Гиёҳвандлик ва ОИТС уятидан дин мени қандай қутқарди?

Budda surati oldida jilmayib turgan Hamish Nuh turibdi
    • Author, Лебо Дисеко
    • Role, BBC News
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

"Мен ҳаётимнинг 20 йилга яқинини оғриқларимни енгиллаштириш ва улардан қочиш учун гиёҳванд модда истеъмол қилиб, ичкиликка берилиб, шаҳвоний муносабатлар билан ўтказдим."

Қаршимда ўтирган, гўдакдек юзли бу ёш йигитнинг шундай бир ботқоққа тушиб қолганини тасаввур этиш қийин эди. Ҳозирда 36 ёшли Ҳемиш Нуҳ эътиқоди ва ўтмишдаги синовларидан руҳланган ҳолда бошқаларга ёмон одатларни енгишга ёрдам бермоқда. Аммо бу йўл осон кечмаган. Унинг болаликда бошидан кечирган воқеалари ўз асоратларини қолдирган.

Унинг болалиги оддий болаларникидек ўтмаган. 10 ёшигача у Осиё, Африка ва Европада жойлашган етти мамлакатда яшаган. Ўзининг айтишича, у умри давомида оғир стресс ва мураккаб руҳий жароҳатлар билан яшаб келган ва буларнинг ҳаммаси драматик бир воқеа билан бошланган.

Атиги 11 ёшида у Найробига учаётган самолётдаги фожеа натижасида нақ 3000 метрдан қулаган учоқда тирик қолган. Ўшанда бир телба йўловчи учоқ бошқарувини ўз қўлига олишга уринган эди. Бу воқеадан сўнг унинг ҳаёти бутунлай ўзгарган.

Ўсмирликдан бошлаб, 30 ёшларигача Ҳемишнинг феъл-атвори тобора ўзини йўқотишга олиб борди.

"Мен илгари ҳеч қачон тегмайман деб ўйлаган оғир гиёҳванд моддалар, масалан, кристалл метамфетаминни ишлата бошладим. Ҳафта орасида, иш пайтида ҳам фойдаланардим", дейди Ҳемиш.

Ikkita rasm yonma-yon, chap tomonda Hamishning pivo ichayotgani va ko‘zlariga qalpoqcha kiygani, o‘ng tomonida esa kameraga jilmayib turgan Hamishning keyingi surati.

Сурат манбаси, Hamish Noah

Сурат тагсўзи, Ҳемиш узоқ йиллар муммоларига тик қарамагунча реалликни инкор қилиб келганини айтади

2020 йил январида, ўзини хасталигини ҳис қила бошлаганида, аввалига кўкрак инфекцияси, кейин эса бошқа енгил касалликлар кузатилди. У буни аввал турмуш тарзи ва уйқусизлик билан боғлади. Аммо Янги йил кечасидаги оғир ҳолат ва кўзида пайдо бўлган инфекция уни шифокорга боришга мажбур қилди. Клиникада унга ОИВ инфекциясининг оғир босқичи – ОИТС ташхиси қўйилди.

"Бу мен учун улкан зарба бўлди. Мен аввал гиёҳвандлик ва ёмон одатларга бандилигимни тан олмасдим. Ҳатто таҳлил натижаси чиққанида ҳам ишонмасдим – 'бу ҳақиқат бўлиши мумкин эмас', дердим."

Бироқ ушбу ташхис унинг ҳаётида янги саҳифа очди. Ҳемиш Alcoholics Anonymous, Narcotics Anonymous ва Sex Addicts Anonymous каби 12 босқичли дастур асосида фаолият юритувчи гуруҳларга қўшилиб, ўз одатларидан қутулиш йўлини излади.

Бу бандиликдан халос бўлишнинг махсус тузилган усули бўлиб, руҳий қадриятлар, жамоавий қўллаб-қувватлов ва шахсий масъулиятга асосланади.

Шу билан бирга, у телефон орқали дунёвий медитация иловасидан фойдаланиб, мунтазам медитацияни бошлади.

Соядаги муаммолар

Hamish Noah
Agar bunday masalalarga yuzma-yuz kelmasangiz, ular soyada qoladi. Ular oyog‘ingizdagi tushovdek bo‘lib turadi, toki o‘zingiz ularni nurga chiqarmaguncha.
Hemish Nuh
Batafsil: BBC.COM/UZBEK

Терапия ва 12 босқичли гуруҳлар фойдали бўлганига қарамай, Ҳемиш бир неча бор яна бандилик гирдобига тушиб қолди.

Унинг таъкидлашича, гиёҳванд моддалар ва спиртли ичимликлардан фойдаланиши "ўзини ўзи жароҳатлашнинг бир кўриниши" бўлиб, болаликда йиғилиб қолган жароҳатларини яшириш уриниши эди.

"Мен ўзимни бисексуал эканимни 30 ёшга етгунимга қадар қабул қилмадим, гарчи буни болалигимданоқ билиб юрган бўлсам ҳам", дейди у.

"Агар бундай масалаларга юзма-юз келмасангиз, улар сояда қолади. Улар оёғингиздаги тушовдек бўлиб туради, токи ўзингиз уларни нурга чиқармагунча", дейди Ҳемиш.

Ташхис қўйилганидан бир йил ўтиб, унинг дўсти Лондон Будда Марказига боришга таклиф қилди – бу унинг ҳаётида бурилиш нуқтаси бўлди.

Сомалилик мусулмон она ва шотланд насроний отанинг фарзанди бўлган Ҳемиш шунгача диндан узоқ эди.

"Будда амалиёти, асосан медитация, менга ички мулоҳазаларимни, қалбим ва хаёлимда айланиб юрган барча хаёлларни яхшироқ тушунишга ёрдам берди", дейди у.

"Ўзим билан сукутда кўпроқ вақт ўтказганим сайин, ўзимни яхшироқ англадим ва мени орқага тортаётган томонларимни кўра бошладим. Улар билан танишдим, уларни яхшироқ тушундим ва, охир-оқибат, улар билан дўстлашдим."

У "кечириш ва қабул қилиш маданияти"ни ҳис қилди – бу унга уят ва айбдорлик туйғуларини енгишда катта ёрдам берди. "Ўзни қабул қилиш ва ўзга меҳрибонлик билан қараш фалсафаси менинг ҳаётимни ўзгартирди", дейди у.

Hamishning bolaligida otasi bilan surati.

Сурат манбаси, Hamish Noah

Сурат тагсўзи, Ҳемишнинг ота-онаси бошқа динларга эътиқод қилишган

Ҳемиш ҳозирда икки нафар Будда устози – Ванкувер Будда Маркази раҳбари Вималасара ва Миллий соғлиқ хизматининг гиёҳвандлик бўйича собиқ психиатри доктор Парамабандху Гровс ишлаб чиқган тикланиш усули бўйича махсус тайёргарликдан ўтган.

Бу усул учта асосий тамойилга таянади:

Миянгиздаги ўйлардан хабардор бўлиш – бу ҳаётдаги воқеаларга муносиб жавоб бериш қобилиятини оширади.

Қаҳр, ғам-андуҳ ёки хурсандлик пайтларида ташқи воситаларга суянмасдан, ўз ҳис-туйғуларингизга таяниш.

Айни дамда яхшироқ танлов қилиш ва шундай қилишни бошқаларга ҳам ўргатиш.

"Агар сиз шу нарсаларни уддалай олсангиз, – дейди Ҳемиш, – наркотик ёки спиртли ичимликка қўл узатишга зарурат қолмайди, соғломроқ ва фойдали йўлни танлашни ўрганасиз."

Дунёвий ёки руҳоний ечимлар?

Ёмон одатларга бандилик ҳаёт учун хавфли экани шубҳасиз. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 2019 йили 2,6 миллион одам спиртли ичимликлар сабабли вафот этган – бу дунё бўйича барча ўлим ҳолатларининг деярли 5%ини ташкил этади. Психоактив моддалар эса глобал миқёсда қарийб 600 минг ўлимга сабаб бўлган.

Умумий барчага мос келадиган ягона ечим йўқ, баъзи одамлар учун Когнитив-хулқий терапияга (КХТ) асосланган SMART тикланиш дастури каби дунёвий усуллар жуда самарали бўлади.

Дунё миқёсида бандиликка қарши энг машҳур усуллардан бири – 12 босқичли гуруҳлардир. 1935 йилда ташкил этилган Alcoholics Anonymous (AA) биринчи шундай дастур бўлган, аммо ҳозирда турли хил бандилик шакллари бўйича кўплаб гуруҳлар мавжуд.

AA адабиётида "аъзолик учун ҳеч қандай диний ёки руҳий талаб йўқ" деб таъкидланган бўлса-да, 12 босқичли дастурнинг асосий қисмларидан бири – "ўзимиздан каттароқ бир куч ақл-идрокимизни тиклаши мумкин" деган ишончдир.

Айни мана шу – инсондан ташқаридаги кучга суяниш 12 босқичли дастурни руҳоний асосга эга деб ҳисоблашга асос бўлади.

Dauning-strit, 10-uy eshigi oldida turgan Hamishning surati, bu yerda OIV bilan yashayotgan odamlar bilan birdamlikni bildiruvchi qizil lenta bor.

Сурат манбаси, Hamish Noah

Доктор Питер Ҳиллен Эдинбург Нейпир университетида соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизмат соҳаларида бандилик ва руҳият бўйича дарс беради.

У қарамликни муваффақиятли енгган одамлар ҳаётида учрайдиган тўртта асосий унсурни санаб ўтади:

Биринчиси – муштарак ишонч ва мақсадларга эга бўлган жамоанинг бир қисми бўлиш.

"Баъзи одамлар учун бу – 12 босқичли ҳамжамият. Ёки дунёвий тикланиш гуруҳи бўлиши мумкин, ёки черков, медитация маркази ёхуд масжид бўлиши мумкин. Жамоада иштирок этиш, қўллаб-қувватловчи одамларга эга бўлиш жуда муҳим," дейди доктор Ҳиллен.

Иккинчи асосий унсур – "тикланишни сақлаб туриш учун кундалик маросимлар яратиш". Бу спорт залига бориш ёки ҳар куни медитация қилиш бўлиши мумкин.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Кейингиси, доктор Ҳиллен таъкидлаганидек, "маъно қуриш, яъни бошдан кечирганларингизни тушуниб олиш ва янги ҳаёт тарзи учун асос яратиш".

Унинг фикрича, дин бунда айниқса самарали, чунки у "дунёни англашда янги қарашлар беришга ёрдам берадиган тушунчалар таклиф қилади".

Охирги унсур – "ўзингизда янги шахсият ҳиссини шакллантириш, янги 'мен'ни топиш".

Гарчи бундай натижага дунёвий ёндашув орқали ҳам етиш мумкин бўлса-да, дин ва руҳоният кўпчилик учун фойдали бўладиган асосий тушунча ва рамкаларни беради.

Ҳемиш айтишича, буддавийлик унга ҳаётни борича қабул қилган ҳолда, янги мақсад ва янги шахсият топишга ёрдам берган.

ОИВ ташхиси қўйилганида у бу ҳақда жамоат олдида гапирмаган. Бугун эса, ушбу касаллик билан яшовчи инсонлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги фаолияти туфайли, Британия бош вазири билан Даунинг-стритда учрашди.

"Буддавийликдаги энг гўзал жиҳатлардан бири – ўзингнинг энг яхши версиянгга айланиш ҳаракати, ўзингга шундай савол бериш: 'Ҳозир менинг ўзим ва атрофимдагилар учун энг яхши қилишим мумкин бўлган иш шуми?'"

Ҳемиш тан олади: "Мен ҳаётимнинг катта қисмда бу саволни ўзимга бермаганман ва бу жуда кўп муаммолар келтирган. Ҳозир эса шу саволни бераман ва бу яхши самара беряпти."

Бандилик билан курашаётган ҳар қандай инсонга Ҳемишнинг маслаҳати:

"Ким биландир гаплашинг ва очиқ бўлинг. Ўзингизга ва ўзингиз ишонган инсонга самимий бўлинг."