Украина Россияга қарши АҚШ махфий равишда берган ATACMS ракеталарини қўллади Янгиликлар, Urush

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Павел Аксенов
- Role, Би-би-си
Президент Володимир Зеленский Украина ҳарбийлари узоқроққа учувчи ATACMS ракеталарини қўллаганини тасдиқлади. Украина ҳукумати уларни Жо Байден маъмуриятидан ўтган йили ёздан бери сўраб келаётганди. Би-би-си бу ракеталар ҳақида нималар маълумлиги ва улар фронтдаги вазиятни ўзгартира оладими, деган саволларга жавоб излади.
"Бугун АҚШга алоҳида миннатдорчилик билдираман. Президент Байден билан келишувларимиз амалга ошмоқда. Аниқ бажарилмоқда - ATACMS лар ўзини кўрсатди", деган Украина президенти видеомурожаатида.
Бундан олдин Украина махсус амалиёт кучлари босиб олинган Бердянск ва Луҳанск аэродромларидаги Россия ҳарбий техникаларига зарба берганини маълум қилганди.
Натижада, 9 та турли русумдаги Россия тикучари, махсус техника, ҳаво ҳужумидан мудофаа мажмуаси, қурол-яроқ омбори йўқ қилингани ва учиш йўлакларига зарар етгани таъкидланганди
Россия томони йўқотишлар ҳақида гапирмади, лекин Россия ҳарбий телеграм каналлари катта йўқотишлар ҳақида ёзган ва тунги зарбани Россия Украинага бостириб кирганидан бери берилган "энг жиддий"лардан бири эканлигини таъкидлаган.
Wall Street Journal газетасининг ёзишича, ушбу зарба учун Украина илк маротаба Американинг MGM-140 ATACMS тактик ракеталарини қўллаган. Ушбу ракеталар турига қараб 165 километрдан 300 километр масофага бўлган нишонларни ура олади.
WSJ воқеадан хабардор манбаларига таяниб, унча кўп бўлмаган ракеталар сўнгги кунларда махфий равишда Украинага етказиб берилганини ёзган. Қанча бергани номаълум.
Қисқа масофага учувчи ракеталарми?

Сурат манбаси, Reuters
Россия телеграм каналларида гўёки Бердянск аэродромига қилинган ҳужум натижасида ракета парчалари ва портламай қолган қўшимча қуролларнинг расмлари пайдо бўлди. Ушба расмларнинг ҳаққонийлигини тасдиқлашнинг ҳозирча имкони бўлмади.
Қўшимча қуроллар деб, сочма бомба портлаши учун ташланадиган кичик бомба, ракета ва снарядларга айтилади. Улар каттароқ ҳудудга зарар етишини таъминлайди.
Тасвирларнинг бирида MGM-140 ракетасида ишлатиладиган М74 қўшимча қуролига ўхшаш кичик объект кўринган.
Яна бир расмда ракета тамғаси кўриниб қолган. Ундан ракета - MGM-140A (M39) илк серияларга тегишли эканлиги ва 1996 йил октябрда ишлаб чиқарилганини билиш мумкин. Агар тасвирлар ҳақиқий бўлса, ушбу ракета 165 километргача учади, аммо жуда кучли жанговар каллакларни таший олади.
Ушбу ракетанинг кейинги моделлари 300 километргача учади, аммо улар кучсизроқ жанговар каллакларга эга.
Пентагон сайтида айтилишича, АҚШ мудофаа вазирлиги олдин чиққан ракеталарни замонавийлаштириш дастурини ишлаб чиққан, жумладан, уларнинг учиш масофаси 300 километргача узайтирилади. Аммо нечта M39 замонавийлаштирилади, номаълум.
ATACMSларнинг турлари
Украина ATACMS ракетларини 2022 йилдан бери сўраб келади, Аммо АҚШ Украина қуролли кучлари Россия ҳудудларига зарба беришидан ва бу Вашингтон ҳамда Москва муносабатларини кескинлаштиришидан чўчиди.
Бунинг ўрнига Украина 90 километргача масофадаги нишонни ура оладиган GMLRS ракеталари билан M142 HIMARS ва M270 MLRS бирваракай ўт очиш тизимларини етказиб берди.
ATACMS лар урушда нимани ўзгартира олади?
Украина 2022 йили АҚШдан аниқ нишонга олувчи GMLRS ракеталари билан HIMARS тизимларини олгач, уларни маълум тактикалар доирасида қўллай бошлади.
Украина қуролли кучлари биринчи навбатда артиллерия таъминотини тўхтатиш учун ракеталар билан ҳарбий омборларни нишонга олди.
Бу логистикага жиддий таъсир қилди, чунки россияликлар фронтдан узоқда ва кичик омборлар қуриш орқали таъминот тизимини қайта қуришга мажбур бўлди.
Бу юк машиналар ва ишчилар сонинини оширишга олиб келди.
Украина бунга унча кўп бўлмаган ракета отиш ускуналари орқали эришди.
Ушбу кампанияни муваффаққиятли чиқишига олиб келган асосий омил зарбаларнинг мунтазамлиги ва маълум нишонга диққатни жамлаш бўлди.
Шунинг учун ҳам Украинада уруш тизгинини ўзгартириб юборадиган мўжиза қурол пайдо бўлди, деб бўлмайди.
Авиациа объектларига берилган бир-икки зарба вазиятни ўзгартириб юбормайди. Бунга фақат бир-бирига боғлиқ бўлган нишонларга мунтазам зарба бериш орқали эришиб бўлади.
ATACMS лар яхши ҳимояланган нишонларга зарар бериш эҳтимоли кам. Ҳатто Украина янада узоқроққа учадиган ракеталар олиб, уни Қрим кўпригига отса ҳам, фугас парчали ва сочма бомбалар мустаҳкам бетон конструкцияларга қарши самарали эмас.
Шунинг учун ҳам, Украина қўшинлари бу каби ракеталар билан очиқ жойлардаги янги ҳимояланмаган йирик нишонларга зарба бериши мумкин. Масалан, ҳаво ҳужумига қарши мажмуа, артиллерия, аэродром, омбор каби позициялар ва Россия қўшинларининг шахсий таркибларини уриши мумкин.
Россияда баллистик ракеталарга қарши тура оладиган мажмуалар, масалан, С-400 бор. Аммо улар ҳозирча бу каби ракеталарга дуч келгани йўқ. Улар янги таҳдидларни ҳисобга олиб ҳимоя ташкиллаштиришига тўғри келади.
Украина қанча ракета олиши маълум эмас.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














