Дайжест: Ўзбекистонга қарши арбитраж, либерализация даврининг ошган маошлари

Humans ширкатининг Ўзбекистондаги идораларидан бири

Сурат манбаси, Telegram/Humans.uz

Сурат тагсўзи, Humans ширкатининг Ўзбекистондаги идораларидан бири
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Бизнес янгиликларига ихтисослашган қатор оммавий ахборот воситалари хабар тарқатишича, Сингапурда рўйхатдан ўтган Humans Mobile Ltd ширкати расман Ўзбекистон Республикасига қарши арбитраж маҳкамасини қўзғатган.

Humans Mobile Ltd Humans Group халқаро холдинг компаниясининг таркибида бўлиб, Ўзбекистонда фаолият юритадиган Humans бизнесининг соҳиби ҳисобланади.

Даъво аризаси Жаҳон Банкининг Сармоявий баҳсларни ҳал қилиш халқаро маркази томонидан рўйхатга олинган.

Хабар қилинишича, шикоят қилинишига Ўзбекистон билан Сингапур ўртасида 2003 йил 15 июлида имзоланган Инвестицияларни рағбатлантириш ва муҳофаза қилиш ҳақидаги ўзаро битимда кўзда тутилган бандлар бузилгани сабаб бўлган.

Humans Mobile Ltd адолатни қарор топтириш ва қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида қатор давлат расмийлари амаллари оқибатида етказилган зарар қопланишини истаяпти, дейилади хабарда.

"Биз доим Ўзбекистон ва фуқароларига ишонганмиз ва ишонишда давом этамиз. Биз Республика Президентининг иқтисодни модернизациялаш, рақамлаштириш ва ишбилармонлик эркинликларини кенгайтириш йўлида қилаётган саъй-ҳаракатлари билан самимий фахрланамиз", дейилади Humans Group асосчиси ва ижрочи директори Владимир Добринин томонидан тарқатилган баёнотда.

Dobrinin

Сурат манбаси, .

"Биз трансформация йўлида эркин бозорни бунёд этиш, очиқликни кенгайтириш ва ўсишни тезлаштириш ҳаракатларини зое этадиган мухолифларга дуч келдик. Биз Ўзбекистоннинг қонун устуворлигига эришилган ва ўзбошимча бюрократиядан халос бўлган мамлакатга айланиши тарафдоримиз", дейилади ширкатнинг нега баҳсни арбитраж муҳокамасига олиб чиқилгани муносабати билан тарқатилган баёнотда.

"Арбитраж мезбон давлатларнинг адолатсиз муносабатидан сармоядорларнинг манфаатларини муҳофаза қилишга имкон берадиган умумий восита. Бизнинг мавқеъимиз шуки, етказилган зарар қопланиши лозим ва муҳокама адолатни, олдиндан башорат қилиш мумкин бўлган бошқарувни янада мустаҳкамлайдиган, ишбилармонликни қўллаб-қувватлайдиган яна бир қадам бўлиши керак. Биз Ўзбекистон кучли инвестиция муҳитини дастаклашига, ўзининг улкан иқтисодий потенциалини рўёбга чиқара олишига ишонамиз", дейилади Humans Group раҳбари Владимир Добринин баёнотида.

Humans Group офислари АҚШ, Ўзбекистон, Полша, Сингапур ва Германияда жойлашган рақамли хизматлар халқаро экотизими ҳисобланади.

Халқаро холдинг таркибига Humans.uz ҳам киради, Humans.uz қуйидаги хизматларни кўрсатади:

Humans Pay - финтех хизматлари интеграциялашган аппликация,

Humans Mobile - мобил телефон коммуникацияси,

Humans Yaxshi - бозорлардан озиқ-овқат етказиб бериш

ва Humans Market - бозор макони.

АҚШда Humans.net деб номланган платформа ҳам бор, у ерда иш берувчилар ходим излайдилар.

Ўтган йили октябрида Ўзбекистон Марказий Банки Humans гуруҳига тегишли бўлган UPay тўлов хизмати фаолиятини олти ойга тўхтатиб қўйишга қарор қилган, бироқ Humans регуляторнинг хатти-ҳаракатларини қонун ҳужжатлари меъёрларини бузган ҳолда амалга оширилган, шунингдек, "бозорни адолатли тартибга солиш тамойилларига зид ва бизнес юритиш учун жиддий тўсиқларни юзага келтирмоқда" деб ҳисоблаган эди.

Либерализация даври маошлари

Ўзбекистон миллий валютаси сўм
Сурат тагсўзи, Маош ва пенсиялар 10 фоиз оширилиши кўзда тутилган

Ўзбекистонда 1 июлдан пенсия ва нафақалар, 1 августдан маош ва стипендиялар 10 фоиз ошириладиган бўлди.

1 июлдан ёшга доир энг кам пенсия 918 минг сўм, 71 АҚШ долларини ташкил этади.

1 августдан бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва стипендиялар миқдори ҳам 10 фоизга оширилади, яъни, Ўзбекистондаги меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 1 млн 271 минг сўм ёки 99 АҚШ доллари бўлади(3 июн куни 1 АҚШ доллари = 12835 сўм)

Бу галги маош ва пенсиялар ҳукумат энергоресурслар нархларини эркинлаштиришни бошлагани манзарасида кўтарилаяпти.

Бу нимани англатади?

Шу вақтгача "халққа қийин бўлмасин" деб давлат бюджетидан молияланиб келган соҳаларда нархлар аста-секин "қўйиб юборилади", охир-оқибат бозор реаллигига етиб боради.

Ана ўшанда давлат елкасидаги "юк" енгиллашади, бюджет маблағларини бошқа муҳимроқ соҳаларга йўналтириш имконияти пайдо бўлади.

Унгача эса кузатиладиган "қимматчилик" кўтарилган маош ва пенсиялар ошганини "сездирмай қўяди".

Аммо яқин Халқаро Валютаси жамғармаси таъкидлаганидек, Ўзбекистон ҳукумати учун бугун структуравий ислоҳотлар ва давлат бошқаруви ислоҳотини иккиланмасдан давом эттириш ва ниҳоясига етказиш ўта муҳим.

30 май. Ўзбек танки жаҳон матбуоти эътиборига тушди, Талимаржон ИЭСи эгаси ўзгарди, қарийб 2 триллион сўмлик кибержиноят

Тошкентда намойиш этилган Т-64 танкининг модицификация қилинган шакли

Сурат манбаси, Ijtimoiy tarmoq

Тошкентда MSITF - 2025 мудофаа соҳасидаги инновацион технологиялар фестивали бошланди, бу тадбирда намойиш этилган Т-64 танкининг ўзгартирилган янги шакли бутун дунёда қурол-яроғ экспертларини қизиқтириб қўйди, фестивалда тасвирга олинган танкнинг фото ва видеолари ижтимоий тармоқларда, веб-саҳифаларда эълон қилинаяпти.

Т-64 СССРнинг иккинчи авлод танкига мансуб бўлиб, унда илк бор 125 миллиметрлик тўп ўрнатилган.

Совет армияси сафига 1967 йили киритилган.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Алоқадор мавзулар

Бугунда кунда турли модификациядаги Т-64 танклари Россия, Украина, Ўзбекистон, Қозоғистон ва ўзини мустақил деб эълон қилган Днестрбўйи республикасида қолган.

Тошкентда намойиш этилган танк ишлаб чиқарувчиси ҳозирча номаълум, деб ёзди Militarniy.com веб саҳифаси.

Бу Semey Engineering ширкати ва Чирчиқ шаҳридаги зирҳли техникани таъмирлаш заводи маҳсулоти бўлиши мумкин, деб ёзди ҳарбий соҳага бағишланган веб-сайт.

"Машина дизайни сирли ва замонавий", деб ёзди "Танки. История и современность" Телеграм канали.

Украина уруши зирҳли техникани дрон зарбаларидан муҳофаза қилишни долзарб масалага айлантирди, "Тошкент танки"нинг минораси ва корпуси тўлиқ зирҳ билан қоплаб чиқилгани машинанинг жанг майдонидаги "тирик қолувчан"лигини оширади, деб кўрилмоқда.

Танкнинг мотор ва узатиш қисми ҳам ўзгартирилган, тутун чиқариш қувурига яна битта қўшилган.

Танкнинг эскирган 5ТДФ двигатели ўрнига Жанубий Кореянинг DP222LC 950 от кучига эга дизелли мотори ўрнатилган.

Мудофаа соҳасидаги инновацион технологияларга бағишланган фестивал Тошкентдаги Ғалаба паркида ўтган йил ҳам ташкил қилинган эди.

Талимаржон ИЭСи янги эгалари Mubadala ва TAQA

Талимаржон иссиқлик электр станцияси биноси кўриниши

Сурат манбаси, Official

Сурат тагсўзи, Талимаржон иссиқлик электр станцияси қувватини оширишга қарор қилинган

Бирлашган Араб Амирликларидаги Mubadala ва Абу Даби Миллий Энергия компанияси (TAQA) Ўзбекистондаги Талимаржон иссиқлик электр станциясини харид қилиш жараёнини якунига етказди, дея хабар берди Reuters ахборот агентлиги.

Gulf Business нашрига кўра, энди янги Talimarjan Power Plant 1 компанияси ташкил этилади.

Компания акцияларининг 40 фоизи Mubadala ширкатига, 40 фоизи TAQAга, 20 фоизи эса "Talimarjan Issiqlik Elektr Stansiyasi" ҳиссадорлик жамиятига тегишли бўлади.

Абу Дабилик сармоядорлар Ўзбекистон аҳолиси ҳамда электр энергиясига бўлган эҳтиёжи тобора ортиб бораётганини урғулайдилар, бу борада Ўзбекистонга тоза энергия манбалари билан ёрдам беришга тайёр эканини айтдилар.

"Mubadala бутун дунё бўйлаб мамлакатларни ўзларининг энергияга бўлган эҳтиёжларини углерод чиқиндиларини камайтириш эвазига қондириш ҳаракатларида қўллаб-қувватлашга бел боғлаган. TPP1 дек самарали табиий газ электрстанциялари энергиянинг тоза манбаларига ўтишда муҳим рол ўйнайди", деди Мубадаланинг Осиё Тинч океани бўлими раҳбари Ҳаммад Раҳмон.

Ҳозир Қашқадарё вилоятидаги Талимаржон станциясининг кучи 875 мегаватт экани, у йилига 7,2 миллиард кВт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга экани айтилади.

Иншоотда қарийб 1 миллиард долларлик янги газ ва буғ қурилмаларини барпо этишга киришилган, қурилиш якунланганидан кейин Талимаржон иссиқлик станцияси нафақат Қашқадарё вилояти, балки вилоятдаги сув насослари, Саамарқанд ва Сурхондарё вилоятларини электр билан таъминлаши кўзланаётгани хабар қилинган.

Қарийб 2 триллион сўм ёки 150 миллион долларлик кибержиноят

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Кибержиноятлар бўйича маркази хаабаар қилишича, мамлакатда 2021 йил билан 2024 йил орасида содир этилган кибержиноятлар оқибатида банклар ва фуқароларнинг 1,9 трлн сўмдан ортиқ маблағи талон-торож қилинган, уларнинг асосий қисми, яъни 98 фоизини банк карталари билан боғлиқ жиноятлар ташкил қилади.

Бутун дунёда кузатилаётгани сингари Ўзбекистонда ҳам кибержиноятларнинг ҳам тури, ҳам сони кўпайиб бораяпти.

"2019 йили ахборот технологиялари орқали 18 турдаги 863 та жиноят содир этилган бўлса, 2024 йилда 62 турдаги 58 минг 800 та жиноят қайд этилган", - деди Ички ишлар вазирлигининг Кибержиноятлрга қарши кураш маркази раҳбари Бекзод Мамажонов.

Мамажонов айтишича, 2023 йилда кибержиноятларнинг умумий жиноятчиликдаги улуши 6,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2024 йилда 44,4 фоизга етиб, Ўзбекистон ҳудудида содир этилган деярли ҳар икки жиноятнинг бири ахборот технологияларига тўғри келган.

Бу жиноятларнинг асосий қисмини (98 фоизи) банк карталари билан боғлиқ жиноятлар (киберўғрилик ва киберфирибгарлик) ташкил қилаяпти.

Ўзбекистон ҳудудидаги кибержиноятлар асосан қуйидаги усулларда кузатилаяпти:

60 фоизи зарарли ҳаволалар ва дастурлар юбориш орқали банк картаси ёки мобил қурилма бошқарувини қўлга киритиш йўли билан;

16 фоизи турли алдовлар билан банк картаси ҳамда мобил иловалардаги аккаунтлар бошқарувини тасдиқловчи SMS кодни қўлга киритиш йўли билан;

4 фоизи шахс номига онлайн кредит расмийлаштириш орқали;

11 фоизи онлайн савдо платформаларидаги фирибгарликлар орқали;

9 фоизи турли усулдаги фирибгарлик схемалари орқали фуқароларнинг пул маблағларини жалб қилиш тарзида.

2025 йил январида Ўзбекистон аҳолисининг сони 37,5 миллион кишидан ошди.

"Ўзкомназорат" ташкилотига кўра, мобил телефон фойдаланувчиларининг жами сони 2025 йил 1 январ ҳолатига кўра 36,3 миллионга етган.

Онлайн савдо дўконлари сони, олди-сотди ҳам тобора кўпайиб, инсонларга тобора кўп қулайликлар пайдо бўлаётган вақтда киберўғрилик ва киберфирибгарлик ҳолатлари ҳам кўпаймоқда.

Айни вақтда кибержиноятларга қарши курашга жалб этилган билимли, тажрибали мутахассислар тақчиллиги кузатилаётганини айтишади соҳани яқиндан биладиган ўзбекистонликлар.