Раққос ўргимчак ДНКси улар янги турга қандай айланишини кўрсатди
- Author, Паллаб Гош
- Role, BBC
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Австралиянинг раққос ўргимчакларининг ўзига хослиги фақат уларнинг ёрқин ранглари ва чаққон ҳаракатларида эмас.
Товус ўргимчакларининг турлари 100 дан ортиқ. Солиштириш учун, кўпчилик ҳайвонларда атиги беш-ўнта тур бўлади.
Олимлар бу ҳолатни қисман ўргимчакнинг "қоронғи ДНКси" – генетик кодининг сирли қисми билан изоҳлашмоқда. Улар бу қоронғи ДНК ўзгарувчан муҳитга тез мослашиш ва янги турларнинг шаклланишига ёрдам бериши мумкин, деб тахмин қилмоқда.
Топилган маълумотлар табиатда нега турлашиш шунчалик катта эканини ҳам тушунтириб бериши мумкин.
«Биз ўргимчаклар қандай қилиб шунчалик хилма-хил турларга айланишини ўрганишга қизиқяпмиз», дейди Сэнгер институти ходими Жона Уокер Би-би-сига.
«Табиатга назар солсангиз, ўсимлик ва ҳайвон турлари жуда хилма-хил. Товус ўргимчаклари эса бу хилма-хиллик чегарасига яқин. Шунинг учун уларни ўрганиб, турлашиш жараёнини англашга ҳаракат қиляпмиз».
Turli organizmlarning DNKsini o‘rganib, biz genlar qanday ishlaydi va qorong‘i DNKning vazifasi nima ekanini anglaymiz. Bu esa o‘zimiz haqimizda ham ko‘p ma’lumot beradi.
Товус ўргимчаклари Австралия бўйлаб тарқалган бўлиб, ҳар бири игна тўғноғич бошидек келади. Улар номини эркак ўргимчаклар қорнидаги ажойиб ранглардан олган. Эркаклари шу рангларни намойиш қилиб, жуфтлашиш маросимини ўтказади.
Улар оёқлари билан барабанга ўхшаш товуш чиқаради – бир турдаги «ўргимчак қўшиғи». Ажойиб нақшли қорин қисмини кўрсатиб, ритмга солиб ҳаракат қилади. Энг ҳайратланарлиси – уларнинг ташқи кўриниши, қўшиқлари ва рақс ҳаракатлари жуда хилма-хил.
Уокер аввал ўргимчаклардан қўрқарди, аммо фанга бўлган қизиқиши сабаб қўрқувини енгди ва бу лойиҳани PhD тадқиқотининг бир қисми сифатида бошлади.
«Дўстларим ва яқинларим Австралияда ўргимчакларни ўрганишимни эшитганда, хавотир билан қарашди. Менинг ўзим ҳам иккиландим. Лекин уларнинг рақсини бир неча сония кузатиш қўрқувимни бутунлай йўқотди», дейди у.
Уокер илмий раҳбари доктор Жоана Мейер ва халқаро жамоа билан бирга топилган ҳар бир турни тўплади. Кейин улар ҳар бир турнинг хатти-ҳаракати, ҳаракатлари ва "қўшиқ"ларини синчиклаб таснифлади. Сўнг шу маълумотларни ҳар бир турнинг ДНКси билан солиштирди.

Сурат манбаси, Jonah Walker
Ҳар бир тур маълумотларини таққослаб, қайси ген қайси хусусият учун жавоб беришини ва нега товус ўргимчаклар турлари шунчалик кўплигини билишга умид қилишмоқда.
Тадқиқот ҳали давом этмоқда, аммо жамоа қўшимча изланиш учун аллақачон кучли илмий асос топган.
«Ҳали дастлабки босқичдамиз, лекин қизиқарли жиҳатлардан бири шуки, хилма-хилликка фақат генлар эмас, балки уларнинг орасидаги қисмлар, яъни 'қоронғи ДНК' ҳам таъсир қилиши мумкин», дейди Уокер.
ДНК узун молекуляр занжирдан иборат. Айрим қисмлар муайян хусусиятларни белгилайди. Масалан, одамларда бўй ёки кўз ранги. Бу қисмлар генлар деб аталади.
Бироқ ДНКнинг катта қисми ген эмас ва уларнинг вазифаси ҳали маълум эмас. Сэнгер институти олимлари шу «қоронғи ДНК» товус ўргимчаклар хилма-хиллигига сабаб бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди. Улар одамларга қараганда уч баробар кўпроқ қоронғи ДНКга эга.

Сурат манбаси, Jonah Walker
Айрим капалак ва қўнғизлар ҳам ғайриодатий даражада кўп турларга эга. Доктор Мейер аллақачон мингдан ортиқ капалак ва қўнғиз турлари ДНКсини ўқиб чиққан.
Бироқ ўргимчаклар, капалаклар ва қўнғизлар бу энг йирик генетик лойиҳалардан бирига фақат бошланиш, холос. Режага кўра, кейинги 10 йилда Ердаги ҳар бир ўсимлик, ҳайвон ва замбуруғнинг генетик коди ўқилади.
«Барча ўсимлик, ҳайвон ва замбуруғлар каби бизда ҳам ДНК жуда ўхшаш», дейди доктор Мейер Би-би-сига.
«Турли организмларнинг ДНКсини ўрганиб, биз генлар қандай ишлайди ва қоронғи ДНКнинг вазифаси нима эканини англаймиз. Бу эса ўзимиз ҳақимизда ҳам кўп маълумот беради».
Олимлар ҳозиргача Earth BioGenome лойиҳаси доирасида 3 мингдан ортиқ турнинг ДНКсини ўқишди. Мақсад – келаси йили 10 минг тур, кейинги ўн йил ичида эса барча 1,8 миллион тирик турнинг генетик кодини ўқиб чиқиш.
Олимлар олинган билимлар барча тирик мавжудотлар қандай эволюция қилгани ва улар орасидаги мураккаб ўзаро боғлиқликни мисли кўрилмаган даражада англаш имконини беришига умид қилмоқда.













