Нетаняҳу Трамп Нобел тинчлик мукофотини ютишини истайди - мана аввал уни олган олти зиддиятли шахс - Подкаст

Сурат манбаси, Washington Post via Getty Images
Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу Доналд Трамп номзодини Нобел Тинчлик мукофотига илгари сурганини айтти. Хабарларга кўра, АҚШ президенти бу мукофотни кўпдан бери орзу қилади.
"У ҳозирнинг ўзидаёқ бир мамлакатда, бир ҳудуддан кейин иккинчисида тинчликни ўрнатяпти", - деди Нетаняҳу Нобел қўмитасига юборган хатининг нусхасини Трампга топшира туриб.
Нетаняҳу ёлғиз эмас - июнда Покистон ҳукумати ҳам Ҳиндистон ва Покистон ўртасида май ойида эришилган оташкесим учун Трампнинг номзодлигини Нобелга илгари сураётганини эълон қилди.
Бундан бир кун ўтиб АҚШ Эронни бомбардимон қилар экан, мукофотга номзодлик ҳақидаги янгилик ижтимоий тармоқларда танқидларга сабаб бўлди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Жаҳондаги энг олий мукофотлардан саналган Нобел Тинчлик мукофоти швециялик олим, тадбиркор ва филантроп Алфред Нобел шарафига номланган олтита мукофотдан биридир.
Ғолибни Норвегия парламенти сайлаган беш кишидан иборат қўмита танлайди.
Агар бу мукофотга у сазовор топилса, Трамп зиддиятли ғолиб бўлади. Лекин, ўзининг сиёсий табиати туфайли, ушбу мукофот қолган бешта категориядан кўра анча кўпроқ баҳсу-мунозараларга гувоҳ бўлиб келган.
Мана энг кўп баҳсга сабаб бўлган олтита ғолиб - баъзилари мукофот берилган даврда, баъзилари эса кейинроқ. Битта бўш жойга эътибор беринг.
Барак Обама

Сурат манбаси, AFP
АҚШ Президенти Барак Обама 2009 йилда Нобел Тинчлик мукофотини ютганида, кўплар ҳайрон бўлганди. Ҳатто Обаманинг ўзи ҳам.
Обама 2020 йилги мемуарида ёзишича, эълонни эшитганида унинг ўзи "нега", деб сўраган.
У ўшанда президентлик лавозимида атиги тўққиз ойгина ўтирган бўлган ва танқидчилар бундай мукофотга ҳали эрта эканини айтишган. Номзодларни топшириш учун ажратилган муддат Обама инаугурациясидан атиги 12 кун ўтиб ёпилган.
2015 йилда Нобел институтининг собиқ директори Гейр Лундестад Би-би-сига қўмита сўнг ўз қароридан афсусланганига ишора қилган.
Президент Обаманинг Оқ уйда ўтказган икки муддати давомида АҚШ қўшинлари Афғонистон, Ироқ ва Сурияда урушда қатнашганлар.
Ёсир Арофат

Сурат манбаси, Sygma via Getty Images
Марҳум Фаластин лидери Ёсир Арофатга Нобел Тинчлик мукофоти 1994 йилда Исроил Бош вазири Йицхак Рабин ва Исроил Ташқи ишлар вазири Шимон Перес билан биргаликда берилганди. Бунда уларнинг 1990-йилларда Исроил-Фаластин можароси ечилишига умидларни уйғотган Осло тинчлик битимлари йўлидаги хизматлари мукофотланган.
Ўтмишда ёлланма ҳарбий амалиётларда қатнашган Ёсир Арофатга бу мукофотнинг берилиши Исроил ва унинг ташқарисида танқидларга сабаб бўлганди.
Арофатнинг номинацияси ҳатто Нобел қўмитасининг ичида ҳам тортишувларни келтириб чиқарган.
Қўмитанинг аъзоларидан бири, норвегиялик сиёсатчи Каре Кристиансен қарордан норози бўлиб истеъфо берганди.
Генри Киссинжер

Сурат манбаси, Gamma-Rapho via Getty Images
1973 йилда АҚШ Давлат котиби бўлиб ишлаётган Генри Киссинжер мукофотга сазовор топилганди.
Америка ташқи сиёсатидаги энг зиддиятли ҳолатлар, жумладан Камбоджани хуфёна бомбардимон қилиш ва Жанубий Америкадаги қонхўр ҳарбий режимларни қўллаб-қувватлаш қарорларига алоқадор арбобнинг мукофотланиши кўпларни ҳайратга солган.
Киссинжер мукофотни Шимолий Вьетнам лидери Ле Дук То билан бирга олган. Улар Вьетнам урушидаги оташкесимга эришиш музокаралари учун шунга лойиқ кўрилганлар.
Нобел мукофоти қўмитасининг икки норози аъзоси истеъфо берган, New York Times эса ўшанда мукофотни Нобел Уруш мукофоти деб атаганди.
Абий Аҳмед

Сурат манбаси, Getty Images
2019 йилда Эфиопия бош вазири қўшни Эритрея билан узоқ давом этган чегара можаросини ҳал қилиш ҳаракатлари учун Тинчлик мукофотини олган.
Лекин, бир йил ўтар-ўтмай, бу қарор қанчалар оқилона бўлгани ҳақида саволлар чиқа бошлади.
Халқаро ҳамжамият Абий Аҳмеднинг шимолдаги Тиграй ҳудудига қўшинларни киритиш қарорини қоралаган.
Бунинг ортидан фуқаролар уруши келиб чиқди, юз минглаб одамлар ўлди ва миллионлаб одамлар озиқ-овқат ва дори-дармонсиз қолди.
Аун Сан Су Чжи

Сурат манбаси, Getty Images
Бирмалик сиёсатчи 1991 йилда Мянмардаги ҳарбий ҳукуматга қарши нозўравон курашни олиб боргани учун Нобел Тинчлик мукофотига сазовор бўлган ва жаҳон бўйлаб машҳурликка эришганди.
Лекин, 20 йил ўтиб Аун Сан Су Чжи ўз мамлакатидаги мусулмон роҳинжаларга қарши оммавий қирғин ва жиддий инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларига қарши гапирмагани учун қаттиқ халқаро танқид остида қолди. БМТ ўшанда роҳинжалар қисматини "геноцид" дея таърифлаганди.
Уни ҳатто мукофотдан маҳрум қилишга ҳам чақириқлар бўлди, лекин олтита Нобел мукофоти қоидаларида ундай шарт йўқ.
Вангари Маатай

Сурат манбаси, Corbis via Getty
Марҳум кениялик фаол 2004 йилда Нобел Тинчлик мукофотини олган илк африкалик аёл бўлди.
Бу биолог ўзининг миллионлаб дарахтлар экилишига масъул "Яшил камар ҳаракати" учун мукофотланганди.
Аммо, унинг ОИТС ва ВИЧ ҳақида айтган гаплари фош бўлгач, кўплар унинг мукофотга лойиқлигини савол остига олди.
Маатай ВИЧ вирусини қора танли одамларни йўқ қилиш учун биологик қурол сифатида атайин яратишганини даъво қилган.
Унинг даъвосига ҳеч қандай илмий асос йўқ.
Бўш жой: Қуруқ қолган Ганди

Сурат манбаси, Keystone/Getty Images
Нобел Тинчлик мукофоти нафақат совриндорлар, балки ундан қуруқ қолганлар билан ҳам машҳур.
Тинчлик таснифида энг яққол мисол Маҳатма Гандининг мукофотсиз қолиши бўлса керак.
Беш марта номзоди илгари сурилганига қарамай, 20 асрдаги пацифист ҳаракатларнинг рамзига айланган ҳинд сиёсатчиси ҳеч қачон мукофотни олмаган.
2006 йилда Тинчлик мукофоти совриндонларини танловчи қўмитанинг раҳбари бўлган норвегиялик тарихчи Гейр Лундестад Гандининг бундай шарафга лойиқ топилмагани Нобел мукофоти тарихидаги энг катта хато бўлганини айтган.












