан тўлиқ хавфсизлик назоратини сақлаб қолиши кераклигини айтди.
Исроил парламенти 2024 йил июлида Фаластин давлатининг ташкил этилишига қарши расмий қарор қабул қилди. Ўнг қанот сиёсатчилар Ғазо ва Ғарбий соҳилдаги ерларни Исроилга қўшиб олишни, ҳатто Ғазо аҳолисини доимий равишда чиқариб юборишни талаб қилишмоқда.
ҲАМАСни йўқ қилиш юзасидан Исроилда кенг консенсус мавжуд, бироқ бу уриниш Ғазода жуда катта инсоний талафотларга сабаб бўлди.
Айни пайтда, Исроилнинг ҲАМАС етакчиларини йўқ қилишдаги муваффақияти, Ҳизбуллоҳ ва Эрон таъсирининг камайиши халқаро босимни оширди – Исроил энди тинчлик томон ҳаракат қилишга мажбур бўла бошлади.
Араб ва Европа давлатлари қўлловида БМТ анжумани, шунингдек, Франция ва Буюк Британиянинг Фаластин давлатини тан олиш нияти, Исроилга икки-давлат ечимига қайтиш учун босимни оширмоқда.
Бироқ тарихан икки-давлат ечимини қўллаб-қувватлаб келган АҚШ ундан узоқлашмоқда.
Дональд Трамп ўз позициясини очиқ айтмаган бўлса-да, унинг маъмурияти БМТ анжуманига қарши чиқди.
Reuters агентлигига кўра, АҚШ дипломатик ёзувида шундай дейилган:
«АҚШ Фаластин давлатини бир томонлама тан олиш бўйича ҳар қандай қадамга қарши. Бу уруш пайтида Исроилга сиёсий ва ҳуқуқий босим бўлиб, унинг душманларини қўллаб-қувватлаши мумкин.»
29 июл куни Трампдан Исроилга босим ўтказиш керакми, деб сўрашганда, у бундай босим ҲАМАСни «мукофотлаш» сифатида баҳоланиши мумкинлигини айтди.
Натижада, АҚШ қўлловисиз икки-давлат ечимини тиклашга доир ҳар қандай саъй-ҳаракат ҳозирча ноаниқ ва мураккаб бўлиб турибди.
11 август 2025. Исроил "Ал-Жазира" журналистларини ўлдирди, Нетаняҳу Ғазони босиб олиш режасидан қайтмоқчи эмас

Сурат манбаси, Getty Images
Исроил Ғазо шаҳридаги Аш-Шифо шифохонаси дарвозаси олдида ёйилган "Ал-Жазира" телеканали журналистларининг чодирига ҳаво зарбаси берганини тан олди. Оқибатда машҳур журналист Анас аш-Шариф ва яна тўрт телеканал ходими ҳалок бўлган.
Қароргоҳи Қатарнинг Доҳа шаҳрида жойлашган "Ал-Жазира" халқаро телеканали ўз журналистларига ҳужумни "матбуот эркинлигига очиқдан-очиқ ва қасддан яна бир ҳужум" деб кескин қоралади.
Анас аш-Шариф билан бирга яна бир мухбир Муҳаммад Қрейқе, видео операторлар Иброҳим Зоҳир, Муҳаммад Ноуфал, Муамин Алива ҳалок бўлганлар.
"Ушбу ҳужум тинч аҳолининг шафқатсиз қирғин этилиши, очарчиликка мажбурланиши ва бутун бошли жамоаларнинг ер билан яксон этилишига олиб келган Исроилнинг Ғазога давом этаётган ишғоли манзарасида рўй берди. Журналистларнинг ўлдирилиши - Ғазонинг яқинлашиб келаётган тортиб олиниши ва оккупациясини фош этаётган овозларни ўчиришга ҳаракатдир", дейилади "Ал-Жазира" тарқатган баёнотда.
Телекомпания "ўзининг энг яхши журналистлари" руҳига ҳурмат бажо келтиради ва журналистларга "қасддан ҳужум учун масъулият"ни Исроил ҳарбийларига юклайди.
"Анас ва унинг ҳамкасблари ҳудуд ҳақидаги "азобли ҳақиқат"ни фош этиб келган Ғазонинг энг охирги қолган овозлари" эди, дейилади "Ал-Жазира" баёнотида.
28 ёшда ҳлок бўлган Анас аш-Шарифнинг илтимосига биноан унинг Х(собиқ Твиттер)даги саҳифасига дўстлари васиятини чоп қилдилар.
"Унда ўз халқимни қўллаб-қувватлаш учун бор кучимни бердим", дейилади.
11 август куни журналистларнинг дафн маросими ўтказилган.

Сурат манбаси, .
Исроил узоқ вақтдан буён Анас аш-Шарифни Ҳамасга алоқадор шахс эди, дея даъво қилиб келган.
"Ал-Жазира" ва инсон ҳақлари ташкилотлари ушбу даъволарни журналистларни ўлдириш ва Исроилга ёқмайдиган хабарларни бостиришни оқлаш мақсадидаги асоссий иддаолар деб рад этиб келади.
Халқаро Журналистларни Ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) Исроил ўзининг аш-Шарифга қарши илгари сурган айбловларини исботлайдиган далил тақдим этмаганидан ларзага тушганини эълон қилди.
Журналистларни Ҳимоя қилиш қўмитасига кўра, Исроилнинг Ғазода ҳарбий босқинини бошлаганидан буён бўлгада 186 журналист ўлдирилган.
Нетаняҳу БМТ қораловига дуч келган режасини ҳимоя қилди

Сурат манбаси, Reuters
БМТ Хавфсизлик Кенгашида Исроилнинг Ғазони тўла босиб олиш режаси қаттиқ қораланди, режа "халқаро инсонпарварлик қонунларининг бузилиши" бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирилди.
Тел-Авивда минглаб протестчилар Исроил ҳукумати режасидан норозилик изҳор қилдилар, бу режа гаровга олинган исроилликларнинг ҳаётини хавф остига қолдириши айтилди.
Ню-Йоркда Исроилнинг Ғазо режаси муҳокама қилинишидан олдин Қуддусда Бош вазир Бенямин Нетаняҳу журналистлар билан мулоқот қилди, Ҳамас ҳали ҳам ҳарбий қувватини сақлаб қолаётган жойларни нишонга олиш "урушга якун ясашнинг энг яхши йўли" деб айтди.
Унинг сўзларига кўра, бу урушни тез тугатишнинг энг яхши йўли.
Нетаняҳу айтишича, Ғазо шаҳри ва Ал-Мавасий қочқинлар жамлоғи ҳудудида ҳамон Ҳамас ҳарбий кучини сақлаб қолаяпти.
"Исроилнинг ўз ишини охирига етказиш ва Ҳамасни мағлуб этишдан бошқа танлови йўқ. Ҳозир бир зўр келишувга эришдик. Ғазонинг 70-75 фоизи Исроил назоратида, ҳарбий назоратида", деди Бош вазир Нетаняҳу.
Бироқ Исроил ҳукуматининг урушни кенгайтириш режаси бутун дунёда кескин танқидларга сабаб бўлди.
"Агар бу режа ҳаётга татбиқ этилса, Ғазода яна бир фалокатга сабаб бўлади, бутун минтақага акс-садо бериб, янада кўп жойидан кўчирш, ўлимлар ва вайроналарни келтириб чиқаради", БМТ Хавфсизлик Кенгаши мажлисида БМТ Бош котиби ёрдамчиси Мирослав Енча.
Хорижий давлатлар, шу жумладан, Исроил иттифоқчилари ҳам гаровдагиларни қайтариш ва Ғазода авж олган инсонпарварлик инқирозини бартараф этиш учун учун музокарали сулҳга чақириб келаяптилар, сўнгги Хавфсизлик Кенгаши баёнотлари оҳанги ҳам аввалгиларига ўхшамаган бўлди.
Исроил ҳарбий раҳбариятининг ўзи ҳам ҳукумат режасига қарши экани ҳақидаги гап-сўзларга қарамасдан, Нетаняҳу режасидан қайтмаслигини айтди.
"Бошқаларнинг дастаклови бўлса-бўлмаса, биз барибир урушни енгамиз", деди 10 августдаги матбуот анжуманида Исроил бош вазири.
"Бизнинг мақсадимиз Ғазони босиб олиш эмас, балки Ҳамас ёки Фаластин маъмуриятига алоқадор бўлмаган бўлга ноҳарбий маъмуриятини йўлга қўйиш", деди Нетаняҳу.
Кейинроқ Исроил бош вазири идораси Нетаняҳу АҚШ Президенти Доналд Трамп билан янги ҳарбий режани муҳокама қилганлари ҳақида хабар тарқатди.
Ҳамас 2023 йил 7 октябрида Исроилга ҳужум қилиб қарйиб 1200 кишини ўлдиргани ва 251 исроилликни гаровга олгани ортидан Исроил Ғазода ҳарбий амалиёт бошлади.
251 гаровга олинган инсондан 49 нафари Ғазода ер остида, Ҳамас қўлида қолмоқда, Исроил ҳарбийларига кўра, шулардан 27 нафари ўлган.
Исроил ишғоли камида 61430 фаластинликни ўлдирди, дейди Ғазодаги соғлиқни сақлаш вазирлиги, БМТ бу рақамни ишончли деб билади.
Ғазо фуқаро мудофааси агентлиги хабар қилишича, якшанба куни Исроил ҳужумлари бутун бўйлаб камида 27 инсонни ўлдирган, шулардан 11 нафари озиқ-овқат тарқатиш пункти олдида кутиб турган инсонлар эди.
8 август. Исроил Ғазо шаҳрини тўла босиб олмоқчи

Сурат манбаси, Getty Images
Исроил ҳукумати Бош вазир Нетаняҳунинг Ғазо шаҳри устидан Исроил армияси тўла назоратини жорий этиш қарорини маъқуллади. Бу қарор ҳам Исроил ичкарисида, ҳам хорижда танқидларга сабаб бўлаяпти.
Пайшанбадан жумага ўтар кечаси - 7 август тунида Исроилнинг ҳарбий ҳукумати бош вазир режасини маъқуллади.
"Исроил армияси Ғазо шаҳри устидан тўла назоратни ўрнатишга тайёрланади, айни вақтнинг ўзида жанговар ҳаракатлар ҳудудларидан ташқарида бўлган тинч аҳолига инсонпарварлик ёрдамларини кўрсатади", дейилади Исроил бош вазири идораси тарқатган баёнотда.
Расман хабар қилинишича, Бош вазир Нетаняҳу ҳукуматининг "урушни тўхтатиш" режаси қуйидагиларни ўз ичига олади:
- Ҳамасни қуролсизлантириш;
- Барча гаровдагиларни қайтариш - ҳам тириклар, ҳам ўликларни;
- Ғазо бўлгасини демилитаризациялаш;
- Ғазо бўлгаси хавфсизлиги устидан Исроил назоратини ўрнатиш;
- Ҳамасга ҳам, Фаластин маъмуриятига ҳам бўйсунмайдиган муқобил фуқаролик ҳукуматини йўлга қўйиш.
Ҳарбий ҳукумат мажлиси олдидан АҚШдаги Fox Newsга гапирган Бош вазир Бенямин Нетаняҳу Ғазо бўлгаси устидан тўла назоратни қўлга олмоқчи эканлари, лекин доимга эмаслигини айтди.
Бугунги кунда Исроил ҳарбийлари Ғазонинг 75 фоиз ҳудудини назорат қилаяпти.
Исроилдаги аксариятнинг фикрича, ҳукуматнинг янги режаси бу режа ўз олдига қўйган мақсадга, яъни Ҳамасни тўла тор-мор этишга эришиши даргумон ва қолган тирик гаровдагиларнинг ҳаётини хавф остига қўяди.
Times of Israel газетаси ёзишича, Ғазо шаҳридаги ҳарбий амалиёт бу ҳудудда яшаб турган қарийб 800 минг ғазоликни ёппасига кўчиришни талаб қилади.
Исроил ҳукуматининг янги режаси қарийб икки йилдан буён давом этаётган Ғазо урушидаги янги эскалация ва ҳойнаҳой, бутун Ғазо бўлгаси устидан ҳарбий назоратни ўрнатиш мақсадининг биринчи босқичи, дейди Би-би-сининг Яқин Шарқ бўйича мухбири Ҳюга Бачега.
Бош вазир Нетаняҳу бутун Ғазо бўлгасини Исроил назоратига олишни истайди, аммо ҳозирча маъқулланган режа бўлганинг энг йирик шаҳри Ғазо шаҳрини назарда тутади.
Ҳукумат режаси Исроил армияси раҳбарияти норозилигига сабаб бўлган, гаровга олинган исроилликларнинг қариндошлари бунга қарши чиқиб келишаётган ва бу нарса янада кўп ғазоликлар умрига зомин бўлади, деган хавотирларни пайдо қилган.
Ушбу режа халқаро саҳнада Исроилнинг янада яккаланишига сабаб бўлиши мумкин.
Ҳукумат Ғазони тўла оккупация қилмоқчи экани ҳақидаги хабарлар тарқалганидан кейин БМТ Исроилнинг ҳарбий экспансияси фаластинлик тинч аҳоли ва исроиллик гаровдагилар учун "ҳалокатли оқибатларга" олиб келишидан огоҳлантирган эди.
Исроилдаги омма сўрови натижаларига кўра, аксар исроилликлар гаровдагиларни озод қилиш ва урушни тўхтатиш учун Ҳамас билан сулҳ келишувига эришишни ёқлайдилар.
Исроил раҳбарияти эса, Ғазодаги инсонпарварлик инқирози туфайли Исроилга бўлаётган халқаро босим Ҳамасни руҳлантириб юборди ва Ҳамас тинчлик музокараларига қизиқиш билдирмаяпти, дейди.

Сурат манбаси, .
Айни пайтда тўла ишғол ҳақидаги таҳдид боши берк кўчага кириб қолган музокараларда Ҳамасни ён беришга мажбурлаш мақсадидаги стратегиянинг бир қисми бўлиши мумкин деган гап-сўзлар ҳам йўқ эмас.
Бутун уруш давомида Нетаняҳуни ўзининг коалицион ҳукумати парчаланиб кетиши олдини олиш мақсадида низони чўзиб келаётганликда айблашади.
Чунки Нетаняҳунинг коалицион ҳукумати миллатчи вазирларнинг дастагига таянади, бу вазирлар эса Ҳамас билан ҳар қандай келишувга эришилса, ҳукуматдан чиқиб кетиш билан таҳдид қилиб келадилар.
Ҳарбий ҳукумат мажлисидан олдин берган интервюсида Бош вазир Нетаняҳу, Исроил Ғазо назоратини "Араб кучлари"га бермоқчи, деб айтди.
Аммо бу "Араб кучлари" таркибига қайси мамлакатлар киришини очиқлагани йўқ.
Ҳукумат режасини исроиллик гаровдагиларнинг оилалари кескин қораладилар.
Норозилик намойишлари Тел-Авивда ва ҳарбий ҳукумат мажлиси бораётган Исроил бош вазирининг Қуддусдаги идораси қаршисида бўлиб ўтди.
Бир-бирларини занжирлар билан боғлаб олган намойишчилар Исроил ҳукуматининг режаси ўзларининг яқинлари учун "ўлим ҳукми" бўлади, дедилар.
Исроилдаги мухолифатдаги "Йеш Атид" партияси раҳбари Яир Лапид ҳукумат режасини қоралади.
Ғазо шаҳри устидан назоратни қўлга олиш режаси "янада кўп ҳалокатларга етаклайдиган ҳалокат бўлади, деди Яир Лапид.
6 август. Ҳамас тугадими, Ғазонинг тақдири нима бўлади? Исроил бош вазири янги режасини очиқламоқчи

Сурат манбаси, Reuters
"Қарор қабул қилинди, энди ортга йўл йўқ. Биз Ғазо секторини тўлиқ эгаллашга ва Ҳамасни мағлуб этишда давом этамиз", деб таъкидлаган исроиллик журналистларга юқори мартабали амалдор.
Ҳарбий бошлиқ ва бошқа ҳарбий раҳбарлар бу режага қарши эканлиги ҳақидаги хабарларга жавобан, исми ошкор этилмаган амалдор: "Агар бу штаб бошлиғига тўғри келмаса, у истеъфога чиқиши керак", деди.
Гаровга олинганларнинг оилалари бундай режалар яқинларининг ҳаётини хавф остига қўйиши мумкинлигидан қўрқишмоқда. Ғазода 50 нафар гаровга олинганларнинг 20 нафари тирик деб ҳисобланади. Сўровномаларга кўра эса, ҳар тўрт исроилликдан учтаси уларни қайтариш учун сулҳ шартномасини афзал кўради.
Исроилнинг кўплаб яқин иттифоқчилари ҳам урушни тугатиш ва гуманитар инқирозни юмшатиш учун ҳаракат қилишга ундаган ҳолда бундай ҳаракатни қоралайди.
Исроилнинг ўзида, юзлаб нафақадаги Исроил хавфсизлик ходимлари, жумладан, собиқ разведка агентликлари раҳбарлари АҚШ президенти Доналд Трампга Нетаняхуга урушни тугатиш учун босим ўтказишни сўраб хат йўллашди.
Хатни имзолаганлардан бири, ички разведка агентлигининг собиқ бошлиғи Ами Аялон BBC га бундан бу ёғига ҳарбий ҳаракатлар беҳуда бўлишини айтди.
Harbiy nuqtai nazardan, Hamas butunlay yo‘q qilib bo‘lingan. U mafkura sifatida Falastin xalqi orasida, va Islom dunyosida tobora ko‘proq kuchga ega bo‘lmoqda.
"Ҳарбий нуқтаи назардан, Ҳамас бутунлай йўқ қилиб бўлинган. У мафкура сифатида Фаластин халқи орасида, атрофимиздаги араб маҳаллаларида ва шунингдек, Ислом дунёсида тобора кўпроқ кучга эга бўлмоқда. Ҳамас мафкурасини мағлуб этишнинг ягона йўли – бу яхшироқ келажакни тақдим этишдир."
Сўнгги ўзгаришлар Ҳамас билан сулҳ ва гаровга олинганлар бўйича билвосита музокаралар тўхтаб қолганидан сўнг юз берди. Фаластин қуролли гуруҳлари гаровга олинган иккита исроилликнинг заиф ва ҳолдан тойган ҳолдаги учта видеосини чиқарди.
2023 йил 7 октябр куни Нова мусиқа фестивалидан ўғирлаб кетилган Ром Блаславски ва Эвятар Давиднинг тасвирлари исроилликларни ҳайратда қолдирди. Давид eр ости туннелида ўз қабрини қазаётгани кўрсатилган.
Сўнгги медиа эълонлари Ҳамасни янги битимга мажбурлаш учун босим тактикаси эканлиги ҳақида баъзи тахминлар мавжуд.
Исроил ҳарбийлари аллақачон Ғазонинг 75 фоизини бошқарув назорати остига олгани айтмоқда. Аммо таклиф қилинган режага кўра, у бутун ҳудудни эгаллаб, ҳозир икки миллиондан ортиқ фаластинликлар тўпланган ҳудудларгача кириб боради.
Бу тинч аҳоли ва БМТ ҳамда бошқа ёрдам гуруҳларининг фаолияти учун нимани англатиши аниқ эмас. Ғазодаги 2,1 миллион аҳолининг қарийб 90 фоизи кўчирилган, ҳатто баъзилари бир неча марталаб кўчирилган ва улар гавжум ва оғир шароитларда яшамоқда. Гуманитар гуруҳлар ва БМТ расмийлари кўпчилик очликдан ўлаётганини айтиб, Исроилни муҳим ёрдамни тарқатишга тўсқинлик қилишда айбламоқда.

Сурат манбаси, BBC (other)
Исроил эса Ғазодаги шароитларни яхшилаш мақсадида у ердаги маҳаллий тадбиркорларга айрим маҳсулотларни олиб киришни қайта бошлашга рухсат беришини айтмоқда. Тасдиқланган нарсалар орасида болалар овқатлари, мева ва сабзавотлар ҳамда гигиeна воситалари мавжуд. Илгари Ҳамас фойда кўраётгани ҳақидаги даъволар туфайли хусусий импорт тўхтатилган эди.
Расмий жавоб бўлмади, аммо ишғол қилинган Ғарбий Соҳилнинг баъзи қисмларини бошқарадиган Фаластин маъмурияти расмийлари Исроил таклифини қоралаб, халқаро ҳамжамиятни ҳар қандай янги ҳарбий ишғолни олдини олиш учун аралашишга чақирди.
Фаластинликлар Исроилнинг ўта ўнг қанот вазирлари Ғазони тўлиқ эгаллаб олиш ва аннексия қилишни очиқчасига тарғиб қилаётганини ва охир-оқибат у ерда янги яҳудий аҳоли пунктларини қуришни истаётганини таъкидлашмоқда.
2005 йилда Исроил Ғазо секторидаги аҳоли пунктларини йўқ қилди ва ўз кучларини у ердан олиб чиқди.
Аммо Миср билан бир қаторда, улар ҳудудга киришни қаттиқ назорат қилишни сақлаб қолишди.
Янги ишғол ғояси ўнлаб йиллар давом этган Исроил-Фаластин можаросини ҳал қилиш учун узоқ вақтдан бери мавжуд бўлган халқаро формула – икки давлат ечимини жонлантириш бўйича тобора кучайиб бораётган халқаро ҳаракатлар фонида пайдо бўлди. У Ғарбий Соҳил ва Ғазо секторида мустақил Фаластин давлатини ташкил этишни кўзда тутади, унинг пойтахти Шарқий Қуддус бўлади.
Ўтган ҳафта Буюк Британия ва Канада Фаластин давлатини тан олиш бўйича шартли режаларини эълон қилиб, бу борада Франция қаторига қўшилди.
Исроил бош вазири Ғазодаги кейинги қадамларни ҳал қилиш учун асосий вазирлар ва ҳарбий раҳбарлар билан учрашиши кутилмоқда. Исроил армияси радиосининг хабар беришича, улар марказий қочқинлар лагерларини ўраб олиш, ҳаво ҳужумлари ва қуруқликдаги рейдларни ўтказиш бўйича дастлабки армия режаларини муҳокама қилишлари керак.
Нетаняху бу ҳафта тўлиқ хавфсизлик кабинети йиғилишини чақиришини айтди.
Исроил оммавий ахборот воситалари шарҳловчилари шубҳа билдиришди ва амалий ҳарбий, сиёсий ва дипломатик муаммоларга эътибор қаратишди. "Yedioth Ahronoth" газетасида Наҳум Барнеа: "Нетаняху ҳеч қачон бундай миқёсда таваккал қилмаган", дейди.
У Исроил бош вазири ўзининг барча уруш мақсадларига эришиш ҳақидаги ваъдасини такрорлаганини таъкидлайди.
"Аммо 22 ойлик қонли жанглардан сўнг, бундай ваъдаларни жиддий қабул қилиш қийин. Нетаняхунинг Ғазодаги урушда фақат битта мақсади борга ўхшайди, бу урушни узайтириш."
Исроил Ғазода ўзининг ҳарбий ҳужумини 2023 йил 7 октябрда Ҳамаснинг Исроил жанубига ҳужумига жавобан бошлади, унда 1200 га яқин одам ўлдирилган ва 251 киши гаровга олинган эди.
Ўшандан бери Исроил кучлари томонидан Ғазода камида 61,020 фаластинлик ўлдирилган, деб хабар беради Ҳамас томонидан бошқариладиган соғлиқни сақлаш вазирлиги.
12 июн 2025. АҚШ элчиси: Мусулмон мамлакатлар Фаластин давлати учун ер берсинлар

АҚШнинг Исроилдаги элчиси "мусулмон мамлакатлар" келажакдаги Фаластин давлатини барпо этиш учун ўз ерларининг бир қисмини беришлари кераклигини таклиф қилди.
Элчи Майк Ҳакаби Би-би-сига шундай деди:
"Мусулмон мамлакатлар Исроил назоратидаги ерларга нисбатан 644 баробар кўп ерга эга. Шунинг учун, агар Фаластин давлатини яратишга шунчалик хоҳиш бўлса, эҳтимол, кимдир: 'Биз уни қабул қиламиз', дер?"
Элчи шунингдек, АҚШнинг Буюк Британия ва Австралия каби иттифоқчиларини ҳам танқид қилди. Улар Исроил ишғоли остидаги Ғарбий Соҳилдаги Фаластин жамоаларига нисбатан "зўравонликка даъватлар"и учун исроиллик ўта ўнг қанотчи икки вазирга санкция жорий қилган эдилар.
Интервюда элчи Майк Ҳакаби икки давлат ечимини — Исроил ва Фаластин ўртасида тинчлик ўрнатиш учун таклиф қилинган ва кўплаб АҚШ маъмуриятлари томонидан қўллаб-қувватланган формулани — "орзу қилинадиган мақсад" деб атади.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Икки давлат ечими ишғол остидаги Ғарбий Соҳил ва Ғазода, шарқий Қуддус пойтахти бўлган мустақил Фаластин давлатини назарда тутади. Бу давлат Исроил билан ёнма-ён мавжуд бўлади.
Bloomberg'га берган алоҳида интервюсида элчи Майк Ҳакаби айтишича, АҚШ энди мустақил Фаластин давлатини яратиш мақсадини кўзламаяпти.
АҚШ Давлат департаментининг матбуот котиби Тэмми Брюс кейинроқ шундай деди: "Элчи ўз шахсий фикрини билдирган. АҚШнинг Яқин Шарқдаги сиёсати учун президент масъул."

Сурат манбаси, .
Шу ой охирида Нью-Йоркдаги БМТда Франция ва Саудия дипломатлари Фаластин давлатини яратиш бўйича йўл харитасини белгилашга қаратилган анжуманга мезбонлик қиладилар.
Майк Ҳакаби келажакдаги Фаластин давлати қаерда жойлашиши мумкинлиги ёки АҚШ бу ташаббусни қўллаб-қувватлаш-қувватламаслиги ҳақида аниқ гапирмаган бўлса-да, у анжуманни "ноқулай вақтдаги ва номақбул" деб таърифлади.
"Бу уруш даврида Европа давлатлари томонидан бундай ташаббусни илгари суриш мутлақо нотўғри," деди у. "Бу Исроил хавфсизлигини камайтиради."
"Нега у (Фаластин давлати) айнан Исроил эгаллаб турган ерда бўлиши шарт?" — деди у Би-би-сининг Newshour дастури билан суҳбатда.
"Менимча, бу саволни икки давлатли ечимни қўллаб-қувватлаётган ҳар бир кишига бериш керак."
Фаластин давлати Ғарбий Соҳилда жойлашмаслиги керак деган мавқе АҚШ мавқеъми, деган саволга Ҳакаби шундай жавоб берди: "Мен ҳеч қачон бўлмайди демайман, лекин маданият ўзгариши керак.
Ҳозирги маданиятда яҳудийларни нишонга олиш ва ўлдириш мумкин ва бу учун мукофот берилади. Бу нарса ўзгариши керак."
Исроил икки давлатли ечимни рад этади. Исроилга кўра, ҳар қандай якуний келишув фаластинликлар билан музокаралар натижасида бўлиши керак, давлатчилик эса шарт сифатида қўйилмаслиги лозим.
Ҳакаби аввал ҳам "катта Исроил" ғоясини қўллаб-қувватлаган. Бу ғоя ишғол қилинган Фаластин ҳудудлари устидан Исроилнинг доимий назоратини таъминлашни назарда тутади. У Ғарбий Соҳил учун "Яҳудия ва Самария" деган библиявий атамалардан фойдаланган.
Майк Ҳакабининг баъзи баёнотлари Исроилдаги ултрамиллатчи гуруҳларнинг нуқтаи назарини акс эттиради. Бу ҳаракатдаги баъзи сиёсатчилар, жумладан жорий ҳукуматдаги ўта ўнг қанотчи вазирлар, Ғарбий Соҳил ва Ғазодан фаластинликларни чиқариб юборишни таклиф қиладилар. Бу вазирлар, "Фаластин давлати араб ёки мусулмон мамлакатларида ташкил этилиши мумкин", дейдилар.
Агар бундай сиёсат амалга оширилса, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ва Европа ҳукуматлари буни халқаро ҳуқуқнинг очиқдан-очиқ бузилиши деб ҳисоблайдилар.
Санкциялар - "ларзага солувчи"
Элчи Майк Ҳакаби Исроил Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ва Молия вазири Безалел Смотричга қарши санкциялар жорий этилганига ҳам муносабат билдирди. 10 июн куни Буюк Британия, Норвегия, Австралия, Канада ва Янги Зеландия исроиллик икки вазирга санкция қўллаш ҳақида қўшма қарор қабул қилган эдилар.
Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Ламми исроиллик вазирлар "экстремистик зўравонликка даъват қилганлар ва фаластинликларнинг инсон ҳуқуқларини жиддий бузганлар" деб баёнот берди. Уларга Британияга кириш тақиқланди ва Британиядаги активлари музлатилди.
Исроил бу қарорга қаттиқ эътироз билдирди, Ҳакаби эса буни "шокка соладиган қарор" деб атади.
"Мен ҳалигача бу икки сайланган вазир мамлакат суверенитетини ҳурмат қилиши керак бўлган ҳамда ҳеч қандай жиноий ҳаракат содир этмаганларини тан олишлари лозим бўлган мамлакатлар томонидан нега санкцияга тортилганлари ҳақида жиддий сабабни эшитганим йўқ," деди у.
Ғазодаги уруш 2023 йил октябрида Ҳамас Исроилга ҳужум қилиб, тахминан 1200 кишини ўлдириб, 251 нафарини гаровга олганидан кейин бошланди.
Ҳозирги пайтда Ҳамас томонидан Ғазода 56 нафар гаровдаги шахс сақланаяпти, улардан камида 20 нафари тирик деб кўрилади.
2023 йил октябридан буён Ғазодаги Ҳамас бошқарувидаги соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, камида 54927 фаластинлик ҳалок бўлган. БМТ маълумотларига кўра, уларнинг тўртдан бири болалардир.












