Ойларки, маошимизни бермаяптилар: Enter Engineering ва Eriell билан яна бир муаммо

Сурат манбаси, O'zbekiston Favqulodda vaziyatlar vazirligi
Ўзбекистондаги Kun.uz веб-нашри хабар қилишича, Enter Engineering, Eriell ва Saneg компанияларида ишлайдиган ходимлар беш ойдан буён маошларини олмаганлар.
"Enter Engineering ва Saneg ходимлари маоши ойлаб кечикаётгани ҳақида мунтазам равишда шикоят қилиб келади. Ойлик берилишини талаб қилаётган ишчиларнинг фото ва видеолари интернетда ҳам бир неча бор тарқалди. Маълум бўлишича, бу компанияларга алоқадор Самарқанд халқаро технология университети ўқитувчиларига ҳам бир неча ойдан бери маош берилмаган", деб ёзди Kun.uz.
Сентябр ойи бошида daryo.uz веб-нашри Олмалиқ кон-металлургия комбинати таркибидаги мисни бойитиш фабрикаси қурилишида ишлаётган Enter Engineering ишчилари Ўзбекистон мустақиллиги байрамининг 33 йиллигини маошсиз кутиб олганлари ҳақида мақола эълон қилганди.
Ходимлар 2024 йилнинг май ойи учун “аванс” берилганини, сентябргача маошсиз ишлашганини айтганлар.
7-8 сентябр кунлари фабрикани қураётган компания – Enter Engineering ишчиларига маош тарқатган.
Eriell ва Enter Engineering’га алоқадор Самарқанд шаҳридаги Халқаро Технология университети ўқитувчиларига ҳам маош берилмагани, АҚШ, Жанубий Корея ва Эрондан борган ўнлаб чет эллик ўқитувчилар маоши берилмаётгани сабабли иш ташлаш ҳақида ўйлашаётгани ҳақида айтган университет ўқитувчиларидан бири Kun.uzга.
Шу йил сентябрида Бойсун туманидаги водород сулфид гази чиқиб кетган "Мустақилликнинг 25 йиллиги" конини бурғулаш ишлари билан Eriell ширкати шуғулланган.
Бойсун конида ишлаган ходимлар ҳам маош олмаганлари хабарлари тарқалди.
Кондаги фалокатдан икки ой ўтиб, бойсунликлар ҳамон оғир аҳволда яшашга мажбур бўлаётганлари ҳақида айтмоқдалар.
Кун.уз ёзишича, Enter Engineering компанияси 2012 йилда ташкил этилган бўлиб, муқаддам “Газпромбанк” назоратида бўлган; нефт ва газ, саноат ва фуқаролик объектларини лойиҳалаш, етказиб бериш, қуриш ва ишга тушириш бўйича хизматлар кўрсатади.
Eriell эса нефт ва газ қазиб олувчи компаниялар учун эксплуатация ва қидирув (разведка) қудуқларини бурғилаш хизматларини кўрсатади.
"Хорижда рўйхатдан ўтган ҳар иккала компаниянинг бенефициари ўзбекистонлик тадбиркор Бахтиёр Фозилов экани айтилади. Унинг бизнес фаолияти, Enera компаниялар гуруҳи назоратидаги активлар, шунингдек, мамлакатдаги энг йирик газ омборини кенгайтириш лойиҳасини ҳам ўз ичига олади", деб ёзди Кун.уз
Акс-садолар
Bir narsaga rostan tushunmayman – nega bu kompaniyalar guruhi o‘z xodimlariga oylik maoshni o‘z vaqtida to‘lashi uchun yuqori turuvchi tashkilotlar tomonidan hech nima qilinmaydi?
Ижтимоий тармоқларда ходимларига маош бермаётган ширкатлар раҳбарларига чора кўриш чақириқлари янграмоқда.
Таниқли блоггер Муҳрим шундай ёзди:
Бу эгаси битта ҳисобланган Enter, Eriell, Saneg деган компанияларнинг ходимлари маошларини ойлаб ололмаётгани ҳақидаги биринчи хабар эмас, шу вақтгача бу ҳақда – хабарни қўя туринг – қанчадан-қанча мақолалар, журналист суриштирувлари ўтказилган. Буёқдан бу компаниялар ўз ходимларига маош тўламаётгани ҳақида, уёқдан эса худди шу компаниялар млрд-млрд долларлик лойиҳаларни тақдимот қилаётгани, қўлга киритаётгани ҳақида материаллар чиқади.
Мен бир нарсага ростан ҳам тушунмайман – нега бу компаниялар гуруҳи ўз ходимларига ойлик маошни ўз вақтида тўлаши учун юқори турувчи ташкилотлар томонидан ҳеч нима қилинмайди? Ë буларга келганда қонун ишламайдими? Ë масъуллар бу ҳақдаги хабарлар, мақолалар, мурожаатларни кўрмаётганмикин? Ë кўриб, кўрмаганликка олаётганмикин? Нега?
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















