Франция, Британия ва Канада Исроилга қандай чора кўришлари мумкин?
Ҳамаснинг 2023 йил 7 октябридаги ҳужумлари ортидан Исроил урушга кирди. Унинг қурол-аслаҳаси асосан АҚШ томонидан молияланган ва етказиб берилган эди.
Исроилнинг бошқа иттифоқчилари эса унга ишонч ва яхши гумон изҳор қилдилар. Бу муносабатга Исроилда ўлдирилган 1 200 одам ва Ғазога асир қилиб олиб кетилган 251 киши сабаб бўлди.
Энди эса Исроилга ишонч сўнган кўринади. Ҳарқалай, Франция, Британия ва Канада томонидан. Улар Исроилга қарата энг қатъий баёнот ва танқид билан чиқдилар.
Уларга кўра, Исроил ўзининг янги ҳужумларини тўхтатиши керак. Бош вазир Бенямин Нетаняхуга кўра, бу ҳужумлар Ҳамасни ниҳоят йўқ қилади ва Исроил ҳарбий назорати остидаги Ғазодан қолган асирларни қутқариб олади.
Франция, Британия ва Канаданинг баёнотлари эса Нетаняхунинг бу даъволарини пучга чиқарди. Уларнинг ҳукуматлари чиқарган қўшма баёнотда шундай дейилади:
«Биз Ғазода Исроил ҳарбий амалиётлари кенгайишига қатъиян қаршимиз. Ғазодаги инсоний жабр кўламига чидаб бўлмайди.»
Лондон, Оттава ва Париждаги раҳбарлар 7 октябрдаги қатлиом ҳужумини мукофотлашга чақиришяпти ва яна шундай хунрезликлар бўлишига йўл очишяпти.
Улар қолган асирлар озод қилинишига чақиришди ва 7 октябрдаги «даҳшатли ҳужум» ортидан Исроил давлати «ўзини террорчиликдан ҳимоя қилишга ҳақли» бўлганини айтишди. Аммо, дейди улар, Исроил кўрсатаётган ҳарбий куч ҳаддан ошиқ номутаносиб.
Улар Нетаяхунинг Ғазога «минимал» озиқ-овқатни киритишга рухсат беришини ҳам қораладилар.
Франция, Британия ва Канада лидерлари, агар Исроил ўз амалиётларини тўхтатмаса, «конкрет чоралар» кўришларини айтишди. Аммо, бу қандай чоралар бўлиши ноаниқ.

Сурат манбаси, EPA
BBC халқаро масалаларда муҳаррири Жерими Боуэнга кўра, Исроилни одатда қўллаб-қувватлайдиган Европа иттифоқчилари, хусусан Франция президенти Макрон бошчилигида, ўз баёнотларидаги тилни тобора аччиқроқ қилиб бормоқда. Исроилнинг ҳарбий ҳужумига барҳам бериш ҳақидаги баёнот ҳозиргача берилган энг кескин танқид ҳисобланади.
Музокараларда иштирок этаётган юқори лавозимли бир европалик дипломат менга шундай деди: "... бунга сабаб — инсонпарварлик вазияти бўйича ортиб бораётган сиёсий ғазаб туйғуси, муайян чегара босиб ўтилгани ва бу Исроил ҳукумати ҳеч бир оқибату жазодан тап топтмай ҳаракат қилмоқда деган фикр билан боғлиқ".
Исроил учун янада хавфлироқ жиҳати шундаки, баёнотда шундай дейилади: "Нетаньяху ҳукумати шундай таҳлиқали ҳаракатларни давом эттирар экан, биз бефарқ томошабин бўлиб турмаймиз. Агар Исроил ҳарбий ҳужумларини тўхтатмаса ва инсонпарварлик ёрдамига қўйилган чекловларни олиб ташламаса, биз қўшимча аниқ чоралар кўрамиз".
Улар бу қандай чоралар бўлишини аниқ айтмаган. Жазо чоралари (санкциялар) эҳтимолий йўллардан бири бўлиши мумкин. Янада катта қадам — Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олиш бўлиши мумкин.
Франция шу пайтгача Фаластинни тан олган 148 давлат қаторига қўшилишни кўриб чиқмоқда. Бу масала Саудия Арабистони билан биргаликда июн ойи бошида Нью-Йоркда ўтказиладиган конференцияда муҳокама қилиниши кутилмоқда. Британия ҳам францияликлар билан Фаластинни тан олиш масаласида мулоқот олиб бормоқда.
Исроил эса қаттиқ қаршилик билдириб, бу ҳаракатлар ХАМАС учун ғалаба бўлишини урғуламоқда. Бироқ Франция, Канада ва Британия томонидан берилган баёнотдаги оҳанг шундан далолат берадики, Исроил энди уларга таъсир ўтказиш қобилиятини йўқотаётган кўринади.
Ғазо уруши: Исроил ҳарбий қуруқлик амалиётини инсонпарварлик кўмакларини тиклаш билан олиб бормоқчи

Сурат манбаси, Reuters
Исроил "озиқ-овқатнинг базавий миқдори"ни Ғазо ичкарисига киритишга рухсат беришини, бундан мақсад, 11 ҳафталик бўлга қамалидан кейин "очарчилик инирози" юзага келиши олдини олиш эканини эълон қилди.
Бош вазир идорасининг ушбу баёноти Исроил бутун Ғазо бўйлаб "Гидеон икки ғилдиракли жанг араваси" деб номлаган кенг миқёсли ҳарбий қуруқлик амалиётини бошлаганидан бир неча соат ўтиб тарқатилди.
Ушбу қуруқлик амалиётидан кўзланган мақсад, Ҳамаснинг инфратузилмасини йўқ қилиш экани хабар қилинди.
Исроил тобора ортиб бораётган босим остида қолган, бу босим Ғазо бўлгасига озиқ-овқат, ёқилғи ва дори-дармон олиб киритилишига Исроил қўйган қамални олиб ташлаш талаби билан бўлаяпти.
Ёрдам ташкилотлари Ғазонинг 2,1 миллионлик аҳолиси очарчилик хавфи остида қолганидан огоҳлантирмоқдалар, бўлгадан олинаётган фото ва видеолар болаларнинг очликдан эти суягига ёпишиб бораётганини кўрсатаяпти.
Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро Исроилдан "зудлик билан, кўп ва тўсиқсиз" Ғазога кўмакларни киритишни қайта тиклашни талаб қилди.
Исроил расмийларига кўра, Ғазо аҳолиси очарчиликка дуч келмаслиги учун "базавий миқдордаги" озиқ-овқатни киритишга рухсат беради, очарчилик ўзларининг янги ишғоли "Гидеон икки ғилдиракли жанг араваси"ни хавф остига қўйиши мумкин.
Шунингдек, Исроил "инсонпарварлик ёрдамларини тарқатишни Ҳамас ўз назоратига олиши"га йўл қўймаслик чорасини кўришини билдирди.
19 май куни Исроил билан Ғазони боғлайдиган Керем Шалом чегара ўтиш нуқтасида инсонпарварлик кўмаклари ортилган бир неча юк автомобиллари тургани фото суратлари тарқалди.
Reuters ахборот агентлиги Мисрнинг Ғазога туташ Ариш чегарадан ўтиш нуқтасида ҳам автомобиллар тўпланиб турганини хабар қилди.
Британиянинг Medical Aid хайрия ташкилоти хабар қилишича, Хон Юнисдаги Носир тиббиёт мажмуасига ҳаво зарбаси оқибатида ўзларига тегишли дори-дармон захираси йўқ қилинган.
БМТнинг Инсонпарварлик ишларини мувофиқлаштириш идораси хабар қилишича, Исроил расмийлари идорага Ғазога кўмакларни тарқатиш масаласида мурожаат қилганлар.
18 май куни Исроил Мудофаа кучлари Ғазодаги бир неча жойларга, шу жумладан, шимолий Ғазодаги шифохонага ҳаво зарбалари уюштирди.
Исроил ўзининг мақсади Ғазода гаровда ушлаб турилган одамларини озод қилиш, Ҳамасни тор-мор этиш эканини айтади.
Ғазодаги қутқарувчилар хабар қилишича, якшанба куни жанубдаги Хон Юнис, шимолдаги шаҳарлар, хусусан, Байт Лаҳия ва Жабалия қочқинлар жамлоқлари ҳужумга тутилган.
Ҳамас назоратидаги тиббиёт мулозимларига кўра, охирги сутка мобайнида камида 67 инсон ҳаётдан кўз юмган, 361 киши яраланган.
Ғазо жанубидаги яшаш жойларидан кўчган инсонлар бошпана топган ал-Маваси қочқинлар жамлоғига ҳам тунда ҳужум қилинган.
Ғазо бўлгасидаги ҳозирги ягон фавқулодда хизмат - фуқаролик мудофааси хабар қилишича, оқибатда 22 инсон ҳалок бўлган, 100 киши жароҳатланган.
Ал-Маваси бундан олдин "хавфсиз ҳудуд" деб эълон қилинган эди.
Ўзининг якшанба кунги эълонида Исроил армияси "ракета отиш учун фойдаланиладиган ҳар қандай жойга кучли ҳужум" қилиши ҳақида "охирги огоҳлантириш"ни берган, тинч фуқароларни "зудлик билан ал-Маваси" деб аталган бошпаналарга кўчишга" чақирган эди.
Исроил армияси Ғазо ҳудудида бешта бригадаси ҳарбийлари амалиётга жалб этилганини хабар қилди.
Якшанба куни Би-би-си Ҳамаснинг юқори мартабали расмийси билан суҳбатлашди.
Ҳамас вакили Қатар пойтахти Доҳада Ҳамас билан Исроил ўртасида кечаётган сулҳ музокараларида илгари силжиш йўқлигини билдирди.
Бундан олдин Ҳамас бир мартанинг ўзида барч исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш истагини билдирган, бунинг эвазига "ҳар томонлама ва доимий ўт очишни тўхтатиш келишувига эришиш"ни талаб қилган.
Ҳамас расмийси сўзларига кўра, исроиллик музокарачиларнинг муҳим масалалар бўйича қарор қабул қилиш мандати бўлмагани боис Исроил томони ушбу таклиф рад этган.
"Исроил келишувга эришиш имкониятларига тўсиқ бўлаяпти", "Ҳамас ҳар қандай қисман ёки вақтинчалик келишувни рад этади", деди Ҳамас манбаси.
Ҳамас расмийси айтишича, Ҳамас Ғазода ушлаб турилган барча гаровга олинганларни озод қилиш эвазига, бир неча фаластинлик тутқунларни озод этиш, доимий оташкесим, Ғазо бўлгасидан Исроил ҳарбийларини тўла олиб чиқиб кетиш ва инсонпарварлик кўмакларини киритишни талаб қилаяпти.
Унинг сўзларига кўра, "Исроил вақтинчалик сулҳ эвазига гаровдагиларни бир ёки икки партияда чиқариб олишни" хоҳлаяпти.
6 май. Исроилнинг бутун Ғазони босиб олиш режаси ортидан Ҳамас сулҳ музокарасидан маъни йўқ деди

Сурат манбаси, Reuters
Ҳамас ҳаракатининг юқори мансабдаги расмийси айтишича, Исроил барча Фаластин ерларини чексиз муддатга босиб олишни кўзда тутувчи ишғол режасини маъқуллаганидан кейин Ғазо бўлгасида ўт очишни тўхтатиш ва гаровдаги инсонларни озод этишни мақсад қилган янги сулҳ музокараларидан "маъни йўқ".
Бассем Наимнинг Би-би-сига айтишича, Исроил "очликдан силлани қуритувчи уруш"ни давом эттираверар экан, Ҳамас қуролли гуруҳи янги таклифларга бош қўшмайди.
5 май куни Исроил ҳарбийлари эълон қилишича, "кенг миқёсли" ҳарбий амалиётдан кўзланган мақсад, Ҳамас тутиб турган гаровдаги инсонларни қайтариш ва гуруҳни "узил-кесил мағлуб этиш"дир.
Исроил расмийлари айтишича, ҳарбий амалиёт Ғазони "босиб олиш", бўлга аҳолисининг аксарини кўчириш ва БМТ қаттиқ очарчиликка сабаб бўлган икки ойлик қамалдан кейин бўлгага олиб кирилаётган кўмакларни ўз назоратига олишни назарда тутади.
Исроил расмийларининг айтишича, ушбу ҳарбий амалиёт АҚШ Президенти Доналд Трампнинг кейинги ҳафтадаги ташрифигача бошланмайди, бу Ҳамасга, уларнинг ўзларининг таъбирича, келишувга кўниши учун "имконият дарчаси"ни очади.
Бироқ 6 май кунги Бассем Наимнинг баёноти бунинг аксини кўрсатади.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Исроилнинг қуруқлик амалиётини кенгайтириши ва у ердаги ҳарбий ҳозирликнинг узайтирилиши "Ғазода муқарар саноқсиз тинч фуқаролар ўлдирилишига ва Ғазонинг янада вайрон этилишига" олиб келади, деб огоҳлантирди.
Британия Бош вазири Кир Стармер ва Франция Президенти Эммануэл Макрон сўнгги ривожланишлардан чуқур хавотир изҳор этдилар ва "янгиланган тинчлик жараёнлари талаб қилинишига" қўшилдилар, дея баёнот берди Даунинг Стрит.
Вашингтондаа Президент Трамп, АҚШ Ғазодаги одамларни озиқ-овқат билан таъминлашда ёрдамлашди, дея баёнот берди, бироқ бошқа тафсилотини очиқламади.

Сурат манбаси, .
"Одамлар оч қолаяптилар ва биз уларга озиқ-овқатда ёрдамлашамиз. Жуда кўп одамлар жуда, жуда ёмон аҳволдалар. Ҳамас буни имконсиз қилаяпти, чунки олиб кирилган ҳамма нарсани улар олаяптилар", деди у.
Исроил Ғазога олиб кириладиган ҳамма озиқ-овқат ва бошқа таъминотларни 2 март кунидан тўхтатиб қўйди ва икки ойлик оташкесим муваффақиятсизликка учраганидан икки ҳафта ўтиб ишғолини қайта бошлади, бу билан Ҳамасга гаровдагиларни озод қилиши учун босим қилаётганини айтди.
Исроил, шунингдек, Ҳамасни ёрдамларни ўғирлаб, ғамлаб қўяётганликда айблади, бу даъвони Ҳамас гуруҳи рад этади.
Кўмак ташкилотларининг огоҳлантиришича, агар бундай сиёсат ўзгармаса, Ғазо бўлгасида оммавий очарчилик келиб чиқиши муқаррардир.
Кўмак ташкилотлари, шунингдек, Исроилнинг ёрдамларни ҳарбий марказлардаги хусусий ширкатлар олиб кирадилар, деган таклифини танқид қилдилар, бу базавий инсонпарварлик тамойилларига зид ва биз ҳамкорлик қилмаймиз, дедилар.
БМТга кўра, Ғазодаги аҳолига озиқ-овқат ва тиббий таъминотни етказиш Исроилнинг халқаро қонунчилик бўйича зиммасига олган мажбуриятидир.
Исроил ўзининг халқаро қонунчиликка риоя этаётганини айтади, Ғазода кўмаклар тақчиллиги йўқ, дейди.
2023 йил 7 октябридаги 1200 ча инсон ўлимига ва 251 инсон гаровга олинишига олиб келган Ҳамаснинг мисли кўрилмаган чегара оша ҳужумлари ортидан Исроил ҳарбийлари Ҳамасни йўқ қилиш мақсадида амалиёт бошладилар.
Ўшандан буён Ғазодаги Ҳамас бошқарувидаги соғликни сақлаш вазирлиги хабар қилишича, камида 52567 инсон ҳалок бўлди, шулардан 2459 нафари Исроил вақтинчалик сулҳдан кейин ҳарбий амалиётларини қайта тиклаганидан кейин.












