Сурия: Аросатдаги ИШИД аъзолари ўз йўлидан қайтганми? - видео

Pardali ayollar, ba'zilari boshdan-oyoq qora kiyingan. Sizning ham bir nechta bolalaringiz bor. Ulardan biri ko'rsatkich barmog'ini ko'tarmoqda. Ayol kesish ishorasini qilmoqda.

Сурат манбаси, Goktay Koraltan/BBC

    • Author, Орла Гуэрин
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

Ҳудуди пароканда янги Суриянинг курдлар назорати остидаги шимоли-шарқида ўзини Ислом давлати (ИШИД) деб атайдиган гуруҳга қарши эски жанг ҳамон давом этмоқда. Бу можаро бошқа жойлардаги йирикроқ урушлар соясида эътибордан четда қолган эди.

Бироқ, курдларнинг террорчиликка қарши кураш бўйича расмийлари Би-би-сига Суриядаги ИШИД ячейкалари қайта тўпланиб, ҳужумларини кучайтираётганини маълум қилди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Валид Абдулбосит Шайх Мусо мотоциклларга жуда қизиқар эди ва ниҳоят январ ойида улардан бирини сотиб олди.

21 ёшли йигитнинг бундан оладиган завқи атиги бир неча ҳафтага етди, холос. У феврал ойида Сурия шимоли-шарқида ИШИДга қарши жангларда ҳалок бўлди.

Валид экстремистларга қарши курашга шунчалик иштиёқманд эдики, 15 ёшида курдлар бошчилигидаги Сурия демократик кучларига (СДК) қўшилиш учун уйдан қочиб кетганди. Уни вояга етмагани учун қайтариб олиб келишди, аммо уч йилдан сўнг қабул қилишди.

Валиднинг катта оиласи аъзолари Қамишли шаҳридаги уйларида унинг қисқа ҳаёти ҳақида бизга сўзлаб беришди.

"Мен уни ҳамма жойда кўраман, – деди онаси Рожин Муҳаммад. – У менга бир дунё хотира қолдирди. У жуда ғамхўр ва меҳрибон эди."

Валид саккиз фарзанднинг бири бўлиб, ўғилларнинг энг кенжаси эди. У бирор нарса истаса, онасини доим кўндира оларди.

"У бирор нарса хоҳласа, келиб мени ўпарди, – деб эслайди онаси. – Кейин «сигарет сотиб олишга пул бера оласизми?» деб сўрарди."

Ёш жангчи стратегик аҳамиятли тўғон яқинидаги жангда ҳалок бўлди – унинг жасадини фронт чизиғини қидирган амакиваччаси топди. Онаси кўз ёшларини артиб, ИШИДдан қасос олишга чақиради.

Validning onasi telefonini uzatib, uning oq-qora tasvirini ko'rsatmoqda

Сурат манбаси, Goktay Koraltan/BBC

Сурат тагсўзи, Валид феврал ойида Сурия шимоли-шарқида "Исломий давлат" гуруҳига қарши жангларда ҳалок бўлган эди

"Улар юрагимизни вайрон қилишди, – дейди у. – Қанчадан-қанча ёшларимизни кўмдик. Даиш (ИШИД) бутунлай йўқ қилинсин. Умид қиламанки, улардан бирортаси қолмайди."

Аксинча, "Ислом давлати" гуруҳи ўтган йил декабрида Суриянинг узоқ йиллик диктатори Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин юзага келган хавфсизлик бўшлиғидан фойдаланиб, одам ёллаш ва қайта ташкилланиш билан шуғулланмоқда.

"Уларнинг ҳужумлари 10 баравар кўпайди," дейди Халқ мудофааси бўлинмалари (YPG) матбуот котиби Сияменд Али. YPG ўн йилдан ортиқ вақтдан бери ИШИДга қарши курашаётган курд халқ армияси ва СДКнинг асосий кучи ҳисобланади.

Boshiga qora ro'mol o'ragan Rojin Muhammad

Сурат манбаси, Goktay Koraltan/BBC

Сурат тагсўзи, "Мен уни ҳамма жойда кўраман", дейди Валиднинг онаси Рожин Муҳаммад

"Улар тартибсизликдан фойдаланиб, (эски тузум) омборларидан кўп қурол-яроғ қўлга киритишди."

Унинг таъкидлашича, жангарилар ўз фаолият доиралари ва ҳужум усулларини кенгайтирган. Улар ҳозир зарба бериб қочиб қолиш операцияларидан назорат-ўтказиш пунктларига ҳужум қилиш ва миналар қўйиш даражасига кўтарилган.

Унинг идораси деворларини ИШИД томонидан ўлдирилган YPG аъзолари суратлари қоплаган эди.

АҚШ учун YPG халқ армияси экстремистларга қарши курашда муҳим иттифоқчи ҳисобланади. Туркия эса уни террорчи гуруҳ деб билади.

Ўтган йил давомида ИШИДга қарши операцияларда 30 нафар YPG жангчиси ҳалок бўлган, 95 нафар ИШИД жангариси эса асирга олинган.

Курд ҳокимияти қамоқхоналари ИШИДга алоқадорликда гумон қилинаётганлар билан тўла. Буюк Британия, АҚШ, Россия ва Австралия дохил 48 мамлакатдан келган 8000 га яқин одам йиллар давомида шимоли-шарқдаги қамоқхоналар тармоғида сақланмоқда.

Уларнинг айбдор ёки айбсизлигидан қатъи назар, уларнинг иши судда кўрилмаган ва ҳукм чиқарилмаган.

ИШИД гумонланувчилари учун энг катта қамоқхона Ал-Хасака шаҳридаги ас-Сина бўлиб, у баланд деворлар ва кузатув миноралари билан ўралган.

Камера эшигидаги кичик туйнукдан бир вақтлар Сурия ва Ироқнинг учдан бир қисмини даҳшатга солган одамларни кўришимиз мумкин.

Жигарранг формали, сочи қирилган маҳбуслар камеранинг қарама-қарши томонларида, юпқа тўшакларда қимир этмай жим ўтирибди. Улар ўзлари 2014 йилда эълон қилган "халифалик" сингари озғин, заиф ва мағлуб кўринади. Қамоқхона маъмурияти айтишича, бу одамлар ИШИДнинг Суриядаги Боғуз шаҳридаги сўнгги қаршилигига қадар, яъни 2019 йил мартигача гуруҳ таркибида жанг қилган.

Al-Sino qamoqxonasida jigarrang formada, sochlari qirqib olingan bir qancha mahbuslar matraslarda o'tirishgan.

Сурат манбаси, Goktay Koraltan/BBC

Сурат тагсўзи, Ҳасака шаҳрида жойлашган Ал-Сино ИШИДда гумон қилинганлар учун энг йирик қамоқхона ҳисобланади

Бу ерда телевизор ёки радио, интернет ёки телефон йўқ, Асадни собиқ исломий жангари Аҳмад аш-Шарaа ағдаргани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Ҳар ҳолда қамоқхона маъмурияти шундай бўлишига умид қилади.

Бироқ, хавфсизлик нуқтаи назаридан номи ошкор этилмайдиган қамоқхона қўмондони айтишича, ИШИД панжаралар ортида ўзини тикламоқда. Унинг таъкидлашича, қамоқхонанинг ҳар бир бўлимида амирлари бор, улар фатволар чиқаради.

"Амирлар ҳали ҳам таъсир кучига эга, – дейди у. Улар буйруқлар беради ва шариат дарслари ўтказади."

Маҳбуслардан бири, лондонлик Ҳамза Парвез қамоқхона қўриқчилари назорати остида биз билан суҳбатлашишга рози бўлди.

Собиқ бухгалтер амалиётчи 2014 йил бошида, 21 ёшида ИШИД жангчисига айланганини тан олади. Оқибатда у фуқароликдан маҳрум этилган. ИШИДнинг ваҳшийликлари, жумладан, бош кесишлар ҳақида сўралганда, у кўплаб "бахтсиз" ҳодисалар содир бўлганини айтади.

"Мен рози бўлмаган кўп нарсалар содир бўлди, – деди у. Мен маъқуллаган баъзи нарсалар ҳам бор эди. Мен амир эмасдим. Оддий аскар эдим."

Унинг айтишича, ҳозир ҳаёти хавф остида. "Мен ўлим тўшагидаман... сил касалига чалинганлар билан тўла хонада, – дейди у. Ҳар он ўлишим мумкин."

Кўп йиллик қамоқдан сўнг Парвез Буюк Британияга қайтарилишни сўрамоқда.

"Мен ва бу ердаги бошқа британиялик фуқаролар ҳеч кимга зарар етказишни истамаймиз, – дейди у. Биз қилган ишимизни қилдик, ҳа. Биз келдик. Биз «Исломий давлат»га қўшилдик. Бу яшириб бўладиган нарса эмас."

"Менинг сўзимга ишонишлари керак," дейди у кулиб.

"Мен одамларни ишонтира олмайдиган нарса бу. Бизни қайтариб олиб келиш учун жуда катта таваккал қилишларига тўғри келади. Бу ҳақиқат."

Британия, кўплаб бошқа давлатлар сингари, бунга шошмаяпти.

Шундай қилиб, курдлар жангчиларни ва уларнинг 34 мингга яқин оила аъзоларини ушлаб турибди.

Аёллар ва болалар кенг, кимсасиз чодирли лагерларда судсиз ушлаб турилмоқда, бу эса очиқ осмон остидаги қамоқхонага ўхшайди. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бунинг жамоавий жазо – ҳарбий жиноят эканлигини таъкидлашмоқда.

Рож лагери Сурия чўли чеккасида жойлашган – шамол савалаб, қуёш куйдириб ётган жой.

Лондонлик Меҳак Аслам бу ердан қочишни истайди. У биз билан учрашиш учун бошқарувчи идорасига келди – нозик, ниқобда, юз ниқобини тақиб, оқсоқланиб юрган аёл. У бир неча йил олдин курд кучлари томонидан калтаклангани ва ўқ парчаси билан жароҳатлангани ҳақида гапирди.

Суҳбатга розилик бергач, у узоқ гапирди.

Pardali ayollar, ba'zilari boshdan-oyoq qora kiyingan. Sizning ham bir nechta bolalaringiz bor. Ulardan biri ko'rsatkich barmog'ini ko'tarmoqda. Ayol kesish ishorasini qilmoqda.

Сурат манбаси, Goktay Koraltan/BBC

Сурат тагсўзи, "Исломий давлат" гуруҳи жангариларида гумон қилинганларнинг хотинлари ва болалари чодирли лагерларда ушланмоқда

Унинг айтишича, у Сурияга бенгаллик эри Шаҳан Чаудхари билан фақат "ёрдам бериш учун" келган ва улар "ширинлик пишириб" кун кечирган. Ҳозир эри ас-Сина қамоқхонасида, иккаласи ҳам фуқароликдан маҳрум қилинган.

Тўрт фарзанднинг онаси ИШИДга қўшилганини инкор қилади, лекин болаларини унинг ҳудудига олиб келганини тан олади. Катта қизи портлаш натижасида ҳалок бўлган.

"Мен уни Бағузда йўқотдим. Бу реактив гранатомёт ёки кичик бомба эди. Унинг оёғи синиб, орқасидан снаряд парчаси тегди. Қўлларимда жон берди," дейди у паст овозда.

У менга болаларида, жумладан, саккиз ёшли кенжасида ҳам лагердаги ҳаёт туфайли соғлиқ муаммолари пайдо бўлганини айтди. Аммо у уларни Буюк Британияга қайтариш таклифини рад этганини тан олди. Унинг айтишича, болалари онасисиз кетишни истамаган.

"Афсуски, болаларим деярли бутунлай лагердагина улғайди, – дейди у. Улар ташқи дунёни билишмайди. Икки фарзандим Сурияда туғилган, улар ҳеч қачон Британияни кўрмаган ва нотаниш оилага бориш жуда қийин бўларди. Ҳеч бир она фарзандларидан ажратилиши керак эмас."

Мен унга тинч аҳолини ўлдираётган, язидий аёлларни зўрлаётган ва қулга айлантираётган, одамларни бинолардан улоқтираётган «халифалик»ка келишни ўзингиз танламаганмидингиз деб сўрадим.

"Мен ўша пайтда язидийлар масаласидан бехабар эдим, – дейди у, – одамларни бинолардан улоқтиришаётганидан ҳам. Биз буларнинг ҳеч бирига гувоҳ бўлмадик. Биз улар жуда экстремист эканлигини билардик."

У лагерда хавф остида эканлигини айтди, чунки унинг Британияга қайтмоқчи эканлиги маълум.

"Мени аллақачон муртад сифатида нишонга олишган, бу ҳам ўз жамоамда. Мактабда болаларимга тош отишган."

Мен ундан ИШИД халифалиги қайтишини хоҳлайсизми, деб сўрадим.

"Баъзан нарсалар нотўғри талқин қилинади, – деди у. Биз кўрган нарсалар исломий нуқтаи назардан тўғри эди деб ўйламайман."

Бир соатлик суҳбатдан сўнг у чодирига қайтди, лагердан қачондир чиқиб кетишига ҳеч қандай ишора йўқ эди.

Лагер бошқарувчиси Ҳикмия Иброҳим Рожда тўққизта британиялик оила борлигини айтади – улар орасида 12 нафар бола бор. Унинг қўшимча қилишича, лагердагиларнинг 75 фоизи ҳали ҳам ИШИД мафкурасига содиқ.

Рождан ҳам ёмонроқ жойлар бор.

Ал-Ҳолдаги вазият анча кескин – у 6000 га яқин чет эллик сақланаётган янада радикаллашган лагер.

Бизга лагернинг улар турган қисмига кириш учун қуролланган қўриқчилар беришди.

Эҳтиёткорлик билан ичкарига кирганимизда, атрофда тарақлаган овоз эшитилди. Қўриқчилар бу бегоналар келганидан дарак бериб, ҳужумга учрашимиз мумкинлигидан огоҳлантирувчи сигнал деди.

Hududda forma kiygan kurd kuchlari patrul qilmoqda

Сурат манбаси, Goktay Koraltan/BBC

Сурат тагсўзи, Курд аскарлари ИШИД маҳбуслари сақланадиган лагерлар атрофида патруль қилмоқда

Бошдан-оёқ қора кийинган ниқобли аёллар тезда тўпланди. Улардан бири менинг саволларимга жавобан бармоғи билан бўйнини кесаётгандек ишора қилди.

Бир неча кичик болалар кўрсаткич бармоғини кўтарди – бу аслида мусулмонлар ибодати билан боғлиқ бўлган, аммо ИШИД ўзлаштирган ишорадир. Ташрифимизни қисқа қилдик.

СДК лагер ташқарисида ва атрофдаги ҳудудларда патруллик қилади.

Биз уларга қўшилиб, чўл йўлларидан кетдик.

"Ҳамма жойда яширин гуруҳлар бор," деди командирлардан бири.

Сўнгги ойларда улар "халифалик болаларини озод қилишга уриниб," ўғил болаларни лагердан олиб чиқишга ҳаракат қилишмоқда, дея қўшимча қилди у. Кўпчилик уринишлар олди олинади, лекин ҳаммаси эмас.

ИШИДнинг шафқатсиз меросини қабул қилган янги авлод – сим тўсиқлар ичида улғаймоқда.

"Биз болалардан хавотирдамиз," дейди Ҳикмия Иброҳим Рож лагерида.

"Уларнинг бу ботқоқда ўсиб, бундай мафкурани ўзлаштираётганини кўрганимизда, кўнглимиз оғрийди".

Улар ёшлигиданоқ шундай тарбия олгани сабабли, оталаридан ҳам муросасизроқ бўлиши мумкин дейди у.

"Улар ИШИДнинг янги авлоди учун уруғ бўлади, аввалгисидан ҳам кучлироқ."