Исроиллик юзлаб собиқ мулозим Трампдан Ғазо урушини тўхтатишда ёрдам сўради

АҚШ президенти ва Исроил Бош вазири

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, "Сизнинг исроиллик аксарият ўртасидаги обрўйингиз Бош вазир Биньямин Нетаньяҳу ва унинг ҳукуматини тўғри йўлга солиш иқтидорингизни оширади: Урушни тўхтатинг, гаровга олинганларни қайтаринг, азоб-уқубатларни тўхтатинг", - деб ёзишган мурожаатчилар.
Ўқилиш вақти: 23 дақ

АҚШ президентига мурожаат қилганлар орасида Исроил жосуслик идораларининг собиқ раҳбарлари ҳам борлиги айтилмоқда.

Мурожаат

Ғазо уруши жабрдийдалари

Сурат манбаси, Reuters

Исроилнинг 600 га яқин истеъфодаги хавфсизлик мулозимлари АҚШ президентига ёзма мурожаат қилишган.

Улар Дональд Трампдан Ғазодаги урушга зудлик билан чек қўйиши учун Исроилга босим қилишини сўрашган.

"Ҳамас энди Исроил учун стратегик хавф туғдирмайди", - дея, ўзларининг "профессионал баҳолари"ни ҳам илова қилишган.

"Сизнинг исроиллик аксарият ўртасидаги обрўйингиз Бош вазир Биньямин Нетаньяҳу ва унинг ҳукуматини тўғри йўлга солиш иқтидорингизни оширади: Урушни тўхтатинг, гаровга олинганларни қайтаринг, азоб-уқубатларни тўхтатинг", - деб ёзишган улар.

Алоқадор мавзулар
АҚШ президенти
gettyimages
Urushni to‘xtating, garovga olinganlarni qaytaring, azob-uqubatlarni to‘xtating.
AQSH prezidentiga yozilgan yozma murojaatdan.
Batafsil: bbc.com/uzbek da tanishing.

Мурожаат Ҳамас билан оташкесимга оид билвосита музокаралар тўхтаб қоларкан, Исроил Бош вазири Ғазодаги ҳарбий амалиётларни кенгайтириш ҳаракатида эканига оид хабарлар фонида ўртага чиққан.

Ҳамаснинг Исроил жанубига 2023 йил 7 октябр кунги ҳужумидан кейин Исроил Ғазода ҳалокатли уруш бошлаган.

Октябр ойидаги ҳужумда 1200 га яқин одам ўлдирилган ва 250 дан ортиғи гаровга олинганди.

Агар Ғазонинг Ҳамас бошқаруви остидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги рақамларига таянилса, Исроилнинг ўшандан буён Ғазода олиб бораётган ҳарбий амалиётлари оқибатида 60 мингдан зиёд одам ҳалок бўлган.

Душанба куни вазирлик сўнгги бир кун ичида Ғазода камида 94 киши ўлдирилганини маълум қилган.

Уларнинг орасида Исроил ҳужумларида ўлган ўнлаби борлигини ҳам айтган.

Ғазо Исроил томонидан бўлгага товарлар импортига қўйилган қаттиқ чекловлар сабаб ҳам улкан маҳрумиятлар қаршисида қолган.

Вазирликнинг билдиришича, уруш бошланганидан бери 180 киши, жумладан, 93 нафар бола тўйиб овқатланмаслик натижасида вафот этган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан дастакланувчи ёрдам идораларига кўра, ҳозир Ғазода "очарчиликнинг энг ёмон ҳолати бўй кўрсатмоқда".

Ўзига қилинган ёзма мурожаатга шу соатларда АҚШ президентининг муносабати имконли эмас.

Исроил матбуоти эса Бош вазир Биньямин Нетаньяҳу хавфсизлик кабинети билан учрашганида Ғазо бўлгасини тўлиқ қайта эгаллашни таклиф қилади, дея хабар берган.

4 август. Исроил Ғазо уруши: Ал-Ақсода яҳудийлар ибодати мусулмонларни ғазаблантирди, овқат учун ўлдирилган ғазоликлар сони ортди

Исроил Миллий Хавфсизлик вазири Итаамар Бен-Гвир

Сурат манбаси, Itamar Ben-Gvir X account

Сурат тагсўзи, Исроил Миллий Хавфсизлик вазири Итаамар Бен-Гвир Ал-Ақсода видео тасвирга олиб тарқатди

Исроилнинг ўнг қанотчи сиёсатчиси, Миллий Хавфсизлик вазири ва унга ҳамроҳлик қилган 1250 тача яҳудий 3 август куни Қуддус шаҳридаги Ал-Ҳарам Ал-Қудс Аш-Шариф мажмуасидаги Ал-Ақсо масжидига кириб ибодат қилганлари мусулмонларни ғазаблантирди.

Ушбу амал узоқ йиллик келишувнинг бузилишидир.

Чунки Ал-Ақсо Ислом оламидаги учинчи муқаддас масжид бўлиб, яҳудийларнинг у ерга киришларига рухсат берилса-да, ибодат қилишлари тақиқланишига келишилган.

Қуддуси Шарифдаги исломий зиёратгоҳлар учун масъул Иордания ва Фаластин расмийлари яҳудий сиёсатчиларнинг ушбу қадамига ғазабнок муносабат билдирдилар.

Исломий муқаддас мажмуни Иордания Вақфи бошқаради, Иордания ушбу қадамни "қабул қилиб бўлмас провокация" деб таърифлади.

Фаластин маъмурияти буни "қизил чизиқдан ўтиш" деб қоралади.

Ал-Ақсода тасвирга олинган видеода Итамар Бен-Гвир, Ҳамас тарқатган исроиллик озиб кетган гаровга олинган инсонларнинг видеосининг мақсади Исроилга босим ўтказиш деб айтган.

У ўзининг бундан олдинги бутун Ғазо бўлгасини босиб олиш чақириқларини такрорлаган, бу ҳудуддан фаластинликларни ўз ихтиёрлари билан чиқиб кетишга чақирган.

Би-би-сининг Қуддусдаги мухбири Ҳюга Бачега ёзишича, Итамар Бен-Гвирнинг ушбу баёнотини экспертлар тинч аҳолини мажбуран кўчириш ва эҳтимолки уруш жинояти деб талқин этилиши мумкинлигини айтганлар.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳилидаги фаластинликлар жамоаларига қарши такрор-такрор зўравонликларга гиж-гижлагани учун Буюк Британия Итамар Бен-Гвирга қарши санкция киритган.

Бен-Гвир раҳбарлигидаги яҳудийларнинг ушбу амалидан кейин Бош вазир Нетаняҳу идораси баёнотига кўра, ҳам мусулмонлар ва ҳам яҳудийлар учун муқаддас саналадиган мажмуага нисбатан Исроилнинг статус-кво мақомини сақлаб қолиш сиёсати "ўзгаргани йўқ ва ўзгармайди".

4 август тонгида Ғазодаги шифокорлар озиқ-овқат тарқатиш жойларига борган пайтида отиб ўлдирилган ва очликдан ўлган ғазоликларнинг сони янада кўпайгани ҳақида хабарлар тарқатдилар.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, якшанба куни камида 56 овқат излаётган фаластинлик отиб ўлдирилган.

Ўзлари ва оиласи учун егулик топишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилаётган ғазоликлар бўлга жанубиидаги Рафаҳ яқинида жойлашган Ғазо Инсонпарварлик жамғармаси (GHF) омборига яқинлашганлар.

Хабарларга кўра, одамлар яқинлашиши билан Исроил аскарлари оломонга қарата пулемётлардан ўт очганлар.

Шунингдек, Ғазо марказидаги егулик тарқатиш нуқтасида ҳам оломон тўпланган, уларга қарата ҳам ўт очилган.

Исроил ҳарбийлари оломонга қарата фақат огоҳлантирувчи ўқ отилган дейди.

Ғазо тиббиёт расмийларига кўра, сўнгги 24 соат ичида яна беш инсон очлик оқибатида ҳаётдан кўз юмган.

Бу билан Ғазода очарчилик нобуд қилган инсонларнинг сони 180 га етди, уларнинг 93 нафари болалардир.

Исроил матбуоти хабар қилишича, Бош вазир Бенямин Нетаняҳу Ғазо бўлгасида ҳарбий амалиётни кенгайтиришни хоҳлаяпти, шу йўл билан Ҳамас билан тинчлик музокаралари боши берк кўчага кириб қолган вазиятда Ҳамасни мағлуб этиш орқали гаровдаги исроилликларни озод қилмоқчи.

Би-би-сининг Исроилдаги мухбири Иоланда Нелл ёзишича, ушбу ғоя Ғазодаги чуқур инсонпарварлик инқирози ҳамда озиб кетган икки гаровдаги исроилликнинг видеоси халқаро ғазабларга сабаб бўлаётган вақтда янгради.

Исроил матбуоти иқтибос келтираётган расмийларга кўра, бош вазир гаровдагиларни "Ҳамасни ҳарбий мағлуб этиш" орқали озод қилиш устида ишлаяпти.

Чунки бош вазир ишонишича, Ҳамас қуролли гуруҳи келишувдан манфаатдор эмас.

Хабарларга кўра, бош вазирнинг янги режаси яқин кунларда Исроил хавфсизлик кабинети билан муҳокама этилади, бу режага кўра, жанговар ҳарбий амалиётлар кечмайдиган ҳудудларга янада кўпроқ озиқ-овқат ёрдамлари киритилади.

Исроил ҳукуматидаги расмийнинг журналистларга айтишича, бу борада Исроил АҚШ билан доимий мулоқотда бўлиб турипти.

Мухбиримизнинг ёзишича, Ғазода янги эскалация эҳтимоли ҳар куни очлик ёки тўйиб овқат емасликдан фаластинликлар ҳалок бўлгани хабарлари тарқалаётган вақтда зудлик билан оташкесимга чақириб келаётган иттифоқчиларнинг кўпини янада ғазаблантириши мумкин.

Гаровга олинган инсонларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаб келаётган асосий гуруҳ янги ҳарбий ишғол ғоясини қоралаб шундай деди:

"Нетаняҳу Исроил ва гаровдагиларни ҳалокатга етаклаяпти".

3 август куни Австрлиянинг Сидней шаҳрида Ғазо урушини тўхтатиш талаби билан юриш ташкил этилди.

Сиднейнинг машҳур Ҳарбор кўпригидан ўтган намойишчилар сони 90000 ни ташкил этди, деб хабар қилди полиция.

Намойишчилар Австралия ҳукуматидан Исроил ҳукуматига қарши санкциялар жорий этишга чақирдилар.

1 август. Исроил Ғазо уруши: АҚШ Фаластин расмийларига виза бермоқчи эмас

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Америка баёноти Марко Рубионинг Давлат департаментидан янгради

АҚШ Фаластиннинг ўз-ўзини бошқариш ташкилоти ва бу ташкилотни халқаро саҳнада тамсил этадиган расмийларга қарши санкциялар жорий этишини эълон қилди.

АҚШнинг ташқи сиёсат идораси - Давлат департаменти Фаластинни Озод қилиш ташкилотининг аъзоларига ва Фаластин Маъмурияти расмийларига визаларини рад этиши ҳақида маълум қилди.

Исроил ва Фаластин муносабатлари Осло келишувида келишилган, бу келишувда Фаластинни Озод қилиш ташкилоти Исроил давлатини тан олиши ва бундан кейин қуролли зўравонликлардан воз кечишга рози бўлгани ортидан ФОТ Фаластин халқининг расмий вакиллари - Фаластин Маъмурияти деб тан олинган эди.

АҚШ виза инкори ҳам ФОТ, ҳам ФМ вакилларига қаратилади демоқда.

Би-би-си мухбири ёзишича, АҚШ Давлат департаменти баёнотининг вақти ва оҳанги бу нарса Трамп маъмуриятининг шу ҳафтадаги БМТдаги Франция-Саудия Арабистони ташкиллаштирган анжуманга реакциясидир.

Бу конференция ёнма-ён Исроил ва Фаластин давлатини барпо этишни қўллаб-қувватлаш мақсадини кўзлаган тадбир бўлди.

Ушбу конференция Франция, Буюк Британия ва Канада Исроилдан Ғазода оташкесимни талаб қилишлари, акс ҳолда айрим шартлар билан келаётган сентябрда БМТ Бош Ассамблеясида Фаластин давлатини расман тан олишлари ҳақидаги баёнотлари янграган вақтга тўғри келди.

Би-би-си мухбирига кўра, АҚШ ушбу сўнгги қаттиқ чиқишларга қарши жазо чораларини киритишга қарор қилди, агар БМТдаги конференцияда қатнашганлар "аксилисроил" баёнотлар қиладиган бўлсалар, бунга қарши дипломатик оқибатлар бўлади, деб огоҳлантирган эди.

31 июл. Канада Фаластинни тан олмоқчи бўлгани Трампга ёқмади

Ғазода овқат учун навбатда турган одамлар

Сурат манбаси, ANADOLU VIA GETTY IMAGES

Сурат тагсўзи, G'azoda so'nggi soatlarda uanada ko'p odamlar ocharchilikdan va ovqat olish uchun borganida otib o'ldirildilar

Бош вазир Марк Карней айтишича, Канада келаётган сентябрда Фаластин давлатини тан олишни режалаштираяпти.

Бу билан Канада дунёнинг йирик еттилиги орасида Фаластинни расман тан олишини эълон қилган учинчи мамлакат бўлди.

Бундан олдин Франция, сўнг Буюк Британия сентябр ойидаги БМТ Бош Ассамблеясида Фаластин давлатини расман тан олишларини эълон қилишлари ҳақида баёнот берган эди.

Британия Бош вазири Кир Стармер Исроилни оташкесимга чақирган, агар ўт очишни тўхтатмаса ва бошқа шартлар бажарилмаса, Буюк Британия Фаластин давлатини расман эътироф этиши талабини илгари сурган эди.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Канада Бош вазири Марк Карней сўзларига кўра, Канаданинг Фаластин давлатини тан олиши демократик ислоҳотлар, жумладан, Фаластин маъмуриятининг кейинги йил Ҳамассиз сайловлар ўтказишига ҳам боғлиқ.

Бош вазир Карней сўзларига кўра, Иордан дарёси Ғарбий Соҳилида яҳудий келгиндилар манзилгоҳлари кенгайтирилаётгани, Ҳамаснинг 2023 йил 7 октябрдаги Исроилга ҳужумлари ортидан Ғазодаги инсонпарварлик вазияти ёмонлашиб бораётгани Канада ташқи сиёсати ўзгаришига сабабчи бўлган омиллардир.

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги Канада баёнотини танқид қилди, бу нарса "Ҳамас учун мукофот бўлади" деди.

Бирлашган Миллатлар ташкилотига аъзо 193 мамлакатнинг 147 таси расман Фаластинни давлат сифатида тан олган.

АҚШ Президенти Доналд Трамп Канада баёнотига салбий муносабат билдирди.

Трампга кўра, Канаданинг Фаластинни тан олиш режасидан кейин АҚШнинг Канада билан савдо келишувига эришиши "жуда қийин" бўлади.

Ғазодаги очарчилик туфайли Исроилга қарши халқаро ғазаб ортиб борар экан, АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус элчиси Стив Уиткофф Исроилга йўл олган.

31 июл куни Уиткофнинг Исроил расмийлари билан учрашувлари мўлжалланган.

Стив Уиткофф АҚШ-Исроил дастаклаётган гуруҳ - GHF Ғазода ташкил қилган баҳсли озиқ-овқат тарқатиш марказларини ҳам бориб кўради, деган хабарлар тарқалди.

Айни вақтда Ғазодаги тиббиёт мулозимлари озиқ-овқат олиш учун борган 50 дан ортиқ одам отиб ўлдирилгани, 400 тача инсон яралангани ҳақида хабар бердилар.

Зикким деб номланадиган чегара ўтиш нуқтаси яқинида юк ортилган автомобилга яқинлашган одамларга қарши ўт очилган.

Очарчилик тобора оғирлашаяпти.

Ғазодаги масъулларга кўра, шу вақтгача очарчилик оқибатида ҳаётдан кўз юмган инсонларнинг сони 154 га етган.

Ҳамаснинг 2023 йил 7 октярбида Исроилга ҳужум қилиб, қарийб 1200 кишини ўлдиргани, 251 одамни гаровга олгани ортидан Исроил Ғазода бошлаган уруш оқибатида ўлганлар сони 60 мингдан ошди.

Ҳамас раҳбарлигидаги Ғазо соғлиқни сақлаш масъулларига кўра, ҳалок бўлганларнинг 18592 нафари болалар, 9782 нафари эса аёллардир.

29 июл. Исроил ҳуқуқ ҳимоячилари ҳукуматни Ғазода қатлиом ўтказишда айблади

Эмир Надер

Qatliom

Сурат манбаси, Reuters

Исроилнинг икки етакчи инсон ҳуқуқлари ташкилоти Исроилнинг Ғазо урушидаги хатти-ҳаракатлари Фаластин аҳолисига қарши қатлиом эканлигини айтди.

"Б'Целем" ва "Исроил инсон ҳуқуқлари учун шифокорлар" ташкилотлари душанба куни сўнгги 21 ойлик можарони ўрганиш асосида алоҳида ҳисоботлар эълон қилди.

Исроилда ўнлаб йиллар давомида фаолият юритиб келаётган ташкилотлар қўшма баёнотда "бу қоронғу даврларда нарсаларни ўз номи билан аташ айниқса муҳим", деб таъкидлаб, "жиноятни дарҳол тўхтатишга" чақирди.

Исроил ҳукумати вакили қатлиом (геноцид) айбловларини кескин рад этишини билдирди.

Бу айбловлар Исроилда жойлашган инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан илк бор билдирилмоқда.

"Бизнинг мудофаа кучларимиз террорчиларни нишонга олади, ҳеч қачон тинч аҳолини эмас. Ғазодаги азоб-уқубатлар учун ҲАМАС жавобгар", деди Дэвид Менсер.

Душанба куни Қуддусда бўлиб ўтган матбуот анжуманида "Б'Целем" ижрочи директори Юли Новак ўз ташкилотининг ҳисоботи "ҳеч қачон ёзишимизга тўғри келади деб ўйламаган" ҳужжат эканлигини айтган.

88 саҳифалик ҳужжатда шундай дейилган: "Исроилнинг Ғазо секторидаги сиёсати ва унинг даҳшатли оқибатларини, шунингдек, Исроилнинг юқори лавозимли сиёсатчилари ва ҳарбий қўмондонларининг ҳужум мақсадлари ҳақидаги баёнотларини ўрганиш, бизни Исроилнинг Ғазо секторидаги Фаластин жамиятини атайлаб йўқ қилиш бўйича мувофиқлаштирилган ҳаракатларни амалга ошираётгани ҳақидаги аниқ хулосага олиб келади."

"Исроил инсон ҳуқуқлари учун шифокорлар" (PHRI) 65 саҳифалик ҳисоботида соғлиқни сақлашга йўналтирилган ҳуқуқий таҳлили Исроил Ғазонинг соғлиқни сақлаш инфратузилмасини "ҳисоб-китоб қилинган ва тизимли равишда" нишонга олганини аниқлади.

"Далиллар Ғазонинг соғлиқни сақлаш ва ҳаётни сақлаш тизимларини - касалхоналарга қасддан ҳужум қилиш, тиббий ёрдам ва эвакуацияларга тўсқинлик қилиш, шунингдек, тиббиёт ходимларини ўлдириш ва ҳибсга олиш орқали қасддан ва тизимли равишда демонтаж қилинганини кўрсатади", дейилади ҳисоботда.

PHRI ижрочи директори доктор Гай Шалев шундай деди: "Геноцидга нисбатан жим туриш мумкин эмас. Биз шуни таъкидламоқчимизки: қатлиомга қарши туриш нафақат ҳуқуқий ва сиёсий институтларнинг масъулиятидир. Унга қарши туриш глобал соғлиқни сақлаш ҳамжамиятидан шошилинч чоралар кўришни талаб қилади."

Ташкилотлар 2023 йил 7 октябрда Исроилга қилинган "даҳшатли ва жиноий ҲАМАС ҳужуми" исроилликлар орасида қўрқув ва жамоавий озурдаликка сабаб бўлган ҳаракат эканлигини аниқлади.

Бироқ, ҳужумга жавобан, уларнинг даъвосича, Исроил ҳукумати "экстремистик мафкураларни тарғиб қилиш ва Ғазодаги фаластинликларни инсон қиёфасидан маҳрум қилиш"га асосланган кампанияни олиб борди.

PHRI аниқлаган ҳаракатларга "урушга тасодифан эмас, балки гуруҳ сифатида фаластинликларни нишонга олишга қаратилган қасддан сиёсатнинг бир қисми" дея таъриф беради.

Ташкилот хулосасига кўра, Исроил имзо чеккан 1948 йилги Геноцид (Қатлиом) жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенциянинг II моддасида белгиланган камида учта ҳаракатни бажарган.

"Б'Целем" ва "Исроил инсон ҳуқуқлари учун шифокорлар" ташкилотлари душанба куни сўнгги 21 ойлик можарони ўрганиш асосида алоҳида ҳисоботлар эълон қилди

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, "Б'Целем" ва "Исроил инсон ҳуқуқлари учун шифокорлар" ташкилотлари душанба куни сўнгги 21 ойлик можарони ўрганиш асосида алоҳида ҳисоботлар эълон қилди

Бир қатор халқаро ҳуқуқ ташкилотлари, БМТ инсон ҳуқуқлари экспертлари ва олимлари Исроилни Ғазода геноцид содир этишда айблаганди.

Халқаро Суд (ICJ) ҳам Жанубий Африка томонидан Исроил кучлари Ғазодаги фаластинликларга қарши геноцид содир этаётганлиги ҳақидаги даъвони кўриб чиқмоқда.

Исроил бу айбловни қатъиян рад этади ва бу ишни "мутлақо асоссиз" ҳамда "холисликдан йироқ ва ёлғон даъволарга" асосланган деб атади.

Доктор Шалев Би-Би-Сига PHRI ва "Б'Целем" ташкилотлари ва уларнинг ходимлари ўз ҳисоботларига жавобан Исроилда оғзаки ёки жисмоний зўравонликка дуч келишларидан хавотирда эканлигини айтди.

"Лекин биз одамлар биз айтаётган нарсаларни тинглашларига умид қиламиз", дея қўшимча қилди у.

"Б'Целем"дан Юли Новак Исроил геноцид ўтказаётганлиги ҳақидаги хулосага келиш жараёни оғир кечганини айтди.

"Ўз мамлакатингиз, ўз жамоангиз ҳақиқатан ҳам геноцид содир этаётганини тушуниш жуда оғир ақлий ва шахсий жараёндир", деди у.

"Бу биз ким эканлигимиз ҳақидаги энг асосий тушунчангизни бузади."

Исроил 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС ҳужумига жавобан Ғазода уруш бошлади, унда 1200 га яқин киши ҳалок бўлди ва 251 киши гаровга олинди.

ҲАМАС томонидан бошқариладиган соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроил ҳужумларидан буён Ғазода 59 900 дан ортиқ киши ҳалок бўлган. Вазирлик рақамлари БМТ ва бошқалар томонидан қурбонлар бўйича мавжуд бўлган энг ишончли статистика манбаи сифатида келтирилади.

28 июл: Трамп Ғазода ҳақиқий очлик деди

Tramp

Сурат манбаси, Reuters

Шотландияда бўлиб турган АҚШ Президенти Доналд Трамп Британия Бош вазири Кир Стармер билан музокара пайти журналистларга, Ғазода ҳақиқий очарчилик, АҚШ у ерда озиқ-овқат марказларини йўлга қўяди, деди.

Би-би-си Халқаро муҳаррири Жереми Боуэн Иордания пойтахти Амманда ҳарбий транспорт самолётларига Ғазо бўлгасига ҳаводан улоқтириш учун ортилаётган озиқ-овқат ёнида гапираркан, бу амаллар Исроилга бўлаётган халқаро босим натижаси эканини айтади.

Ғазога парашютда ташланаётган озиқ овқат

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳаводан егулик улоқтириш самараси кам йўл

Аммо 1991 йили Ироқда, 1993 йили Боснияга озиқ-овқат ва бошқа зарур ёрдамлар ҳаводан ташланганини ўз кўзи билан кўрган фахрий журналист, бу самарали амал эмаслигини эслатади.

Жереми Боуэн ерга тушган озиқ-овқатлар парчаланиб кетгани, ёрдамларни оламан деб пастдаги одамлар мина майдонларига кириб қолиб портлаганлари, ёрдам юклари бомбардимонлардан омон қолган биноларнинг устига тушганларининг гувоҳи бўлганини эслайди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

БМТнинг Фаластин қочқинларига ёрдам агентлиги раҳбари Филипп Лазарини бу юклар одамлар устига тушиб ўлдириши мумкинлигини, шунинг учун Исроил қуруқликдан юк автомобиллари киритилишига рухсат бериши кераклигини айтди.

Исроил 27 июл куни 120 юк машинасида ёрдам киритилганини айтди

Сурат манбаси, Anadolu/Getty Images

Сурат тагсўзи, Исроил 27 июл куни 120 юк машинасида ёрдам киритилганини айтди

26 июлдан Иордания ва Бирлашган Араб амирликлари ҳарбийлари Ғазога овқат ташлашни бошладилар.

Исроил Ғазонинг Миср билан чегарасидаги Рафаҳ чегарасидан озиқ-овқат олиб киритилишига рухсат берди.

Аммо Ғазонинг ал-Мавасий деган жойида оиласи билан чодирда яшаётган оила бошлиғи Аҳмад 27 июл куни Мисрдан 30 машина ёрдам кирганини, ўзлари бирор егулик қўлга киритолмаганларини айтди.

Исроил якшанба куни 120 машина егулик киритилди деди.

Бироқ БМТ масъули Том Флетчер бу ёрдамлар очарчиликдан ўлаётган ғазоликлар учун "океандан томчи" дейди.

Оч одамлар ёрдам машинасига ташландилар

Сурат манбаси, EPA

Ғазодаги тиббиёт расмийлари охирги суткада 14 инсон, улар орасида икки бола очлик оқибатида ҳаётдан кўз юмганини хабар қилдилар.

Айни пайтда Исроил Мудофаа кучлари озиқ-овқат олиш мақсадидаги инсонларга ўқ узгани оқибатида инсонлар ҳалок бўлгани ҳақида айтишди ғазоликлар мухбирларга.

Исроил Ғазонинг уч жойида — ал-Мавасийда, Дейр ал-Балаҳда ва Ғазо шаҳри шимолида ҳар куни эрталабки соат 10 дан кечки соат 8 гача жанговар ҳаракатлар тўхтатилишини, бу нарса БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларга ғазоликларга озиқ-овқат ва дори-дармон олиб киришларига имконият бериш учун қилинаётганини эълон қилди.

Лекин жанговар ҳаракатлар танаффуси эълон қилинганига қарамасдан, Ғазо медицина мулозимлари охирги 24 соат ичида 100 киши ҳалок бўлгани, 382 киши яралангани ҳақида хабар қилдилар.

Бу билан Ҳамаснинг 2023 йил 7 октябрида Исроилга ҳужум қилиб, қарийб 1200 кишини ўлдиргани ва 251 одамни гаровга олгани ортидан бошланган Ғазо урушида ҳалок бўлган инсонларнинг сони 59921 га етди.

28 июл куни Исроилдаги етакчи икки инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти - B'Tselem ва Инсон ҳуқуқлари учун шифокорлар - Исроил (PHRI) ўзларининг ҳисоботларини эълон қилдилар.

Оч ғазоликлар

Сурат манбаси, Reuters

Исроил ҳукуматининг Ғазодаги амалларига бағишланган ҳисоботларда Исроил инсон ҳақлари ташкилотлари ҳукуматни геноцидда айбладилар.

Айни пайтда Исроилнинг ўзида одамлар ва матбуот "нега Исроил ҳамон Ғазода урушаяпти" деган саволларни бераяптилар, деб ёзади Би-би-сининг Қуддуси Шарифдаги Яқин Шарқ бўйича мухбири Хюга Бачега.

"Нетаняҳуни узоқ вақтдан бери сиёсий мақсадда урушни чўзиб келаётганликда айблашади, бу мақсадлардан бири ултра миллатчи партияларга таянган коалициясини асраб қолиш", деб ёзади мухбиримиз.

Ёрдам тарқатиш ва инсонпарварлик йўлаклари учун ҳарбий танаффус эълони Исроил парламенти Кнессет ёзги таътилда бўлганида эълон қилинди, бу пайтда Нетаняҳу ҳукумати ўзини хавфсиз ҳис қилади.

Нетаняҳунинг энг қаттиққўл дастакловчилари, жумладан, Миллий Хавафсизлик вазири Итамар Бен Гвир ва Молия вазири Безалел Смотрич ўтмишда агар Ғазога кўпроқ ёрдам киритилса, коалициядан чиқиб кетиш билан таҳдид қилганлар.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Аслида улар Ғазодаги одамларга ҳар қандай ёрдам киритилишига қаршилар, Ғазодан фаластинликларга қувиб чиқариб у ерга яҳудийларни жойлаштириш тарафдорилар.

Узоқ вақтдан бери кўплаб исроилликлар савол бериб келишади: нега Ҳамаснинг 2023 йил 7 октябр ҳужумларидан қарийб 22 ой ўтиб, биз ҳамон Ғазода урушаяпмиз, агар ташкиллашган гуруҳ сифатида Ҳамас аллақачон мағлуб бўлган бўлса?

Ғазодаги азоб-уқубатлар бутун дунёни ларзага солаётган бир пайтда Исроилнинг халқаро изоляцияси кучайиб бораяпти. Исроилнинг Ҳамас билан келишувга эришиши учун, инсонпарварлик юкларини етказишни кўпайтириш ва янада аянчли инқироз олдини учун йўлидаги босим янада ортади, деб ёзади Би-би-си мухбири.

25 июл. Франциянинг Фаластинни тан олиш қарорини АҚШ ва Исроил қоралади

Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос ва Франция Президенти Эммануэл Макрон

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббоснинг 2022 йил Парижга ташрифи

Президент Эммануэл Макрон шу йил сентябрида БМТ Бош Ассамблеясида Франция Фаластин давлатини расман тан олиши ҳақида эълон этишини хабар қилди.

Бу билан Франция G7 лик деб номланадиган дунёнинг иқтисодиёти энг йирик етти мамлакати орасидан Фаластинни эътироф этган илк мамлакат бўлади.

Собиқ Твиттер, ҳозирги X ижтимоий тармоғида пост қолдирган Президент Макрон Фаластин Президенти Маҳмуд Аббосга мактубини ҳам илова қилди.

"Зудлик билан сулҳни ўрнатиш, барча гаровдагиларни озод этиш ва Ғазо аҳолисига улкан инсонпарварлик ёрдамларини етказмоқ лозим. Шунингдек, Ҳамасни демилитаризациялаш, Ғазода хавфсизликни таъминлаш ва қайта тиклаш зарур", деб ёзди Президент Макрон.

Фаластин расмийлари ушбу қарорни олқишлаб чиқдилар.

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу бу қарорни қоралаб чиқди, "ушбу қадам 2023 йил 7 октябр террори учун Ҳамасга мукофот бўлади", деб муносабат билдирди.

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио буни "беўйлов қадам" деб таърифлади.

2024 йил май ойида Ирландия, Норвегия ва Испания Фаластин давлатини тан олишган, бу эса икки ёнма-ён давлат мавжудлигига қарши Исроил сиёсатчиларининг Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳилидаги янада кўпроқ ҳудудларни аннексия чақириқларига сабаб бўлган.

Айни пайтда бу борада Британия қандай қадам ташлаши катта аҳамиятга эга бўлишини Бош вазир Нетаняҳунинг ўзи ҳам тан олган, шу кунларда Британия Бош вазири Кир Стармер босим остида қолган.

Бош вазир Стармердан ҳам Фаластин давлатини расман тан олишни талаб қилмоқдалар.

Президент Макрон баёноти ортидан Кир Стармер Франция раҳбари ва Германия канцлери Фридриҳ Мерц билан мулоқот қилажагини ва Ғазодаги аянчли вазиятни муҳокама этишини билдирди.

АҚШ билан Исроил Қатарда бораётган Ғазодаги оташкесим музокараларидан чиқиб кетганларини эълон қилдилар, Ҳамасни "яхши ниятда" амал қилмаётганликда айбладилар.

100 дан ортиқ халқаро ташкилотлар Ғазода оммавий очарчилик юз бераётгани ҳақида огоҳлантириш билан чиққанларидан кейин ҳам вазият тезлик билан ёмонлашиб бораётгани кузатилаяпти.

Ғазодаги очарчилик инфографикаси

Сурат манбаси, .

Сурат тагсўзи, БМТ очарчилик вазиятини қандай баҳолайди?

Вазият ҳақида Би-би-си Исроил ҳукумати расмийсидан сўради.

Расмий сўзларига кўра, Ғазо ичкарисига олиб кириладиган "ёрдам миқдорига чеклов йўқ".

"Чегара билмас шифокорлар" ташкилоти Ғазодаги очарчилик оқибатлари ҳақида ўз баёнотини эълон қилди.

Médecins Sans Frontières (MSF)га кўра, Ғазодаги беморлар ва халқаро ташкилотнинг у ердаги ходимлари орасида "тўйиб емасликнинг фалокатли даражаси"нинг гувоҳи бўлаяптилар.

MSF вазиятнинг ушбу муҳим жиҳатларига эътибор қаратади:

"Чегара билмас шифокорлар" шифохоналарида текширилган болалар, чақалоқ ва боласини эмизаётган оналарнинг 25% ида қорни тўймаганлик қайд этилган.

Ҳар куни Ғазо шаҳридаги шифохона ходимлари орасида қорни тўймаганликнинг 25 янги ҳолати кузатилаяпти.

Халқаро ташкилот шифокорларнинг ўзлари тўйиб овқат ея олмаётганликларидаан огоҳлантиради.

Ғазо Инсонпарварлик жамғармасининг озиқ-овқат тарқатиш нуқталари иш бошлаганидан буён 1000 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, 7200 киши яраланди, дейди "Чегара билмас шифокорлар".

БМТнинг Фаластин қочқинлари агентлиги(UNRWA) ҳам Ғазо бўлгасидаги аянчли вазиятдан огоҳлантириш билан чиқди.

UNRWA га кўра, очликдан ўлаётган инсонларнинг сони ортиб бораяпти, бўлгадаги "бутун инсонпарварлик тизими қулаяпти".

24 июл. Ғазоликлар оммавий очарчилик туфайли ҳолдан тоймоқда (Видео)

Ona va bola ochlikda

Сурат манбаси, Getty Images

Ғазода оммавий очлик авж олаётганидан хавотир билдирган 100 дан зиёд халқаро хайрия ва инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ҳукуматларни зудлик билан чора кўришга чақирмоқда.

Чегара Билмас Шифокорлар (МSF), Save the Children ва Oksfam ташкилотлари қўшма баёнотни имзолаганлар орасида бўлиб, унда уларнинг ҳамкасблари ва хизмат кўрсатаётган инсонлар ҳолсизланиб бораётгани таъкидланган.

Ҳудудга кирувчи барча таъминотларни назорат қилувчи Исроил, мазкур ташкилотларнинг баёнотини кескин рад этиб, уларни Ҳамас тарғиботига хизмат қилишда айблади.

Улар ушбу огоҳлантиришни берган бир пайтда, Ғазодаги Hamas назоратидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги охирги бир суткада яна 10 фаластинликнинг очликдан жон таслим қилганини билдирди.

Вазирликнинг қайд этишича, якшанбадан бери Ғазода очарчиликдан вафот этганларнинг умумий сони 43 нафарга етган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, касалхоналарга очлик туфайли жуда ҳолдан тойган кишилар ётқизилган, шу билан бирга бошқалар кўчаларда йиқилиб қолмоқда.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 2
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 2

Алоқадор мавзулар:

"Исроил ҳукуматининг қамали Ғазо аҳолисини очликдан қийнаётган бир пайтда, гуманитар ёрдам ходимлари ҳам ўз оилаларини боқиш учун ўққа тутилиш хавфини бошига олиб, озиқ-овқат навбатларига қўшилишга мажбур бўлмоқда," дея таъкидлади 109 та инсонпарварлик ташкилоти чоршанба куни эълон қилинган баёнотида.

Март ойида Исроил Ғазога тўлиқ қамал жорий қилди ва икки ҳафтадан сўнг Ҳамасга қарши ҳарбий ҳаракатларини қайта бошлаб, икки ойлик сулҳни бузди. Исроилнинг айтишича, бу қадам гаровга олинганларни озод этиш учун амалга оширилган.

Икки ойга яқин вақт ўтгач, глобал экспертларнинг яқинлашиб келаётган очарчилик ҳақидаги огоҳлантиришлари таъсирида қамал қисман юмшатилган бўлса-да, озиқ-овқат, дори-дармон ва ёқилғи танқислиги яна ҳам ёмонлашди.

"Тиббиёт ходимлари ўткир очлик, хусусан болалар ва қариялар орасида мисли кўрилмаган даражада кучайганини қайд этишмоқда. Ўткир ич кетиш каби касалликлар тарқалмоқда, бозорлар бўм-бўш ётибди, ахлатлар уйилиб қолган, катталар эса очлик ва сувсизликдан кўчаларда ҳалок бўлмоқда," — деб бонг урган эди инсонпарварлик ташкилотлари.

Психосотсиал ёрдам кўрсатувчи бир ходим болаларга етказилган даҳшатли таъсир ҳақида шундай деди: "Болалар ота-оналарига ўлиб, жаннатга кетишни исташларини айтишмоқда: чунки у ерда ҳеч бўлмаганда егулик бор."

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг билдиришича, Ғазода 100 мингга яқин аёл ва болалар очликдан азият чекмоқда.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, БМТ нинг билдиришича, Ғазода 100 мингга яқин аёл ва болалар очликдан азият чекмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига (ЖССТ) кўра, аҳолининг чорак қисми очарчилик ҳолатига яқин шароитда яшамоқда, шунингдек, қарийб 100 минг аёл ва бола оғир ўткир тўйиб овқатланмасликдан азият чекаётгани сабабли уларга зудлик билан даво чораси зарур.

ЖССТ директори Тедрос Адҳаном Гебреесус чоршанба куни шундай деди: "Маълумки, оммавий очарчилик деганда аҳолининг катта қисмининг оч қолиши тушунилади, Ғазо аҳолисининг салмоқли қисми эса айни дамда очликдан қийналмоқда."

"Буни оммавий очликдан ўзга ном билан аташ мушкул, ва бу сунъий равишда юзага келтирилган. Ҳаммамиз билиб турибмизки, бунинг сабаби қамалдадир."

Хон Юнус шаҳридаги Носир касалхонаси педиатрия бўлими бошлиғи доктор Аҳмад ал-Фарра Би-Би-Сига маълум қилишича, уч кундан буён озиқ-овқат ёқ.

Унинг сўзларига кўра, унинг бўлимига болалар турли даражадаги очарчилик ҳолатида келишмоқда.

Баъзилари очлик сабаб, шифохона қарамоғида вафот этган, дея қўшимча қилди у. Бошқалари эса озуқа моддаларининг организмга сўрилишига тўсқинлик қилувчи соғлиқ муаммолари билан келган.

"Биз шу ҳалокатли нуқтага етиб келишдан қўрққандик – ва мана етиб келдик," деди у.

Асосий маҳсулотлар танқислиги маҳаллий бозорларда нархларнинг кескин ошишига олиб келди ва аксарият оилалар ҳеч нарса сотиб олишга қурби етмай қолди.

"Бу адолатсизлик – нархлар осмонларга кўтарилиб кетган," — дея нолиди Ғазо аҳолисидан бири.

"Ҳар куни фақат ун олиш учунгина 300 шекел (90 доллар) керак бўлмоқда."

Инсонпарварлик ташкилотлари, БМТнинг маълумотига кўра, 27-майдан бери – яъни Исроил ва АҚШ қўллови остидаги Ғазо Гуманитар Жамғармасининг (GHF) баҳсли ёрдам тақсимлаш механизми БМТ назоратидаги тизимга муқобил сифатида ишга тушганидан буён – озиқ-овқат олишга уринган 1050 дан ортиқ фаластинликнинг Исроил ҳарбийлари томонидан ўлдирилганини ҳам қайд этдилар.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича офиси маълумотларига кўра, Исроил ҳарбий зоналарида жойлашган ва АҚШ хусусий хавфсизлик пудратчилари томонидан бошқариладиган GHFнинг тўртта ёрдам пункти яқинида 766 киши ҳалок бўлган. Яна 288 киши БМТ ва бошқа ёрдам карвонлари яқинида ўлдирилган.

Исроил ҳарбийлари GHF объектлари яқинида жойлашган ўз қўшинлари фақат огоҳлантирувчи ўқ узганини ва улар тинч аҳолига қасддан отмаслигини айтди. GHFнинг таъкидлашича, БМТ Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "ёлғон ва чалғитувчи" рақамларидан фойдаланмоқда.

Starving child
Reuters
O‘lib, jannatga ketay - hech bo‘lmaganda jannatda yegulik bor...

G'azolik bolalarning ota-onasiga aytganlari

Инсонпарварлик ташкилотлари огоҳлантиришича, Ғазо аҳолисининг деярли барчаси бошқа жойларга кўчирилган. Улар ҳозирда Ғазо ҳудудининг атиги 12 фоизидан камроқ қисмига тиқилиб қолишган. Бу ҳудуд Исроилнинг эвакуация буйруқлари билан қамраб олинмаган ва ҳарбийлаштирилган зоналардан ташқарида жойлашган. Натижада, ёрдам операцияларини амалга оширишнинг иложи йўқ.

Улар Ғазода кунига ўртача атиги 28 юк машинаси ёрдам тақсимланаётганини ҳам таъкидладилар.

Ғазо ташқарисидаги омборларда – ҳатто Ғазонинг ичида ҳам – тонналаб озиқ-овқат, тоза сув, тиббий буюмлар, бошпана учун ашёлар ва ёқилғи ётибди, чунки инсонпарварлик ташкилотларига уларни олиб кириш ёки тарқатишга тўсқинлик қилинмоқда.

БМТнинг таъкидлашича, Исроил ишғолчи куч сифатида халқаро қонунларга биноан эҳтиёжманд аҳолининг барчасига гуманитар ёрдам етиб боришини таъминлашга мажбур.

Исроил ўзининг халқаро қонунларга мувофиқ ҳаракат қилишини ва ёрдамнинг Ҳамасга етиб бормаслигини таъминлаган ҳолда ёрдамнинг кириб келишини осонлаштиришини таъкидламоқда.

У яқинда фаластинликларга етиб бораётган таъминотда сезиларли пасайиш бўлганини тан олди, аммо бунда БМТ агентликларини айблади.

Ғазога ёрдам киришини мувофиқлаштирувчи Исроил ҳарбий ташкилоти Cogat душанба куни Х (Twitter) платформасида сўнгги икки ой ичида Ғазога қарийб 4500 юк машинаси, шу жумладан 2500 тонна болалар овқати ва болалар учун юқори калорияли махсус озиқ-овқат кириб келганини ёзди.

У (Cogat) шунингдек, дрон орқали олинган тасвирларни эълон қилди. Унда Керем Шалом ва Зиким чегара ўтиш жойларининг Ғазо ҳудудида БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан олиб кетилишини кутаётган 950 юк машинаси ёрдамининг бир қисми кўрсатилган.

Cogatнинг сўзларига кўра, гуманитар ёрдамнинг Ғазо секторига узлуксиз етиб боришига тўсқинлик қилаётган асосий омил – бу уни қабул қилиб олиш пунктларидаги муаммолардир.

Ғазо аҳолиси омон қолиш учун деярли тамоман гуманитар ёрдамга таянади

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ғазо аҳолиси омон қолиш учун деярли тамоман гуманитар ёрдамга таянади

БМТнинг қайта-қайта таъкидлашича, ташкилот чегара пунктлари ичидан Ғазолик ҳайдовчилар ёрдамида кириб келаётган юкларни йиғиб олиш ва уларни ҳарбий зоналар орқали ташиш учун Исроилдан керакли рухсатномаларни олишда қийинчиликларга дуч келмоқда.

Давом этаётган ҳарбий ҳаракатлар, жиддий шикастланган йўллар ва ёқилғи танқислиги муаммоларни янада кучайтирди. Қуролланган гуруҳлар томонидан содир этилган жиноий талончиликлар ҳам баъзан операцияларни тўхтатиб қўйган.

БМТнинг таъкидлашича, сўнгги ҳафталардаги асосий муаммo - ташкилот Исроил ҳарбийларидан гуманитар ёрдам карвонларидан озиқ-овқат олишга уринаётган умидсиз фаластинликлар ўлдирилмаслиги ҳақида кафолат олишда қийналмоқда.

БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррик сешанба кунги брифингда шундай деди: "Кўп ҳолатларда, БМТ гуруҳларига Исроил томонидан Ғазо чегара пунктлари яқинидаги ёпиқ ҳудудлардан юкларни олиб кетишга рухсат берилади. Бироқ, аскарлар аралашмаслиги ёки у ерда бўлмаслиги ҳақида қайта-қайта кафолат берилганига қарамай, бу юк машиналарига яқинлашган тинч аҳоли ўққа тутилмоқда."

"Бу қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат гуманитар операцияларни осонлаштириш тамойилларига бутунлай зид. Ҳеч ким озиқ-овқат олиш учун ўз ҳаётини хавф остига қўйишга мажбур бўлмаслиги керак."

"Бу қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат гуманитар операцияларни осонлаштириш тамойилларига бутунлай зид. Ҳеч ким озиқ-овқат олиш учун ўз ҳаётини хавф остига қўйишга мажбур бўлмаслиги керак."

Инсонпарварлик ташкилотлари ҳукуматлар учун "қатъий чоралар кўриш" вақти келганини таъкидладилар.

"Зудлик билан ва доимий сулҳ талаб қилинг; барча бюрократик ва маъмурий чекловларни бекор қилинг; барча қуруқлик ўтиш жойларини очинг; Ғазонинг барча ҳудудларида ҳар бир киши учун киришни таъминланг; ҳарбийлар томонидан назорат қилинадиган тарқатиш моделларини рад этинг; тамойилли, БМТ бошчилигидаги гуманитар жавоб чорасини тикланг ва тамойилли ҳамда холис инсонпарварлик ташкилотларини молиялаштиришда давом этинг."

"Давлатлар қамални тугатиш учун, масалан, қурол ва ўқ-дорилар трансферини тўхтатиш каби аниқ чораларни кўришлари шарт," дея қўшимча қилдилар улар.

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги баёнотни кескин рад этиб, ташкилотларни "Ҳамаснинг ғояларини ёйишда" айблади.

"Бу ташкилотлар Ҳамаснинг ташвиқотига хизмат қилмоқда, уларнинг рақамларидан фойдаланиб, даҳшатли ҳаракатларини оқламоқда," дея қўшимча қилди вазирлик. "Террор ташкилотига қарши чиқиш ўрнига, улар уни ўзлариникидек қабул қилмоқдалар."

Вазирлик, шунингдек, уларни Исроил ва Ҳамас Қатардаги билвосита музокараларда келишаётган янги сулҳ ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишув имкониятларига "путур етказишда" айблади.

Исроил ҳарбийлари Ғазода Ҳамаснинг 2023-йил 7-октабрда Исроил жанубига уюштирган ҳужумига жавобан ҳарбий кампания бошлаган эди. Ушбу ҳужумда 1200 га яқин киши ҳалок бўлган ва 251 киши гаровга олинган.

Ҳудуднинг Ҳамас томонидан бошқариладиган Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ўшандан буён Ғазода камида 59,219 киши ҳалок бўлган.

23 июль - Ғазода яна 10 инсон очликдан ўлди

GHF ёрдамини олиб қайтаётган ғазоликлар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ғазо Инсонпарварлик жамғармаси - GHF ишга тушгандан бери 1000 дан ортиқ ғазолик ҳалок бўлди

Исроилнинг дўстлари тугаб бораяпти, деб ёзади Би-би-сининг халқаро муҳаррири Жереми Боуэн.

Ҳамаснинг 7 октябрдаги ҳужумларидан кейин жипслашган иттифоқчилари Исроилнинг Ғазодаги амаллари боис сабрлари тугади, дейди Би-би-сининг фахрий таҳлилчиси.

Хабарларга кўра, ҳатто Исроилнинг энг муҳим иттифоқчиси Доналд Трампнинг ҳам Нетаняҳуга нисбатан жаҳли чиқди, бунга Исроил раҳбарининг кутилмаганда Дамашқни бомбалашга берган буйруғи сабаб бўлди - бу Трамп тан олган ва руҳлантирган янги Сурия режимига ҳужум эди, деб ёзади Жереми Боуэн.

Бошқа Ғарб иттифоқчиларининг сабри бир неча ой олдин тугаган эди.

Буюк Британия, Европа Иттифоқининг аксар, Канада, Австралия, Янги Зелландия ва Япония ташқи ишлар вазирлари Исроил ҳаракатларини қоралаган яна бир қўшма баёнот 21 июл куни имзоланди.

Бу баёнотда Ғазода тинч одамлар дуч келаётган азоб-уқубатлар, Исроил БМТ ва етакчи глобал ёрдам ташкилотлари синаган ва ишончдан ўтган инсонпарварлик ёрдамларини тарқатиш ўрнига жорий этган Ғазо Инсонпарварлик жамғармаси ҳалокатли ёрдам тарқатиш тизими ва муваффақиятсизларини таърифлаш учун кескин сўзлардан фойдаланилди.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

"Ғазо тинч аҳолисининг азоб-уқубатларини янги чуқурликка етди", дейилади баёнотда.

"Исроил ҳукуматининг ёрдамни етказиш модели хавфли, беқарорликка олиб келади ва ғазоликларни инсоний қадр-қимматдан маҳрум қилади. Биз ёрдамларни томчилаб беришни, ўзларининг оддий сув ва овқатга бўлган эҳтиёжини қондирмоқчи бўлган тинч фуқаролар, шу жумладан, болаларнинг ҳам ноинсоний ўлдирилишини қоралаймиз. Ёрдам излаётган 800 нафардан ортиқ фаластинликнинг ўлдирилиши — даҳшатли ҳолат.

"Исроил ҳукуматининг тинч аҳоли учун ҳаётий муҳим инсонпарварлик ёрдамларини рад этаётгани қабул этиб бўлмасдир. Исроил ўзининг халқаро инсонпарварлик қонунчилигидаги мажбуриятларини адо этмоғи лозим", дейилади 27 мамлакат баёнотида.

Ғазоликлар кўчада очидан йиқилаяптилар

Аш-Шифо шифохонасида очликдан силласи қуриган 14 яшар ўғил бола

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Аш-Шифо шифохонасида очликдан силласи қуриган 14 яшар ўғил бола

Ғазо бўлгасида очарчилик кучаяётганидан БМТнинг Ocha инсонпарварлик агентлиги огоҳлантириш билан чиқди.

Агентликка кўра, "инсонларни омон қолиши вазияти шиддат билан қулаяпти".

Ғазодаги Соғликни сақлаш вазирлигига кўра, охирги 48 соат ичида 33 инсон, уларнинг 12 нафари бола очидан ўлган.

Бу билан Ғазода очидан ўлган инсон сони 101 га етган, уларнинг 80 нафари боладир.

23 июл куни Ғазо расмийлари охирги суткада 10 инсон очликдан ўлди деб хабар бердилар.

Шунингдек, 27 майда АҚШ ва Исроил дастаклаётган Ғазо Инсонпарварлик жамғармаси (GHF) озиқ-овқат тарқатиш тизимини ишга туширганидан бери егулик оламан деб борган 1026 инсонни Исроил ҳарбийлари ўлдирганлар.

Овқат қидириб ўлган инсонларнинг сонини 22 июл куни БМТ 1054 нафар деб хабар берди.

Овқатлана олмаганидан ҳаддан зиёд силласи қуриган инсонлар тобора кўп шифохоналарга ётқизилаяпти.

"Бошқалар кўчада очидан йиқилаяптилар", дейилади БМТ инсонпарварлик агентлиги тарқатган баёнотда.

Кўмак ташкилотлари Ғазода "оммавий очарчилик" тарқалаётгани ҳақида огоҳлантираётган бир пайтда АҚШ баҳсли ёрдам тарқатиш тизимини ҳимоя қиляпти.

Икки ойки Исроил ва АҚШ дастаклаётган Gaza Humanitarian Foundation (GHF) - Ғазо Инсонпарварлик жамғармаси шу вақтгача халқаро кўмак ташкилотлари бажариб келган вазифа - ғазоликларга озиқ-овқат тарқатишни ўз қўлига олган.

БМТ бу тизимни такрор-такрор қоралаб чиқди, бу нарса ёрдам етказишни "ҳарбийлаштиради", деди.

Ўшандан буён деярли ҳар куни егулик олиш учун борган ғазоликлар ўлдирилгани хабарлари тарқалаяпти.

Бу хабарларга жавобан Исроил ҳарбийлари "шубҳали" кўринган ёки таҳдид пайдо қилган одамларга нисбатан "огоҳлантириш ўқлари отилди" дейди.

Би-би-си мухбири АҚШ Давлат департаментининг матбуот котибасига, "сизнинг бу ёндашувингиз очарчиликка сабаб бўлмаяпти", деб савол берди.

Матбуот котиба сўзларига кўра, "жорий вазият иш бераяпти".

Матбуот котиба даъво қилишича, бундай тартиб ёрдамлар Ҳамас қўлига етиб бориш олдини олади ва бу тартибга қаршилик қилаётганлари ҳайратланарли.

Ғазонинг 'буткул қамали' оммавий очарчиликка сабаб бўлаяпти

Овқат тарқатилишини кутиб турган ғазоликлар

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Бутун Ғазода оммавий очарчилик хавфи юзага келди

100 дан ортиқ ёрдам ташкилоти Ғазодаги оммавий очарчилик вазиятидан огоҳлантириб очиқ хат эълон қилдилар.

Бу очиқ хатда қуйидагилар айтилади:

  • "Исроил ҳукуматининг қамали Ғазо халқини оч қолдирар экан, инсонпарварлик ташкилотлари ходимлари ўз оиласи қорнини тўйдириш учун отиб ташлаш таҳдиди бор егулик навбатларига қўшилишга мажбур бўлаяптилар
  • Ғазаонинг "буткул қамали" бошбошдоқлик, очлик ва ўлимларни келтириб чиқараяпти
  • Таъминотлар "буткул тугаб бўлди", инсонпарварлик ташкилотлари ходимлари очидан ўлар ҳолатга келаяптилар
  • Ғазо атрофидаги омборлардаги тонналааб озиқ-овқат, сув ва тиббий ёрдамларга тегинилмаган, чунки ташкилотларнинг бу омборларга кириш ва бу ёрдамларни тарқатишларига тўсқинлик қилинаяпти
  • "БМТ еткчилигидаги тизим иш бермаган эмас, уни амал қилиши олди олинаяпти
  • Айниқса болалар ва кексалар ўртасида ўткир қорни тўймаганлик "рекорд даража"га чиқди.

Кўмак ташкилотлари доимий оташкесимга, барча чекловларни олиб ташлашга, Ғазога кириш нуқталарининг ҳаммасини очишга, ҳарбийлар назоратидаги озиқ-овқат нуқталари фаолиятини тўхтатиш ва БМТ етакчилигидаги инсонпарварлик ёрдамларини етказиш тартибини қайта йўлга қўйишга чақирадилар.

Жами очиқ хатга 115 ёрдам ташкилоти имзо чекди.

23 июл. Буюк Британия дохил 27 давлат Исроилнинг Ғазодаги тинч аҳолини "ғайриинсоний ўлдириш"да қоралади

yordam

Сурат манбаси, Getty Images

Дэвид Гриттин

BBC News, Қуддус

Буюк Британия ва яна 27 давлат Ғазода урушни зудлик билан тўхтатишга чақириб, у ердаги фуқароларнинг азоб-уқубати "янги чўққига етганини" таъкидлади.

Қўшма баёнотда Исроилнинг ёрдам етказиш тизими хавфли экани таъкидланиб, "томиб турувчи тарзда озиқ-овқат етказиш ва сув ҳамда таом излаётган фуқароларнинг ғайриинсоний тарзда ўлдирилиши" қораланган.

Ҳамас назоратидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар беришича, ўтган ҳафта охирида озиқ-овқат кутаётган пайтда Исроил ўт очиши натижасида 100 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, 19 нафари эса тўйиб овқат емасликдан вафот этган.

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги давлатларнинг баёнотини рад қилди ва у "реал воқеликдан узоқ ва Ҳамасга нотўғри сигнал юбориши"ни айтди.

Вазирлик Ҳамасни оташкесим ва гаровдагиларни озод қилиш борасида янги келишувга рози бўлмасдан, ёлғон тарқатиш ва ёрдам тақсимотини бузишда айблади.

Ҳамас билан уруш давом этаётган охирги 21 ой ичида халқаро ҳамжамият Исроилнинг Ғазодаги уруш тактикаларини қоралаган кўплаб баёнотлар берди. Аммо бу галги баёнот ўз кескинлигини билан алоҳида ажралиб туради.

Баёнот Буюк Британия ва яна 27 давлатнинг ташқи ишлар вазирлари томонидан имзоланган. Улар орасида Австралия, Канада, Франция, Италия, Япония, Янги Зеландия ва Швейцария ҳам бор.

Getty Images
G‘azo aholisining azob-uqubati yangi darajaga yetdi. Isroil hukumati tomonidan tashkil etilgan yordam yetkazish tizimi xavfli va beqarorlikka olib keladi.
Buyuk Britaniya va yana 27 davlatning bayonotidan
Batafsil: BBC.COM/UZBEK

Баёнот "Ғазодаги уруш дарҳол тўхташи керак", деб бошланади.

Унда "Ғазо аҳолисининг азоб-уқубати янги даражага етди. Исроил ҳукумати томонидан ташкил этилган ёрдам етказиш тизими хавфли, беқарорликка олиб келади ва ғазоликларни инсоний қадр-қимматдан маҳрум қилади", деб огоҳлантирилган.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

"Биз эҳтиёжи учун озиқ-овқат ва сув излаётган, шу жумладан, болалар ва тинч аҳолига ёрдамни томчилаб бериш ва ғайриинсоний ўлдирилишини қоралаймиз. Ёрдам излаётган 800 нафардан ортиқ фаластинликнинг ўлдирилиши — даҳшатли ҳолат."

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Ламми Буюк Британия парламентида Ғазода "даҳшатли воқеалар занжири" юз бераётгани, жумладан, ҳаво зарбалари натижасида "умидсиз, оч болалар" ўлаётгани ҳақида гапирди.

Ламми шу йили Ғазога қўшимча £40 миллионлик инсонпарварлик ёрдами ажратилишини эълон қилар экан, Исроил хавфсизлиги ва мавжудлигини қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Бироқ Исроил ҳукуматининг ҳаракатлари "дунё миқёсида Исроил мавқеига улкан зарар етказмоқда ва унинг узоқ муддатли хавфсизлигини заифлаштирмоқда", деди у.

бола

Сурат манбаси, Reuters

БМТ Бош котиби Антониу Гутеррешнинг матбуот котиби Ғазода гуманитар вазиятнинг янада ёмонлашганидан қаттиқ ташвишдалигини билдириб, "одамларнинг омон қолиши учун сўнгги воситалар ҳам йўқ бўлаётганини" маълум қилди.

"Исроил БМТ томонидан тақдим этилаётган ёрдамни барча имкониятларини ишга солган ҳолда қўллаб-қувватлаш ва рухсат беришга мажбур", деди матбуот котиби.

Май ойидан бери Исроил 11 ҳафталик тўлиқ блокадани қисман енгиллаштирганидан сўнг, ёрдам кутаётган фаластинликларнинг ўлдирилиши тўғрисида деярли ҳар куни хабарлар келмоқда. Исроил ва АҚШ кўмагида "Ғазо гуманитар жамғармаси" (GHF) орқали янги ёрдам тизими жорий қилинди, у БМТ назоратидаги тизимдан мустақил фаолият юритади.

Исроил бу тизим — АҚШ хусусий хавфсизлик компаниялари орқали ҳарбий зоналарда озиқ-овқат тарқатилиши — Ҳамас томонидан ёрдам ўғирланишининг олдини олади, дейди.

Бироқ БМТ ва унинг ҳамкорлари бу тизимни хавфли деб баҳолаб, унинг бетарафлик, мустақиллик ва гуманизм тамойилларига зидлигини билдириб, ҳамкорлик қилмаяпти.

Ўтган сешанба куни БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича идораси GHF ёрдам нуқталари яқинларида охирги 8 ҳафта ичида 674 та ўлим қайд этилганини маълум қилди. Шунингдек, БМТ ва бошқа ёрдам колонналари йўналишлари бўйлаб яна 201 нафар ўлдирилгани қайд этилган.