Фарғонада портлаш: қурбонлар сони ортмоқда, Ўзбек иссиқхоначилари Россия сабаб қийин аҳволдами, ўзбекистонлик оталарга қисқа таътил

Сурат манбаси, Ижтимоий тармоқ
Фарғонадаги пропан газ қуйиш шохобчасидаги портлашда қурбонлар сони расман 4 нафарга етгани маълум қилинди. Ҳолат бўйича жиноий иш очилиб, 5 киши қамоққа олинди.
Фарғона вилоят ички ишлар бошқармаси хабар беришича, портлаш оқибатида шифохонага ётқизилган беморлардан 3 нафари вафот этди.
Олдинроқ кучли портлаш сабаб бир киши вафот этгани ва тўрт киши жароҳатлангани хабар қилинганди.
Расмий хабарда айтилишича, Petrolium пропан газ қуйиш шохобчасида 5 метр куб сиғимли контейнерга газ қуйиш жараёнида ёриқ келиб чиққан. Оқибатда газ моддаси ташқарига сизиб чиққан, сўнгра портлаш ва ёнғин содир бўлган.
"Натижада, 1 нафар фуқаро воқеа жойида ҳалок бўлган, шу ҳудудда бўлган бир нечта фуқаролар турли даражада тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан улардан 3 нафари шифохонада вафот этган", дейилади Фарғона ИИБ хабарида.
Ҳодиса 17 декабрь маҳаллий вақт билан соат 13:45 ларда содир бўлган. Ижтимоий тармоқларда фуқаролар ёнаётган одамни ўчириш учун ўт ўчиргичдан фойдаланаётгани ва ёнаётган машиналар акс этган сурат ва видеолар тарқалганди.
Россия сабаб Ўзбекистон ва Туркманистон иссиқхоначилари қийин аҳволга тушди

Сурат манбаси, kun.uz
Қишлоқ хўжалиги хабарлари таҳлили билан шуғулланувчи EastFruit таҳличиларининг ёзишича, Туркманистон катта миқёсда, Ўзбекистон эса ҳозирча кичик даражада иссикхона сабзавотларини сотишда катта қийнчиликлarga дуч келмоқда. Ҳозирги пайтда гарчи мавсум бўлса-ла, иссиқхона помидорларини сотиш катта муаммога дуч келган.
Талабнинг тушиб кетишига асосий сабаб – Россиялик харидорларнинг харид қобилияти пасайиши.
Бугунги кунга келиб, туркманистонлик иссиқхонада маҳсулот етказувчи деҳқонлар 1 кило помидорни 1 доллардан ўтказишда ҳам қийинчиликларга учраётганини айтишмоқда.
Улар маҳсулотларига Россияда талаб кескин тушиб кетганидан нолишмоқда. Бу нархга таъсир қилган.
Rubl qadrining tushib ketishi va Rossiya moliya bozoridagi beqarorlik ushbu mamlakatga issiqxona mahsulotlarini eksport qilish istiqbolini tushirib yubormoqda.
Нашрнинг ёзишича, Туркманистон сўнгги йилларда иссиқхоналарни кенгайтирмоқда ва помидор етиштириш кўлами ортган.
Помидорлар Ўзбекистонда ҳам унчалик қиммат эмас. Нархлар ўтган йил билан солиштирганда 32%га тушиб кетган.
Бундан ташқари иссиқхона помидорлари АҚШ доллари билан ҳисоблаганда сўнгги 5 йилда энг паст бўлиб турибди.
Айни дамда кичик улгуржи ҳажмдаги думалоқ қизил иссиқхона помидорларининг бир килосини 1.17 доллардан сотиб олиш мумкин. Экспортга йўналтирилган йирик партиялар учун эса нархлар Туркманистонники билан бир хил.
Бироқ сифатдаги фарқ туфайли нархлар маҳаллий бозорлардагига нисбатан қимматроқ. Чунки ўзбекистонлик экспортчилар сифатли помидорларни четга сотишни афзал билишади.
Ўзбекистонлик таҳлилчиларга кўра, рубл қадрининг тушиб кетиши ва Россия молия бозоридаги беқарорлик ушбу мамлакатга иссиқхона маҳсулотларини экспорт қилиш истиқболини тушириб юбормоқда.
Фарзандли бўлган оталарга 5 кунлик таътил бериладими?
Ўзбекистонда эркаклар фарзандли бўлганда, турмуш ўртоғига ёрдам бериш ва бошқа фарзандларига қараб туриши учун қисқа муддатли таътилга чиқишни қонунийлаштириш таклиф этилмоқда.
Депутатлар "Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси муҳокама қилишди.
Депутат Нодир Тилаволдиевнинг таъкидлашича, лойиҳада ишлаётган эркаклар фарзандли бўлганда, турмуш ўртоғига ёрдам бериш ва бошқа фарзандларига қараб туриши учун 5 кунлик таътилга чиқиши билан боғлиқ меъёрлар таклиф этилмоқда.
Бунда ходимнинг иш ҳақи тўлиқ сақлаб қолинади.
Gazeta.uzнинг ёзишича, шу кунга қадар миллий қонунчиликда бундай таътил назарда тутилмаган.
Депутат қонунчиликка киритилаётган ўзгартиришлар меҳнат жамоаларида зўравонлик ва тазйиқнинг олдини олишини қўшимча қилган.












