Ўзбекистон ва Америка: Трамп USAIDни ёпмоқчи, бу Ўзбекистонга қандай таъсир қилади?

Сурат манбаси, Reuters
АҚШ ҳукуматининг хорижга ёрдам бериш учун тузилган агентлиги келажаги савол остида. Ташкилот ишчиларининг қўли боғланган ва Трамп маъмурияти уни АҚШ Давлат департаменти билан қўшиб юбормоқчи. Агентлик ёрдам берадиган давлатлар ичида Ўзбекистон ҳам бор эди.
Севинч Каримова, 18 ёшда, туғма эшитиш нуқсони билан туғилган. У тарихни яхши кўриш билан бирга, сайёҳлар учун тур-гид бўлишни орзу қиларди. Бироқ, имкониятларнинг чекланганлиги, йилларки, у учун енгиб бўлмас тўсиқ эди.
"Жуда кўп янги нарсаларни, одамлар билан мулоқотга киришишни ўргандим. Мен нафақат орзуйимдаги касбни яхшироқ тушундим, балки янги имкониятлар топдим ва ҳаётга янгича томондан қарашни ўргандим." 29-ноябрда Севинч илк маротаба 30 нафар сайёҳга Самарқанд бўйлаб гидлик қилди.
Севинч ва у каби эшитишда нуқсони бўлган 20 нафар қизиқувчилар USAID (АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги) томонидан молиялаштирилган "иВEТ"да (Тезлаштирилган касбий таълим ва касб-ҳунар таълими дастури) таълим олишган эди.
Вашингтонда Доналд Трамп Оқ уйга келиши билан, USAID фаолиятини сўроққа тутди. Президент хоржий ёрдам пакетларини тўхтатиб қўйди. Бу эса Америка жамоатчилигида кенг муҳокамаларни бошлаб берди.
Февралнинг илк ҳафтасида USAID тақдири номаълумлигича қолар экан, у Ўзбекистонда молиялаштириб келган "iVET" каби қатор лойиҳаларнинг қандай давом этиши ҳам савол остида турибди.
USAID ўзи нима ва у қандай ишлайди?

Сурат манбаси, Reuters
USAID (АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги) 1960-йилларнинг бошларида АҚШ ҳукумати номидан халқаро гуманитар ёрдам дастурларини бошқариш учун ташкил этилган. Ташкилот Ўзбекистонда ўз фаолиятини 1992-йилда бошлаган.
Бутун дунё бўйлаб ташкилотда 10 000га яқин ходим ишлайди. Уларнинг учдан икки қисми Америкадан ташқарида.
USAID бюджетининг катта қисми соғлиқни сақлаш дастурларига сарфланади. Жумладан, ташкилот пандемияга олиб келиши мумкин бўлган вирусларга қарши эмлашларга алоҳида эътибор қилади.
Маълумотларга кўра, АҚШ 2023 йилда халқаро ёрдам учун 68 миллиард доллар сарфлаган. Бу жами бир неча департамент ва агентликларга тақсимланган, аммо USAID бюдежти унинг ярмидан кўпини ташкил қилади. Бу тахминан 40 миллиард долларга тўғри келади.
Ўзбекистон учун қанчалик муҳим?
Juda ko‘p yangi narsalarni, odamlar bilan muloqotga kirishishni o‘rgandim. Men nafaqat orzuyimdagi kasbni yaxshiroq tushundim, balki yangi imkoniyatlar topdim.
USAID Ўзбекистонга ҳам қатор соҳаларда кўмак бериб келган. Гарчи АҚШ Украина ва Эфиопия каби давлатлардагичалик Ўзбекистонда асосий ёрдам донори бўлмаса-да, мамлакатда аёллар ва озчилик гуруҳлари учун сезиларли кўмак манбаи эди.
1993-йилдан буён USAID Ўзбекистонга 650 миллиондан ортиқ маблағ ажратган. Биргина 2023-йилнинг ўзида тақрибан 40 миллион доллар. Бунинг асосий қисми жамиятда аёллар ролини оширишни мақсад қилган қатор лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун.
Шу вақтга қадар USAID Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимига 150 миллион доллардан ортиқ маблағ киритган. Туберкулёзга қарши курашиш эса асосий мақсадлардан бири бўлган. 2022-йилдан бери ташкилот Ўзбекистонда туберкулёзга қарши курашиш учун 60 миллион доллардан ортиқ ҳисса қўшган.
2023-йилга келиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва USAID "Туберкулёздан ҳоли Ўзбекистон" беш йиллик ташаббусини бошлаган. У бутун мамлакат бўйлаб кенг қамровли қўллаб-қувватлаш хизматларини тақдим этиш ва туберкулёзга қарши муҳим дори воситаларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришни мақсад қилади.
Бироқ, энди лойиҳанинг қандай давом этиши номаълум. Беш йиллик учун тузилган ҳамкорликдаги режалар Трамп қудратга келиши ва USAID фаолиятини чеклаши ортидан тўхтаб қолиши мумкин.
Трамп USAIDни ёпа оладими?
Президент Трамп узоқ вақтдан буён хорижий харажатларни қаттиқ танқид қилиб келарди. У USAID фаолиятини қоралашини кўп маротаба таъкидлаб, ташкилотдагиларни "ақлдан озганлар" деб атаган.
Куни кеча президентнинг яқин маслаҳатчиси Илон Маск ўз Х саҳифасида USAIDни "жиноий ташкилот" дея ёзиб қолдирган. USAIDнинг жиноий ҳаракатлар билан алоқадорлиги ҳақида оммага маълум хабарлар мавжуд эмас.
Трамп лавозимга қайтганидан кейин, илк қилган ишларидан бири деярли барча халқаро харажатларни 90 кун давомида тўхтатиб қўйиш тўғрисидаги буйруқни имзолаш бўлди.
Оқ уй ва USAID ўртасидаги кескинлик ҳафта охирида кучайди. Трамп федерал бюджетдаги харажатларни қисқартириш вазифасини Элон Маск учун ишлайдиган расмийларга топширган. USAID штаб-квартираси эса уларга молиявий маълумотларга киришга рухсат бермаган. Хабарларга кўра, хавфсизликнинг юқори лавозимдаги икки ходими таътилга чиқарилган.
Душанба куни Маск "USAID ишларига келсак, мен [президент] билан батафсил гаплашдим ва у [ташкилотни] ёпишимиз керак деган фикрда", дея твит қолдирган.
Оқ уй USAIDга ўз сўзини ўтказа оладигандек кўринса-да, аслида, бу назарий жиҳатдан мураккаб жараёндир. Трамп шунчаки ижро этувчи буйруқни имзолаш орқали USAIDни бекор қила олмайди. Буни амалга ошириш судлар ва Конгрессда кучли қийинчиликларга дуч келади.
Айни шу сабабдан, Трамп маъмурияти бир нечта вариантларни кўриб чиқётгани айтилмоқда. Улардан бири USAIDни Давлат департаментининг бир қисмига айлантиришдир. Мақсад хорижий харажатларни иложи борича камайтиришдан иборат.

Сурат манбаси, EPA
USAID ёрдам пакетларининг тўхтатилиши бутун дунё бўйлаб акс-садо бериши тайин. Украина каби аксар мамлакатлар учун АҚШ асосий ёрдам донори ҳисобланади.
Кўпгина кичик давлатлар баъзи ижтимоий муаммоларни ҳал этишда қийналади. Улар учун халқаро ёрдам ташкилотлари қўллов манбасига айланган.
Жумладан, USAID фаолияти Донбассда ярадор жангчилардан тортиб Тошкентда эшитишда нуқсони борларга қадар ёйилган.
Севинч учун ҳам бу хабарни эшитиш осон кечмаган. У ўзи кабиларнинг қандай ривожлана олишидан хавотирда. "[Маҳаллий] ҳукумат лойиҳалари ва маблағлари доим ҳам етарли бўлавермайди," дейди у.
"Агар USAID фаолияти тўхтатилса, бу озчилик гуруҳларга жуда ёмон таъсир қилади. Айниқса, ногиронлиги борларга. Сабаби, кўпчилик ногиронлар USAID каби ташкилотлар кўмагида ўз жамиятларини тузишади.
Бу каби лойиҳалар одамларга таълим олиш учун, ривожланиш учун ва жамиятга киришиш учун имкон беради. Бу қўллаб-қуввотловсиз, мен бугунги инсон бўлиб шаклланмаган бўлардим.
Умид қиламанки, USAID ёпилган тақдирда ҳам, биз каби озчилик гуруҳларни қўллаб-қуввотловчи жамоалар, албатта, топилади."












