Нетаняҳу АҚШга учди. Ғазо уруши тугашига яқин қолдими?

    • Author, Иоланда Нелл
    • Role, Би-би-сининг Яқин Шарқ мухбири
  • Ўқилиш вақти: 17 дақ
Доналд Трамп ва Бенямин Нетаняҳу

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Бу Доналд Трампнинг Оқ Уйга қайтганидан кейин Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу билан учинчи учрашуви

21 ойлик урушдан сўнг Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу Вашингтонда АҚШ Президенти Доналд Трамп билан учрашганида янги Ғазо оташкесимини эълон қилади деган умидлар ортган.

Бундан олдин Трамп репортёрларга Нетаняҳу билан можарони тугатиш борасида "қаттиқ тургани"ни айтди, шу ҳафтада "биз келишувга эришамиз, деб ўйлайман", деди.

"Биз аввал муҳокама қилинган келишувга, биз рози бўлган шартлар асосида эришиш бўйича ишлаяпмиз. Президент Трамп билан мулоқот биз ҳаммамиз умид қилаётган натижани илгари суришга аниқ ёрдам беришига мен ишонаман", деди Исроил бош вазири самолётга ўтиришдан олдин.

АҚШ таклиф қилган 60 кунлик оташкесим ва гаровдагиларни озод қилишга бағишланган Исроил ва Ҳамас ўртасидаги билвосита музокаралар Қатарда 6 июл куни кечқурун қайта бошланди.

Бироқ ҳозирча томонлар ўртасида бир келишувга эришишга мунтазам монеълик қилиб келган асосий шартлар қандай текисланади, аниқ эмас.

Фақат эҳтиёткорона некбинликни жуда оғир яшаш шароитида, Исроилнинг кунлик бомбардимонлари остида яшаётган ғазоликлар ва Ҳамас томонидан ушлаб турилган исроиллик гаровга олинган инсонларнинг қариндошлари изҳор этадилар.

"Мен вақтинчалик сулҳни эмас, уруш буткул тўхтатилишини хоҳлайман. Тўғрисини айтсам, 60 кун ўтганидан кейин уруш яна қайта бошланишидан қўрқаман. Биз кўчиб юришдан чарчадик, биз очлик ва сувсизликдан, чодирда яшашдан чарчадик. Яшаш учун зарур бўлган ҳеч вақомиз қолмади", деди Ғазо шимолидаги Байт Лаҳя деган жойдан Ғазо шаҳрига кўчиб ўтиб болалари ва набиралаари билан яшаётган Набил Абу Дайяҳ.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

5 июл тунида Исроилда катта юриш ташкил қилинди, юриш иштирокчилари Исроил ҳукуматидан Ғазода ушлаб турилган 20 нафари тирик деб кўрилаётган 50 гаровдаги одамларни уйига қайтариш учун келишувга эришишни талаб қилдилар.

Айрим қариндошлар нега гаровдагиларнинг ҳаммасини бирдан озод қиладиган келишувга эришиш мумкин эмас, деган саволни қўйдилар.

"Бундай шароитда одам қандй тирик қолиши мумкин? Мен Эвятарнинг қайтишини ва мана шу саволимга жавоб беришини истайман", деди Илай Дэвид. Унинг укаси, мусиқачи Эвятарнинг ўтган галги икки ойлик оташкесим пайти бошқа гаровдагилар озод этилаётганини азоб билан кузатиб тургани видеосини Ҳамас тарқатган эди.

"Бу энди одам ҳаётини асраб қоладиган вақт. Бу жасадларнинг йўқ бўлиб кетишидан асраб қоладиган вақт", деди Илай Қуддусда оломон олдида сўзлар экан.

"Яқин Шарқнинг тез ўзгараётгаан реаллигида бу барча гаровдагиларни, истисносиз ҳар бир кишини озод этадиган ҳар томонлама келишувни имозлаш пайти", деди у.

Исроилдаги норозилик намойиши

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Исроиллик гаровдаги инсонларнинг қариндошлари Трампдан яқинларини қайтариш учун келишувга босимни талаб қилдилар

Нетаняҳу Оқ Уйга Трамп қайтганидан кейинги олти ой ичида учинчи марта ташриф буюриши.

Лекин икки раҳбар АҚШ Исроилнинг Эрон ядровий маконларига ҳужумларига қўшилгани ва Исроил билан Эрон ўртасида оташкесимга воситачилик қилганидан кейин илк бор учрашишаяпти.

Эрон билан 12 кунлик уруш Ғазодаги урушни тугатиш учун янада яхши шароит барпо этди деган фикр бор.

Бир неча ойлик рейтинги пасайгани ортидан бугунги кунда Эронга ҳужумлари учун Исроилда Бош вазир Нетаняҳуни омма қўллаб-қувватлови кучайган, таҳлилчилар фикрича, бугун Нетаняҳунинг қўлида Ғаза Исроилнинг назорати остида қолиши керак деб туриб олган коалицион ҳукуматидаги ўнг қанот шерикларига қарши сулҳ битимига кўндиришга кўпроқ ричаг бор.

Эронга ҳужумлар Ҳамасни янада кучсизлантирди деб кўрилади, чунки Эрон Ҳамаснинг минтақавий ҳомийси эди, бу нарса Исроил билан Ҳамас ўртасидаги сулҳга кўнишда Ҳамасни ён беришга мажбурлайдиган муҳим омил бўлиши мумкин.

Бу орада Трамп Яқин Шарқдаги бошқа устувор вазифалари билан банд бўлиши мумкин.

Бу вазифалар ичига Исроил билан Сурия ўртасидаги чегара музокараларида воситачилик қилиш, Исроил билан Саудия Арабистони ўртасидаги алоқаларни нормаллаштириш ҳаракатларига яна қайтиш, Эрон билан ниҳоясига етмай қолган иш - янги ядровий битим бўйича эҳтимолий музокараларни битказиш кириши мумкин.

Ойлар давомида Исроил билан Ҳамас ўртасидаги оташкесим бир фундаментал фарқ туфайли боши берк кўчага кириб қолган эди.

Исроил гаровдагиларни озод қилиш учун вақтинчалик ўт очишни тўхтатишга розилигини билдирган, аммо урушни тўхтатишга кўнмай келади. Ҳамас эса Ғазодаги ҳамма жанговар амалиётларни тўхтатиш ва бўлгадан барча Исроил қўшинларини олиб чиқишни талаб қилади.

Айтилишича, сўнгги таклифда Ҳамасга келишувга Вашингтон содиқлиги кафолати берилган, якуний оташкесим ва барча гаровдагиларни озод қилиш йўлидаги музокараларни давом эттириш таклиф қилинган.

Ҳали расман ҳеч нарса эълон қилингани йўқ. Аммо матбуот хабарларига кўра, бу беш босқичдан иборат тадбир бўлади. Унда Ҳамас 28 гаровдаги инсонни, 10 нафари тирик, 18 нафар жасадни 60 кун ичида қайтаради. Гаровдагиларни топширишни олдинги сафарларда бўлганидек маросимга айлантирмайди.

Ғазога инсонпарварлик ёрдамларини киритиш кескин кўпайтирилади.

Саккиз нафар тирик гаровдаги қўйиб юборилганининг биринчи куни Исроил қўшинлари Ғазонинг шимолий қисмидан олиб чиқилиши кўзд тутилган. Орадан бир ҳафта ўтиб Исроил армияси Ғазонинг жанубий қисмини тарк этиши керак.

10-кун Ҳамас қайси гаровдагилар тирик ва уларнинг саломатлиги қандай экани ҳақида ахборот тақдим этиши талаб қилинади. Исроил эса уруш пайти ҳибсга олинган ва айблов илгари сурмасдан ва маҳкамага тортмасдан "маъмурий ушлаб туриш"да бўлган 2000 дан ортиқ ғазолик ҳақида маълумот беради.

Бундан аввал ҳам кузатилганидек, исроиллик гаровдагиларни озод этиш эвазига Исроил қамоқхоналарида сақланаётган катта сондаги фаластинликларни қўйиб юбориш кутилмоқда.

Ғазода Исроил ҳарбийлари

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Исроил армияси раҳбарияти Ғазодаги уруш олдига қўйилган мақсадга етишишга яқин қолди дейди

Президент Трамп ушбу сулҳ таклифини "якуний" деб таърифлади ва уни ўтган ҳафта якунига етказиш учун "зарур шартларни" Исроил қабул қилди, деди.

4 июл куни Ҳамас ушбу таклифга "ижобий руҳ"да жавоб қайтарганини, аммо жузъий жиҳатлари мавжудлигини билдирди.

Фаластинлик расмийнинг айтишича, муҳим нуқталардан бири инсонпарварлик кўмаклари билан боғлиқ бўлган. Ҳамас Исроил-АҚШ қўллаб-қувватлаётган баҳсли Ғазо Инсонпарварлик жамғармаси (Gaza Humanitarian Foundation - GHF) фаолиятинии зудлик билан тўхтатиш ва барча ёрдам амалиётларига БМТ ва шерикларини қайтариш талабини илгари сурмоқда.

Шунингдек, Ҳамас Исроил қўшинларини олиб чиқиш вақтини ва Ғазо ҳамда Миср ўртасидаги Рафаҳ чегара назорат пункти амалиётини савол остига олаяпти.

5 июл куни Нетаняҳу идораси Ҳамас хоҳлаётган ўзгаришлар Исроил учун "қабул қилиб бўлмас" деб баёнот берди.

Исроил бош вазири Ҳамас қуролсизлантирилиши керак деб такрор-такрор айтиб келади, ушбу талабни исломий гуруҳ ҳозиргача рад этиб келади.

Овқат учун навбатда турган ғазолик болалар

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Ғазодаги инсонпарварлик вазияти тобора оғирлашиб бораяпти

Исроилнинг ўзида Ғазодаги урушга қаршилик тобора ортиб бораяпти. Ҳарбийлар хабаар қилишича, ўтган ой 20 аскар ҳалок бўлган.

Исроил армияси штаби бошлиғи генерал-лейтенант Эял Замирнинг ўтган ҳафта айтишича, уруш олдига қўйилган мақсадларга етишиш ниҳоясига яқинлашиб қолди. У гаровдагиларни уйига қайтариш учун ҳукумат келишувга бориш ёки Ғазода ҳарбий бошқарувни жорий этишга Исроил қўшинларини тайёрлаш борасида бир қарорга келиши кераклигини айтди.

Исроилда ўтказилган омма фикрини ўрганиш сўровлари натижаларига кўра, исроилликларнинг учдаан икки қисми гаровдагиларни қайтариш учун оташкесим келишувини қўллаб-қувватлайдилар.

Ғазоликлар эса ушбу ижобий янгиликлар Нетаняҳунинг АҚШга сафари пайти тарангликни камайтириш мақсадида қилинаяпти деган хавотирдалар, худди шундай ҳодиса май ойида Трампнинг Араб кўрфаз мамлакатларигаа сафари арафасида ҳам кузатилганини эслашади.

Ҳозирги кунлар эса ҳам сиёсий ва ҳам инсонпарварлик нуқтаи назаридан муҳим кунлар бўлади.

Ғазодаги вазият тобора оғирлашаяпти, шифокорлар болалар орасида очликдан силласи қуриш ўта кучайганини айтадилар.

БМТ бўлгага тўрт ойдан буён ёқилғи киритилмаганини айтади. Захиралар тугаб бўлган, бу нарса ҳаётий муҳим тиббий ёрдам, сув таъминоти ва телекоммуникация учун таҳдидни англатади.

Ҳамаснинг 2023 йил 7 октябрдаги Исроилга ҳужум қилиб қарийб 1200 инсонни ўлдиргани ва 251 кишини гаровга олгани ортидан Исроил Ғазода уруш бошлади.

Ўшандан буён Исроил ҳужумлари Ғазода 57000 дан ортиқ одамни ўлдирди. Бўлгадаги Ҳамас бошқарувидаги соғликни сақлаш вазирлигининг ушбу маълумотларига БМТ ва бошқа ташкилотлар таянадилар, вазирликни талофатлар статистикаси бўйича энг ишончли манба деб биладилар.

4 июн. 'Ҳамкасбларим оч ғазоликларга ўт очганини кўрдим'. Видео

Ғазоликлар озиқ-овқат ёрдамини олиш учун тиканли сим тўр ўртасидаги йўлакда узоқ навбатда туришга мажбур қилиндилар

Сурат манбаси, SUPPLIED

Сурат тагсўзи, Ғазоликлар озиқ-овқат ёрдамини олиш учун тиканли сим тўр ўртасидаги йўлакда узоқ навбатда туришга мажбур қилиндилар

Ғазодаги баҳсли янги Исроил ва АҚШ дастаклаган ёрдамни тарқатиш жойида хавфсизлик бўйича контракт имзолаб ишлаган собиқ ходимнинг Би-би-сига айтишича, у ўзи билан бирга ишлаган ҳамкасбларининг ҳеч қандай таҳдид пайдо қилмаган оч фаластинликларга қарши автомат қуроллардан ўт очганларининг бир неча марта гувоҳи бўлган.

Собиқ контрактчи Би-би-сининг Исроилдаги мухбири Люси Уиллямсонга ўз кўрганларини айтиб берди.

Бир марта кузатув минорасидаги қўриқчи инсонпарварлик кўмаги тарқатилган жойдан аёллар, болалар ва кексаларнинг гуруҳи жуда секинлик билан тарқалаётгани учун автоматдан ўқ узган.

Ушбу ҳодиса ҳақида жавоб сўралганида Ғазо Инсонпарварлик жамғармаси (Gaza Humanitarian Foundation - GHF), айбловлар буткул ёлғон, деди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар

Жамғарма Би-би-сига ўзининг баёнотига таянишни тавсия қилди, у баёнотда GHFнинг ёрдам тарқатиш жойида бирор тинч фуқаро ўққа тутилмаган дейилади.

Ғазо Инсонпарварлик жамғармаси ўз фаолиятини май ойининг охирида бошлади, Ғазо бўлгаси маркази ва жанубида бир неча жойдан чекланган миқдордаги инсонпарварлик кўмакларини тарқатишга киришди.

Бундан олдин Ғазо Исроилнинг 11 ҳафталик мутлақ қамали остида қолди, бўлгага бирор озиқ-овқат киритилмади.

GHF тартиби кенг танқид қилинди, бу тартиб катта сондаги одамларни жанговар амалиётлар давом этаётган жойлардан ўтиб ёрдам тарқатиш нуқталарига боришга мажбурлаши айтилди. БМТ ва мааҳаллий шифокорларга кўра, GHF фаолиятини бошлаганидан бери унинг ёрдам тарқатиш жойларида Исроил кучлари 400 дан ортиқ фаластинликни ўлдирдилар. Исроил, янги кўмак тарқатиш тизими бу ёрдамларнинг Ҳамас қўлига тушиб қолишини тўхтатади, дейди.

Қўриқчилар фаластинликлар гуруҳига ўт очган GHF нуқталаридан бирида рўй берган ҳодисани ҳикоя қилар экан, собиқ контрактчи шундай деди: "Бу нарса рўй бериб турган вақтда шу жойдаги чиқиш бурнида турган бошқа бир контрактчи оломонга қарата 15 дан 20 мартагача такрор-такрор ўт очди".

"Фаластинлик эркак ерга жонсиз йиқилди. Ўша ерда турган бошқа контрактчи, "Сен унга тегдинг", деди. Кейин улар кулдилар".

Анонимлик шарти билан бизга гапирган контрактчи айтишича, GHF раҳбарлари бу ҳодисани тасодиф сифатида хаспўшлаганлар, фаластинлик эркак "қоқилиб йиқилди" ёки "чарчаганидан йиқилиб ўлди" деб тақдим қилганлар.

GHF ушбу иддаони илгари сураётган одам ўз ишини уддалай олмагани учун ишдан ҳайдалган "норози собиқ контрактчи" деб даъво қилди.

Собиқ контрактчи эса бу даъвони рад этди. У ўз ишини яхши шартларда тарк этгани исботини тақдим этди.

GHF нинг ёрдам тарқатиш жойи

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Фаол жанговар ҳаракатлар бораётган жой ўртасидан ғазоликларни пиёда юриб боришга мажбурлагани учун GHF фаолияти кенг танқид қилинди

GHFнинг Ғазодаги барча тўртта ёрдам тарқатиш жойида ишлаганини айтган эркак жамғармадаги қоида ёки назорат жуда кам, жазоланмаслик маданиятини таърифлаб берди.

Унинг айтишича, контрактчиларга аниқ тартиб-қоида ёки фаолият юритиш стандарти берилмаган. Ва раҳбарлардан бири шундай деб айтган: "агар таҳдидни ҳис қилсанг, от, ўлдириш учун от. Саволларни кейинга қўй!"

Контрактчи сўзларига кўра, компаниядаги маданият шундай бўлган: "Биз қонун-қоида бўлмаган Ғазога бораяпмиз. Билганингни қил".

"Агар фаластинлик ёрдам жойидан узоқлашаётган бўлса ва унинг бирор бир душманона нияти кўзга ташланмаётган бўлса, шунга қарамасдан, биз огоҳлантириш ўқларини узаётган бўлсак, биз ноҳақмиз, биз жиноий совуққон одамлармиз", деди собиқ контрактчи Би-би-сига.

Унинг айтишича, ҳар бир ёрдам тарқатиш жойида атрофни кузатиб туриш учун кузатув камералари ўрнатилган ва GHFнинг ўзига тегишли жойда ҳеч ким шикастланмади ва отилмади деб туриб олгани "юзингга қараб айтилаётган ёлғондир".

Би-би-сига тақдим қилинган видеодаги ўқ овозларини GHF Исроил қуролли кучларининг отишмалари дейди.

Собиқ контрактчи айтишича, раҳбарлардан бири ғазоликларни "зомбилар галаси" деб таърифлаган, бу билан у "бу одамларнинг инсонлик қадри йўқ"лигини кўрсатган.

Озиқ-овқат олиш учун борган фаластинликлар бошқа шаклларда ҳам жароҳат олдилар, дейди собиқ контрактчи. Мисол учун, оломонни тарқатиш учун отилган шовқин гранатасининг парчаси келиб тегиши, фалаж қиладиган газ сепилиши ёки катта оломон суриб бориб тиканли сим тўрга уриши оқибатида.

Собиқ контрактчи фаластинликлар жиддий яраланганининг бир неча марта гувоҳи бўлганини айтди. Бир ҳолатда бир эркакнинг юзига бир газ баллони тўлиқ сачратилган. Бошқа бир ҳолатда шовқин гранатасининг парчаси бир аёлга теккан.

"Метал парчаси бориб бошига тегди, аёл ерга йиқилди. Қимирламай қолди. Кейин нима бўлганини билмайман. Тирик қолдими ёки йўқ. Ўз кўзим билан кўрганим у ҳушсиз, мутлақо ҳаракат қилмас эди", деди собиқ контрактчи.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Шу ҳафта бошида жаҳондаги 170 хайрия ва ноҳукумат ташкилотлари GHFни ёпиш чақириғи билан чиқдилар. Oxfam ва Save the Children ташкилотлари айтишича, Исроил кучлари ва қуролли гуруҳлар озиқ-овқат излаб келган фаластинликлрга қарши "мунтазам" ўқ узаяптилар.

Исроил ўз аскарлари кўмак қабул қилувчиларга қарши атайин ўт очаётганларини рад этади, GHF тизими ёрдамларни Ҳамас аралашувисиз тўғридан-тўғри муҳтожларга тарқатади дейди.

GHF, беш ҳафта мобайнида 52 миллион озиқ-овқат тарқатдик, дейди ва бошқа ташкилотлар "ўзларининг ёрдамлари талон-тарож қилиниши олдида бунга қарши ҳеч нарса қилолмай туриб қолдилар" дейди.

2023 йил 7 октябрида Ҳамас Исроилга ҳужум қилиб 1200 кишини ўлдиргани ва 251 инсонни гаровга олганига жавобан Исроил ҳарбийлари Ғазода ҳарбий амалиёт бошлади.

Ғазодаги Ҳамас бошқарувидаги соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, шу вақтгача Ғазода камида 57130 инсон ҳалок бўлди.

3 июн. Исроил зарбаси Ғазодаги Индонезия шифохонаси раҳбарини ўлдирди

Доктор Марван Султон

Сурат манбаси, Ғазо Соғликни сақлаш вазирлиги

Сурат тагсўзи, Доктор Марван Султон Ғазо шимолидаги Индонезия шифохонаси директори эди

Исроил ҳаво зарбаси оқибатида Ғазодаги Индонезия шифохонаси директори Доктор Марван Султон ва оиласи аъзолари ҳалок бўлди.

2 июндан 3 июнга ўтар кечаси Исроил ҳарбий учоғи доктор Султон истиқомат қилган Ғазо шаҳрининг жануби-ғарбидаги Тал ал-Ҳаво деган жойдаги квартирасига зарба берган.

Исроил ҳарбийлари Ғазо шаҳрида Ҳамаснинг "муҳим террорчиси"га зарба бердик, деди, ҳужум оқибатида "аралашмаган тинч фуқаролар" шикастлангани ни қайта кўриб чиқаётганини даъво қилди.

Қариндоши Аҳмад Султоннинг Би-би-сига айтишича, чоршанба тунида портлаш овозини эшитганларидан кейин доктор Султоннинг квартирасига чиққанлар.

"Мен Марванни, хотинини, қизларини, куёви Муҳаммадни шаҳид ҳолларида топдим", деди Аҳмад Султон.

Айни пайтда ахборот агентликлари Ғазо бўлгасининг бир неча жойига ҳужумлар бўлгани, шулардан бири Ал-Мавасий "хавфсиз ҳудуди" деб эълон қилинган ҳудудга қилинган ҳужумда камида беш инсон ҳалок бўлгани, бошқалар, шу жумладан, болалар ҳам жароҳатлангани хабар қилинди.

Ҳамас раҳбарлигидаги Ғазо Соғликни сақлаш вазирлиги доктор Марван Султон медицинада узоқ йиллик тажрибага эга шифокор бўлганини айтади, "бизнинг тиббий кадрларимизга қарши қилинган ушбу жирканч жиноятни қоралаймиз", деб баёнот берди.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Бундан олдин доктор Султон раҳбарлик қилган Индонезия шифохонаси ўз фаолиятини тўхтатишини эълон қилган, бунга БМТ таърифича, шифохонага "Исроилнинг такрор ҳужумлари ва биноларига шикаст етгани" сабаб бўлган эди.

Исроил ҳарбийлари ушбу ҳудудда "террорчи инфратузилма жойларида" жанг қилаётганини айтади.

БМТга кўра, ҳозирга келиб Ғазо шимолида фаолият юритаётган бирорта ҳам шифохона қолмаган.

Ўз баёнотида Исроил Мудофаа кучлари "аралашмаган шахсларга етказилган ҳар қандай шикастдан афсусда"лигини ва "шикастни имкони борича камайтириш учун амалиёт" қилаётганини айтди.

Исроил Мудофаа кучлари Ҳамас "ўзининг террорчилик амалиётида тинч фуқаро инфратузилмаларидан ва тинч аҳолидан инсоний қалқон сифатида фойдаланиш билан халқаро қонунларни мунтазам бузаяпти" дейди.

Бироқ доктор Марван Султоннинг қизи Лубна Султоннинг айтишича, "F-16 ракетаси айнан унинг хонасини, айнан турган жойини, тўғри унинг ўзини нишонга олган".

"Ракета билан урилган унинг хонасидан бошқа ҳамма хоналар жойида турипти. Мен отам шаҳид кетди", деди қизи Лубна Султон Associated Press ахборот агентлигига.

Қизи айтишича, отаси бирор бир ҳаракатга қўшилмаган, "у бутун уруш давомида фақат даволаётган беморларидан қўрқарди".

Ғазо тиббиёт расмийлари хабар қилишича, 2 июн туш пайтигача, охирги 24 соат мобайнида камида 139 инсон ҳалок бўлган.

2 июн. Трамп: Исроил Ғазода 60 кунлик оташкесим шартларига рози бўлди - уруш қачон тугайди?

Ғазо

Сурат манбаси, Reuters

АҚШ президенти Доналд Трампнинг айтишича, Исроил Ғазода 60 кунлик оташкесимни амалга ошириш учун "зарур шартларга" розилик берган.

Трамп Truth Social сайтидаги баёнотида, таклиф этилаётган оташкесим давомида АҚШ "барча томонлар билан урушни тугатиш учун ҳамкорлик қилади", деган. У оташкесим шартлари ҳақида батафсил маълумот бермаган.

"Тинчликка эришиш учун қаттиқ меҳнат қилган Қатар ва Миср ушбу якуний таклифни етказишади. Умид қиламан... Ҳамас бу келишувни қабул қилади, чунки бундан яхшироқ шарт бўлмайди — ФАҚАТ БАДТАРЛАШАДИ", деб ёзган Трамп.

Исроил ҳукуматидан бу келишув шартларига рози бўлингани тўғрисида ҳали расмий тасдиқ йўқ, Ҳамас ҳам унга дарҳол изоҳ бермади.

Бироқ Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар Х ижтимоий тармоғида ҳукуматда кўпчилик "гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишув" тарафдори эканлиги ва бу имконият "қўлдан бой берилмаслиги керак"лигини ёзди.

Трампнинг баёноти келаси ҳафта Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу билан режалаштирилган учрашув олдидан янгради. АҚШ президенти бу учрашувда "жуда қатъий" бўлишини айтган.

Сешанба куни Трамп Нетаняҳунинг Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларни тугатишни хоҳлашини таъкидлади.

Reuters
Tinchlikka erishish uchun qattiq mehnat qilgan Qatar va Misr yakuniy taklifni yetkazishadi. Umid qilaman... Hamas bu kelishuvni qabul qiladi, chunki bundan yaxshirog'i bo'lmaydi.
Donald Tramp
AQSh prezidenti (Batafsil: bbc.com/uzbek)

"У хоҳлаяпти. Сизга ишонч билан айтаман — у хоҳлаяпти. Менимча, келаси ҳафта келишувга эришамиз", деди Трамп.

Сешанба куни Исроилнинг стратегик ишлар вазири Рон Дермер Вашингтонда АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткоф, давлат котиби Марко Рубио ва вице-президент Жей Ди Вэнс билан учрашиши керак эди.

Олдинроқ Исроилнинг БМТдаги элчиси Дэнни Данон BBCга берган интервюсида Исроил "мутлақо" оташкесимга тайёр эканини айтди.

BBC News телеканалида сўзлаган Данон, Ҳамас "оёқ тираб туриб олган"ни таъкидлади.

"Биз Ҳамасга босим ўтказяпмиз. Агар улар музокараларга кўнмаса, гаровдагиларни қайтаришнинг ягона йўли — ҳарбий босимни кучайтириш бўлади", деди у.

"Гаровдагилар уйга қайтгандагина уруш тугайди", — дея қўшимча қилди Данон.

Ҳозирда тахминан 50 нафар исроиллик гаровда қолмоқда, уларнинг камида 20 нафари тирик экани тахмин қилинмоқда.

Ўтган ҳафта Ҳамаснинг юқори мартабали расмийси BBCга, воситачилар Ғазода янги оташкесим ва гаровдагиларни озод қилиш бўйича музокараларни жонлантирганини, бироқ Исроил билан музокаралар боши берк кўчага кири қолганини айтганди.

Исроил, уруш фақат Ҳамас тўлиқ йўқ қилинганидан сўнг тугаши мумкин, демоқда. Ҳамас эса узоқ вақтдан бери доимий оташкесим ва Исроилнинг Ғазодан тўлиқ чиқиб кетишини талаб қилиб келади.

Трампнинг бу баёноти Исроил шимолий Ғазода эвакуация буйруғини бериб, ҳарбий ҳаракатларни кучайтириш арафасида янгради. Дүшанба куни Ғазо шаҳрида денгиз бўйидаги кафега қилинган ҳаво ҳужуми оқибатида камида 20 фаластинлик ҳалок бўлгани хабар қилинди.

Шу ҳафта Исроил ҳарбийлари АҚШ ва Исроил қўлловидаги Ғазо Гуманитар Жамғармаси (GHF) томонидан ташкил этилган ёрдам тарқатиш марказларига яқинлашган фуқароларга "зарар етгани" ҳақидаги хабарларни ўрганаётганини маълум қилди.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 28 июн ҳолатига кўра, GHF ёрдам нуқталарига боришга уринган 408 киши ҳалок бўлган.

170 дан ортиқ хайрия ва нодавлат ташкилотлар ушбу баҳсли ташкилотни ёпишни талаб қилмоқда. Oxfam ва Save the Children каби ташкилотлар Исроил кучлари ёрдам излаётган фаластинликларга "мунтазам равишда" ўқ узишини айтишмоқда.

Исроил бу айбловларни рад этади ва ташкилотни ёрдам тарқатишда Ҳамас аралашувини чеклашда зарур, деб ҳисоблайди.

Март ойида аввалги оташкесим келишуви Исроилнинг янги ҳаво ҳужумлари сабабли бузилган эди. Исроил ҳарбийлари буни "Ҳамас террорчилик ҳужумларини амалга оширишга, куч тўплашга ва қуролланишга тайёрланаётгани"га асосланган "профилактик ҳужумлар" деб атаган.

19 январь куни бошланган аввалги оташкесим келишуви уч босқичдан иборат бўлиши керак эди, бироқ фақат биринчи босқич амалга ошган.

Иккинчи босқич доимий оташкесимни ўрнатиш, Ғазодаги тирик гаровдагиларни Исроилдаги фаластинлик маҳкумларга алмаштириш ва Исроил қўшинларининг Ғазодан тўлиқ чиқишини ўз ичига олган эди.

30 июн: Исроил ҳаво ҳужумлари Ғазода юзлаб оилаларни кўчишга мажбур қилди – уруш якунига етиб қолдими?

qochqinlar

Сурат манбаси, Reuters

Исроил Ғазо сектори бўйлаб янги ҳаво ҳужумлари амалга оширди. Гувоҳларнинг айтишича, бу ҳужумлар юзлаб фаластинлик оилаларнинг оммавий кўчишига олиб келди.

Маҳаллий хабарларга кўра, қутқарув гуруҳлари беш нафар қурбоннинг жасадини топишди, ўнлаб яраланган фуқаролар эса Ғазо шаҳридаги Ал-Аҳли шифохонасига етказилди.

Бу бомбардимон март ойида уруш қайта бошланганидан бери эълон қилинган энг йирик эвакуация буйруқларидан сўнг амалга оширилди.

Ҳодисалар Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳуга оташкесим келишувига эришиш учун босимлар кучайиб бораётган бир вақтда юз берди.

Ғазо шаҳридаги аҳоли вакилларининг таъкидлашича, Исроил ҳаво ҳужумлари шаҳарнинг аҳоли зич жойлашган шарқий маҳаллалари – Шужоия, Туффаҳ ва Зайтунни нишонга олган.

Фаоллар томонидан ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган видеоларда тунги осмонни акс эттирувчи хаос ва портлашлар тасвирлари ва ортидан ёнғин ва осмонга қалин тутун ўрлаган манзаралар акс этган.

Хабар қилинишича, Зайтундаги мактаблардан бири, кўчирилган оилаларга вақтинчалик бошпана сифатида хизмат қилаётган жой, ҳужум натижасида зарарланган.

Anadolu via Getty Images
Biz bor-budimizni ortda qoldirib chiqishga majbur bo‘ldik. Bu yettinchi marta ko‘chishimiz. Biz yana ovqatsiz va suvsiz ko‘chada qoldik. Bolalarim och. O‘lim shu holatdan afzaldek.
Abir Talba
Zaytundan qochqan ona (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Беш нафар киши Ғазо шаҳрининг ғарбидаги Аш-Шати қочоқлар лагерига қилинган ҳужум пайтида ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Исроил мудофаа кучлари (IDF) ҳужумлар кутилаётган бир пайтда шимолий Ғазонинг катта қисмини тарк этиш буйруғини берган эди. Аммо кўпчилик тунда Исроил армияси кўрсатмасидагидек жанубга эмас, шаҳар четидаги ғарб томонга ҳаракатланишди.

"Биз бор-будимизни ортда қолдириб чиқишга мажбур бўлдик," деди Зайтундан қочган етти нафар фарзанднинг онаси, Абир Талба.

"Араб тилида ёзилган аудио қўнғироқлар келди — унда биз жанг ҳудудида эканлигимиз ва зудлик билан чиқишимиз шартлиги айтилганди.

"Бу еттинчи марта кўчишимиз," дейди у. "Биз яна овқатсиз ва сувсиз кўчада қолдик. Болаларим оч. Ўлим шу ҳолатдан афзалдек туюляпти".

Инсоний инқироз чуқурлашиб бораётган манзарада, кузатувчилар эвакуация буйруқлари ва давомли ҳаво ҳужумлари Исроилнинг Ғазога қуруқликдаги ҳужумни кенгайтириш режасининг бир қисми бўлиши мумкинлигидан хавотир ортмоқда.

Шу билан бирга, Исроил матбуотида айрим генераллар Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлар ўз мақсадига деярли етгани борасидаги хулосага яқинлиги ҳақида тахминлар ҳам мавжуд.

Бу каби фикрни айрим собиқ армия раҳбарлари ҳам қўллаб қувватламоқда. Улар Ғазодаги ҳарбий амалиётларнинг пароканда ва партизан услубидаги урушга айланиб кетиши кўпроқ талафотларга — асирлар, фуқаролар ва аскарлар ўлимига — олиб келиши мумкинлигидан хавотирда.

Исроил бош вазирининг кейинги қадамлари катта эътибор билан кузатилмоқда. Бенямин Нетаняҳу урушни давом эттириш ва Ҳамасни мағлуб этиш тарафдори бўлган бўлса-да. Бироқ у ҳозир маҳаллий ва халқаро даражада янги оташкесим келишувига эришиш учун яна каттароқ босим остида қолмоқда.

26 июн: "Ўлим тузоғи": Исроил ёрдам кутаётган ўнлаб ғазоликни отиб ўлдиргани айтилмоқда, Ҳамас Исроил билан музокаралар тўхтаб қолганини билдирди

Исроил хаво ҳужумида ҳалок бўлган фаластинликларнинг дафн маросими

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Исроил хаво ҳужумида ҳалок бўлган фаластинликларнинг дафн маросими

Ёрдам кутаётган камида 46 ғазолик Исроил ўқидан ҳалок бўлгани хабар қилинди. Ҳамас воситачилар оташкесим ва гаровдагиларни озод қилиш бўйича янги сулҳни тезлаштиришга ҳаракат қилаётганини, аммо Исроил томони билан музокаралар тўхтаб қолганини айтди.

Қутқарувчилар ва шифохоналар маълумотига кўра, Ғазонинг марказий ва жанубий ҳудудларида ёрдам кутаётган камида 46 киши Исроил ҳарбийларининг отишмалари оқибатида ҳалок бўлди.

БМТ агентликлари АҚШ ва Исроил қўллаб-қувватлаётган озиқ-овқат тарқатиш тизимини қоралаб чиқди. Бир расмий уни "жирканч" ва "ўлим тузоғи" деб атади.

Алоқадор мавзулар:

Бундай ҳалокатли воқеалар сўнгги пайтларда деярли ҳар куни рўй бермоқда, аммо Исроил Эронга ҳужум қилганидан бери, Ғазодан ташқарида унга катта эътибор берилмаяпти.

Сўнгги ҳалокатларни ҳисобга олмаган ҳолда, БМТ маълумотларига кўра, май ойи охирида иш бошлаган Ғазо гуманитар жамғармаси (GHF) фаолияти давомида Исроил ўқи ёки портлатишларидан 410 дан зиёд фаластинлик ҳалок бўлган.

"Нега болаларимизнинг ҳаёти шунча арзон кўринади?" – дейди марказий Ғазода оч қолган оиласи учун озиқ-овқат олишга кетганидан кейин отиб жароҳатланган ўғли ҳақида гапирган Умм Раид ан-Нуаизи.

"Ўғлим ўзи ва ука-сингиллари ейиши учун ун олишга кетганди, энди у жонлантириш бўлимида ётибди", дейди у.

Yordam

Сурат манбаси, AFP

Нусайратдаги "Ал-Авда" шифохонасида олинган видеода яраланган, оғриқдан дод солаётган ва қонга ботган ёш йигитлар ташиб келинаётгани акс этган. Тез орада барча ётоқлар тўлиб кетган, жароҳатланганлар ерда ётарди.

Бир қария ўлик ҳолда олиб келинган, унинг бева қолган хотини эса юзини силаб йиғларди.

Шифохона расмийлари ва Ҳамас назоратидаги Фуқаро ҳимоя агентлиги камида 21 киши ҳалок бўлгани ва 150 нафар яраланганини маълум қилди.

Гувоҳларнинг айтишича, минглаб одамлар GHF бошқараётган, Исроил ҳарбий зонасида жойлашган маскан яқинида йиғилган пайтда ҳарбийлар ўт очган.

Ёрдам

Сурат манбаси, Reuters

Исроил мудофаа кучлари "Нетзарим коридори"даги аскарлар яқинида одамлар тўплангани қайд этилганини айтди.

"Исроил армияси ўқи натижасида жароҳатланганлар тўғрисида хабарлар олдик. Бу ҳолат ўрганилмоқда", дейилади баёнотда.

GHF эса "бу тонгда бизнинг ҳеч қайси объектимиз яқинида ҳеч қандай ҳодиса юз бермаган" деди.

Тез ёрдам ва қутқарув хизматлари GHF бошқарадиган Жанубий Ғазодаги бошқа бир маскан яқинида сешанба тонгида ҳам камида 25 киши ҳалок бўлганини айтди.

Бир гувоҳнинг BBC га айтишича, у соат 05:00 да Рафаҳнинг шимолидаги масканга борган, аммо 10:00 да очилиши керак бўлган объект яқинига Исроил танклари келиб, ҳеч қандай огоҳлантиришсиз ўт очган.

"Ўқлар фуқароларга қаратилган эди, атроф қонга ботди", деди Ҳатем Абу Ржиле.

"Атрофимиздаги ҳамма яраланди. Эҳтимол, 30 нафардан ортиқ киши жароҳат олган ва уларни ҳеч ким қутқара олмади. Биз фақат қариндошимизни олиб чиқдик".

Reuters
Yangi tashkil etilgan, go‘yoki 'mexanizm' – umidsiz insonlarni xorlovchi jirkanchlik. Bu – hayotlarni saqlab qolishdan ko‘ra, ularni yo‘q qilishga qaratilgan o‘lim tuzog‘idir.
Filipp Lazzarini
BMT falastinlik qochqinlarga bo‘yicha agentligi rahbari (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Исроил армиясининг BBCга берган жавобида: "тарқатилаётган хабарларга қарамасдан, Исроил мудофаа кучлари Рафаҳдаги ёрдам тарқатиш масканида ҳеч қандай воқеадан хабардор эмас", деди.

Исроил бир ой аввал Ғазога қарши тўлиқ блокадани енгиллаштирган ва шундан сўнг GHF фаолият бошлаган. Ташкилот шу кунга қадар 41 миллион овқат тарқатганини айтмоқда.

GHF расман хусусий ташкилот сифатида қайд этилган бўлса-да, унинг маблағ манбалари ноаниқ ва у АҚШ ҳамда Исроил томонидан қўллаб-қувватланади. Қуролланган хусусий хавфсизлик компаниялари орқали фаолият юритади.

БМТ ва йирик ёрдам ташкилотлари бу фонд билан ҳамкорлик қилишдан бош тортган. Улар GHF'ни Исроилнинг Ҳамасга қарши 20 ойлик урушида инсонпарварлик тамойилларига зид ҳаракатларда айбламоқда.

Охирги воқеалар манзарасида Женевада БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича расмийси Томин ал-Хитан матбуот анжумани ўтказиб, мазкур тизимни қоралади:

"Исроилнинг ҳарбийлаштирилган ёрдам механизми халқаро ёрдам тарқатиш стандартларига зид", деди у.

"Фуқаролар учун мўлжалланган озиқ-овқатни қуролга айлантириш ҳамда ҳаёт учун зарурий жойларга киришни чеклаш ёки тўсиш — бу ҳарбий жиноят ҳисобланади".

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Ушбу ҳолатни жиноят деб баҳолаш суд ваколатида эканини қўшимча қилди.

Берлинда журналистлар билан суҳбатда БМТнинг Фаластинлик қочқинларга бўйича агентлиги (UNRWA) раҳбари Филипп Лаззарини шундай деди:

"Янги ташкил этилган, гўёки 'механизм' – умидсиз инсонларни хорловчи ва камситувчи жирканчлик. Бу – ҳаётларни сақлаб қолишдан уларни йўқ қилишга қаратилган ўлим тузоғидир".

БМТнинг сўнгги танқидларига жавоб сифатида Исроил армияси BBCга шундай деди: "Исроил мудофаа кучлари GHFга Ғазо аҳолисига ёрдам тарқатишда мустақил фаолият юритишга рухсат беради ва бу жараённинг хавфсиз ҳамда барқарор бўлиши учун халқаро қонунлар асосида ҳаракат қилмоқда".

Ғазода ҳалок бўлган Исроил аскарининг дафн маросими

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ғазода ҳалок бўлган Исроил аскарининг дафн маросими

Ҳамас: Воситачилар оташкесим сайъ-ҳаракатларини кучайтирмоқда, аммо Исроил…

Ҳамаснинг юқори мартабали расмийсининг BBCга маълум қилишича, воситачи мамлакатлар Ғазода янги оташкесим ва гаровдаги шахсларни озод қилиш бўйича келишув тузиш учун саъй-ҳаракатларини кучайтирмоқда. Бироқ Исроил билан музокаралар тўхтаб қолган.

Бу изоҳлар АҚШ президенти Дональд Трамп сешанба куни Исроил ва Эрон ўртасидаги 12 кунлик уруш якунланганидан сўнг "катта илгарилаш" қайд этилганини билдирганидан кейин янгради. Трампнинг айтишича, унинг вакили Стив Уиткофф Исроил ва Ҳамас ўртасидаги келишув "жуда яқин" эканини билдирган.

Исроил армияси Ҳамас томонидан амалга оширилган ҳужум оқибатида сешанба куни етти нафар ҳарбий ўлганини маълум қилди.

"Ғазо бўйича катта ўсиш кузатиляпти, деб ўйлайман. Бу бизнинг ҳужумимиз туфайли, деб ҳисоблайман", деди Трамп чоршанба куни Брюсселда журналистлар билан суҳбатда. У шу ҳафта охирида Эрон-Исроил зиддияти давомида АҚШ Эрон ядровий объектларига берган ҳаво зарбасини назарда тутди.

"Яхши янгиликларга эшитишимиз мумкин. Мен Стив Уиткофф билан гаплашдим... у Ғазо келишуви жуда яқинлигини айтди", деган у.

Трамп чиқишидан кўп ўтмай, Ҳамаснинг юқори даражали расмийси BBCга шундай деди:

"Воситачилар оташкесим келишувига эришиш учун жадал мулоқотлар олиб бормоқда".

Бироқ у шундан қўшимча қилди: "Биз ҳозирча ҳеч қандай янги таклиф олмадик".

Шунингдек, исроиллик расмий "Ҳаарец" газетасига музокараларда ҳеч қандай илгарилаш бўлмаганини ва асосий келишмовчиликлар ҳал этилмаганини айтган.

АҚШ, Қатар ва Мисрнинг музокараларини олиб бориш ҳаракатлари май ойи охирида тўхтаб қолган эди. Ўшанда Стив Уиткофф Ҳамас АҚШ томонидан таклиф этилган, Исроил қўллаб-қувватлаган 60 кунлик оташкесим лойиҳасига "қатъиян қабул қилиб бўлмайдиган" ўзгартиришлар киритишга уринганини айтган.

Бу режага кўра, уруш давомида гаровга олинган исроиллик шахсларнинг ярми (тирик ва ҳалок бўлганлардан) озод қилиниши керак эди.

Исроил 18 март куни Ғазода ҳарбий амалиётларини қайта бошлади ва икки ойлик сулҳга барҳам берди. Ҳукумат Ҳамасни гаровдагиларни озод қилишга мажбурлаш учун бундай босим қўлланганини айтган. Ҳозирда Ғазода ҳануз 50 нафар гаровдаги шахс бор, улардан 20 нафари тирик, деб ҳисобланмоқда.