Исроил ИШИДга алоқадор гуруҳни қурол билан таъминлаяптими - Нетаняҳу нима деди?

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
- Author, Себастян Ушер
- Role, BBC News
- Ўқилиш вақти: 2 дақ
Исроил мухолифати ҳукумат Ғазода ИШИДга алоқадор гуруҳни қуроллантираётганини айтиб чиқди. Бош вазир Бенямин Нетаняҳу "бунинг нимаси ёмон", деди.
Бош вазир Бенямин Нетаняҳу Исроил Ғазода Ҳамасга қарши бўлган кланларни қуроллантираётганини тасдиқлади.
Унинг бу баёноти Исроил матбуоти Мудофаа вазирлигидаги манбаларга таяниб берган хабарларидан сўнг янгради. Унга кўра, Нетаняҳу Ғазонинг жанубидаги аниқ бир гуруҳга қурол беришга рухсат берган.
Бундан сўнг бир нечта исроиллик сиёсатчилар Нетаняҳуни мамлакат хавфсизлигига таҳдид солишда айблашди.
"Бунинг нимаси ёмон?" деди Нетаняҳу ўзининг ижтимоий тармоқлардаги видеомурожаатида. "Бу фақатгина исроиллик аскарларнинг ҳаётини сақлаб қолади. Бу ҳақда ошкора гапириш эса фақат Ҳамасга фойда келтиради".
Бош вазир Исроил унинг шахсий топшириғи билан Ғазода Ёссир Абу Шабаб раҳбарлик қилаётган гуруҳга қурол бергани ҳақидаги хабарларни назарда тутган.
Айримлар бу гуруҳни жангари ёки жиноий тузилма деб ҳисобласа-да, у ўзини Ҳамасга мухолиф куч сифатида кўрсатмоқда.
Гуруҳнинг айтишича, уларнинг мақсади — Ғазога ёрдам олиб кираётган юк машиналарини ҳимоя қилиш. Аммо танқидчилар бу гуруҳ аслида ёрдам машиналарини талаётганини айтишмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
Бу фош этилган маълумотларни Бенямин Нетаняҳу жиддий қабул қилмаган бўлса-да, улар янги сиёсий можаро бошланишига сабаб бўлиши мумкин.
Исроил мудофаа идораси манбалари илгарироқ маҳаллий журналистларга мухолифат вакили Авигдор Либерманнинг даъволари рост эканини тасдиқлашганди.
"Yisrael Beiteinu" партияси етакчиси Либерман Kan телеканалига Нетаняҳу Абу Шабаб гуруҳига қурол беришни бир томонлама тартибда тақдиқлаганини айтди.
Isroil hukumati Islomiy Davlat (ISHID)ga aloqador bir guruh jinoyatchilar va zo‘ravonlarga qurol beryapti. Mendagi ma’lumotlarga ko‘ra, qarorni Vazirlar mahkamasi ma’qullamagan.
"Исроил ҳукумати Исломий Давлат (ИШИД)га алоқадор бир гуруҳ жиноятчилар ва зўравонларга қурол беряпти. Мендаги маълумотларга кўра, бу қарор вазирлар маҳкамаси томонидан маъқулланмаган", деди Либерман.
Мудофаа вазирлигидаги манбаларнинг тасдиқлашича, Исроил Абу Шабаб кланини Калашников автоматлар билан, уларнинг бир қисми Ҳамасдан мусодара қилинган, қуроллантирган.
Бу қабила Рафаҳда, Исроил ҳарбий назоратидаги ҳудудда фаолият юритмоқда.
Бироқ Ёссир Абу Шабаб ижтимоий тармоқларда чиқиш қилиб, гуруҳи Исроилдан қурол олганини "мутлоқо рад этди".
"Биздаги қуроллар оддий, эскирган ва фақат халқимизнинг қўллаб-қувватлаши билан келган", деди у.
Ҳамас манбаларининг таъкидлашича, Абу Шабоб гуруҳи фаолияти муаммога айланган. Араб нашрида чиққан бир хабарга кўра, Ҳамаснинг ҳарбий қаноти клан аъзоларини ўлдиришни бошлаган.
Нетаняҳу идораси Исроил "барча хавфсизлик тузилмалари раҳбарларининг тавсияси асосида турли воситалар орқали Ҳамасни мағлуб этиш устида иш олиб бормоқда", дея баёнот берди.
Бу ташаббусни Кнессетдаги Демократлар етакчиси Яир Голанд кескин танқид қилди.
У ижтимоий тармоқдаги постида шундай ёзди: "Нетаняҳу Исроил миллий хавфсизлиги учун таҳдиддир. У сулҳга эришиш … тутқундагиларни уйга қайтариш ва Исроил фуқаролари хавфсизлигини таъминлаш ўрнига, Ғазода янги соатли бомба яратмоқда".












