Ўзбекистон: Мирзиёев зўравон раҳбарларни танқид қилди, аммо ҳеч кимнинг номини айтмади

Сурат манбаси, President.uz
Президент Мирзиёев ҳоким ва вазирларни журналистлар билан мулоқотда йўл қўяётган кибри ва муомала маданияти учун танқид қилди. "Бу гапларни нима учун айтаётганимни ўзингиз яхши билиб турибсиз", деган Президент бирор амалдорнинг номини тилга олмади.
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларга ўлим таҳдиди қилган овози тарқаб кетганидан сўнг Мирзиёев илк маротаба ҳокимлар ва журналист муносабатига эътибор қаратди.
"Бугун вилоят ҳокимлари нималарга эътибор бериши кераклигини алоҳида айтмоқчиман. Мутасадди ташкилот раҳбарлари халқимиз билан мулоқот даврида. Охирги пайтларда мана шу ОАВда жуда кўп масалалар бўляпти", дея гап бошлади Мирзиёев.
Президент журналистлар билан мулоқотда ёпиқлик, шаффофликни таъминланмасдан, коррупция ҳамда таниш-билишчилик билан иш қилиб бўлмаслигини таъкидлади. Бу сифатлар ҳозирги сиёсатга хиёнатлигини айтган.
"Матбуотни фаолиятимизни акс эттирувчи кўзгу деб билишимиз шарт. Афсуски, кўп йиллар давомида биз ана шу кўзгуга қарашни ўзимизга эп кўрмадик.
Оқибатда ҳақиқий қиёфамизни кўролмай қолдик. Халқимизга очиқ-ойдин маълум бўлиб турган айбу нуқсонларимизни тан олмасдан, "мен ҳаммадан зўрман" деб ўзимизга бино қўйиб, кеккайиб юравердик, жуда кўп йиллар. Кўп вилоят ва шаҳар ҳокимлари шуни давом эттирмоқчи", деган Шавкат Мирзиёев.
Президент деярли ҳар куни ижтимоий тармоқларда қайсидир раҳбарнинг фаолияти билан боғлиқ шов-шувли хабар тарқалаётганини таъкидлаган.
"Мен бу гапларни нима учун айтаётганимни ҳаммангиз яхши тушуниб турибсиз", деган Мирзиёев йиғилишда бирор раҳбарнинг номини келтирмаган.
Ваҳоланки, ижтимоий тармоқларда сўнгги ҳафтада энг шов-шувга сабаб бўлган шахс Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев эди.
Мирзиёев қарийб 7 дақиқалик нутқида бирор марта ҳам Ортиқхўжаев номини тилга олмаган.
У оёғи ердан узилган кўплаб раҳбарларни ишдан олаётганини ва қанчалик оғир бўлса ҳам чора кўришга тайёрлигини билдирган.
"Керак бўлса, мана шу халқимизни рози қилмай, оёғи ердан узилиб, халқимизни рози қилмаса ҳаммани ишдан олишга мажбур бўламиз. Замон шуни талаб қиляпти. Мен раҳбар сифатида бу қанчалик оғир бўлмасин чора кўришга тайёрман. Нимага десангиз халқимизни рози қилишимиз керак".
Президент юзинг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама деган ўзбек мақолини эслаган.
"Бу мақолни буткул унутиб қўйдик. Бунинг тагида чуқур маъно бор. Ўзингнинг маданиятинг, билиминг бўлмаса ойнадан нима қиласан (ўпкалаб, таҳ), ўзинг қийшиқ бўлсанг", деган Мирзиёев.
Мирзиёев барча бўғиндаги раҳбарларнинг жамоатчилик билан, оммавий ахборот воситалари билан муомала маданияти ҳар қачонгидан ҳам муҳим масалага айланганига эътибор қаратди.
"Айрим ҳолларда раҳбарлар томонидан танқидни қабул қила билмаслик, нима қилиб бўлса-да, уни тан олмасликка бўлаётган уринишларда ҳам кўзга ташланмоқда. Афсуски, баъзи раҳбарлар халқ билан, матбуотчилар билан мулоқотда оддий муомала маданиятини, маънавиятни унутиб қўйишмоқда", деган Мирзиёев яна бирор раҳбарнинг исмини келтирмаган.
Мирзиёев қарийб етти дақиқалик нутқида икки марта хиёнат сўзини ишлатди.
"Қилган ҳамма ҳаракатларингиз битта гапларингиз билан сиёсатимизга хиёнат бўляпти. Етти марта ўйлаб бир марта кесишни ўрганинглар. Замон шуни талаб қиляпти. Биз энди демократик жамиятга ўтяпмиз. Фуқаролик жамиятга ўтяпмиз. Мана шуни ҳамма билиши керак", деган у.
Мирзиёев журналистларнинг танқидий материалларига мутасаддилар томонидан ўз вақтида муносабат билдирилмаётгани баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётганини айтган.
"Энг ачинарлиси, баъзи раҳбарлар жамоатчилик ўртасида турли зиддиятларга сабаб бўлиши мумкин бўлган бундай ҳолатларнинг олдини олиш ўрнига, кибри ҳавога берилиш, ўзига бино қўйиш билан масалани янада чигаллаштирмоқда".
Мирзиёев амалга ўтириб нафсини ўйлайдиган мутасаддиларни ушбу одатни ташлашга чақирган.
"Халқнинг хизматига ўтдингми, ҳамма бу масалани ташлашинг керак. Ўтмаган бўлсанг, ҳозир ташла. Эртага кеч бўлади. Мажбур бўламиз, қонунга мурожаат қилишга", деган Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон Республикаси Президенти шу йилнинг 2 август куни ўтказган селекторида Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилояти ҳокимларини "дўстликка хиёнат ва сиёсатга душманлик қилган"ликда танқид қилган. Ўзи ишонган ҳокимлар унга "катта душманлик" қилганини айтган.
"Арипов билан Низомиддиновга топшириқ, қайси вилоят ҳокимини ишдан олишни таклиф беринг. Менга керак эмас! Яна бир марта айтяпман, бу сиёсат билан биз узоққа бора олмаймиз — зўравонлик сиёсати билан! Агар зўравонлик сиёсати зўр бўлганда, 30 йилда зўр бўлиб кетардик", дея таъкидлаганди Шавкат Мирзиёев.
Мирзиёев ушбу ҳокимларга халқ ва блогерлардан узр сўрашни топширганди.
Бироқ 22 ноябрда бўлган йиғилишда Шавкат Мирзиёев журналистларга ўлим таҳдиди билан шов-шувларга сабаб бўлган Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевдан узр сўрашни талаб қилмаган.
Ортиқхўжаев журналистлардан узр сўрамаган. Унинг ишига ҳануз ҳуқуқий баҳо берилгани йўқ.
Аксинча, Би-би-си манбаси 17 ноябр куни kun.uz нашри ходимларини ҳузурига чақирган Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев журналистларга босим ўтказгани маълум қилди.
Пойтахт ҳокими kun.uz бош муҳарририга эрталабгача вазият ҳал бўлди, деган мақола чиқариш кераклигини айтган.
Йиғилишда иштирок этган Би-би-си манбасининг айтишича, ҳоким Ортиқхўжаев йиғилганларга "Президент менга ишдан бўшатмаслигини айтди", деган.
Тошкент шаҳар ҳокими аудиода акс этган таҳдидлар контекстдан узиб олинганини билдирган. "Тўлиқ версия қўйилса бошқа картина пайдо бўлади", деган у.
Ортиқхўжаев таҳдид ва ҳақоратлари учун журналистлардан узр сўрамаган, аксинча вазият учун журналистларнинг ўзини айблаган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати Ортиқхўжаевнинг учрашувда журналистларни айблагани ва "Президент бўшатмайман, деган" гапларини рад қилди.
"Айблаганиям, Президент бўшатмаслиги ҳақида гапирганиям, ҳаммаси бўлмаган гап!", дейилади жавобда.
Матбуот хизмати ҳокимнинг узр сўрамагани тўғрисидаги саволни очиқ қолдирди.
Президентнинг ўз амалдорларини журналистлар билан мулоқоти учун танқид қилганини турлича қабул қилинди.
" Жуда кутилган ва муҳим муносабат. Бундай сигнални бериш, тескари қадам ташлаганларни тергаш, тузалишга имкон бериш, шунда ҳам ўнгланмаганларни танобини тортиш - бу босқичда энг муносиб ёндашув шу", дейди Muhiddin Shirinov
Shoira Hasanova Президентнинг барча гаплари ҳақиқатлигини, бироқ одамлар бундай гапларни эшитишдан чарчаганини айтди.
"Лекин шу ҳақиқатни сиз бошқараётган ҳукумат таъминлай олмаяпти-ку??? Нега? Халқ бугун фақат сизни гапларингизни эшитишдан чарчади, уларни сизга бўлган ишончи йўқолмоқда. Сиз президент экансиз, сиз айтган ҳамма гапларингиз амалда бўлиши шарт!", дейди у
Nizomiddin Sharif Ogli Ўзбекистонда кўп нарса ҳамон бир кишига - Президентга боғлиқ бўлиб қолаётганидан нолиди
"Қачон фақат қонунга ва унинг одил амалига ўтмасак, бошлиқ зўр бўлишини дуо қилиб яшаб қолаверамиз"
Zeynep Yasin Президент йиғилишда бирор амалдорнинг исмини келтирмасдан танқид қилганига эътироз билдирди.
"Умумий гапирмаса. Отини айтса. Ҳой Паттақул деса. Гапиришни Эрдўғондан ўрганса. Оти фамилияси билан айтади. Отини айтган ҳам қўрқмай жавоб беради. Қарсак чалиб ўлиб кетади буларей", дейди у.
Блогер ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худайбердиев содир қилинган ҳуқуқбузарлик учун қонуний чора кўришга чақирди.
"Қилинган ҳуқуқбузарлик учун қонуний чора кўриш муқаррар бўлмаган жамиятда, минг уринган билан, нимадир ўзгариши қийин", дейди Худайбердиев.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













