"Мафияча таҳдид усули": АҚШ БМТ расмийсига санкция қўллади, Франческа Албанезе Исроилнинг Ғазодаги ҳужумларини қоралаганди. Видео

Francesca Albanese

Сурат манбаси, Reuters

    • Author, Том Бэтмен
    • Role, BBC News
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Трамп маъмурияти Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий жиноятлари очиқ танқидчиси, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши махсус маърузачиси Франческа Албанезега санкция жорий қилди. Албанезе хоним ушбу санкцияларни "мафияча таҳдид усули" деди ва йўлидан қайтмаслигини таъкидлади.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио ушбу қадамни Албанезенинг Халқаро жиноят судига (ХЖС) кўрсатган қўллаб-қувватлови билан боғлади. АҚШ аввалроқ ушбу суднинг бир неча ҳакамларига ҳам санкция қўллаган эди.

Рубионинг айтишича, Албанезе америкалик ва исроиллик фуқароларга қарши жиноят иши қўзғатиш ҳаракатларида ХЖС билан тўғридан тўғри алоқада бўлган. У БМТ махсус маърузачиси бу ҳаракатлари билан вазифасини бажаришга нолойиқлигини кўрсатди, деган.

Санкциялар Албанезенинг АҚШга саёҳат қилишини чеклаб қўяди ва мамлакатдаги мулкларини музлатиши мумкин.

Алоқадор мавзулар:

X ижтимоий тармоғидаги баёнотида Албанезе санкцияларни тилга олмаган ҳолда шундай ёзди: "Бугун мен ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ қатъият ва ишонч билан адолат тарафида тураман, ҳар доим шундай қилганман".

Италияда туғилган Албанезе ХЖСни қўллаб-қувватлаган постини қайта улашди. Унда у судни ташкил этган давлатдан эканини, у ерда адвокат ва судялар адолатни катта баҳо эвазига, керак бўлса жонларини фидо қилган ҳолда ҳимоя қилганини таъкидлаган.

"Мен шу анъанани шараф билан давом эттириш ниятидаман", – дея қўшимча қилди у.

Албанезе BBC'га изоҳ беришдан бош тортди, бироқ Al Jazeera нашрига берган муносабатида, у санкцияларни "мафияча таҳдид усули" деб атаган.

Бу Трамп маъмурияти ХЖСга қарши олиб бораётган кампаниясининг навбатдаги қадамидир. Аввалроқ АҚШ суднинг тўрт ҳакамига санкция жорий қилган эди.

АҚШ бу ҳаракатларни ХЖС ўтган йили Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу ва ўша пайтдаги мудофаа вазири Йоав Галлантга Ғазода жиноят содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордери берганидан сўнг амалга оширди. Исроил бу айбловларни рад этмоқда.

Рубио, шунингдек, Албанезени " антисемитизмни ёйишда ор қилмаслик, терроризмни қўллаб-қувватлаганлик ва АҚШ, Исроил ҳамда Ғарбга нисбатан очиқча нафрат" билдирганликда айблади.

Санкцияга оид бу қарор Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий амалиётидан жабрланган тинч аҳоли учун жавобгарлик талаб қилувчи фаоллар орасида кучли танқидларга сабаб бўлиши мумкин.

Махсус маърузачи анчадан бери Ғарб давлатлари ишғол қилинган Фаластин ҳудудларида фаластинликларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда етарли ҳаракат қилмаётганини таъкидлаб келади.

EPA
Bu sanksiyalar mafiyacha tahdid usuli. Bugun men har qachongidan ham ko‘proq qat’iyat va ishonch bilan adolat tarafida turaman, har doim shunday qilganman.
Francheska Albaneze
BMTning Inson huquqlari bo‘yicha kengashi maxsus ma’ruzachisi (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Унинг очиқ баёнотлари Исроил ва АҚШ раҳбарларини ўз сиёсатларини танқид қилганларга қарши антисемитизм айбловларини "қурол" сифатида қўллаётганликда айблаётганлар орасида кенг қўллаб-қувватловга сазовор бўлди.

Танқидчилар эса Албанезенинг аввалги баёнотларини эслаб ўтишди. Жумладан, у 2014 йилда "яҳудий лоббиси" АҚШ ҳукумати қарорларига таъсир қилмоқда, деганди. Кейинчалик у бу гапидан афсусланганини билдирган, бироқ бу гап антисемитизм эмаслигини айтган.

Amnesty International раҳбари ва БМТнинг собиқ махсус маърузачиси Агнес Калламар Албанезега қарши санкция қароридан қаттиқ ташвишланганини билдирди.

"Бутун дунё ҳукуматлари ва қонун устуворлиги ҳамда халқаро ҳуқуққа ишонувчи барча томонлар Франческа Албанезега қарши санкцияларнинг таъсирини юмшатиш ва уларни тўхтатиш учун барча имкониятлардан фойдаланиши керак", – деди у.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Рубионинг айтишича, Албанезе бир нечта америкалик компанияларга "таҳдид мазмунидаги хатлар" юбориб, асоссиз айбловлар билдирган ва уларга қарши ХЖС жиноий иш қўзғатиши кераклигини тавсия қилган.

"Биз миллий манфаатларимиз ва суверенитетимизни таҳдид остига қўядиган сиёсий ва иқтисодий урушлар кампаниясига тоқат қилмаймиз", – деди у.

Шу ой бошида Албанезе ўнлаб трансмиллий компанияларни Исроил билан ишламасликаа чақирди. Уларни Ғазо ва ишғол остидаги Ғарбий соҳилдаги уруш жиноятларига шерик бўлиб қолишдан огоҳлантирди.

Унинг айтишича, бу ширкатлар "Исроилнинг ноқонуний ишғол, апартеид ва ҳозирги пайтда геноцид иқтисоди орқали бойишга эришган". Исроил унинг ҳисоботини "асоссиз" деб баҳолади ва "тарихнинг чиқинди қутисига ташланади", деди.

Франческа Албанезе феврал ойида Доналд Трамп Ғазо сектори устидан назоратни қўлга олиб, у ердаги аҳолини бошқа жойларга кўчириш режасини эълон қилганида ҳам танқид қилган эди.

"Бу – ноқонуний, маънавий жиҳатдан қабул қилиб бўлмас ва... мутлақо масъулиятсиз қарор, чунки у минтақавий инқирозни янада кучайтиради", – деган эди у февраль ойида.

Санкциялар ҳақидаги эълон айнан шу кунларда, яъни Бенямин Нетаняҳу Вашингтонда бўлиб турган бир пайтда эълон қилинганига эътибор қаратилмоқда. Чоршанба куни у Пентагонда тантанали маросим билан кутиб олинган.

Албанезе бунга ўхшаш айбловларни аввал ҳам рад этган ва BBC'га октябр ойида шундай деганди:

"Мен бундай баёнотлар ва улардаги туҳматга жиддий қарайман, бироқ шу билан бирга, бу мен ҳақимда эмаслигини биламан. Мендан олдинги ҳамкасбларим ҳам бу улар ҳақида эмаслигини билишган. Шунингдек, (антисемитизм айбловларини қўйган) давлатлар халқаро ҳуқуққа риоя қилиш борасида ҳеч нарса қилмаганини ҳам яхши биламан".

Унинг идорасидан бу борада изоҳ сўралди.

Халқаро Жиноят Судига асос солган Рим статутига 125 давлат аъзо ҳисобланади. Улар суд қарорларини амалга оширишга масъул ва унинг ҳимояси остида.

АҚШ ҳамда Исроил эса ушбу суд аъзоси эмас.

АҚШ Ғазо уруши давомида Исроилга ҳарбий ёрдам кўрсатиб келмоқда ва БМТ ордерига қарамасдан, Исроил томонини қўллаб-қувватламоқда. Шу билан бирга, кўплаб Европа давлатлари суд мустақиллигини ҳурмат қилишларини билдиришган.