Дайжест: Сенат Ўзбекистоннинг халқаро имиджи ҳақида қайғурмоқда, Ҳайит арафасида Қозоқ-Ўзбек чегарасида тирбандлик

Сурат манбаси, Telegram/Oliy Majlis Senati
Ўзбекистон парламенти юқори палатаси - Сенат мамлакатнинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилашга бағишланган миллий маърузани кўриб чиққан.
Ҳозирча миллий маъруза тўлиқ матни кенг жамоатчиликка эълон қилингани йўқ.
Аммо ушбу маърузани тайёрлаш жараёнидаги сенаторлар муҳокамаларидан айримлари ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Улардан бирида Қашқадарё вилоятидан сенатор Абдураҳим Эркаев Ўзбекистоннинг одил судлов рейтингидаги аҳволини тилга олган.
"Қилинган ишларга қараб бизнинг кўрсаткичларимиз яхшиланиши керак эди. Афсуски, баъзи бир соҳаларда уни тескарисини кўраяпмиз", деди сенатор Эркаев Сенатнинг 29 май куни бўлиб ўтган ялпи мажлисидаги чиқишида.
Айни мақолада Facebook томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Facebook ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири Facebook пост
"Маълумки, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг изчиллиги, сиёсий барқарорлик ва фуқаролар фаровонлигига қаратилган давлат сиёсати самарадорлигидан далолат беради. Бунда эришилган натижаларни янада мустаҳкамлаш ва халқаро майдонда Ўзбекистоннинг нуфузини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш муҳим ҳисобланади", дейилади Сенат хабарида.
"Ҳар йили миллий маъруза тайёрлаш ва парламент муҳокамасида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилган. Бевосита сиёсий-ҳуқуқий соҳадаги халқаро рейтинг ва индекслардаги Ўзбекистон кўрсаткичлари ҳақида тўхталадиган бўлсак, ушбу йўналишда 9 та халқаро рейтинг устувор этиб белгиланган.
Уларнинг 5 тасида Ўзбекистон позицияси яхшиланган. Шу билан бирга, бошқа йўналишларда ҳам ишлар самарадорлигини ошириш орқали халқаро рейтинглардаги Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилаш зарурати таъкидланди. Коррупциянинг мавжуд эмаслиги индикатори, Қонунларга риоя қилиш индикатори, Тартибга солиш сифати индикатори ва Матбуот эркинлиги индекси шулар жумласидандир", дейилади Сенат хабарида.

Сурат манбаси, .
Ушбу маъруза асосида ахборот Сенат томонидан тайёрланиб Ўзбекистон Президентига тақдим этилишини айтди Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева.
Сенат раиси рейтинг ва индекслардаги ўринлар яхшиланиши халқаро ташкилотлар ҳисоботлари учун эмас, Ўзбекистоннинг ўзи учун, халқ учун муҳим эканлигини урғулади.
"...сенаторлар халқаро индекслардаги ўрнимизнинг заифлашиб бораётгани, ижтимоий-сиёсий тизимнинг фундаментал муаммоларини тилга олишди. Афсуски, кўпчиликнинг расмий чиқишларга эътиборсизлиги туфайли бу чиқишлар кенг муҳокама қилинмаяпти.
Шунга қарамай сенаторларнинг жонлангани таҳсинга сазовор. Агар муҳокамалар ва бу каби ноодатий баёнотлар Парламентнинг қуйи палатасига ҳам кўчса, ҳақиқатан сенсация бўларди", деб ёзди ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов.
Таъмир Ўзбек-Қозоқ чегарасида тиқилинч ҳосил қилди

Сурат манбаси, gazeta.uz
Ўзбекистондаги gazeta.uz веб-нашрига Ўзбек-Қозоқ чегарасида Ўзбекистонга ўтиш учун узоқ вақт қолиб кетган Ўзбекистон фуқаролари мурожаат қилганлар, ҳукуматдан чегарадан ўтишни тезлаштиришда ёрдам сўрадилар.
Шу кунларда Ўзбекистон тарафидаги «Ғишткўприк», Қозоғистон томонидаги «Жибек жолы» назорат-ўтказиш нуқталарида бу постларнинг ўтказувчанлик имкониятларини ошириш мақсадидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари давом этаяпти.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг «Довут ота» ва Қозоғистоннинг «Тажен», «Атамекен» ва «Казыгурт» постларида ҳам қурилиш ишлари олиб борилаяпти.
Натижада очиқ бўлиб турган чегарадан ўтказиш жойларида Ўзбекистонга ўтиш мақсадида бўлган автомобилларнинг узун навбатлари ҳосил бўлган.
gazeta.uz веб-нашрига фото ва видеоларни тақдим этган инсонлар чегарадан ўтишда қийинчиликларга дуч келганларини айтганлар.
Ҳайдовчилар Ўзбекистонга ўтиш учун бир суткадан кўп вақт кутиб қолишга мажбур бўлганлар.
Қурбон Ҳайити арафасида байрамни уйида кутиб олишни истаган кўп ўзбекистонликлар Ўзбекистонга йўл олганлар.
Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудидан транзит сифатида фойдаланмоқчи бўлган Тожикистон автомобиллари ҳам Қозоғистон ҳудудида чегарадан ўтишни кутиб қолганлар.
gazeta.uz га одамлар ёш болалари билан кундузи ҳаво иссиқлигидан қийналиб қолганларини айтишган.
Ўзбекистон Божхона қўмитаси матбуот хизматидан gazeta.uz га айтишларича, Тошкент вилоятидаги «Навоий» ва «Яллама» постлари — енгил автотранспорт ва пиёдалар учун, Сирдарё вилоятидаги «Оқ олтин» ва «Малик» — Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқароларини ўтказиш учун соат 8:00 дан 18:00 гача, «Яллама», «С.Нажимов», «Сирдарё» ва «Довут ота» постлари юк транспорти учун очиқ.
Ўзбекистон ва Қозоғистон божхоначилари учрашганлар ва чегарадан ўтказиш жараёнини тезлаштириш йўлларини муҳокама қилганлар.
Натижада «Оқ олтин» — «Целинный» ва «Малик» — «Сирдарё» постлари орқали бўш юк транспорти ва ногабарит юклар ҳаракатига рухсат беришни тезлаштиришга қарор қилинган.
Бу «Яллама», «С.Нажимов» ва «Сирдарё» ўтказиш пунктлари ва Қозоғистондаги чегарадош пунктларнинг ўтказувчанлик қобилиятини оширишга олиб келади.
Бундан ташқари, «Сирдарё» (Ўзбекистон) ва «Атамекен» (Қозоғистон) постлари орқали пиёдалар ва енгил транспорт воситаларининг ҳаракатини йўлга қўйиш имконияти муҳокама қилинган
Чегарада автомобиллар тўпланиб қолишининг олдини олиш учун қўшимча ходимлар жалб қилишга, хизматни кучайтирилган тартибга ўтказишга қарор қилинган.












