Қашшоқликдан қутулиш учун олмос қидираётган минглаб ҳиндистонликлар орзусига етяптими?

Сурат манбаси, BBC Hindi
- Author, Вишнукант Тивари
- Role, Би-би-си Ҳинд хизмати
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
“Олмос қидирмасам, ўзимни касал ҳис қиламан. Бу худди гиёҳванд модда каби”.
Пракаш Шарма, 67 ёшда, олмос ҳақида шундай иштиёқ билан гапирадики, бу иштиёқ сўнгги эллик йил давомида унинг ҳаётини белгилаб келган.
Ҳиндистоннинг Марказий Мадҳя Прадеш штатидаги олмос қидирувчиси сифатида у куннинг кўп қисмини Панна туманидаги конларда ўтказади.
Панна мамлакатнинг энг қолоқ ҳудудларидан ҳисобланиб, аҳолиси қашшоқлик, сув танқислиги ва ишсизлик билан курашиб келади. Аммо бу ер Ҳиндистоннинг аксарият олмос захиралари жойлашган ҳудуд сифатида олмос овчилари учун асосий манзил бўлиб қолмоқда.
Кўпгина конлар марказий ҳукумат томонидан бошқарилса-да, маҳаллий ҳукумат ҳар йили истиқболли кончиларга ернинг кичик қисмларини арзон нархларда ижарага беради. Туман мамлакатнинг ягона механизациялашган олмос конига эга.
Бироқ, илгари катта ва ноёб олмос топилмалари билан машҳур бўлган Панна конлари ҳозирда харобага айланган. Йиллар давомида ҳаддан ташқари кўп қазиш туфайли захиралари камайган.
Ушбу пасайишга қарамай, умидвор кончилар изланишларни давом эттирмоқда.
Улар топган олмосларини ҳукуматнинг олмос идорасига топширишлари керак бўлади, у ерда тошлар баҳоланади ва кимошди савдосида сотилади.
Роялти ва солиқ ушлаб қолингандан сўнг, тушган маблағлар кончиларга қайтарилади, бу уларнинг машаққатли меҳнатлари учун аччиқ ва ширин мукофотдир.
Жаноб Шарма олмос қазишни 1974 йилда, мактабни тугатганидан кейин, отасининг изидан бориб бошлаган. Унинг отаси ўз қишлоғида машҳур олмос қидирувчиси бўлган.
Унинг тезда омади чопган ва 6 каратлик олмос топган, бу эса 50 йил аввал катта бойлик ҳисобланарди.
Унинг айтишича, бу унда яна кўпроқ изланиш истагини уйғотган.
“Мен кам маошли давлат ишига киришдан кўра, шу ишни давом эттиришни истадим,” дейди у.

Сурат манбаси, BBC Hindi
Шарма минглаб ёш ва қари эркаклар қаторида бўлиб, улар кунларини конларда бойлик топиш ва қашшоқлик доирасидан чиқиш умидида ўтказади.
Кончилар тонгни шағалларни қазиш билан бошлайдилар. Сўнгра улар олмос излаб, шағалларни ювиб, қуритиб, элакдан ўтказадилар ва қуёш ботгунга қадар ишлайдилар. Уларнинг оилалари ёрдам келади.
Бу жисмонан машаққатли иш — лекин Панна одамлари учун бу ҳаётларининг ажралмас бир қисми, суҳбатларининг мавзуси ва яхши келажак умидларидир.
Кўпчилик учун олмос овлаш бу авлоддан авлодга ўтиб келаётган оилавий анъанага айланган.
Men maoshi kam davlat ishiga kirishdan ko‘ra, shu ishni davom ettirishni istadim. Olmos qidirmasam, o‘zimni kasal his qilaman. Bu xuddi giyohvand modda kabi.
58 ёшли Шямлал Жатав бундай оилалардан биридир. Унинг бобоси бу ишни бошлаган ва энди унинг ўғли ҳам бу ишни давом эттиради. У ўқиши билан бирга конларда ҳам вақтинча ишлайди.
Жатавнинг айтишича, бобоси кўп олмос топган, аммо ўша даврда улар кўп пулга сотилмаган.
Аммо ҳозирги вақтда бу тошлар ўнлаб миллион рупийга сотилади.
Ража Гоунд омади чопган кам сонлилардан биридир. Касбига кўра меҳнаткаш бўлган Гоунд катта қарзга ботиб турган пайтида июл ойида катта 19,22 каратлик олмос топди.
У олмосни ҳукумат кимошди савдосида тахминан 8 миллион рупийга (95 178 доллар) сотди.
Гоунднинг айтишича, у олмос топиш умиди билан ўн йилдан ортиқ вақт давомида конларни ижарага олган.

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳиндистон ҳар доим олмос саноатида муҳим рол ўйнаган. 3000 йилдан ортиқ вақт давомида у дунёнинг ягона олмос манбаи бўлган.
XVIII асрга келибгина Бразилия ва Жанубий Африкадаги топилмалар вазиятни ўзгартирган.
Аммо Паннанинг олмослар маркази сифатидаги мероси ҳануз давом этмоқда.
Туманнинг Мажгаван кони, давлат назорати остидаги Миллий Минерал Тараққиёт Корпорацияси (ММТК) томонидан бошқарилади ва мамлакатнинг ягона ташкил этилган олмос қазиб олиш манбаи ҳисобланади.
ММТК 1968 йилда қазишни бошлаган ва 2024 йилга келиб, 1,3 миллион каратдан ортиқ олмос қазиб олган.
Паннада ҳар қандай одам, яъни кам маблағ эвазига олмос қазиши мумкин, аммо кўпчилик топган олмосларини расмий йўл орқали сотишдан қочади.
Би-би-си Ҳинд хизматига бир нечта маҳаллий аҳоли ноқонуний қазиб олинган олмослар учун катта бозор борлигини айтди, аммо савдо кўламининг аниқ рақамлари номаълум.
Ўз исмини ошкор қилмаган қора бозор сотувчиси, одамлар солиқлардан қочиш ва тўловларни тезроқ олиш учун топилмаларини ноқонуний равишда сотишини айтади.
“Агар улар расмий каналлар орқали боришса, олмос кимошдида сотилгандан кейингина пуллар тўланади, бу эса баъзида йиллаб вақт олиши мумкин”, дейди у.
Панна кончилик бўлимининг ходими Рави Пателнинг айтишича, расмийлар ноқонуний савдоларни олдини олиш чораларини кўрган, аммо уларни кузатиб бориш қийин, чунки қазиб олинган олмосларнинг аксарияти нисбатан кичик ва юқори нархга эга эмас.
Расмийлар ҳукумат кимошди савдосига топширилган олмослар сони камайганини тан олади.
2016 йилда офис 1133 та олмос қабул қилган бўлса, 2023 йилда бу рақам атиги 23 тани ташкил этган.
Панна ҳукумати олмос баҳоловчиси Анупам Сингхнинг айтишича, қазишга қўйилган чекловлар бу пасайишнинг сабаби бўлган.
“Ўрмон хўжалиги департаменти муҳим ҳудудларни белгилаб, уларни олмос овчилари учун ёпиқ ҳудудларга айлантирди”, дейди жаноб Сингх.

Сурат манбаси, BBC Hindi
Панна йўлбарслар қўриқхонасида 50 дан ортиқ йўлбарс яшайди ва ҳукуматнинг уларнинг популяциясини сақлаб қолишга қаратилган сўнгги саъй-ҳаракатлари кончилар учун кўплаб муаммоларни юзага келтирди.
Илгари ўрмонли ҳудудларда, жумладан, қўриқхонанинг буфер зонасида фаолият юритган олмос қазувчилари энди у ерда қазишдан ман этилган ва улар қўлга тушса, қаттиқ жазога дуч келишади.
Аммо қийинчиликлар ва тўсиқларга қарамай, минглаб эркаклар ясси конларда ишлашда давом этмоқда ва тақдирини ўзгартиришга умид билан яшаб келишмоқда.
Пракаш Мажумдар 2020 йилда Covid-19 локдауни пайтида ўзининг барча меҳнат ва деҳқончилик ишларини йўқотгач, олмос қазишни бошлаган.
Умидсиз ва оиласини боқиш учун курашаётган жаноб Мажумдар бир ой ичида 2,9 миллион рупийлик олмос топган.
Ўшандан бери кўп нарса ўзгарди — унинг оиласи энди бетон уйга кўчиб ўтган ва у қишлоқнинг сайланган бошлиғига айланган.
Шунга қарамай, унинг янада кўпроқ топишга бўлган тинимсиз изланиши давом этмоқда.
“Олмос овлаш ҳаётимнинг бир қисми бўлиб қолади ва бойлик топмагунимгача шу ерда қоламан”, дейди у.
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















