Бойсун фалокатини эплолмаётган Ўзбекистон расмийлари эркин матбуот "оғзини ёпишга" уринаяптилар

Сурат манбаси, Surxondaryo viloyati hokimligi
Ўзбекистондаги бир неча кузатувчилар айтишларича, расмийлар Бойсундаги газ майдонидаги ҳалокатли ҳодисани ёритмоқчи бўлаётган журналистлар ҳамда ҳақиқий вазият ҳақида гапираётган маҳаллий бойсунликларга қарши репрессив усулларни қўллай бошлаганлар.
Журналистларнинг ҳалокат рўй берган жойга киришларига тўсқинлик қилинаяпти, заҳарли газ чиқиши оқибатлари ҳақида мухбирларга гапирган маҳаллий одамлар "сариқ матбуот билан ҳамкорлик қилиш"да айбланиб ҳибс қилинмоқдалар.
Бойсун конидаги фалокат Ўзбек расмийларининг "инсон қўли билан юзага келган офатга мутлақо тайёр эмас"лигини намойиш этди.
Ўзбекистон расмийлари Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги газ конида заҳарли водород сульфид гази сизиб чиқиши оқибатида тўрт инсон нобуд бўлганлари ҳақида 18 сентябр куни хабар тарқатдилар.
Бу "Мустақилликнинг 25 йиллиги" конидаги сентябр бошидан буён кузатилган иккинчи газ сизиши ҳодисаси бўлди.
Дастлабки газ сизишини тўхтатиш учун расмийларга икки ҳафта зарур бўлди ва хабарларга кўра, янги газ сизишини тўхтатишнинг уддасидан чиқилганича йўқ.
Иккинчи ҳодиса Интернет ижтимоий тармоқларда кўпчиликнинг ғазабини қўзғатди.
Бир неча маҳаллий яшовчилар ва журналистлар сўзларига кўра, расмийлар репортёрларнинг ҳодиса жойига боришларига тўсиқлик қилиб, уларга қарши репрессив усулларни қўлламоқдалар.
Шунингдек, бойсунлик одамларнинг айтишларича, журналистларга ҳодиса ҳақида гапириб берган маҳаллий аҳоли вакиллари "сариқ матбуотни гижгижлашда айбланиб" ҳибс қилинганлар.
12 сентябрда ўзбекистонлик журналист Шуҳрат Шокиржонов ҳалокат жойига сафар қилгани ҳақида видео эълон қилди.
У ҳудуд ярим қуролланган ҳарбий бўлинма соқчилари томонидан қўриқланаётгани ва ичкарига киришга рухсат берилмаётганини айтди.
"Мен ўз ихтиёрим билан Бойсунга бордим, ўзимни шу ерлик қилиб кўрсатдим... Маҳаллий одамлар "сариқ матбуотга ёрдам бераётганлик"да айбланиб қамалиши мумкинлигидан қўрқитилганлар", деди Шуҳрат Шокиржонов.
Аммо Ўзбекистондаги gazeta.uz веб-нашри мухбирлари 14, 15 сентябр куни "Мустақилликнинг 25 йиллиги" кони олдида бўлиб видео лавҳа тайёрладилар, уларнинг кон олдида ва Кофрун шаҳарчасида тасвирга олишларига ҳеч ким тўсқинлик қилгани йўқ.
Ўзининг танқидий чиқишлари билан танилган журналист, Uzdiplomat.uz веб-нашри асосчиси Анора Содиқова ҳам маҳаллий одамларнинг аҳволи ҳақида гапирган бойсунликларга босимлар бўлаётгани ҳақида ёзди.
"Бойсундаги вазият ҳақида интервью берган яшовчиларга нисбатан босимлар бўлаётгани хабар қилинаяпти. Хорижий матбуотга интервью берганлар уйидан милиция идорасига олиб кетилганлар", деди Анора Содиқова.
Танқидий чиқишлари билан танилган иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров охирги уч ҳафтада матбуот эркинлиги аҳволи салмоқли даражада ёмонлашгани ҳақида ёзди, 1 сентябрдаги илк газ сизиши билан 17 сентябрдаги ҳалокатли ҳодиса ҳақида гапирган одамлар орасидаги фарққа эътибор қаратди.
"Бошида гапирган одамлар аноним қолишларини хоҳлагандилар... Мана энди улар ўзларининг юзлари бекитилишини, овозлари ва номлари яширилишини хоҳламоқдалар", дея қайд этди Бакиров.
Ўзбекистондаги сўз эркинлиги вазияти ҳақида гапирган сиёсий шарҳловчи Шуҳрат Бобожон аҳвол етти йил олдинги Туркманистонга ўхшашини айтди.
"Биз Туркманистондаги янгиликлар ва юз бераётган ҳодисалар ҳақида, улар қандай ёртилиши ҳақида кулар эдик, энди худди шундай вазиятни ўз мамлакатимизда кузатаяпмиз", деб ёзди Шуҳрат Бобожон.
Бошқа бир таниқли журналист Кирилл Алтман, "энг қўрқинчлиси, ҳукуматнинг матбуот овозини ўчиришга ҳаракат қилаётгани", деб ёзди.
"Қўрқинчлиси, бизнинг амалдорларимизнинг ҳақиқатни яширишга ҳаракат қилаётганлари ёки кам одам жазоланиб кўпчилик жавобгарликдан қутулиб қолиши эмас. Энг қўрқинчлиси, ушбу кунларда инсон ҳаётининг қадрсизланиб қолганидир", деб ёзди Кирилл Алтман.
Бойсундаги вазият Ўзбекистон ҳукуматининг техноген талофатларга тайёр эмаслигини кўрсатди
Uzdiplomat.uz веб сайти ҳукуматни техноген вазиятда халқаро меъёрларга амал қилмаганликда ва аҳоли хавфсизлигига жиддий ёндошмаганликда айблади.
"Бойсундаги вазият Ўзбекистон ҳукуматининг техноген талофатларга тайёр эмаслигини кўрсатди", деб ёзди нашр.
"Бойсунда талофат рўй берган жойда одамлар ўтин ташийдиган тракторларда кўчирилди. Захарли ҳид анқиётган қишлоқдагиларнинг биронтасига газдан сақловчи ниқоб берилмади. Уйдан кўчирилган аҳоли яшаш жойларига аҳоли мулкини қўриқловчи ҳарбийлар жалб этилгани йўқ. ОАВ орқали бундай вазиятда зарарланмаслик учун нима қилиш кераклиги бўйича кўрсатмалар берилмади. (Орадан 10 кун ўтиб 10 сентябрь куни ФВВ шамолга қарши перпендикуляр ҳаракатланишни шунчаки тушунтириб ўтиб кетди). Газ конига яқин мактаб ва боғчаларда ана шундай техноген вазиятда қандай чоралар кўриш бўйича дарслар ўтилмаслиги маълум бўлиб қолди. Ахборот хавфсизлиги бўйича тезкор ва расмий ахборотлар жамоатчиликка ўз вақтида етказилмади. Тезкор, очиқ ахборот ва тушунтиришларни кўрмадик. Ҳукуматдаги Бош вазир котиби жим. Гўёки бош вазир аҳоли хавфсизлиги учун бефарқдек. Шерзод Асадовдан ҳам 17 сентябрь портлашигача жиддий ахборот берилмади.
Аҳолини техноген талофатлар вақтида ҳимоялаш бўйича халқаро меъёрларга деярли амал қилинмади. Ҳар бир давлат учун энг аввало, инсонлар ҳаёти доим устувор бўлиши керак. Аммо бизда бу тамойил ишламади", деб ёзди Uzdiplomat.uz.
Эртанги кунга умид бор-у, ишонч йўқ, деб айтишди ўзларининг ҳақиқий исм-шарифларини ошкор этишни истамаган бойсунликлар gazeta.uz веб-нашрига.
Сурхондарё вилоят АОКАси Бойсун туман ҳокими Бохадир Шукуров билан таниқли журналист Шерзодхон Қудратхўжа суҳбатини эълон қилди, туман ҳокими айтишича, заҳарли газ ҳиди Кофрун шаҳарчасида бир кунда бир-икки марта тарқалади, маҳаллий аҳоли учун ҳамма шароит яратилган.
19 сентябр. Ҳукумат Бойсун конида содир бўлган офат борасидаги саволлардан қочмоқдами?

Сурат манбаси, Surxondaryo viloyati hokimligi
17 сентябрь куни Сурхондарёнинг Бойсун туманидаги "Мустақилликнинг 25 йиллиги" конида яна водород сулфид (олтингугурт гази) чиқа бошлагани ҳақида хабарлар пайдо бўлган. 1 сентябрда айни кондан олтингугурт гази чиқа бошлагани хабар қилинганди.
Бироқ кун давомида расмийлар қайта пайдо бўлган хавотирли хабарларни изоҳлагани кўзга ташланмади. Бу ҳақда биринчилардан хабар берган Gazeta.uz журналисти Шуҳрат Латипов маҳаллий одамлар берган маълумотга таяниб, тўрт инсон ҳалок бўлгани ва камида беш киши жароҳат олгани ҳақида ёзди.
"Маҳаллий гуруҳларда одамлардан ҳеч нарса ёзмаслик ва гапирмаслик, фақатгина дуо бўлиш сўралмоқда. Яна муаммонинг овозини ўчиришга уринишлар бўладиган кўринади", деган журналист ўзининг Telegramʼдаги каналида қолдирган хабарида.
Расмийлар конда авария содир бўлганини орадан бир кун ўтибгина - АОКАда ташкил этилган матбуот анжуманида Kun.uz мухбирининг савол бериши ортидан тасдиқлаган.
Аммо экология вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков мухбирнинг авария ва қурбонлар ҳақидаги саволига аниқ жавоб бермаган, гўёки газ сизиб чиқмагани ҳақида гапирган.
"Водород сулфиди чиқиши кузатилмади. У ерда бошқа ҳодиса содир бўлган. Кечаги, бугун меъёрдан ортиқ бўлгани кузатилмаган. Тасдиқланмади. Биз етти хил газларни ўлчаяпмиз. Нормативдан ортиқ бўлгани кузатилмади", деган Казбеков.
Айни матбуот анжумани қатнашган Бош прокуратура ходими Ўктам Ўтаев конда ҳалокатли ҳолат юз берганини тасдиқлаган.
"Ўлим ҳолати бўлган. Икки нафар шахс ўлгани тўғрисидаги ҳолат бор. Яна тан жароҳати олинган ҳолатлар ҳам бор. Ҳозир терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда. Натижаси бўйича сизларга маълумот берилади", деган Ўтаев.
Ниҳоят, 18 сентябрь куни кечга томон президент матбуот котиби Шерзод Асадов Gazeta.uz нашрига кондаги авария бўйича расмий маълумот берди - у тўрт инсон ҳалок бўлганини билдирди.
"Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, президент Шавкат Мирзиёевга ҳодиса содир бўлиши биланоқ хабар берилган. У тегишли топшириқлар бериб, реал вақт режимида вазият ҳақида маълумот олмоқда", дея ёзган нашр.
Савол-жавобларсиз брифинг
Чоршанба куни кечки пайт маҳаллий нашрлар энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иштирокида брифинг бўлиб ўтганини хабар қилди.
Kun.uz нашрининг ёзишича, брифингда вазир "коннинг тарихи, бугуни, техник тавсифи ва уни ўзлаштириш нақадар мураккаблиги ҳақидаги бир неча саҳифалик маълумотномани ўқиб эшиттирган", журналистлар саволларига эса жавоб бермаган.

Сурат манбаси, AOKA
Расмийлар брифингда Бойсундаги Кўлқамиш маҳалласида жойлашган "М25" конидаги қудуқдан 17 сентябрь куни кечга томон водород сулфид гази чиқа бошлагани, оқибатда, ҳалок бўлганлар билан бир қаторда 11 инсон жароҳат олиб, уларнинг 10 нафари шу куннинг ўзида уйига қайтганини билдирган.
Брифингдан сўнг журналистлар билан гаплашган Мирзамаҳмудов ҳалок бўлганлар оилаларига компенсация тўланиши, бундан ташқари пудратчи ташкилот уларнинг фарзандларини ўқитиш ва иш билан таъминлашни ҳам ўз зиммасига олаётгани ҳақида гапирган.
Мирзамаҳмудов Kun.uz мухбирининг эвакуация қилинганлар бўйича саволини очиқ қолдирган.
Сукутдаги ҳукумат
Мазкур авария 1 сентябрь куни олтингугурт гази чиқа бошлаган айни қудуқда содир бўлган.
Расман техноген офат дея аталган ҳодисанинг илк куни расмийлар юз берган ҳолатни қисқа изоҳлаган, шундан сўнг 10 кунча вақт давомида бу ҳақда ҳеч қандай маълумот берилмаган.
Кон атрофидаги маҳаллий аҳоли хавфсиз ерга кўчирилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган, журналистлар билан гаплашган одамлар кучли ҳиддан бош оғриётгани, кўнгил айниётганини билдирган.
Ўзбекистондаги мустақил нашрлар, шунингдек, эвакуация қилинганлар ва маҳаллий яшовчилар расмийлар маълумот бермаётгани, оқибатда, улар нима қилиш ва қаерга боришни билмаётгани ҳақида ёзган.
"Бойсундаги газ конида содир бўлган техноген фалокат тўғрисида тўққиз кундирки, тайинли расмий маълумот берилмади. Конга яқин ҳудуддаги қишлоқлар аҳолиси нима қиларини билмаяпти. Кондан чиқаётган заҳарли газ шамолнинг йўналишига қараб атрофдаги ҳудудларга тарқалишда давом этмоқда", дея 10 сентябрь куни Telegramдаги каналида пост қолдирган заҳарли газ чиқаётган қудуқнинг олдигача борганини билдирган журналист Шуҳрат Шокиржонов.
Бир вақтнинг ўзида, айрим фаоллар расмийлар журналистлар билан гаплашган маҳаллий одамларга босим ўтказаётганини хабар қилган.
Масалан, журналист Муҳрим Аъзамхўжаев бойсунлик ўқувчидан келган хабарни Telegramдаги каналида эълон қилган.
"Журналистлар билан учрашган барча фуқароларни излаб топиб, жаримага тортиш бўйича қаттиқ топшириқ бўлган. Бойсун24 гуруҳида ким салбий фикр билдирса, унга ҳам босим қилинмоқда. Илтимос, катта раҳбарларнинг ўзи ҳам шу газли ҳудудга келиб, бир ҳафта яшаб кўрсин".
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ниҳоят, сукутни бузиб газ чиқаётган қудуқни ёпиш ишлари тез кунларда якунланишини маълум қилган.
Конда бурғилаш ишларини олиб бораётган Eriell компанияси Gazeta.uz нашрига 15 сентябрь куни қудуқни ёпиш ишлари ниҳоясига етгани, жараёнга Россия ва АҚШдан мутахассислар жалб этилганини билдирган.
Компания бу ишларни амалга ошириш давомида маҳаллий аҳолига хавф юзага келмаганини қўшимча қилган.
Аммо авариянинг сабаблари, етказилган зарар кўлами, уйидан кўчирилган ва соғлиги хавф остида қолган аҳолига кўмак кўрсатилиши каби масалалар бўйича кўтарилган саволларга бирор расмий изоҳ берилмаган.
"Ўшанда [2 сентябрь куни] махсус штаб ташкил этилган эди. Менинг тасаввуримдаги штаб, ҳеч бўлмаганда, кунига бир марта бўлсада, вазият ҳақида ҳисоб бериб бориши, аварияни бартараф этиш босқичлари, эвакуация қандай кетаётгани, одамлар қаерга жойлаштирилаётгани, олтингугурт гази нимаси билан хавфли экани, қандай эҳтиёт чораларини кўриш зарурлиги тўғрисида хабардор қилиб туриши керак эди. ОАВнинг сўровларига тегишли вазирликлардан жавоб бўлмади", дея ёзган журналист Шуҳрат Латипов 17 сентябрь куни.
Иқтисодчи Отабек Бакиров эса пудратчи ташкилот ҳалок бўлганлар оилаларига ёрдам бериши ҳақидаги хабарни савол остига олган.
"Энди ўзингиз соғлом ақлга ўйланг, техноген офат юз бергани ҳақида хабар бермаган, ҳатто қурбон бўлганларнинг оила аъзоларига расмий таъзия изҳор этмаган пудратчининг ваъдасига ишонса бўладими? Яна бу қуруқ ваъдалар пудратчининг швейцарияликми, кипрликми ёки гонконгликми инвестори томонидан айтилаётган бўлсаям майлийди? Шунча кундан бери кўриниш беришниям лозим топгани йўқ-ку. Балогардон фронтмен қилиб юборилган ва де-юре мажбурияти йўқ Мирзамаҳмудов гапиртирилаяпти. 4 ойдан бери ишчиларига маош бермаётган пудратчи 10 йил ўтиб қурбон бўлганларнинг фарзандларини ўқитадими ёки ишга оладими? Бу пайтда бўладими ўзи пудратчи?".
Бакиров, шунингдек, охирги йилларда хусусий қўлларга ўтиб кетаётгани айтиладиган энергетика соҳасида мустақил аудит зарурлиги ҳақида ҳам ёзган.
"Охирги 8 йилда энергетика соҳасида бошланган ва айниқса ташаббускорлигидан тортиб, пудрати ва молиялаштирилишигача бир бенефициарга боғланган самарасиз лойиҳалар, шунингдек, давлат назоратидаги конлардан тортиб ишлаб чиқариш ва инфратузилма активларигача яширин бегоналаштириш битимлари Ўзбекистоннинг иқтисодий, сиёсий ва миллий хавфсизлик манфаатларидан келиб чиқиб, тўлиқ инвентаризациядан ўтказилиши керак. Энг тўғри йўл эса мустақил аудит".
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













