Халқаро Жиноят суди Толибон раҳбарларига ҳибс ордери чиқармоқчи

Толибон бошқаруви структураси

Сурат манбаси, .

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Халқаро Жиноят суди бош прокурори хабар қилишича, аёллар ва қизлар таъқибга олинаётгани туфайли Афғонистондаги Толибоннинг энг олий раҳбарларига нисбатан ҳибс ордерини чиқаришга қарор қилган.

Бош прокурор Карим Хон сўзларига кўра, Толибон Олий раҳбари Мавлавий Ҳайбатуллоҳ Охунзода ва Олий суд раиси Абдул Ҳаким Ҳаққонийни гендер асосида инсониятга қарши жиноятда айблаш учун "мантиқий асослар" бор.

Толибон 2021 йил августида бутун Афғонистон устидан назоратни қўлга киритганидан буён мамлакатни бошқариб келади.

Ҳозирча Толибон ҳукумати бирор бир хорижий давлат томонидан расман тан олингани йўқ.

Толибон ўзининг 2001 йилга солиштирганда ўзгарганини эълон қилганига қарамасдан, охирги уч йилда яна хотин-қизларнинг ўқиш ва ишлашларини тақиқлаш каби амалларга қўл урди.

Пойтахт Кобулда аёлларга таълим олиш тақиқланишига қарши ташкил қилинган хотин қизлар норозилик намойиши

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Афғонистондаги талаба қизлар олий таълим сабоқларини давом эттириш талаби билан норозилик намойишлари ҳам уюштирдилар

Ҳайбатуллоҳ Охунзода ҳақида нималар маълум?

Ҳайбатуллоҳ Охунзоданинг лавозими Амирул-мўъминин - Мўъминларнинг амири деб аталади, у Толибоннинг сиёсий, диний ва ҳарбий ишлари учун энг олий ваколатга эга раҳбар ҳисобланади.

Ҳайбатуллоҳ Охунзодадан олдин Афғонистон Толибони раҳбари Ахтар Мансур эди, у 2016 йили Афғон-Покистон чегарасида АҚШ дрон ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган эди.

Рейтерс ахборот агентлигига талабалари ва бошқа яқиндан таниган инсонларнинг айтишларича, Ҳайбатуллоҳ Охунзода 15 йил мобайнида Покистон жануби-ғарбида жойлашган Кучлак қишлоғида масжидга имом, талабаларга мударрислик қилган.

У 2016 йили тўсатдан омма кўзидан ғойиб бўлган.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Ҳалигача у ўзини журналистлар, фото ва видео камералардан узоқ сақлайди.

Охунзодани "соядан бошқаришни афзал кўрадиган раҳбар" деб таърифлайдилар, бошқа раҳбарларни музокараларга юборишни маъқул кўради.

Толибон вакилларининг АҚШ ва иттифоқчилари билан бошлаган музокаралари Афғонистондаги 20 йил давом этган урушни якунлашга имкон берди.

Охунзода кўпчилик олдида бугун ҳам кам кўриниш беради, қароргоҳи қилиб Афғонистон жанубидаги Қандаҳор шаҳрини танлаган.

Ўша ерда чиқарган фармонлари, хусусан, қизлар учун мактаб ва университетларда ўқишни тақиқ фармонини пойтахт Кобулда жойлашган вазирлари ижро этадилар.

Охунзода энг ишонадиган Ҳаққоний

Толибон 2021 йили Афғонистон назоратини қўлга киритганидан кейин Абдул Ҳаким Ҳаққоний Толибон ҳукумати олий суд раислигига тайинланди.

Абдул Ҳаким Ҳаққоний Толибоннинг қудратли диний уламолар кенгаши раҳбари ҳам ҳисобланади.

Кўпчилик ишонишича, Толибон раҳбари Охунзода энг кўп ишонадиган инсон ҳамдир.

Афғонистондан хорижий қўшинлар олиб чиқиб кетилишидан олдин Толибон АҚШ билан Қатар пойтахти Доҳада бошлаган музокарачилар ҳайъатига Ҳаққоний етакчилик қилган.

Afghan Analyst Network тадқиқот маркази ёзишича, Абдул Ҳаким Ҳаққоний араб тилида китоб ёзган, бу китобда у исломий амирлик қандай бўлиши керак, қандай бошқарилиши керак деган саволларга ўз қарашларини ифода этган.

Китобда Ҳаққоний мамлакат мустақиллиги муҳимлигини урғулайди, ташқаридан бўладиган босимларга ён босмаслик керак деб ҳисоблайди, дея ёзади Afghan Analyst Network.