Исроил захирадаги аскарлари Ғазо урушига қарши чиқмоқдалар

Инглиз, иврит ва араб тилларида урушни тўхтатиш ёзуви ва икки қизнинг суратини ушлаб турган аёл

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Полиция ўтган ой Тел-Авивдаги норозилик намойишида Ғазода ўлдирилган болаларнинг суратларини кўрсатишни тақиқлаш таклифидан воз кечишга мажбур бўлди
    • Author, Пол Адамс
    • Role, Би-би-си мухбири, Қуддус
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Исроилнинг Ғазодаги уруши давом этгани сайин унга қаршилик ҳам ортиб бормоқда.

Сўнгги ҳафталарда барча ҳарбий бўлинмалардан минглаб исроиллик захирадагилар Бош вазир Бинямин Нетаняҳу ҳукуматидан жангларни тўхтатиб, ҲАМАС қўлида қолган 59 нафар гаровга олинганларни қайтариш бўйича келишувга эътибор қаратишни талаб қилиб, очиқ мактубга имзо чекдилар.

Бир ярим йил олдин ҲАМАСни мағлуб этиш ва гаровга олинганларни қайтаришга кам сонли исроилликлар шубҳа қилишарди.

Алоқадор мавзулар

Кўпчилик учун январдаги вақтинчалик тинчлик ва 30 дан ортиқ гаровга олинганларнинг қайтарилиши уруш тез орада тугашига умид уйғотганди.

Бироқ, Исроил тинчликни бузиб, март ўрталарида урушни қайта бошлаши бу умидларни йўққа чиқарди.

"Биз Исроил жуда ёмон йўлдан кетаётганини англадик," деди менга Моссад жосуслик агентлигининг собиқ раҳбари Денни Ятом.

"Тушунишимизча, Нетаняҳуни асосан ўз манфаатлари ташвишга солмоқда. Унинг рўйхатида шахсий манфаатлари ва ҳукумат барқарорлиги биринчи ўринда, гаровга олинганлар эмас."

Сўнгги мактубларга имзо чекаётганларнинг кўпчилиги Ятом каби узоқ вақтдан бери бош вазирни танқид қилиб келаётганлар. Уларнинг баъзилари 2023 йил 7 октябрда ҲАМАСнинг ҳужумидан сўнг уруш бошланишидан олдин ҳукуматга қарши норозилик намойишларида иштирок этган.

Аммо Ятом бу асосий сабаб эмаслигини таъкидлайди.

Денни Ятом
Сурат тагсўзи, Собиқ жосуслик идораси раҳбари Денни Ятом Ғазодаги урушни тўхтатиш талаби илгари сурилган мактубга имзо қўйган минглаб инсонлардан бири

"Мен ўз номимдан имзо чекдим ва намойишларда қатнашяпман, бунинг сабаби сиёсий эмас, миллий," деди у.

"Мамлакатим йўлдан адашиб кетишидан жуда хавотирдаман."

Апрел бошида эълон қилинган биринчи очиқ хатга 1000 нафар ҳарбий ҳаво кучлари захирадаги аскарлари ва ветеранлари имзо чеккан.

"Урушнинг давом этиши унинг эълон қилинган мақсадларининг ҳеч бирига хизмат қилмайди, аксинча, гаровга олинганлар ўлимига олиб келади," деб ёзишган улар.

Имзо чекканлар исроилликларни Ғазода ҳали ҳам тирик деб тахмин қилинаётган 24 нафар гаровга олинганлар учун кеч бўлмасдан изга қайтишга чақирди.

"Ўтаётган ҳар бир кун уларнинг ҳаётини янада хавф остига қўймоқда. Иккиланишнинг ҳар бир дақиқаси афсусланарли."

Ўтган ҳафталар давомида армиянинг деярли барча бўлинмаларидан, жумладан, сара жанговар ва разведка бўлинмаларидан, шунингдек, бир қатор мукофотланган қўмондонлардан шунга ўхшаш хатлар пайдо бўлди.

Жами 12 мингдан ортиқ имзо тўпланди.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

7 октябрдан кейин юз минглаб исроиллик захирадагилар чақирувга жавоб бериб, хизматга отланганди.

Аммо ҳозирда тобора кўпроқ одамлар рад этмоқда, маълумотларга кўра, захирадагилар иштироки 50-60 фоизга тушиб қолган.

Ўз урушларида кўп жиҳатдан захирадаги аскарларга таянадиган армияга 1982 йилда Исроилнинг Ливандаги биринчи урушидан бери кузатилмаган миқёсдаги инқироз таҳдид солмоқда.

Ям-яшил Қуддус боғида исмини ошкор қилмасликни сўраган пиёда аскарлар захирасидаги "Йоав" (ҳақиқий исми эмас) билан суҳбатлашдим.

Йоав ўтган ёзда Ғазода хизмат қилган, аммо ҳозир бундай қилмаслигини айтди.

"Биродарларимга ёрдам бериш учун боришим кераклигини ҳис қилардим," дейди у менга.

"Яхши иш қилаётганимга ишонардим. Мураккаб, лекин яхши. Аммо ҳозир буни аввалгидек кўрмаяпман."

Йоавнинг фикрича, ҳукуматнинг ҲАМАСга қарши курашни давом эттириш истаги, гаровга олинганлар Ғазо туннелларида ўлим хавфи остида қолаётган бир пайтда, нотўғри йўл.

"Биз жуда кучлимиз ва ҲАМАСни мағлуб эта оламиз, аммо гап ҲАМАСни мағлуб этишда эмас, – дейди у. – Гап мамлакатимизни йўқотиш хавфи ҳақида."

Исроилда урушни тўхтатиш талаби ёзувлари ёзилган плакатларни кўтариб намойишга чиққан намойишчилар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Исроилдаги охирги омма фикри сўровлари урушни тўхтатиш ва гаровдагиларни озод қилиш келишувини кўпчилик қўллаб-қувватлашини намойиш этди

Йоавнинг айтишича, Ғазода бўлган пайтида у "энг яхши ахлоқий аскар бўлишга" ҳаракат қилган.

Аммо уруш қанчалик узоқ давом этса, танқидчиларнинг таъкидлашича, Исроил учун ўз армиясини дунёдаги энг ахлоқий армия деб даъво қилиш шунчалик қийинлашади.

Яқинда марказий-сўл йўналишдаги "Ҳааретз" газетасидаги мақолада истеъфодаги генерал Амирам Левин аскарлар – катта қўмондонлардан бошлаб – буйруқларга бўйсунмаслик ҳақида ўйлаш вақти келганини айтди.

"Уруш жиноятларига аралашиш хавфи бор, Исроил Мудофаа Кучлари ҳамда ижтимоий қадриятларимизга ҳалокатли зарба эҳтимоли бор, қўл қовуштириб ўтириш мумкин эмас," деб ёзган у.

Исроилнинг баъзи танқидчилари, жумладан Халқаро Жиноят суди ва Халқаро Судга ишларни олиб борганлар, бундай чегаралар аллақачон кесиб ўтилганини таъкидламоқда.

Нетаняҳу норозиларга қарши чиқиб, уларнинг ташвишларини "кўп йиллардан бери хизмат қилмаган, баланд овозли, тартибсиз ва алоқасиз нафақахўрлардан иборат бир ҳовуч четки унсурлар" тарқатган "тарғибот ёлғони" деб рад этди.

Бироқ сўровлар шуни кўрсатмоқдаки, норозилик мактублари жамоатчиликда кучайиб бораётган фикрни акс эттирмоқда: қолган гаровдагиларни озод қилиш бошқа барча масалалардан устун бўлиши керак.

Тел-Авивда, бир йилдан ортиқ вақт давомида урушга қарши намойишлар ўтказилаётган жойда, гаровдагиларнинг суратлари баланд кўтариб турилибди, бошқа намойишчилар эса йўлда ўтириб, урушда ҳалок бўлган фаластинлик болаларнинг расмларини бағрига босиб олишган.

Мактублар келтириб чиқарган тортишувлар ҳокимиятни саросимага солган кўринади.

20 апрел куни полиция қисқа муддатга намойишчиларга "Ғазодаги болалар ёки чақалоқларнинг расмлари"ни, шунингдек, "геноцид" ёки "этник тозалаш" сўзлари ёзилган плакатларга рухсат берилмаслигини маълум қилди.

Ташкилотчилар норозилигидан сўнг, полиция тезда бу қароридан воз кечди.

Шу билан бирга, Бош вазир ҲАМАСни мағлуб этишга бўлган қатъияти ҳақида гапиришдан чарчамаяпти.

Нетаняҳу таъкидлашича, ҳарбий босим гаровдагиларни уйга қайтаришнинг ягона йўли бўлиб қолмоқда.