Тажовуз, химикатда куйдириш ва электр токи бериш: Ғазоликлар уларни Исроил қамоқларида қандай қийнашганини айтиб беришди

- Author, Alice Cuddy
- Role, BBC News
- Ўқилиш вақти: 13 дақ
Диққат: ушбу мақолада кўнгилни беҳузур қиладиган тафсилотлар бор
Ғазога қайтарилган фаластинлик маҳбуслар Би-би-сига Исроил ҳарбийлари ва қамоқхона ходимларининг бешафқат муносабати ва қийноқларга дучор бўлганликларини айтиб беришди.
Маҳбуслардан бири кимёвий моддалар билан ҳужумга учрагани, ёндирилганини айтди. "Танамдаги оловни ўчириш учун типирчилардим," дейди 36 ёшли механик Муҳаммад Абу Тавилаҳ.
Биз озод этилган беш нафар маҳбус билан атрофлича суҳбатлашдик. Уларнинг барчаси ҲАМАС ва бошқа гуруҳлар Исроилда 1200 га яқин одамни ўлдириб, 251 кишини гаровга олганидан кейин Ғазода ҳибсга олинган. Улар Исроилнинг "Ноқонуний жангчилар тўғрисида"ги қонуни асосида ушлаб турилган. Бу қонунга кўра, хавфсизликка таҳдид солишда гумон қилинган шахслар номаълум муддатга айб қўйилмасдан ҳибсда сақланиши мумкин.
Улар ҲАМАС билан алоқада айбланишган, гаровдагилар ва ерости йўллари жойлашуви бўйича сўроқ қилинган, бироқ 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумларга алоқалари аниқланмаган – Исроил охирги ўт очишни тўхтатиш келишуви бўйича озод этиладиган ҳар қандай шахс ўша ҳужумда қатнашмаган бўлиши шартини қўйган эди.
Битим доирасида озод этилганларнинг баъзилари бошқа оғир жиноятлар, жумладан, исроилликларни ўлдирганлик учун жазо ўтаётган эди, аммо суҳбатдошларимиз бундай тоифага кирмайди. Шунингдек, биз Исроил мудофаа кучлари (ИМК) ва Исроил қамоқхона хизматидан (ИҚХ) уларга нисбатан бирор айблов ёки ҳукм бор-йўқлигини сўрадик, аммо саволимизга жавоб ололмадик.
Маҳбуслар ўз ҳикояларида:
- Ҳар бири ечинтирилгани, кўзи боғлангани, кишанлангани ва калтакланганини
- Баъзиларга электрошок қўллангани, итлар билан қўрқитилгани ва тиббий ёрдам рад этилганини
- Айримлар бошқа маҳбусларнинг ўлимига гувоҳ бўлганини
- Бири жинсий зўравонликка гувоҳ бўлганини
- Яна бири бошига кимёвий моддалар қуйилгани ва орқаси ёндирилганини сўзлаб берди.
Биз қамоқхонадаги икки маҳбус билан учрашган адвокат ҳисоботларини кўрдик ва уларнинг баъзиларини даволаган шифокорлар билан ҳам суҳбатлашдик.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Би-би-си ИМКга батафсил хат юборди, унда эркакларнинг айбловлари ва уларнинг шахсияти батафсил баён этилган.
Ўз баёнотида ИМК аниқ айбловларнинг ҳеч бирига жавоб бермади, бироқ "маҳбусларни мунтазам равишда таҳқирлагани ҳақидаги айбловларни бутунлай рад этишини" айтди.
Унда Би-би-си томонидан кўтарилган баъзи ҳолатлар "тегишли органлар томонидан текширилиши" айтилган. Қўшимча қилинишича, бошқа айбловлар "етарли тафсилотларсиз, маҳбусларнинг шахсига оид маълумотларсиз тақдим этилгани боис уларни текшириш имконсиз."
Жавоб хати шундай давом этади: "ИМК ўз қадриятларига зид бўлган ҳар қандай ҳаракатни жиддий қабул қилади... Ҳибсхона ходимларининг номақбул хатти-ҳаракатлари ёки қониқарли шарт-шароитлар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги аниқ шикоятлар тегишли органларга текшириш учун юборилади ва тегишли тартибда кўриб чиқилади. Зарур ҳолларда муассаса ходимларига нисбатан интизомий чоралар кўрилади ва жиноят иши қўзғатилади."
ИҚХ бизнинг суриштирувимизда тасвирланган зўравонлик ҳолатларидан хабардор эмаслигини айтди. "Бизга маълум бўлишича, ИҚХ назорати остида бундай ҳодисалар содир бўлмаган," дея қўшимча қилинган жавоб хатида.
Бристол университети Халқаро ҳуқуқ маркази ҳамраҳбари доктор Лоренс Хилл-Которннинг айтишича, собиқ маҳбуслар тасвирлаган муомала "халқаро ҳуқуққа ҳам, Исроил қонунчилигига ҳам мутлақо зид" ва баъзи ҳолларда "қийноқ даражасига етади."
"Халқаро ҳуқуққа кўра, қуролли тўқнашувлар қонуни барча маҳбусларга инсоний муносабатда бўлишни талаб қилади, – дейди у. – Маҳбусларнинг асосий эҳтиёжлари билан боғлиқ талаблар ҳар қандай тахмин қилинган ҳуқуқбузарликдан қатъи назар амал қилади."
Биз суҳбатлашган беш нафар фаластинлик ҲАМАС билан ўт очишни тўхтатиш келишуви доирасида шу йил бошида озод этилган.
Улар 33 нафар гаровдаги исроилликка (саккиз нафар ҳалок бўлган ва 25 нафар тирик) алиштирилган 1900 га яқин фаластинлик маҳбуслар орасида эди. Исроиллик гаровдагиларнинг баъзилари ҳам ҲАМАС томонидан зўравонликка учраган, оч қолдирилган ва таҳдид қилинганини айтишган.
Илгари озод этилган исроиллик аёллар асирликда жисмоний ва жинсий тажовузларга учраганларини батафсил айтиб берган эди.
Исроилнинг айтишича, суд-тиббиёт экспертизаси ўт очишни тўхтатиш пайтида қайтарилган ҳалок бўлган гаровдагиларнинг баъзилари, жумладан, болалар, ҲАМАС томонидан ўлдирилганини кўрсатади. Аммо гуруҳ буни рад этмоқда.
Беш нафар озод этилган фаластинлик маҳбуснинг барчаси бир хил ҳолатни тасвирлади – барчалари Ғазода ҳибсга олинган, Исроилга олиб кетилган, аввал ҳарбий казармаларда ушлаб турилган, кейин қамоқхонага ўтказилган ва бир неча ойдан сўнг Ғазога қайтарилган.
Улар жараённинг ҳар бир босқичида зўравонликка учраганларини айтишди.
Би-би-си яна Ғазога қайтаётган ўндан ортиқ озод этилган маҳбус билан қисқа суҳбат ўтказди. Улар ҳам калтаклашлар, очлик ва касалликлар ҳақида гапирди.
So‘ng ustimdan kislota quyishdi. Taxminan bir yarim kun davomida kislota bilan yuvintirishdi. Boshimga quyishardi, men stulda o‘tirardim.
Уларнинг ҳикоялари бошқаларнинг Исроилнинг "B'Tselem" инсон ҳуқуқлари ташкилоти ва БМТга берган кўрсатмаларига мос келади. БМТ июль ойида собиқ маҳбусларнинг яланғочлантирилиб, овқат, уйқу ва сувдан маҳрум этилгани, электр токи билан қийналгани, сигарет билан куйдирилиб, итларга талатилгани ҳақидаги маълумотларни батафсил ёритган эди.
Ўтган ойда БМТ экспертлари тайёрлаган ҳисоботда таҳқирлаш ва жинсий зўравонлик ҳолатлари қайд этилган. Унда бундай таҳдидлардан фойдаланиш Исроил Мудофаа Кучлари (ИМК) учун "стандарт амалиёт" эканлиги таъкидланган. Исроил бунга жавобан "асоссиз айбловларни қатъиян рад этишини" билдирди.
Исроил ҳозирда халқаро журналистларнинг Ғазога эркин киришига рухсат бермагани сабабли, суҳбатларимиз телефон ва ёзишмалар орқали, шунингдек, ҳудуддаги шартнома асосида ишловчи мухбирларимиз томонидан ўтказилди.
Беш эркакнинг барчаси бизга зўравонликлар ҳибсга олинган пайтдан бошлангани, улар яланғоч қилиниб, кўзлари боғлангани ва калтакланганини айтди.
Механик Муҳаммад Абу Тавилаҳ бир неча кун давомида қийноққа солинганини сўзлаб берди.
Унинг айтишича, 2024 йил март ойида аскарлар уни ҳибсга олинган жойдан унча узоқ бўлмаган бинога олиб кетишган ва уч кун давомида сўроқ қилишган.
Абу Тавилаҳнинг айтишича, аскарлар тозалаш учун ишлатиладиган кимёвий моддалар солинган қозонга унинг бошини ботирган. Кейин терговчилар уни муштлаган, кўзи жароҳатланган. Улар унинг кўзини латта билан ёпиб қўйишган, бу эса "жароҳатни янада ёмонлаштирган".
Ўзининг айтишича, ҳатто уни ёқиб ҳам юборишган.
"Орқамга ўт қўйиш учун аэрозоль ва ёндиргичдан фойдаланишди. Ёнғинни ўчириш учун типирчилардим. Олов бўйнимдан оёғимгача тарқалди. Кейин улар мени милтиқларининг қўндоғи билан кетма-кет уришди, ёнларидаги таёқлар билан биқинимга уриб, туртишди," дейди у.
Сўнг "устимдан кислота қуйишди. Тахминан бир ярим кун давомида кислота билан ювинтиришди," дейди у бизга.
"Бошимга қуйишарди, мен стулда ўтирардим."
Охир-оқибат, унинг сўзларига кўра, аскарлар танасига сув қуйиб, уни Исроилга олиб кетишган. У ерда шифохонада даволанган, жумладан, тери кўчириб ўтказилган.

Унинг айтишича, даволанишнинг асосий қисми Исроил жанубидаги Бершеба яқинидаги ИМК базаси Сде Тейман казармасидаги дала шифохонасида ўтказилган. У ерда уни яланғоч ҳолда каравотга боғлаб қўйишган, ҳожатхонага боришига имкон беришмаган, ўрнига таглик кийгизишган. Бу шифохонадаги исроиллик шифокорлар илгари Би-би-сига беморларни кишанлаш ва таглик кийгизиш одатий ҳол эканини айтган эди.
Би-би-си Абу Тавилаҳни озодликка чиққанидан кўп ўтмай суҳбатга тортганида, унинг орқаси қизил доғлар билан қопланган эди. Куйишдан қолган оғриқ ҳали ҳам уни уйғотиб юбориши ва кўзига таъсир қилганини айтди.
Би-би-си Абу Тавилаҳга қилинган ҳужумга гувоҳ бўлган ҳеч ким билан гаплаша олмади. Аммо Ғазога қайтганида уни даволаган кўз шифокори унинг кўзи атрофидаги тери кимёвий моддалар таъсирида куйганини тасдиқлади. Шунингдек, шифокор яна Абу Тавилаҳнинг кўриш қобилияти кимёвий моддалар ёки бошқа шикастлар туфайли ёмонлашганини айтди.
Биз унинг жароҳатлари суратларини ва айтганларини Буюк Британиядаги бир нечта шифокорга кўрсатдик. Улар бу суратлардаги тасвирларлар Абу Тавилаҳнинг ҳикоясига мос келишини айтишди. Бироқ фақат суратлар орқали тўлиқ баҳолаш имконияти чеклангани ҳақида ҳам таъкидлашди.
Би-би-си ушбу тафсилотларни ИМКга етказди ва текшириш учун беш кун муҳлат берди. ИМК Абу Тавилаҳнинг айбловларига тўғридан-тўғри жавоб бермади, аммо "ўз қадриятларига зид бўлган ҳар қандай ҳаракатни жиддий қабул қилишини" айтди.
ИМК баъзи ҳолатларни "текшириши"ни билдирди, аммо Абу Тавилаҳнинг аҳволи сабаблари ҳам текшириладими, деган кейинги саволларга жавоб бермади.

Биз суҳбатлашган бошқалар ҳам ҳибсга олиш пайтидаги зўравонликни тасвирлаб беришди.
"Бизни кишанлаб, уришди. Менга бир томчи сув ҳам беришмасди," дейди парранда кушхонасининг 33 ёшли ишчиси Абдул Карим Муштаҳа. У бизга 2023 йил ноябрь ойида Исроил назорат-ўтказиш пунктида оиласи билан эвакуация буйруғини бажараётганда ҳибсга олинганини айтди. Кейинчалик Муштаҳани кўрган адвокат ёзган ҳисоботда, у "қамоқхонага ўтказилгунга қадар ҳибсга олиш пайтида қаттиқ калтакланган, ҳақоратланган, камситилган ва яланғочланган" деб таъкидланган.
Улардан иккитаси совуқда ташқарида соатлаб қолдирилганини, яна иккитаси эса исроиллик аскарлар уларнинг буюмлари ва пулларини ўғирлаганини айтди.
Би-би-си ИМКга ўғирлик ҳақидаги айбловлар тафсилотларини тақдим этди. ИМК буни "қонун ва ўз қадриятларига зид" деб таърифлади. Агар батафсил маълумот берилса, ишларни "синчковлик билан" ўрганиб чиқишини билдирди.
Суҳбатдошларимизнинг барчаси, жумладан Муштаҳа ҳам, Исроилнинг Сде Тейман казармасига ўтказилганини айтди. Абу Тавилаҳ ҳам ўша ердаги дала шифохонасида даволанганини таъкидлаган эди.
Суҳбатдошлардан бири йўлда унга ёмон муносабатда бўлинганини айтди. У қасос олишларидан қўрқиб, исмини ошкор қилмасликни сўради, шу боис биз уни "Умар" деб атаймиз.
Унинг айтишича, Исроил аскарлари уни ва у билан бирга бўлганларни "чўчқа болалари" ва "Синвар болалари" деб ҳақорат қилиб, тупурганлар. Синвар беш ой олдин Исроил томонидан ўлдирилган ҲАМАС раҳбари ва 7 октябрь ҳужумлари ташкилотчисига ишора эди.
"Бизга: «Сиз бизнинг болаларимизга нима қилган бўлсангиз, биз ҳам сизнинг болаларингизга шундай қиламиз», деган овозли ёзувни эшитишга мажбур қилишди," деди электр кабель компаниясида ишлаган 33 ёшли Умар.
Сде Тейман 2023 йил октябрь ҳужумларидан кейин жиддий шикоятлар сабабчиси бўлган. Февраль ойида у ердаги бир нечта аскар маҳбусни калтаклагани учун айбланган, маҳбус тўғри ичак йиртилиши ва ўпка тешилиши туфайли касалхонага ётқизилган экан. Бошқа бир ҳолатда, базадаги аскар Ғазодаги фаластинлик маҳбусларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганини тан олганидан сўнг ҳукм қилинган.

Сурат манбаси, Getty Images
Биз суҳбатлашган уч киши Сде Тейманда ва бошқа муассасаларда итлар билан маҳбуслар қўрқитилганини тасдиқлади.
"Бизни казармадан тиббий клиникага ёки сўроқ хонасига олиб борганларида калтаклашарди – [тумшуғи боғланган] итларни устимизга қўйишарди, кишанларимизни қаттиқроқ тортишарди," – деди казармада умумий қамоқда сақланган ва даволанган Абу Тавилаҳ.
Би-би-си Исроил мудофаа кучларидан маҳбусларни қўрқитиш ва уларга ҳужум қилиш учун тез-тез итлардан фойдаланилгани ҳақидаги даъволарга жавоб сўради. Улар: "Маҳбусларга зарар етказиш учун итлардан фойдаланиш тақиқланади," деб жавоб берди.
Шунингдек, улар "ИМК қамоқхоналарида сақланаётган маҳбуслар орасида жуда хавфли деб ҳисобланган тажрибали террорчилар борлиги" ва "истисно ҳолларда уларни ҳибсда сақлаш пайтида қўл кишанлари узоқ вақт тақиб турилиши" мумкинлигини айтди.
Бир нечта маҳбус узоқ вақт туришга мажбурлангани, жумладан, соатлаб қўлларини юқорига кўтариб туришга мажбурланганларини айтди.
"Биз эрталаб соат 5 дан кечки 10 гача, яъни ухлаш вақти бўлгунча тиззалаб ўтирардик," деди Абу Тавилаҳ.
Яна бир суҳбатдош Ҳамад ал-Даҳдуҳнинг айтишича, казармалардаги калтаклашлар "бошимиз ва кўз, қулоқ каби сезги аъзоларимизга қаратиларди."
Урушдан олдин деҳқончилик билан шуғулланган 44 ёшли эркак бунинг оқибатида орқаси ва қулоғи вақтинча шикастлангани, қовурғалари синганини айтди.
ИМК бу айбловга жавоб бермади.

Даҳдуҳ ва озод қилинган бошқа маҳбуслар айтишича, сўроқ пайтида ёки жазо сифатида электр токи ҳам қўлланган.
"Жазо бўлинмалари итлар, таёқлар ва электр шок қуроллари олиб келишарди, бизга электрошок қўллашар, калтаклашарди," деди у.
Абу Тавилаҳ ҳар сафар жой ўзгартирилганда калтаклаш ва қўрқитиш давом этганини қўшимча қилди.
Сўроқлар давомида уларни ҲАМАС билан алоқадорликда айблашгани ҳақида ҳам гапиришди.
"Қамоққа олинган ҳар бир кишига: "Сен террорчисан", дейишарди, – деди Муштаҳа. – Улар ҳар доим бизни 7 октябрь воқеаларида иштирокчиликда айблашарди. Уларнинг ҳаммасида адоват бор эди.
Мен уларга: «Агар мен ҲАМАС ёки бошқа биров бўлганимда, хавфсиз йўлакдан ўтармидим? Кетиш ҳақидаги чақириқларингизга қулоқ солармидим?» дедим."
Абдул Карим Муштаҳанинг айтишича, у шунчалик калтакланганки, қўллари ва оёқлари бўйлаб "қон оқиб тушган."
Унинг айтишича, сўроқлар тун бўйи давом этган.
"Уч кеча ухлай олмадим, чунки мени қийноққа солишди. Қўлларимизни боғлаб, соатлаб бошимиз узра кўтариб туришга мажбурлашди, яланғоч эдик. «Совқотдим» дейишимиз билан... челакни совуқ сувга тўлдириб, устимизга қуйиб, вентиляторни ёқиб қўйишарди."
Даҳдуҳнинг айтишича, терговчилар Ғазода бўлган ҳар қандай кишини "террорчи гуруҳлар билан алоқадор" деб ҳисоблашган ва маҳбуслар буни судда ҳал қилиш мумкинми деб сўрашганда, бунга вақт бўлмаслигини айтишган.
Унга адвокат беришмабди. ИМК Би-би-сига шундай жавоб берди: "Исроил қонунчилиги фуқаролик округ судида суд назорати, адвокатдан фойдаланиш ва Олий судга шикоят қилиш ҳуқуқини беради."
Умар ҳам Сде Тейманга биринчи марта келганида уни уч кун давомида сўроқ қилишганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, маҳбуслар юпқа комбинезон кийдирилган ҳолда совуқ хонада сақланган, баланд овозли карнайлардан Исроил мусиқаси янграб турган.
Сўроқ тугагач, улар казармага кўзлари боғлиқ ҳолда олиб келинганини айтишди.
"Кеч кирдими, тонг отдими, билмасдик. Қуёшни кўрмасдик. Ҳеч нарсани кўрмасдик," дейди Умар.
ИМК таъкидлашича, "қамоқ жойлари ИМК буйруқлари ва қонунга мувофиқ бошқарилишини таъминлаш учун назорат механизмлари," жумладан, ёпиқ камера тизими мавжуд.
Умар ва Муштаҳа айтишича, улар кейинчалик Кетзиот қамоқхонасига ўтказилган ва у ерда калтаклаш ҳамда бошқа зўравонликлардан иборат "кутиб олиш маросими" бўлган.

Сурат манбаси, Getty Images
Умар Кетзиотда жинсий зўравонликка гувоҳ бўлганини таъкидлади.
"Улар баъзи маҳбусларнинг кийимларини ечиб, уларни шармандали ҳаракатларга мажбурлашди... Йигитларни бир-бирига жинсий алоқа қилишга мажбурлашди. Буни ўз кўзим билан кўрдим. Бу тўлиқ жинсий алоқа эмас эди. Бир маҳбусга бошқасини оғиз билан қаноатлантириш буюриларди. Бу мажбурий эди."
Би-би-си бу каби бошқа хабарларни олмади, бироқ Исроил қамоқхоналаридаги фаластинликларнинг аҳволини кузатиб борувчи Фаластин маҳбуслари жамияти Кетзиотдаги маҳбусларга нисбатан жинсий зўравонликни "одатий ҳолат" деб таърифлади. Бу зўрлаш ва жинсий тазйиқдан тортиб жинсий аъзоларни калтаклашгача бўлган ҳолатларда намоён бўлган.
Жамият вакиллари айтишича, улар маҳбуслар ўртасида мажбурий жинсий алоқа ҳақида маълумот олмаган бўлса-да, баъзи маҳбуслар бир-бирларига яланғоч ҳолда қарашга мажбурланганини ва бир-бирларининг устига яланғоч ҳолда ташланганини айтишган.
B'Tselem ташкилоти ҳисоботида жинсий зўравонлик бўйича айбловлар тўпланган бўлиб, улардан бирида маҳбус қўриқчилар уни сабзи билан зўрламоқчи бўлганини айтган.
Би-би-си Исроил қамоқхона хизматига (ИҚХ) маҳбуслар бир-бирига жинсий алоқа қилишга мажбурлангани ҳақидаги айбловни йўллади. ИҚХ Кетзиот ва бошқа қамоқхоналардаги жинсий зўравонлик ёки бошқа даъволардан "хабардор эмаслигини" билдирди.
Улар шундай жавоб берди: "ИҚХ қоидаларга мувофиқ ва давлат назорати ҳамда бошқа кўплаб расмий органлар назорати остида фаолият юритувчи ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотидир.
"Барча маҳбуслар қонунга мувофиқ ҳибсга олинади. Барча асосий ҳуқуқлар профессионал тайёргарликдан ўтган қўриқчилар томонидан тўлиқ таъминланади. Сиз айтган даъволардан бехабармиз ва бизнинг маълумотимизга кўра, ИҚХ жавобгарлиги остида бундай ҳодисалар юз бермаган.
Шунга қарамай, маҳбуслар ва қамоққа олинганлар шикоят қилиш ҳуқуқига эга, улар расмий органлар томонидан тўлиқ кўриб чиқилади ва ҳал этилади."
Умар Кетзиот қамоқхонасида ҳам уларни таёқ билан уришганини айтди.
"Қийноққа солинганимиздан кейин кечаси билан белимдан тортиб оёғимгача оғриқ азобида қолдим. Бошқа маҳбуслар мени тўшакдан ҳожатхонагача кўтариб боришарди. Баданим, белим, оёқларим калтак зарбидан кўкариб кетганди. Қарийб икки ой қимирлай олмадим."
Муштаҳа бошини эшикка урганларини ва жинсий аъзоларига зарба берилганини тасвирлаб берди.
"Бизни яланғоч қилиб ечинтирардилар. Электрошок қўллашарди. Нозик жойларимизга ураверишарди. Бизга ахталаб қўямиз, дейишарди," дейди у.
Унинг айтишича, калтаклашдан мақсад "суякларни синдириш" бўлган, баъзан маҳбусларни бир жойга тўплаб, устидан иссиқ сув қуйишган.
"Қийноқлар жуда кўп эди," дея қўшимча қилади у.
У ҳам, Умар ҳам ўзлари тиббий эътиборсизликка дуч келганларини айтишди.
"Қўлларим шишиб, пуфак бўлиб кетганди," дейди Муштаҳа.
"Агар одамлар оёқларимни кўрганида, кесиб ташлаш керак дейишарди... [Қўриқчилар] менга фақат қўл ва оёқларимни сув ва совун билан ювишни буюришарди.
Аммо қандай қиламан? Кунига атиги бир соат сув бериларди, совунга келсак, ҳафтада бир қошиқ шампунь беришарди," дея қўшимча қилди у.
Муштаҳанинг айтишича, қўриқчилар унга шундай дейишган: "Юрагинг уриб турган экан, демак аҳволинг яхши. Оёқда турар экансан, демак аҳволинг яхши. Юрак уришдан тўхтагандагина даволагани келамиз."

Ўтган йил сентябрида Кетзиотда Муштаҳа ва Умарни кўрган адвокатнинг ҳисоботида Муштаҳа ҳақида шундай дейилган: "Маҳбус, бошқа маҳбуслар сингари, қўллари, оёқлари ва думбаларидаги чипқонлар туфайли оғриқдан азият чекмоқда, гигиена йўқ ва унга ҳеч қандай даволаниш имконияти берилмаган."
Муштаҳа Би-би-сига Ғазодаги шифокор ёзган ҳисоботни тақдим этди. Унда у озод этилган куни қўтир касаллиги билан оғригани тасдиқланган.
Умарнинг айтишича, тиббий ёрдам сўраган маҳбуслар калтакланган.
Адвокат таъкидлашича, Умарнинг "қамоқхонанинг оғир шароитлар туфайли терисига – чов ва думбасига тарқалган ҳуснбузарлар" эътиборга олиниши керак эди. Бу гигиена воситалари ва тоза сув етишмаслиги туфайли юзага келган. Маҳбус айтишича, ҳатто душга тушиш навбати келганида ҳам, у душдан қочишга ҳаракат қиларди, чунки сув қичишиш ва яллиғланишга сабаб бўларди.
Барча маҳбуслар тасдиқлашича, уларга озиқ-овқат ва сув чекланган миқдорда берилган. Бир нечтаси сезиларли даражада озиб кетган.
Умар 30 кг.га озиб кетганини айтди. Адвокат айтишича, Умар унга дастлабки ойларда озиқ-овқат "деярли йўқ" бўлганини, кейинчалик шароитлар "бир оз яхшиланганини" айтган.
Муштаҳа озиқ-овқатни аввал мушуклар ва қушлар есин деб қафасдан ташқарида қолдиришарди, деди.
Суҳбатдошларимиздан яна бири Аҳмад Абу Сайф 17 ёшга тўлган куни ҳибсга олинганидан сўнг бошқа қамоқхонага – ишғол қилинган Ғарбий соҳилдаги Мегиддога олиб кетилганини айтди.

Унинг айтишича, мунтазам равишда уларнинг камераларига бостириб кириб, кўз ёшлантирувчи газ сепишган.
"Ҳар бир газ ҳужумидан сўнг тўрт кун давомида бўғилиб, яхши нафас ололмасдик," деди қамоқхонанинг болалар бўлимида сақланган Аҳмад.
"Бизга бола сифатида қаралмади, худди 7 октябрдаги жангарилар каби муомала қилишди."
Сўроқ пайтида тирноқларини суғуриб олишганини айтди. Би-би-си уни озод этилганидан кейинги куни суратга олганида, у бизга баъзи оёқ тирноқлари ҳали ҳам шикастланганини, қўлларидаги чандиқлар эса қўл кишанлари ва ит тирнашларидан қолганини кўрсатди.
ИҚХ бу айбловга жавоб бермади.
Эркакларнинг иккитаси Сде Тейман ва Кетзиотдаги бошқа маҳбуслар ўлимига гувоҳ бўлганини айтди – бири калтаклаш, жумладан, итлар ҳужуми натижасида, бошқаси эса тиббий эътиборсизлик туфайли вафот этган.
Улар келтирган воқеаларнинг номлари ва саналари оммавий ахборот воситалари хабарлари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари маълумотларига мос келади.
Фаластин маҳбуслар жамияти Би-би-сига хабар беришича, 2023 йил 7 октябрдан бери камида 63 нафар фаластинлик маҳбус – уларнинг 40 нафари Ғазодан – Исроил қамоқхонасида вафот этган.
ИҚХ ҳибсдаги фаластинликларнинг ўлими ҳақидаги саволларга жавоб бермади. ИМК эса "маҳбуслар ўлими ҳолатлари, жумладан, олдиндан мавжуд бўлган касаллик ёки жароҳат билан ушлаб турилганларнинг ўлими ҳақида хабардор эканлигини" айтди.
"Тартибга кўра, ҳар бир маҳбус ўлими бўйича Ҳарбий полиция иш очади," деб қўшимча қилди.
Баъзи маҳбуслар айтишича, зўравонлик февраль ойида озод этилгунларига қадар давом этган.
"Озод этилган кунимиз бизга шафқатсизларча муносабат қилишди. Қўл кишанлари қаттиқ тортилганди, бирор ерга олиб бориш керак бўлса, қаттиқ тортқилашарди," деди жаноб Муштаҳа.
"Улар: «Агар ҲАМАСга қўшилсангиз ёки улар билан ишласангиз, нишонга олинасиз», дейишди."
17 ёшли Аҳмад ҳам январда оташкесим битими имзоланганидан кейин шароит ёмонлашганини айтди. "Аскарлар тез орада озод бўлишимизни билиб, зўравонликни кучайтирдилар."
Маҳбуслар фақат Ғазога қайтиш учун Қизил Хоч автобусига ўтказилгандагина ўзларини "хавфсиз" ҳис қилишди, дейди Умар.
Кадрларда баъзилар Довуд юлдузи ва арабчада "Биз унутмаймиз ва кечирмаймиз" сўзлари ёзилган свитерларда қайтарилгани кўрсатилган.
Ғазодаги Европа шифохонасининг қайтарилган маҳбусларнинг аҳволини текширган ходими тери касалликлари, жумладан, қўтир кенг тарқалганини, "ҳаддан ташқари озғинлик ва тўйиб овқатланмаслик" ҳамда "қийноқларнинг жисмоний оқибатлари" билан боғлиқ кўплаб ҳолатларни кузатганини айтди.
Ҳуқуқшунос доктор Лоренс Хилл-Которн бизга шундай деди: "Албатта, маҳбусни куйдириш, кимёвий моддага бошини ботириш, электрошок қўллаш, оёқ тирноқларини олиб ташлаш ва қаттиқ калтаклаш каби ҳаракатлар қийноқ ҳисобланади. Бу ва шунга ўхшаш ҳаракатларнинг барчаси, шунингдек, ноқулай аҳволда узоқ тутиб туриш ва баланд мусиқадан фойдаланиш халқаро ташкилотлар томонидан қийноқ деб тан олинган."

Қайтиб келган маҳбуслар билан суҳбатлашадиган Халқаро Қизил Хоч қўмитаси (ХҚХҚ) махфийлик талаби туфайли шахсларнинг аҳволи ҳақида изоҳ бера олмаслигини айтди.
Ташкилот ҳали ҳам ҳибсда қолганлар билан учрашишга рухсат берилишини хоҳлаётганини қўшимча қилди – бунга 7 октябрь ҳужумларидан бери рухсат берилмаган.
"ХҚХҚ маҳбусларнинг аҳволидан чуқур хавотирда ва барча қамоқхоналарни кириб кўриш зарурлигини таъкидлайди. Биз томонлар билан икки томонлама мулоқотда кириш имкониятини сўрашда давом этамиз," дейилади хабарда.
Ғазода ҳали ҳам 59 нафар исроиллик сақланмоқда, уларнинг 24 нафари тирик деб тахмин қилинмоқда. ХҚХҚ 18 ойлик асирлик давомида улар билан ҳеч учраша олмаган ва уларнинг яқинлари уларнинг аҳволидан жиддий хавотирда.
Озод этилган кўплаб фаластинлик маҳбуслар учун Ғазога қайтиш ҳам қувонч, ҳам умидсизлик лаҳзаси бўлди.
Абу Тавилаҳ оиласи уни кўргач, аҳволидан шокка тушганини ва у ҳали ҳам бошидан ўтказганлари таъсирида эканини айтди.
"Жароҳатим туфайли ҳеч нарса қила олмаяпман, чунки кўзим оғрияпти, ёшланиб, қичишяпти, танамдаги барча куйган жойлар ҳам қичишяпти," дейди у.
Ўсмир Аҳмад энди Ғазони тарк этмоқчи эканини айтди.
"Қамоқда кўрганларимиз ва бомбалашларнинг руҳий азоби туфайли чет элга кетмоқчиман. Ўлимни тиладик, аммо тополмадик."












