Бойсундаги газ кони воқеаси: Ҳукумат сукутда, одамлар эса маҳаллий журналистларга заҳарли газ ҳануз чиқаётгани ҳақида гапирган

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Бойсундаги техноген офатга доир сўнгги расмий маълумотлар душанба куни чиққан. Одамлар эса маҳаллий матбуотга олтингугурт гази ҳануз чиқаётгани ҳақида гапирган.
Бойсун туманидаги "Мустақилликнинг 25 йиллиги" (М-25) газ конида юз берган ҳолат юзасидан берилган охирги расмий маълумот 2 сентябрь куни чиққан.
Шу куни эрта тонгда кон жойлашган Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва Энергетика вазирлиги матбуот хизмати кондаги вазиятга оид мазмунан бир-бирига ўхшаш маълумот тарқатган.
Ҳар икки расмий маълумотда ҳам Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 1 сентябрь кечаси берган хабари деярли қайта такрорланган
"Воқеа туфайли фуқароларнинг тан жароҳати олиши ёки ҳалок бўлиш ҳолатлари кузатилмаган. Айни пайтда вазият тўлиқ назорат остида", дейилади вазирликнинг илк ва ҳозирча сўнгги хабарида.
Шундан сўнг ҳукумат хавотирли вазият борасида сукут сақлаб келмоқда - маҳаллий матбуот эса кондан ҳали ҳам зарарли газ чиқаётгани ва кўплаб одамлар уйини тарк этгани ҳақида ёзган.
"Ёқимсиз, аччиқ бадбўй ҳид"
"Водород сулфид чиқишда давом этмоқда, кўпчилик уйини вақтинча тарк этди", дейилади Gazeta.uz нашри 5 сентябрь ярим тунда чоп этган мақолада.
Нашр ўз мақоласи маҳаллий аҳоли билан гаплашгани ва улар водород сулфид (олтингугурт) гази яқин атрофларга тарқалгани боис кўпчилик бошқа шаҳарларга кетгани ҳақида айтганини ёзган.
Gazeta.uz билан гаплашган маҳаллий аҳолидан бири газ М-25 кони яқинидаги Кафрун қишлоғининг барча аҳолиси унча узоқ бўлмаган Бойсун шаҳрига эвакуация қилинганини айтган.
"Улар мактаб ва коллежларга жойлашди. Кафрун ишчилари ҳам қўйиб юборилди, шу ерда ишлаётган Ҳиндистон ва Покистон фуқаролари ҳам кўчирилди. Бу ердан автобуслар, автомашиналар ва авария ускуналари ўтмоқда. Ҳарбийлар катта "Алпомиш" стадионимизга етиб келди, чодирлар қурди, у ерда катта армия бор", деган маҳаллий эркак Gazeta.uz билан суҳбатда.
Кун.уз нашри эса мавзуга оид 3 сентябрь куни чоп этган мақоласида эса олтингугурт гази атрофдаги қишлоқларга тарқалиш билан бирга Бойсун шаҳрига ҳам етиб боргани ҳақида ёзган.
"Шаҳарни ёқимсиз, аччиқ бадбўй ҳид қоплаган. Нафас олиш қийинлашган. Кўп одамлар ўзларида ланжлик ва бош оғриғини ҳис қиляпти", деган Kun.uz суҳбатдошларидан бири.
Gazeta.uz суҳбатдоши эса расмийлар маҳаллий аҳолидан интернетда воқеа ҳақида маълумот, фото ва видеолар тарқатмаслик сўрагани, муаммони ҳал этишга ваъда бергани ҳақида гапирган.
Сурхондарёлик журналист Аброр Қурбонмуродов нашрга газ сизиб чиққан дастлабки кунларда тиббиёт муассасаларига ростдан ҳам қусаётган ва ўзини ёмон ҳис қилаётган беморлар қабул қилингани, "ҳозирги кунда ундай нарса йўқлиги" ҳақида гапирган.
"Ўша қишлоқда бор газ ҳозирча, ҳиди сезилиб туради… Ҳар бир кўчада милиция турибди, нега турибди, чунки — ҳеч ким йўқ уйларда, шунга ўғирликлар бўлмаслиги учун милиция қўйган ҳамма кўчага", дея журналистдан иқтибос келтирган нашр.
Олтингугурт гази қанчалик хавфли ўзи?
АҚШ Меҳнат вазирлигининг маълумотларига кўра, водород сулфиди (сассиқ газ ёки ботқоқ гази деб ҳам аталади) ўта ёнувчан ва ўткир заҳарли газлардан биридир.
Водород сулфиди канализациялар, гўнгхоналар, нефть-газ конлари, вулқонларда табиий равишда пайдо бўлади.
Бузилган тухум ҳидини эслатувчи рангсиз бу газнинг одамга зарарли таъсири унинг концентрацияга боғлиқ.
Бироқ одам энг кам концентрацияда ҳам олтингугурт гази таъсирини сезиши мумкин.
Асоратлар бошоғриқ ва кўз ачишишидан тортиб, ҳушдан кетиш ва ўлимгача бориши мумкин.
Водород сулфиди ҳаводан оғирроқ бўлгани сабаб у қудуқлар, ёпиқ иншоотларда тўпланиб қолиши мумкин - шу сабаб мутахассислар бу газ тарқалган пайтда ёпиқ биноларда узоқ вақт туриб қолишдан сақланишни тавсия қилади.
2 сентябрь

Сурат манбаси, O'zbekiston FVV
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар қилишича, бурғулаш ишлари пайти ҳавога олтингугурт гази чиққани туфайли Бойсун туманининг конга яқин жойда истиқомат қиладиган аҳолиси хавфсиз жойга кўчирилган.
ФВВга кўра, ҳодиса 1 сентябр куни рўй берган.
Сурхондарё вилояти Бойсун тумани "Кўлқамиш" маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган "Мустақилликнинг 25 йиллиги" конига қарашли 604-сон қудуғида бурғулаш ишлари олиб бориш вақтида технологик жараённинг бузилиши натижасида олтингугурт (водород сулфид) гази чиқиши кузатилган, деб хабар берди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
Алоқадор мавзулар:
"Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кон яқинида яшовчи фуқаролар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган. Фуқароларни тан-жароҳати олиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари қайд этилмаган. Вазият тўлиқ назорат остида", деб хабар берди вазирлик.
Ҳодиса жойига Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов етиб борган, мутахассислар билан бирга зарарли модданинг ҳавога тарқалиши оқибатларини бартараф этиш амалиётларида қатнашаётгани ҳақида хабар тарқатишди маҳаллий оммавий ахборот воситалари.
Хусусан, ҳавонинг нақадар ифлослангани даражаси ўрганилаяпти.

Сурат манбаси, Telegram/Boysun tuman hokimligi
Би-би-си Ўзбек хизмати Сурхондарё вилоят ва Бойсун тумани ҳокимликлари матбуот хизматлари билан боғланишга ҳаракат қилди. Ҳозирча бу борада қўшимча маълумот ололганимизча йўқ.
Айни пайтда қанча одам қаерга кўчирилди ҳамда улар қачон уйларига қайтишлари мумкинлиги ҳақида аниқ маълумотлар айтилгани йўқ.
Fergana News веб нашри хабар қилишича, "Мустақилликнинг 25 йиллиги" газ кони лойиҳаси 2017 йил 5 апрелида Ўзбекистон билан инвесторлар консорциуми имзолаган маҳсулотни бўлиб олиш ҳақидаги битим бўйича ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Ўзбекистоннинг "Ўзбекнефтегаз", Россиянинг Gas Project Development Central Asia, Кипрдаги Altmax Holding акционерлар деб ҳисобланиши, оператор эса Surhan Gas Chemical Operating Company экани хабар қилинади.
Fergana News нашрига кўра, газ кони Бойсун шаҳридан 20 км узоқликда жойлашган ва ҳозирги пайтдаги Ўзбекистондаги ўзлаштирилмаган энг йирик газ кони ҳисобланади.

Сурат манбаси, .
У ерда 150 млрд кубометр газ хомашёси бор, деб кўрилади.
Fergana News вебсаҳифасига кўра, лойиҳа 5,8 миллиард АҚШ долларида баҳоланган ва 2021 йили Россиянинг давлат назоратидаги "Газпром" ширкати ва ВЭБ.РФ Сурхондарё вилоятидаги кон инфраструктурасига техника етказиб бериш ҳамда хизматлар учун 900 миллион долларлик кредит ажратган.
Олтингугуртга бой

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Водород сулфид ёки сероводород - H2S рангсиз, тез ёнадиган, инсон организми учун заҳарли ва коррозия хусусиятига эга газ бўлиб, кўп йиғилган жойида ачиган тухум ҳидига ўхшаш ҳид чиқаради.
Нефт ёки газ конини бурғулашда сероводород чиқиши табиий ҳисобланади.
Газ инсон асаб тизимига таъсир қилиб, ҳид билиш хусусиятини йўқотишга олиб келиши мумкин.
Бунинг оқибатида инсон ўзининг атрофида водород сулфид кўп концентрацияси тўпланганини билмаслиги ва қаттиқ заҳарланиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Ҳисор тоғ тизмасининг Чўлбайир тизимига туташган Сурхондарё вилояти ҳудудлари олтингугуртга бой ҳисобланади.
Сероводород гази чиққан кондан шимоли-шарққа қараб тўғри юрганда, 20 километрча узоқликда Хўжаипок ғори жойлашган.
Ҳозирги Олтинсой туманидаги Хўжаипок зиёратгоҳи олтингугурт суви билан танилган, узоқ вақтлардан буён сурхондарёликлар тери касалликлари учун Хўжаипок ғори ва сойида чўмилиш учун у ерга борадилар.
Сурхондарёнинг дунёга машҳур ғорларини қарийб 40 йилдан буён тадқиқ қилиб келадиган россиялик ғоршунослар Хўжаипок суви қаердан келишини аниқлашга қарор қилганлар.
Екатеринбургдаги Свердловск Спелеологлар клуби аъзоларининг Би-би-сига айтишларича, Деҳи Боло қишлоғи тепасидаги машҳур Бойбулоқ ғори сувига ранг қуйишган ва рангли сув тоғ тизмасидаги бошқа ғорлар билан бирга Хўжаипок ғоридан ҳам чиқиб келган.
2020 йили Хўжаипок ғорининг олтингугуртли суви билан даволайдиган "Хўжаипок" санаторийси қуриб битказилди, у дунёдаги олтингугурт суви билан даволайдиган беш сиҳатгоҳдан бири ҳисобланади.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













