Ўзбекистон: Нега юқори лавозимларни ҳануз Каримов даври одамлари эгалламоқда?

Сурат манбаси, Getty Images/Anadolu Agency
Ўзбекистонда 22 декабрда бўлиб ўтадиган парламент сайловлари янгича руҳ, янгича русумда ўтиши айтилмоқда.
Аммо, сайлов қонунчилигида эски тизимдан бир неча муҳим жиҳатлар сақланиб қолган.
Масалан, депутат бўлиш учун Ўзбекистон фуқаролари охирги камида беш йил мобайнида Ўзбекистонда муқим яшаган бўлишлари керак.
Бу Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 4 апрелда имзоланган "Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида"ги қонунида белгиланган.
Бу қоида Президент Шавкат Мирзиёевнинг хорижда ўқиб ишлаётган ватандошларни ватанга қайтиб, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол қатнашиш таклифига зиддир.
Мирзиёев қўли остидаги ҳукумат замонавий андозалар ва ислоҳотлар ҳақида бот-бот гапирса-да, унинг таркибида марҳум президент Ислом Каримов даврида юқори лавозимларни эгаллаган шахслар ишлашда давом этяпти.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Грузия мисоли
Ўзбекистондаги ислоҳотлар ҳақида гап кетганда, баъзи кузатувчилар Грузияда 2004 йилда ҳукумат тепасига келган реформатор Михаил Саакашвили томонидан амалга оширилган маъмурий ислоҳотларни ўрнак қилиб кўрсатадилар.
Унинг ҳукуматидаги аксар раҳбарлар бир неча чет тилларини билишган.
32 ёшли Молия вазири Каха Баиндурашвили АҚШдаги Массачусетс штатида ўқиган бўлса, 29 ёшли Иқтисод вазири Вера Кобалия умрининг ярмини Канада ўтказиб у ердаги Бритиш Колумбия технолргия инстутитини тамомлаган.
34 ёшли Энергетика вазири Алексанр Хетагури АҚШда Жаҳон банки ва USAID трейнинг дастурларида қатнашган, 30 ёшли Мудофаа вазири Бачана Ахалая эса Тбилисининг либерал Либерти институтида ишлаган.
38 ёшли Адлия вазири Зураб Адеишвили ўз дипломини Голландияда олган, 35 ёшли Таълим вазири Димитри Шашкини эса АҚШнинг Халқаро республикачилар институтида ишлаган.
Миллий банкнинг 30 ёшли раиси Гиорги Кадагидзе АҚШдаги Престон университетини тамомлаган.
42 ёшида президент курсисига ўтирган Саакашвилининг ўзи ҳам Нью-Йоркдаги Колумбия университетининг ҳуқуқ факультети, Страсбургдаги Халқаро инсон ҳуқуқлари институти ва Жорж Вашингтон университетларида таҳсил олганди.
35 ёшли Бош вазир Николоз Гилаури Филадельфиядаги Темпл университети ва Ирландиядаги Лаймрик университетларини тамомлаган.












