Суриянинг 4.5 миллиард долларлик наркосалтанати энди нима бўлади?

- Author, Эмир Надир
- Role, BBC Eye Investigations
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Сурия исёнчилари етакчиси Аҳмад аш-Шараа Башар ал-Асад режимини ағдариб ташлаган ҳарбий юриш ортидан ғалаба нутқини сўзлаганида, унинг бир гапи кўпчилик эътиборидан четда қолди. Бу унинг сўнгги 10 йил ичида Яқин Шарқни тўлдириб юборган ноқонуний гиёҳвандликка ишораси эди.
"Сурия ер юзидаги энг йирик Каптагон ишлаб чиқарувчига айланди, – деди у. – Бугун эса Аллоҳнинг марҳамати билан Сурия покланади".
Кўпинча Яқин Шарқдан ташқарида маълум бўлмаган Каптагон дориси гиёҳвандликка олиб келадиган, амфетаминга ўхшаш таблетка бўлиб, баъзан "камбағалнинг кокаини" деб аталади.
Уруш, санкциялар ва сурияликларнинг оммавий равишда чет элга кўчирилиши натижасида иқтисодий аҳвол ёмонлашганда Сурияда унинг ишлаб чиқарилиши кўпайди. Қўшни давлатлар ўз чегаралари орқали катта миқдордаги дори контрабандаси билан курашди.
Барча далиллар Сурия Каптоганнинг асосий манбаи эканлигини кўрсатади, Жаҳон банки унинг йиллик қиймати 5,6 миллиард доллар деб кўрсатган.
Дориларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш кўламига қаралса, бу шунчаки жиноий гуруҳларнинг иши эмас, балки режим томонидан бошқариладиган саноат деб гумон қилиш мумкин.
Аш-Шараанинг (илгари Абу Муҳаммад ал-Жўлоний номи билан танилган) нутқидан бир неча ҳафта ўтгач, гумоннинг тўғрилигини кўрсатадиган тасвирлар пайдо бўлди.

Сурат манбаси, Getty Images
Асаднинг қариндошларига тегишли деб тахмин қилинаётган мулкларга бостириб кирган сурияликлар олган видеоларда саноат маҳсулотларига яширинган, тайёрланган ва қадоқланган таблеткаларга тўла хоналар кўрсатилган.
Бошқа кадрларда Сурия ҳарбий авиабазасидан топилган ва исёнчилар томонидан ёқиб юборилган таблеткалар уюмлари акс этган.
Мен бир йил давомида "Каптагон"ни Би-би-си Жаҳон хизмати ҳужжатли фильми учун ўргандим ва бу дори Саудия Арабистони каби Кўрфаз давлатларининг бой ёшлари орасида, шунингдек, Иордания каби мамлакатларнинг ишчилар синфи орасида қандай машҳур бўлганини кўрдим.
"Мен 19 ёшда эдим, Каптагонни олишни бошладим ва ҳаётим барбод бўла бошлади, – дейди Иордания пойтахти Амманда реабилитация клиникасида яшаётган ёш гиёҳванд Яссир. – Мен бу нарсани олиб кетадиган одамлар билан учраша бошладим. Ишлайсиз, аммо оч яшайсиз, соғлиқ тамом бўлади."
Хўш, аш-Шараа ва унинг Ҳайъат Таҳрир аш-Шом (ҲТШ) гуруҳи Сурияда ва Яқин Шарқдаги тўсатдан таъминотсиз қолиши мумкин бўлган, Каптагонга қарам кўп сонли одамларга қандай муносабат қилади?
New Lines институтининг Сурия гиёҳванд моддалар савдоси бўйича мутахассиси Кэролин Роуз айтишича, "улар ҳақиқатан ҳам таклифни қисқартиради ва талабни камайтиришга ҳаракат қилмайди."
Аммо бу ерда каттароқ савол ҳам бор: бундай даромадли савдонинг йўқолиши Сурия иқтисодиётига қандай таъсир қилади? Унинг ортида турганлар қочар экан, аш-Шараа уларнинг ўрнини эгаллашни кутиб турган бошқа жиноятчиларни қандай тўхтатиб қолади?
Яқин Шарқдаги наркотиклар уруши
Qirollar qochib ketgan bo‘lsa-da, giyohvand moddalarni ishlab chiqarish va kontrabanda bilan shug‘ullanuvchilarning aksariyati mamlakat ichida qolmoqda.
Каптагоннинг кўпайиши Яқин Шарқда ҳақиқий гиёҳванд моддалар урушига олиб келди.
Иордания армияси билан биргаликда Сурия чегарасида суратга олаётганимизда, аскарлар тўсиқларни қандай мустаҳкамлаганини кўрдик, Каптагон контрабандистлари билан отишмада ҳалок бўлган қуролдошлари ҳақида эшитдик. Улар чегара ортидаги суриялик аскарларни контрабандачиларга ёрдам беришда айблади.
Минтақадаги бошқа мамлакатлар ҳам савдодан безовта эди.
Бир мунча вақт Саудия Арабистони Ливандан мева ва сабзавот импортини тўхтатди, чунки расмийлар Каптагон таблеткалари солинган анор каби маҳсулотлар билан тўлдирилган контейнерларни топишди.

Сурат манбаси, Getty Images
Биз бешта мамлакатда, жумладан, режим ва исёнчилар назорати остидаги Сурияда тасвирга олдик, ишончли манбалардан маълумот йиғдик, Германия ва Ливандаги суд ишларининг махфий қайдлари билан танишдик.
Биз савдода қўли бор икки йирик гуруҳни аниқладик – Асаднинг оиласи ва Сурия қуролли кучлари, хусусан, унинг Асаднинг укаси Маҳер бошқарадиган тўртинчи дивизияси.
Асаднинг укасига оид саволлар
Маҳер ал-Асад, эҳтимол, укасидан ташқари Суриядаги энг қудратли одам эди.
У 2011 йилда қонли фуқаролар урушини бошлаб берган қўзғолон пайтида намойишчиларга қарши қилган зўравонлиги учун кўплаб Ғарб давлатларининг санкцияларига учраган. Франция суд тизими, шунингдек, 2013 йилда Суриядаги кимёвий қурол ҳужумларда айблаб, у ва унинг укаси учун халқаро ҳибсга олиш ордерини чиқарди.
Ливанда қамоққа олинган Каптагон савдогарининг WhatsApp чатларига кириш орқали биз Маҳер Асаднинг Тўртинчи дивизияси ва унинг иккинчи қўмондони генерал Ғассан Билолнинг бу ишга алоқасини аниқладик.
Ушбу кашфиёт Сурия қуролли кучлари ва Башар Асаднинг савдодаги ролини тасдиқлашда улкан босқич бўлди.

Сурат манбаси, Getty Images
Исёнчичилар олдинга силжиганда Сурия армияси аскарлари жангсиз қочганини кўрганимда, ўтган йили режим аскаридан олган интервьюм эсимга тушди.
Унинг айтишича, 30 доллар ҳарбий маоши оиласи учун уч кунлик озиқ-овқатни зўрға қоплайди, шунинг учун унинг бўлинмаси жиноятчилик ва Каптагонга аралашиб қолган.
«Ҳозир кўпроқ пул шу ерда», деганди у.
2023 йил май ойида Араб Лигаси халқ қўзғолонини зўравонлик билан бостиргани учун чиқариб юборилганидан 12 йил ўтиб Сурияни қайта қабул қилишга рози бўлди. Бу Асад учун дипломатик тўнтариш сифатида кўрилди ва Каптагон савдоси масаласини ҳал қилиш муносабатларни қайта тиклаш шартларидан бири эди.
Янги раҳбарият бу савдони йўқота оладими?
Эндиликда Суриянинг янги раҳбарлари давлат органлари устидан ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаётган бир пайтда, Каптагон савдосини бостириш эҳтиёткор қўшни давлатларга ижобий сигнал юборишини англаган кўринади.
Аммо давлат томонидан рағбатлантирилган ва мамлакатга даромад келтирган бу жиноятни тўхтатиш улар учун қийинроқ вазифа бўлиши мумкин.
Иссам ар-Райс Асад режимига қарши исён бошида қочгунга қадар Сурия армиясида катта муҳандис бўлган, кейин эса Каптагон савдосини текширишга киришган. Унинг фикрича, ҲТШ савдо-сотиқни тўхтатиш учун кўп нарса қилиши шарт эмас, чунки "асосий ўйинчилар кетди" ва Каптагон экспортининг кескин пасайиши аллақачон бошланган, лекин у "янги йигитлар" бу савдони яна бошлаши мумкинлигини таъкидлайди.
Талаб томони ҳам ҳал қилинмаса, бу айниқса муаммоли бўлади. Роуз хонимнинг таъкидлашича, ҲТШ Суриянинг шимоли-ғарбий қисмидаги Идлиб вилоятини назорат қилган пайтдан бери реабилитацияга сармоя киритилганини кўрсатадиган далиллар жуда кам. "Каптагон истеъмолини ҳал қилишга уриниш учун жуда ёмон расм бор эди," дейди у.
Унинг сўзларига кўра, Сурия орқали яна бир гиёҳванд модда савдоси кўпайган.
"Ўйлашимча, кўплаб фойдаланувчилар, айниқса, аллақачон Каптагонга ўрганган ва бироз кучлироқ дорига муҳтож бўлганлар муқобил сифатида кристалл метни қидиради."
Яна бир масала, жаноб ар-Райс таъкидлаганидек, молиявий муаммо. У айтганидек: "Сурияликлар пулга муҳтож."

Сурат манбаси, Getty Images
Умид қиламанки, халқаро ҳамжамият инсонпарварлик ёрдами ва санкцияларни юмшатиш орқали гиёҳванд моддалар савдоси олдини олишга ёрдам беради.
Бироқ Роуз хонимнинг таъкидлашича, янги раҳбарлар "сурийларни қонуний расмий иқтисодиётда иштирок этишга ундаш учун янги ва муқобил иқтисодий йўлларни" топишлари керак бўлади.
Қироллар қочиб кетган бўлса-да, гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш ва контрабанда билан шуғулланувчиларнинг аксарияти мамлакат ичида қолмоқда, дейди у.
Эски одатлар эса секин ўлади.













