Бойлар келажакда камбағалларга қурт-қумурсқа едирмоқчими ёки бу шунчаки миш-миш?

Қумурсқа еяётган тақма тиш коллажи

Сурат манбаси, Serenity Strull / BBC / Getty Images

Ўқилиш вақти: 7 дақ

Ҳашаротлар оқсили соғлом ва барқарор. Аммо ҳозир у кенг қамровли фитна назарияси марказига тушиб қолган.

Инсоният тарихи давомида ҳашаротлар одамлар таомномасида бўлиб келган. Энтомофагия (ҳашаротларни истеъмол қилиш) ҳақидаги энг қадимги бизга маълум тасвирлардан бири милоддан аввалги 30 минг йилликка мансуб Испания шимолидаги Алтамира ғор расмлари бўлиб, уларда асалари йиғиш жараёни тасвирланган. Бугунги кунда Лотин Америкаси, Осиё ва Африкада кўплаб одамлар ҳашаротларни мунтазам истеъмол қилади. Масалан, Мексикада қайнатилган ва қовурилган чигирткалар – "чапулинес" машҳур бар газаклари ҳисобланади ва тобора кўпроқ нуфузли ресторанлар менюсидан жой олмоқда.

Бироқ ҳамма ҳам бу таомларни еявермайди. Ҳашаротлар узоқ вақтдан бери арзон, соғлом ва барқарор оқсил манбаи ҳисобланган бўлса-да, улар Америка ва Европа аҳолиси рационида деярли учрамайди.

Сўнгги йилларда бу истамаслик "глобал элиталар" оддий одамларни гўштдан воз кечиб, ҳашарот истеъмол қилишга мажбур қилаётгани ҳақидаги фитна назариялари туфайли янада кучайди. Тадқиқотчилар огоҳлантиришича, бу дезинформация иқлимга мос келадиган оқсил манбаи сифатида ҳашаротларни ўрганиш бўйича илмий тадқиқотларга соя солади ва янада барқарор озиқ-овқатларга ўтишга тўсқинлик қилиши мумкин.

Асосан Қўшма Штатлар ва Европанинг айрим ҳудудларида кенг тарқалган "Мен ҳашарот емайман" фитна назариясига кўра, "глобал элиталар" атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ниқоби остида оддий халқни ҳашаротларни истеъмол қилишга мажбур қилмоқчи, дейди дезинформация таҳлилчиси Сара Аниано.

Anti-Defamation League'нинг Экстремизм бўйича марказида бу назарияни йиллар давомида ўрганиб келаётган Анианонинг айтишича, бу фитна назарияси "Ғарб тамаддунининг ахлоқий инқирози" ҳақидаги мавжуд қўрқувларга аниқ мос келади.

Нидерландияда ўта ўнгчи "Демократия учун форум" партияси раҳбари Терри Бодет 2023 йил март ойида Европа Иттифоқига (ЕИ) қарши нутқ сўзлаб, "Йўқ!" деб қичқириб, қопчадан сариқ ун қуртларини тўкди. Кейинчалик Бодет ўша лаҳза олинган суратни Х ижтимоий тармоғига "БИЗ ҲАШАРОТ ЕМАЙМИЗ" деган изоҳ билан жойлаштирди.

Италиянинг ўта ўнгчи Lega per Salvini Premier партияси Италиянинг Конеглиано шаҳрида "Келинг, Европани ўзгартирайлик, у бизни ўзгартирмасдан бурун" сўзлари ва 2024-йилги Европа Иттифоқи сайловлари саналари ёзилган реклама тахтаси учун пул тўлади. Унда чигирткага ўхшаш ҳашаротни истеъмол қилаётган одамнинг йирик сурати ҳам жойлаштирилган бўлиб, энтомофагия анъанавий қадриятлар йўқолиши билан боғланган. Ушбу тасвирда озиқ-овқат Европа маданий қиёфаси йўқолишидан қўрқув уйғотувчи провокацион рамз вазифасини бажарган.

Қумурсқа еяётган тақма оғиз коллажи

Сурат манбаси, Serenity Strull / BBC / Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳашаротлар арзон, соғлом ва барқарор оқсил манбаларидир

2023 йилда Fox News томонидан ишдан бўшатилишидан олдин, АҚШ ток-шоуси бошловчиси Такер Карлсон ўзининг "Tucker Carlson Originals" стриминг шоусидаги сўнгги махсус кўрсатуви "Уларга ҳашарот ейишга рухсат беринг" деб номланган ярим соатлик дастур эди. Иқлимга боғлиқ озиқ-овқат сиёсатини ўрганар экан, Карлсоннинг таъкидлашича, "раҳбариятдаги шахслар" аҳоли таомномасига ҳашаротларни тиқиштирмоқда. Кўрсатувда голландиялик ўта ўнг қанот фаоли Ева Влардингербрук иштирок этиб, ҳашарот истеъмол қилишни ҳаддидан ошган ҳукуматнинг одамлар қанчалик "бўйсунишини синаши" деб атади ва чорва молларини қисқартириш таклифларига қарши фермерларнинг норозилик намойишларини қўллаб-қувватлади.

"Мен ҳашарот емайман, бу мем эди, – дейди Карлсон. – Энди у ҳаракатга айланди."

Бошқа ўнг қанот америкалик фитна назариётчилари Алекс Жонс ва Кандис Оуэнс, шунингдек, инфлюенсер Жек МакГуайр ҳам "Мен ҳашарот емайман" фитна назариясини тарқатди.

Хўш, ҳашаротларни зўрлик билан едиришларидан қўрқиш қаердан пайдо бўлди?

2020 йил баҳорида Жаҳон иқтисодий форуми – Швейцарияда ҳар йили ўтказиладиган Давос конференцияси ортида турган халқаро, нодавлат ташкилот Ковид-19 пандемияси даврида глобал тенгсизликни камайтириш ва экологик ташаббусларни илгари суриш бўйича "Буюк қайта тиклаш" ташаббусини тақдим этди. Экстремизм бўйича марказга кўра, фитна назариётчилари Давос конференцияси дунёнинг энг бадавлат одамлари Ковид-19 пандемиясидан глобалист-тоталитар режимларни қуриш учун восита сифатида фойдаланишга уринаётгани "исботи" бўлди, деб ҳисобламоқда.

"Мен ҳашарот емайман" ибораси дастлаб 4chan аноним форум сайтида 2019 йил август ойида пайдо бўлган, аммо Ковид-19 пандемияси даврида "Буюк қайта тиклаш" фитнаси билан бирлашгандан сўнг оммалашиб кетди, дейди Аниано.

2021 йилда Жаҳон иқтисодий форуми ҳашаротлар гўштга қараганда иқлим ўзгариши ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун барқарорроқ эканлигини таъкидловчи мақола эълон қилди.

"Ҳашаротлар фитнаси сўлларга овоз бериш замонавий жамият охирига бир томонлама чипта деган ғояга айланди," дейди Аниано. Унинг қўшимча қилишича, озиқ-овқат каби оддий туюлган зарурат маданият ва ўзлик белгилари билан боғлиқ.

Европа Иттифоқи 2023 йил январь ойида тўртта ҳашаротни янги озиқ-овқат сифатида маъқуллади, бу эса айрим турдаги ҳашаротларни Европа Иттифоқи бозорида ингредиент сифатида ишлатишга имкон беради. Тасдиқланган тўртта ҳашарот – уй чигирткаси, дон қўнғизи личинкалари, кўчманчи чигиртка ва ун қўнғизининг қуритилган личинкалари. Бу қарор ижтимоий тармоқларда катта шов-шувга сабаб бўлди.

Франциялик ўнг қанот сиёсатчиси Лоран Дюпломб Европа Иттифоқининг янги озиқ-овқат рухсатномасини танқид қилиб, шундай деди: "Биз французларга ўзлари бехабар ҳолда ҳашарот истеъмол қилишига йўл қўя олмаймиз." Бу ёлғон даъвога кўра, Европа Иттифоқи гўёки ҳашаротлар бошқа ингредиентлар билан аралаштирилганда аниқ белгиланишини талаб этмайди. Аслида, Европа Иттифоқи қонунчилигига кўра, маҳсулотда ҳашаротларнинг мавжудлиги унинг ёрлиғида аниқ ва равшан кўрсатилиши шарт.

Икки қўл бир-бирига қумурсқа узатяпти

Сурат манбаси, Serenity Strull / BBC / Getty Images

2025 йил январь ойида Европа комиссияси ультрабинафша нурлар билан ишлов берилган сариқ ун қурти кукунини янги озиқ-овқат сифатида тасдиқлади. Ушбу қоидаларга кўра, Европа Иттифоқи бу қуртдан нон, пишлоқ ва макарон маҳсулотларида 4% гача фойдаланишга рухсат берди, бунда у маҳсулот ингредиентлари рўйхатида аниқ кўрсатилиши талаб этилади. Шунга қарамай, Евроскептик аккаунтлар бу тасдиқлаш ва тартибга солишни қоралади. Франциянинг "Les Patriotes" миллатчи партияси асосчиси Флориан Филиппот Х тармоғидаги видеода: "Экологик телбалик туфайли улар чорвачилик билан рақобатлашиш учун бутун қитъани [Европани] заҳарлаш хавфини ўз зиммаларига олмоқда," деди. У "бизнинг нонимиз, шарбатларимиз, макарон маҳсулотларимизда 100 граммда 4 граммгача" қурт бўлиши ҳақида ёлғон даъво қилиб, Дюпломб каби нотўғри фикр билдирди: гўёки ҳокимиятдагилар иқлим ўзгаришини баҳона қилиб, ўртача европалик одамни унинг розилигисиз ҳашарот истеъмол қилишга мажбур қилмоқда.

Риторик жиҳатдан, "Мен ҳашарот емайман" ибораси буйруққа жавоб сифатида тузилганга ўхшайди, аммо бу буйруқ ҳеч қачон берилмаган, деб тушунтиради Аниано. Мемнинг самарадорлиги унинг соддалигида, айниқса, иқлим ўзгариши ва Ковид-19 пандемияси каби фавқулодда вазиятлар пайтида ҳокимият органларига ишонч борасидаги чуқур хавотирларни қўзғата олишида, дея қўшимча қилади у.

Бу дезинформацияга қарши қандай курашиш мумкин?

Фитна назариялари ҳиссий эҳтиёжни қондиради, дейди Буюк Британиянинг Бристол университети когнитив фанлар профессори Стефан Левандовский. У илм-фанни инкор этиш ва дезинформация масалаларига эътибор қаратади. Фитна назариялари дунёни тушунишга бўлган интилишдан келиб чиқади, дейди у.

Оддий одам ноаниқлик вазиятига тушар экан, айниқса, инқироз даврида, унинг турмуши қийинлашади. Тадқиқотларга кўра, фитна назариялари бетартиб воқеалардан тартибли ҳикоя тузиб беради.

Левандовский тушунтиришича, фитна назариялари олдиндан айтиб бўлмайдиган дунёда одамга назорат ҳиссини беради. Глобал ҳодисалар ортида қудратли (гарчи ёвуз ниятли бўлса-да) кучлар турганига ишониш тасодифийликни қабул қилишдан кўра кўпроқ таскин бериши мумкин, чунки бу ҳодисалар олдини олиш мумкинлигини англатади. "Ҳеч бўлмаганда, агар сиз дунёни қора кучлар гуруҳи бошқаради деб ўйласангиз, бу ёвузлар бундай қилолмаслиги мумкинлигини тасаввур қилишингиз мумкин," дейди Левандовский.

Қуритилган қумурсқа солинган идишдан биттасини олаётган қўл коллажи

Сурат манбаси, Serenity Strull / BBC / Getty Images

Анианонинг таъкидлашича, "Мен ҳашарот емайман" назарияси қўрқувни намоён этади: агар олигархлар озиқ-овқат таъминотимизни назорат қилса, улар ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасини назорат қилади. Бу ибора кўпинча "Мен тор жойда яшамайман" ибораси билан уйқашиб кетади – эркинлик ва завқ-шавқ тортиб олинган келажак ҳақидаги қоронғу, антиутопик тасаввурни уйғотади, дея қўшимча қилади Аниано.

"Мен ҳашарот емайман" фитна сифатида жозибали, чунки бу ибора "кулгили, қизиқарли ва бироз жон бор," чунки ҳашаротлар аслида истеъмол қилинадиган ва оқсилнинг яхши манбаи ҳисобланади, дейди Левандовский. Истеъмол қилинадиган ҳашаротларда кўпинча кўплаб ўсимлик ва баъзи бошқа ҳайвон оқсил манбаларига қараганда оғирлиги бўйича юқори оқсил фоизи бор. АҚШ Миллий соғлиқни сақлаш институти маълумотларига кўра, ҳашаротлар таркибидаги оқсил миқдори уларнинг қуруқ оғирлигига нисбатан 60% гача бўлиши мумкин. Масалан, чигиртка унида 46% дан 70% гача оқсил мавжуд; ёғсиз пиширилган мол гўшти таркибидаги оқсил миқдори эса 26% атрофида.

Фитна назарияларига қарши курашиш учун сунъий интеллект чатботлари

Тадқиқотлар кўрсатишича, махсус сунъий интеллект чатботлари фитна назариячиларини фикридан қайтаришда истиқболли ечим бўлиши мумкин. DebunkBot деб номланган сунъий интеллект бўйича янги тадқиқот иштирокчиларнинг камида икки ой давом этадиган уч раунд суҳбат давомида фитна назариясига бўлган ишончини сезиларли даражада камайтирди. "Сунъий интеллект чексиз сабрли, – дейди Левандовский. – ChatGPT'га Кеннедининг ўлдирилиши ҳақида қанча савол беришингиз муҳим эмас, у мамнуният ва хушмуомалалик билан жавоб беради. Инсон бундай қила олмайди." Бироқ, иқлим фитна назарияларини юмшатиш учун сунъий интеллектдан фойдаланиш ўзига хос қийинчиликларни келтириб чиқаради, чунки бу технология кўп энергия талаб қилади.

Левандовский айтишича, иқлим фитнаси назариётчилари билан курашиш қийин, чунки бунда самарали ёндашув нафақат фактларни текширишни, балки фитна эътиқодлари қондирадиган бошқа ҳиссий эҳтиёжларни ҳам ҳал қилишни талаб қилади.

"Агар сиз "Брюс амаки, ақлдан озгансиз... бу бемаъни гапларга ишонманг" десангиз, муваффақиятга эриша олмайсиз, – дейди Левандовский. – Аммо бунинг ўрнига: "Бу ишончингиз қандай вазифа бажаради? Нега бунга ишонасиз?" деб сўрашингиз мумкин."

Улар билан суҳбатлашиш қийин бўлса-да, бу атрофдагилар таслим бўлиши керак дегани эмас. Тадқиқотлар кўрсатишича, иқлим ҳақидаги нотўғри маълумотлар самарали экологик ҳаракатларга зарар етказади.

"Фитна назарияларининг алоҳида қурбонларига нисбатан ҳамдардлигим кучли бўлса-да, улар зарарсиз эмас, – дейди Левандовский. – Фитна назариялари кўнгилочар ландшафтдаги зарарсиз безаклар эмас – улар нафақат ўз қурбонлари учун, балки бутун жамият учун ҳам жиддий муаммо туғдиради."

Левандовский эътироф этишича, "Агар яқин инсонингиз фитна назариялари гирдобига тушиб қолган бўлса, Жорж Сорос дунё ҳукуматини яратмоқда ва бизни сувараклар билан озиқланишга мажбур қилмоқчи деб ўйласа, бу биз учун оғриқли ҳақиқат. Уларга ҳамдардлик кўрсатинг ва узоқ муддатли қайта тарбиялаш жараёнига жалб қилинг. Бу жараён индивидуал психологик ёрдамни ва сабр-тоқатни талаб қилади."

Нью-Йоркдаги Колумбия университети Иқлим мактабининг Инсоният учун озиқ-овқат ташаббуси директори Жессика Фанзо турли маданият ва танловларга мос келадиган озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича турли хил ечимлар мавжудлигини таъкидлайди. Унинг фикрича, муаммоларни ҳал қилиш ва илмий асосларни келтириш овқатланишимиз ҳақидаги суҳбатларни яхшилашга ёрдам беради. Шу билан бирга, ўзгаришга "мажбурлаш" ҳақидаги ҳар қандай ғоядан қочиш жуда муҳим.

Левандовскийнинг таъкидлашича, иқлим ўзгариши ва фитна назарияларига қарши курашиш қатъиятни талаб этади. "Бу биргина тушлик суҳбати давомида ҳал қилинадиган масала эмас," дейди у.