Янгиланди, Ўзбекистон, Тошкент: Мирзиёев содиқ кадрларга таянмоқдами?

Сурат манбаси, President.uz
Ўзбекистон, Тошкент: Президент Мирзиёев танқидлари иш бермайдими? - айрим сиёсий экспертларга кўра, йўқ.
Уларга кўра, бунинг учун Ўзбекистонда маъмурий-бошқарув тизими ростмана ислоҳ этилиши керак.
Президент Шавкат Мирзиёев эса, ҳануз эски кадрлар, эскича бошқарув услубига таянмоқда.
Жумладан, Лондондан сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов худди ана шундай фикрда.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Суҳбатдошимизга кўра, Ўзбекистон президентининг жамиятда катта резонанс берган ҳодисаларга муносабат билдиргани яхши.
Аммо бу шунчаки навбатдаги даъват, чақириқ билан чекланиб қолмаслиги керак.
Маъмурийси бўладими ёки жиноий жавобгарлик - оммавий ахборот воситаларига нисбатан душманона мавқеъ, муносабатда бўлган раҳбарларга қарши қатъий, амалий чора кўрилиши лозим.
Бу масалада Ўзбекистонда ҳали-ҳануз сақланиб қолаётган статутс-квога барҳам берилиши учун маъмурий тизим ислоҳ этилиши шарт.
Бусиз мамлакатдаги ислоҳотлар жараёни бош берк кўчага кириб қолади ва аллақачон кириб ҳам бормоқда, дейди суҳбатдошимиз.
Унга кўра, акс-ҳолда, ҳокимлар билан боғлиқ воқеалар Ўзбекистонда қайта, қайта бўй кўрсатишда давом этаверади, шунчаки юқоридан туриб танбеҳ бериш, урушиб қўйиш билан улар ниҳоя топмайди.
Таҳлилчи айтмоқчи, Ўзбекистонда катта резонанс берган сўнгги воқеълик Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг мамлакатдаги энг йирик интернет нашрларидан бири - kun.uz журналистларига қилган таҳдиди бўлган.
Ҳокимнинг бу ҳақдаги аудиоси 16 ноябрь куни Би-би-сига ҳам келиб тушган.
Унда Жаҳонгир Ортиқхўжаев журналистларни 6 сониянинг ичида гейга айлантириб қўйиш билан ва йўқотиб юбориш билан пўписа қилган.
Ҳодиса Ўзбекистоннинг ўзи қолиб, ташқарисида ҳам кескин акс-садо берган.
Қатор халқаро ташкилотлар расман ва ошкора ўз хавотирларини изҳор этиб чиқишган.
Бунақаси президент Мирзиёев бошқаруви билан кечган ўтган уч йил ичида кузатилмагани билан ҳам алоҳида эътибор топган, хос аҳамият касб этган.
Ўзбекистон президенти, афтидан, бу масалага орадан бир ҳафта ўтиб эътибор қаратган.
Шавкат Мирзиёев бу масалага қишлоқлар ва шаҳарларда аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тизимини жорий этиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида тўхталган.
Президент давлат идоралари раҳбарлари нафақат ўзининг, балки давлатнинг ҳам шаънини сақлашга масъул экани, халқ билан, оммавий ахборот воситалари билан мулоқотда кибрга берилмай, вазмин ва оқилона, қонунга асосланган қарор қабул қилиши шартлигини таъкидлаган.
Аммо бу чиқишида Шавкат Мирзиёевнинг бирор бир раҳбардан алоҳида ном тутмагани кўрилган.
Бунинг ортидан, АҚШ Давлат Департаменти ҳам Президент Шавкат Мирзиёевнинг раҳбарларга қаратилган жума кунги танқидларини беэътибор қолдирмаган, олқишлаб чиққан.
АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Элис Уэллс твит қилган ва "Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларига қарши таҳдидларни қоралаши ва матбуот эркинлиги аҳдида қатъий эканини яна бир бор таъкидлашидан мамнун бўлдим. Журналист ва блогерларнинг хавфсизликлари ва эркин ишлашларини таъминлаш фақатгина ошкоралик ва демократиянинг кучайишига хизмат қилади, холос", деб ёзган.
Бунга қўшимча, Ўзбекистон раҳбарининг бу масалада умумий ва шунчаки танқидлар билан чеклангани орада кечган вақт давомида мамлакат ичкариси ва ташқарисида яхшигина таажжуб ва тушунмовчиликларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.
Айниқса, зиёли, фаол ва экспертлар орасида бу каби ҳолатларда президент томонидан қатъий чоралар кўрилиши керак эди, қабилидаги фикрлар ҳам янграган.
Бу мавзуда сукут сақларкан, Бош прокуратура Ортиқхўжаевга чора кўришга ожизми, деган фикрлар янграй бошлаган.
Би-би-си Ўзбек Хизмати Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раиси ва парламентнинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига Тошкент ҳокими билан боғлиқ можарога муносабатларини сўраб, расмий сўров юборди, аммо ҳалича бу хусусда бирор бир жавоб олганича йўқ.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев ушбу сўзлари учун журналистлардан ҳозиргача узр сўрагани йўқ.

Сурат манбаси, President.uz
Худди шу манзарада Фарғона вилояти ҳокими мисолида бўлгани каби Ўзбекистон президентининг "таёқ ва ширин кулча" қабилидаги чора кўриш услубини савол остига олаётганларнинг сони ортгандан ортган.
Яна ўртага Президент Мирзиёев кўзда тутган раҳбарлар унинг бу галги танқидлари, тавсияларидан сабоқ чиқаришармикан, қабилидаги саволлар ўртага отилган.
Бу борада ижтимоий мулоқот тармоқларида билдирилаётган фикрлар - қолдирилаётган коментларнинг ҳануз кети узилмаган.
Аксариятда Ўзбекистонда кечаётган сўнгги жараёнлардан анчайин ҳафсаласи пир бўлганлик кайфияти кузатилган.
Шундай экан, буларнинг барчаси нима дегани? Лондонда истиқомат қилувчи асли ўзбекистонлик эксперт - сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов:
Алишер Илҳомов: Умуман олганда, биз Ўзбекистон президентининг ижтимоий тангликка сабаб бўлган, жамиятда катта резонанс берган, матбуотга нисбатан ёвқараш хулқ-атвори билан ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилган қандайдир давлат амалдори ёки ҳокимлар билан боғлиқ муаммоларга мунтазам равишда ўз муносабатини билдираётганини кўриб турибмиз. Бир томондан олиб қараганда, президентнинг алал-оқибат бундай йўл тутаётгани яхши. Аммо, бошқа тарафдан, буларнинг барчаси шунчаки навбатдаги даъват, чақириқ билан чекланиб қолмоқда. Бунга снослар, Фарғона, Қашқадарё, Хоразм ҳокимлари билан боғлиқ воқеалар мисол. Бу ҳолатда ҳам ҳаммаси юқоридан туриб берилган танбеҳ, балким, қандайдир ҳолларда айбловлар билан якун топди. Бироқ қатъий чоралар кўрилмади. Ҳодиса юз берган пайтда, Яккабоғ тумани ҳокими муовинидан бошқа ҳеч ким ўз вазифасидан ҳам олинмади. Яъни, статус-кво сақланиб қолмоқда: Амалдорлар ўша-ўша ўз курсиларида қолишмоқда. Президент эса, шунга ўхшаш тилак, тавсиялар билан чекланиб қолмоқда.
Би-би-си: Сизнингча, нима учун бундай бўлмоқда? Устига устак, янги Ўзбекистон ва унинг раҳбари ислоҳотлар, мамлакатнинг ички ва ташқи имижини яхшилаш аҳдида эканликларини расман баён этиб турган бир пайтда?
Алишер Илҳомов: Кўринишича, Ўзбекистонда кадрлар билан боғлиқ ва маъмурий тизим ҳали-ҳануз ислоҳ этилмаганича қолмоқда. Яъни, ҳамон ҳокимларнинг қандай тартибда тайинланиши маълум эмас. Тайинловнинг мутлақ ношаффоф жараёни ва тизими амал қилади. Афтидан, улар профессионал малакаси, уқуви, замонавий бошқарув меъёрлари талабларига қанчалик жавоб беришларига эмас, нечоғлиқ мойил эканликлари нуқтаи назаридан келиб чиқиб тайинланишади. Яъни, менимча, у ҳали-ҳануз муайян тоифа давлат амалдорлари ва мулозимларининг қўлловига таянади, бунга эҳтиёж сезади. Бунга қўшимча, ҳалиям бошқарувнинг мажбурлаш каби эскича услубларига таянади. Бунга пахта саноати мисол. Пахта режасининг бажарилишини таъминлаш, одамларни жамоатчилик ишларига сафарбар этишларда ҳокимларга орқа қилинади. Икки хил ҳолат. Бир томондан, тизим, иқтисодни ислоҳ этиш истагида эканликларини намойиш этишга уринилмоқда. Худди шунинг баробарида, эскича бошқарув услуби, ўзларини ўша эски тизимда кўрсатган эски кадрларга орқа қилинаётир. Шу каби икки томонлама ҳолат Ўзбекистонда ҳануз сақланиб қолмоқда. Яъни, маъмурий ислоҳотларсиз реформаларни амалга ошириш жараёни ҳозир боши берк кўчага кириб бормоқда. Сўнгги воқеълик мисолида ҳам, биз президентнинг жамият эмас, ўз нуқтаи назаридан олтин оралиқни топиш ҳаракатига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бир томондан, ўз бошқарув аппаратини тўғри хулқ-атворга чақириш шаклида бу каби воқеаларга муносабат билдирмоқда. Бошқа тарафдан, реформалаштириш ва қатъий чоралар кўзга ташланмаяпти. Яъни, маъмурий, дейлик, жиноий жавобгарликка тортишгача борилмаяпти. Афтидан, мойилликлари ва ўзларини кўрсатишларига кўз тикиб, уларга дахл қилмасликни хоҳлаяпти. Аммо қанақанги натижаларни кутиб, буни айтиш қийин. Чунки умумиятла мамлакатда аҳвол жиддий ўнгланаётгани йўқ.
Би-би-си: Демак, демоқчисизки, раҳбарларнинг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликлари билан боғлиқ бу каби салбий ҳодисалар Ўзбекистонда яна бўй кўрсатаверади? Шундайми, яъни умумий танқидлар иш бермайди?
Алишер Илҳомов: Президентнинг муносабатига қарамай, Ўзбекистонда статус-кво сақланиб қолаверади. Биз эртага ишонилган ҳокимдан худди шу кабиси каби хулқ-атворга гувоҳ бўлишимиз мумкин. Яъни, уларнинг танқидлардан хулоса чиқаришларини кутиш қийин бўлади. Чунки оммавий ахборот воситаларига ёвқараш муносабатда бўлган ҳокимни шунчаки урушиб қўйиш услуби, кўринишича, иш бермайди. Улар ўзларини яна шундай тутишда давом этишади. Яна юқоридан туриб танбеҳ берилади. Аммо ҳозирча муаммонинг асос илдизига тегиниш истаги кўрилмайди.
Би-би-си: Агар, маҳаллий ва халқаро қонунчилик назарда тутилса, сизнингча, бу каби ҳолатларда қандай йўл тутилиши лозим эди? Бу каби ҳолларнинг олдини олишнинг самарали чораси, йўли нима бўлади ёки бўлган бўларди?
Алишер Илҳомов: Биз бу воқеълик мисолида, таъбир жоиз, шу даражадаги давлат амалдори томонидан камида одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилишига гувоҳ бўлиб турибмиз. Шундай экан, ўрганиб, хулосага келиниши учун бунга ўхшаш ҳолатларда ҳеч бўлмаганда қандайдир иш очилиши керак. Бу ишни текшириши учун қандайдир ҳайъат керакдир. Балким бу каби комиссия аллақачон ташкил этилган ва бу ишни ўрганаётгандир ҳам. Аммо бу кенг жамоатчиликка маълум эмас. Шаффофият йўқ. Ҳеч кимдан ном тутмай, ишора қилиб, умумий тарзда берилувчи танбеҳлар усули эса, менимча, вазиятни ўнгламайди.
Акс-садолар

Сурат манбаси, President.uz
Би-би-си: Шу кунларда Россияда ўтказилган янги сўров эса, мамлакатда сўз эркинлигини муҳим, деб билаётган инсонлар сони сўнгги йилларда шиддат билан ортиб бораётганига далолат қилган.
Дейлик, бундан икки йил бурун аҳолининг 34 фоизи шундай фикрда бўлган бўлса, бугун бу кўрсаткич қарийб 60 фоизга етгани кўрилган.
Би-би-си Ўзбек хизмати шу сўров манзарасида ўзбекистонликларнинг ҳам бу хусусдаги ўй-фикрлари билан қизиққан.
Улардан, "Сиз учун сўз эркинлиги Ўзбекистонда қанчалик муҳим?", деб сўраган.
Саволимиз фолловерларимизни бефарқ қолдирмаган, ўтган бир неча куннинг ўзида ўнлаб коментлар қолдирилган.
Улардан бирида, "Бизда ошкоралик ва демократия йўқ! Бўлиши ҳам мумкин эмас! Журналистлар ва блогерларга босим давом этади! Қачонки, Президентимиз қонуний ҳимоя қилиб, яъни ким уларга босим ўтказса, жиноий жавобгарлигини шахсан ўз назоратига олсагина, ўзгаради вазият! Охиргиси Прокуратура самарқандлик журналистга босим ўтказа бошлади! Худо билади бу журналистни эртага қандай таҳлика кутаяпти!👎👎👎...", деб ёзилган.
Бир фолловеримиз эса, "So'z erkinligi bo'lmasa diktaturadan farqi qoladimi, demokratiya so'z erkinligi bilan tirik", деган фикрни изҳор этган.
Бошқа бирининг ёзишича эса, "Инсон ҳамма жабҳада эмин-эркин бўлиши керак. Сўз эркинлиги ҳам шу жумладан".
Яна бир комент эса, "Наҳотки, Ўзбекистонда сўз эркинлиги бор?", деган саволдан бошланган.
"Facebook даги хабар, маълумотларга кўра, ҳеч қандай эркинлик йўқ, ҳеч қандай ҳуқуқлар ҳимоя этилмайди. Лекин юқоридаги мансабдор шахсларнинг ҳуқуқлари яхши ҳимоя қилинади. Сон-саноқсиз хўрланганлар, ҳуқуқларини ҳимоя қилинишини сўраб, сарсон-саргардон бўлиб юрганлар сони кўпайиб бораяпти. Халқ ҳеч бир мансабдорнинг на ваъдасига ва на кечиримига ишонмайдиган бўлган", дея давом этилган.
Орада, "Сўз эркинлиги муҳим албатта. Президентга раҳмат, вазирлар ва ҳокимларга ҳам. Кўп нарсага толерантлик ва таҳлил билан ёндашаяптилар. Агар шу кетиш бўлса, албатта, ман у́йлайманки, ривожланишлар ҳар соҳада бўлади", деган коментлар ҳам кўрилган.
Яна бир коментда ёзилишича, "Сўз эркинлиги бор Ўзбекистонда...но гапиир, дейди, гапирасан или жонингдан ўтгандан гапирасан бирор бир блогерга, лекин кейин сени топиб, кечирим сўратади ёки қамаласан Ватан хоини, деган ном билан ёки жиннихонага кирасан! Гапиришга гапираверасан, лекин тўлови ҳам бор!!!".
Бошқасида эса, "Сўз эркинлиги керак албатта, лекин ҳукумат ўзи ёзган қонунларига амал қилганида, халқ бунчалар қийналмаган бўлар эди", деган фикр-мулоҳаза билдирилган.
Яна бир фолловеримизга кўра, "Сўз эркинлигининг - таҳр.) қанчалик муҳимлиги кундек равшан. Сув ва ҳаводек зарур, шарт, керак, бусиз умуман коррупция ва бошқа муаммоларни ҳал қилишни иложи йўқ. Ошкоралик, очиқлик сиёсати юритилмас экан, давлатимиз кун сайин парокандалик ботқоғига ботаверади, халқимиз эса азият чекишда давом этаверади".
Ўзбекистон яқин-яқингача сўз ва матбуот эркинлиги бўйича халқаро ҳисоботларнинг энг қуйи поғоналаридан бирини эгаллаб келган, дунёнинг "интернетнинг душмани" сифатида кўрилган саноқли давлатларидан бири бўлган.
Аммо янги Ўзбекистоннинг президенти Шавкат Мирзиёев ўзи қудратга келган қисқа вақтнинг ичида жаҳоннинг айрим нуфузли нашрлари томонидан, ҳаттоки, Хитойнинг ислоҳотчи лидери Дэн Сяопинга қиёсланган.
Қўл ураётган ислоҳотлари аллақачон дунёнинг демократия дарғаси сифатида эътироф этилувчи АҚШ ва унинг президенти томонидан олқишланаётган давлат раҳбари бўлади.
Сиз нима дейсиз, ислоҳотпарвар президенти бошчилиги остида янги Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш йўлида яна нималар қилиниши, қандай чоралар қўл урилиши керак?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














