Ҳеч ким кўрмаган, Яқин Шарққа тинчлик ваъда қилган харита

- Author, Пол Адамс
- Role, Би-би-сининг дипломатик мухбири
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
"Кейинги 50 йил ичида мен ҳозир сизга таклиф қилаётган нарсани бирорта Исроил раҳбари таклиф қилмаслигига ишончим комил.
Имзоланг, келинг, тарихни ўзгартирайлик!"
2008 йил эди. Исроил бош вазири Эҳуд Олмерт Фаластин етакчисидан Яқин Шарққа тинчлик келтириши мумкин бўлган битимни қабул қилишни сўрамоқда эди.
Бу икки давлат ечими эди – бугун имконсиздек туюладиган истиқбол.
Агар у амалга оширилганда, босиб олинган Ғарбий Соҳилнинг 94 фоизидан кўпроғида Фаластин давлати ташкил этилган бўларди.
Олмерт чизган харита ҳозир деярли афсонавий мақомга эга.
Йиллар давомида турли талқинлар пайдо бўлди, аммо у ҳеч қачон буни оммавий ахборот воситаларига ошкор қилмаган.
Шу пайтгача.

Ҳужжатли филм режиссёри Норма Персининг "Исроил ва фаластинликлар: 7 октябргача бўлган йўл" филмида Олмерт 2008 йил 16 сентябрда Қуддусда бўлиб ўтган учрашувда Маҳмуд Аббосга кўрсатган харитасини очиб беради.
"Мен бу харитани биринчи марта оммавий ахборот воситаларига тақдим этяпман," дейди у киноижодкорларга.
Унда Олмерт Исроилга қўшиб олишни таклиф қилган ҳудуд – Ғарбий Соҳилнинг 4,9 фоизи батафсил кўрсатилган.
Бу 1990-йиллар охирига бориб тақаладиган аввалги таклифларга ўхшаб, асосий яҳудий келгиндилари аҳоли пунктларини ўз ичига олган эди.
Бунинг эвазига Бош вазир Исроил Ғарбий Соҳил ва Ғазо сектори чеккалари бўйлаб тенг миқдордаги Исроил ҳудудидан воз кечишини айтганди.
Икки Фаластин ҳудуди туннел ёки автомагистрал орқали боғланиши керак эди – бу аввал ҳам муҳокама қилинган масала.
Филмда Олмерт Фаластин раҳбарининг жавобини эслайди.
"У: "Бош вазир, бу жуда жиддий. Бу жуда, жуда, жуда жиддий," деган.
Энг муҳими, Олмертнинг режасида Қуддуснинг мураккаб масаласини ҳал қилиш бўйича таклиф бор эди.
Ҳар бир томон шаҳарнинг бир қисмини ўз пойтахти сифатида даъво қилиши мумкин бўлади, "муқаддас ҳавза"ни бошқариш эса, жумладан, Эски шаҳар, унинг диний жойлари ва унга туташ ҳудудлар Исроил, Фаластин, Саудия Арабистони, Иордания ва АҚШдан иборат васийлик қўмитасига топширилиши кўзда тутилган эди.
Яҳудий аҳоли пунктлари учун хаританинг оқибатлари жуда катта бўларди.
Агар режа амалга ошганида, Ғарбий Соҳил ва Иордан водийси бўйлаб тарқалган ўнлаб жамоалар кўчирилган бўларди.
Исроилнинг аввалги бош вазири Ариэл Шарон 2005 йилда Ғазо секторидан бир неча минг яҳудий муҳожирларни мажбуран кўчирганида, бу Исроилнинг ўнг қанот тарафдорлари томонидан миллий жароҳат сифатида баҳоланган эди.
Ғарбий Соҳилнинг катта қисмини эвакуация қилиш ўн минглаб яҳудий келгиндиларни ўз ичига олган янада мураккаброқ вазифага айланарди.
Аммо бунгача бормади.

Сурат манбаси, .
Учрашув якунида Олмерт, агар Фаластин раҳбари имзоламаса, харита нусхасини Маҳмуд Аббосга топширишдан бош тортди.
Аббос рад жавобини бериб, ўз мутахассисларига харитани кўрсатиши кераклигини айтди.
Олмертнинг айтишича, иккаласи эртаси куни харита мутахассислари йиғилишини ўтказишга келишиб олишган.
"Биз хайрлашдик, худди олдинга тарихий қадам ташламоқчидек эдик," дейди Олмерт.
Учрашув бўлмади. Ўша оқшом Қуддусдан узоқлашар экан, президент Аббоснинг штаб бошлиғи Рафиқ Ҳусайний машинадаги вазиятни эслайди.
"Албатта, биз кулдик," дейди у филмда.
Фаластинликлар режа амалга ошмаслигига ишонишган. Алоқасиз коррупция билан боғлиқ можарога аралашиб қолган Олмерт аллақачон истеъфога чиқишни режалаштираётганини эълон қилган эди.
"Афсуски, Олмерт қанчалик яхши бўлмасин... у чўлоқ ўрдак эди, – дейди Ҳусайний, – шунинг учун биз бу билан ҳеч қаерга бора олмасдик."
Ғазодаги вазият ҳам аҳволни мураккаблаштирди. Ҳамас назорати остидаги ҳудуддан бир неча ойлик ракета ҳужумларидан сўнг, Олмерт декабр ойи охирида Исроилнинг йирик ҳужуми – "Қуйма қўрғошин" операциясига буйруқ берди ва уч ҳафталик шиддатли жанглар бошланди.
Аммо Олмерт менга, Аббос келишувни имзолаганда "жуда оқилона" йўл тутган бўларди, деди. Кейин, агар Исроилнинг бўлажак бош вазири уни бекор қилишга уринса, "у бутун дунёга айб Исроилдалигини айта оларди."

Феврал ойида Исроилда сайловлар ўтказилди. Фаластин давлатчилигига қатъий қарши бўлган "Ликуд" партиясидан Бинямин Нетаняҳу бош вазир этиб сайланди.
Олмертнинг режаси ҳам, харитаси ҳам унутилди.
Собиқ Бош вазир ҳамон Аббоснинг жавобини кутаётганини айтса-да, унинг режаси Исроил-Фаластин можаросини ҳал этишдаги қўлдан бой берилган имкониятлар рўйхатига қўшилди.
1973 йилда собиқ исроиллик дипломат Абба Эбан фаластинликлар ҳақида "улар имкониятни бой бериш имкониятини ҳеч қўлдан чиқармайдилар" деган кинояли фикрни билдирган эди. Бу ибора ўшандан бери Исроил амалдорлари томонидан тез-тез такрорланиб келади.
Бироқ дунё у вақтдагидан анча мураккаб, айниқса икки томон 1993 йилда тарихий Осло битимларини имзолаганидан буён.
Оқ уйда Исҳоқ Рабин ва Ёсир Арофат ўртасидаги қўл сиқишувдан бошланган тинчлик жараёни ҳақиқий умид ва фожиали лаҳзаларга тўла бўлди. Охир-оқибат, бу жараён муваффақиятсизликка учради.
Бунинг сабаблари мураккаб ва айбдорлар кўп, аммо аслида шароит ҳеч қачон тўғри келмаган эди.
Мен бу номувофиқликни 24 йил олдин ўз кўзим билан кўрганман.
2001 йил январида Мисрнинг Таба курортида Исроил ва Фаластин музокарачилари яна бир бор келишув имкониятини кўрдилар.
Фаластин делегацияси аъзоси салфеткага хомаки харита чизиб, менга биринчи марта яшовчан Фаластин давлатининг тахминий чегараларини кўраётганини айтди.
Бироқ бу музокаралар Ғарбий Соҳил ва Ғазо кўчаларида авж олган зўравонлик туфайли аҳамиятсиз бўлиб қолди. Бир йил олдин сентябрида иккинчи Фаластин қўзғолони – "интифада" бошланган эди.
Исроил яна бир бор сиёсий ўтиш даврини бошдан кечираётган эди. Бош вазир Эҳуд Барак аллақачон истеъфога чиққан эди. Бир неча ҳафта ўтгач, Ариэл Шарон уни ишончли мағлуб этди.
Салфеткадаги харита, худди Олмертнинг саккиз йил кейинги харитаси сингари, нима юз бериши мумкинлигидан дарак бериб турарди.












