Халқаро суд: Исроил Ғазода геноцид ҳаракатларнинг олдини олиши шарт - Янгиликлар

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд Исроил Ғазода геноцид ҳаракатларнинг олдини олиши кераклиги борасида қарор чиқарди.
Суд қарорига кўра, Исроил - гуруҳлар аъзоларини ўлдириш, танага зарар бериш, гуруҳларни йўқ қилиш, туғилишларни чеклаш йўлида шароит яратиш каби геноцид дея баҳоланиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатларнинг олдини олиш учун барча чораларни кўриши керак.
"Исроил ўз ҳарбийлари ҳеч қандай геноцид ҳаракатлар қилмаслигини таъминлаши шарт" дейилади суд қарорида.
Ҳуқуқ соҳасидаги кўплаб мутахассислар маҳкама вақтинчалик ёки шартли чоралар кўриш бўйича Жанубий Африка республикаси (ЖАР)нинг сўровини қондиришига ишонганди.
Нидерландияда ўтган судда ЖАР Ташқи ишлар вазири Наледи Пандор ҳам қатнашди.

Маҳкамадан олдин Исроил Халқаро суд ушбу ишни рад қилишига ишончи комиллигини билдирганди.
"Биз Жанубий Африка томонидан олдинга сурилган ушбу мутлоқо абсурд ва бемаъни айбловларни олиб ташланишини кутамиз", деганди Исроил ҳукумати матбуот котиби Эйлон Леви.

Сурат манбаси, Reuters
Иш нимадан иборат?
Жанубий Африка Республикасига кўра, Исроил Ғазодаги ҳарбий кампанияси билан 1948 йил қабул қилинган Геноцид тўғрисидаги конвенцияни бузмоқда. ЖАР 29 декабр куни Халқаро жиноят судида Исроилга қарши иш очди.
Геноцид - исбот қилиш қийин бўлган жиноят ҳисобланади, чунки "геноцид нияти" шунчаки одамларни ўлдиришни назарда тутмайди.
Давлат миллий, этник, ирқий ёки диний гуруҳни буткул ёки қисман йўқ қилишни истаётганини исботлашга тўғри келади.
Жанубий Африка Республикаси Исроилнинг режалари ёки хатти-ҳаракатлари модели борлиги ҳақида далил тақдим қилиши шарт, уларни исботсиз бошқа йўллар билан тушунтириб бўлмайди.
БМТнинг олий маҳкамаси, Халқаро жиноят суди, давлатлар ўртасидаги баҳсларни тинглайди. Шу вақтгача бирорта давлат геноцид қилишда айбдор деб топилмаган.
2007 йилда маҳкама Сербия 1995 йили Босния ва Герцеговинада 8 минг мусулмон эркак ва ўғил болалар ўлдирилган Сребреция геноцидининг олдини ололмаган, деб ҳукм чиқарган.
Шартли чоралар нима?
Уларни жойларда вазият ёмонлашиб кетмаслиги учун вақтинчалик маҳкама тақиқи ёки тийиб туриш чоралари дейиш мумкин.
Кўплаб ҳуқуқшунослар ЖАР агар "ҳеч нарса" қилинмаса, ҳаёт учун ўта жиддий хавф борлигини кўрсатиш учун барча талабларни бажарганига ишонади.
Ишнинг ушбу қисми Ҳаагада 11 ва 12 январ кунлари кўриб чиқилди, Исроил иккинчи куни ўз ҳимояси учун чиқиш қилди.
ЖАР суддан Исроил Ғазодаги урушни тўхтатиши ва гуманитар ёрдамларнинг тўсиқларсиз киришига рухсат бериши ҳақида ҳукм чиқаришни сўради.

Сурат манбаси, Getty Images
Исроил-Ғазо уруши нима?
Ҳамас бошқарувчи остидаги Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Ғазода аксари аёллар ва болалардан иборат 25700 фаластинлик ўлдирилди.
Тахминан 1,7 миллион одам - аҳолининг деярли тўртдан уч қисми - ўз уйини тарк қилди.
Можаро ўтган йилнинг 7 октябрида Ҳамас жангарилари Ғазодан туриб чегара атрофидаги аҳоли масканларига ҳужум қилганидан сўнг бошланди. Ўшанда 1200 исроиллик ўлдирилди ва 240 дан ортиқ тутқун Ғазога олиб кетилди.
Жавоб тариқасида Исроил ҳаводан ҳужум бошлади ва Ғазо секторига қуруқликдан бостириб кирди.
Исроил нима деяпти?
Исроил геноцид айбловларини "қўпол тарзда бузиб кўрсатилган" дея рад этади. Ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи борлигини ҳамда Фаластин тинч аҳолисини эмас, балки Ҳамас жангариларини нишонга олаётганини таъкидлайди.

Сурат манбаси, Reuters
Халқаро жиноий суд қарори нимани ўзгартиради?
Халқаро суднинг фавқулодда чоралар кўриш ҳақидаги қарори, айнан ЖАР сўраган нарсаларни акс эттирмаслиги мумкин.
Суд Исроилга халқаро гуманитар қонунларга амал қилиш ва ёки гуманитар ёрдамларнинг тўсиқсиз киришига рухсат бериш борасида ҳам ҳукм чиқарди.
Суд қарорлари қонуний кучга эга ва аппеляцияга берилмайди, аммо маҳкамада уларни ижро эттириш қудрати йўқ.
Бу Исроил Ғазода геноцид қилгани аниқланганини англатадими?
Йўқ. Суд ишнинг моҳияти бўйича қарор қабул қилганида, гарчи у дастлабки босқичда вақтинчалик чоралар жорий қилган тақдирда ҳам у геноцид содир этилмади, деб топиши мумкин.
Маҳкама хавф борлиги ва у тўлиқ ўрганилиб чиқилмагунча ҳаммаси тўхтатилиши керак, дейиши мумкин.
Иш Халқаро судда кўриб чиқилиши ва сўнгги ҳукм чиқарилгунча йиллаб вақт керак бўлади.
Бироқ суд томонидан жорий қилинган вақтинчалик чоралар Исроил ва тарафдорларига унинг ҳаракатлари халқаро назорат остида тургани ҳақида сигнал бериши мумкин.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














