"Улар оиламнинг ўлими учун куйлашди": фарзандларини йўқотган отанинг ғазаби Исроил жамиятидаги бўлинишни фош этди

«Жуда ғазабдаман», дейди 67 ёшли Қосим Абу ал-Ҳижа.
Шанба куни Шимолий Исроилда уларнинг уйига Эрон ракетаси тушиб, бетон бино бутунлай қулади ва унинг тўрт нафар оила аъзоси ҳалок бўлди. Гувоҳлар айтишича, зарбадан кейин китоблар, кийимлар, болалар ўйинчоқлари ва инсон танаси бўлаклари кўчага сочилиб кетган.
Ракета урилгач, бутун кўча зулматга чўмди. Қутқарувчилар қон излари бўйлаб юриб, жасадларни топишди.
Ҳалок бўлганлар Қосимнинг қизи – 45 ёшли Манар Хатиб, икки набира қизи – 20 ёшли Шада ва 13 ёшли Ҳала ҳамда яна бир қизи – 41 ёшли Манал Хатиб эди. Улар бирга яшаган уйдаги иккита мустаҳкам хавфсизлик хонасидан бирига етиб олишга улгуришган эди, аммо баллистик ракета айнан ўша хонани нишонга олган.
Оила Шимолий Исроилдаги асосан араблар яшайдиган Тамра шаҳрида истиқомат қилишган.
Улар ҳалок бўлганидан бир неча дақиқа ўтиб, интернетда видеотасвир пайдо бўлди. Унда осмонда учаётган Эрон ракеталари кўринади. Ракеталардан бири Тамрага тушаётган пайтда, кимдир иброний тилида: «Қишлоққа, қишлоққа!» деб бақиради. Кейин эса бир гуруҳ одам куйлаб, чапак чалиб, «Қишлоғинг куйсин!» деб ҳайқиради.

«Улар менинг оилам бошига тушган фожеани қўшиқ қилиб куйлашди», дейди Қосим, қариндошлари орасида ўтириб, босиқ оҳангда.
Бу видеода ултрамиллатчи яҳудийлар араблар ҳақида куйлайдиган машҳур ҳақоратли қўшиқдан парча бор эди. Видеотасвирлар Исроилда кескин қораланди. Президент Исаак Ҳерзог уни «жирканч ва шармандали» деб атади.
Аммо Қосим ва Тамра жамоаси ғазабини қўзғаётган сабаб фақат бу эмас.
Исроилнинг араблар кўпчиликни ташкил қиладиган бошқа ҳудудларида бўлгани каби, 38 минг аҳолиси бор Тамрада битта ҳам жамоат учун бомбапаноҳ йўқ.
Таққослаш учун, яқин атрофдаги яҳудийлар кўпчиликни ташкил этадиган Кармиэл шаҳрида (аҳолиси 55 минг) 126 та жамоат бомбапаноҳи бор.
Тамра аҳолиси бу тенгсизлик ҳақида йиллар давомида шикоят қилиб келган. Ливан чегарасидан атиги 25 километр жанубда ва Ҳайфа шаҳридан 10 километр шарқда жойлашган бу шаҳар, Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган Ҳизбуллоҳ гуруҳи ракеталари хавфи остида яшаб келади. 2024 йил октабр ойида Ҳизбуллоҳ ракетасининг зарбаси бир аёлни оғир яралаган эди.
Умуман олганда, Исроилда аҳолининг қарийб чорак қисми бомбадан сақланиш бошпанасига эга эмас. Аммо Исроил Давлат нозирининг 2018 йилда эълон қилган ҳисоботига кўра, яҳудий бўлмаган маҳаллий жамоалар ҳудудида бу кўрсаткич деярли 50 фоизга тенг.
«Кўп йиллардан бери араб маҳаллий ҳокимиятлари давлатдан инфратузилма, жумладан, фавқулодда ҳолатларга тайёргарлик борасида ҳам анча кам маблағ олмоқда», дейди Исроил Демократия Институти (ИДИ) вакили Литал Пиллер.
Унинг таъкидлашича, мавжуд бошпаналар «кам, ёмон сақланган ва аксарият ҳолларда узоқ муддат қолишга яроқсиз».
Би-би-си ушбу масала юзасидан изоҳ олиш учун Исроил Мудофаа вазирлигига мурожаат қилди.
Исроил арабларининг аксарияти ўзларини «Исроилнинг фаластинлик фуқаролари» деб аташни афзал кўради. Қонун бўйича улар яҳудий фуқаролар билан тенг ҳуқуқларга эга бўлса-да, кўпчилик давлат томонидан камситилаётганликларини ва ўзларига иккинчи даражали фуқаролар каби муносабатда бўлишаётганини доимий таъкидлаб келади.
1990–91 йиллардаги Форс кўрфази уруши пайтида Ироқ ракеталари Тел-Авив ва Ҳайфага тушгач, Исроил ҳукумати барча янги турар жой биноларида мустаҳкам хавфсизлик хонаси – Мамад бўлишини мажбурий қилиб белгилаган эди.

Бироқ фаоллар таъкидлашича, араб жамоалари қатъий қурилиш чекловларига дуч келади. Бу эса ноқонуний қурилишлар кўпайишига сабаб бўлган, натижада кўплаб уйлар хавфсизлик хонасисиз қурилган.
Тамра шаҳар ҳокимияти маълумотига кўра, уйлардан атиги 40 фоизида хавфсиз хона мавжуд, қолганлар эса ракета ҳужуми бўлса, қўшниникига югуришга мажбур. Аммо кўпинча огоҳлантириш вақти шу қадар қисқаки, бунга улгуришмайди.
«Фарқ жуда кескин, – дейди Тенглик ва ҳамкорлик бўйича араб-яҳудий маркази вакили Илан Амит. – Мен Қуддусда яшайман. Ҳар бир бинода бомбапаноҳ бор. Ҳар бир маҳаллада ҳам жамоат бошпанаси мавжуд».
Тамрада тун тушиши билан одамларнинг телефонларига ваҳимали огоҳлантириш чиқади: «Яқин атрофдаги ҳимояланган жойда қолинг». Шундан сўнг сирена овозлари янграйди ва ҳалигина шанба кунги ҳужумдан ўзига келган одамлар яна ваҳимага тушади. Оналар болаларини бағрига босади, одамлар бақириб кўчага югуради. Бир нечта оила битта хавфсизлик хонасига тиқилади. Кимдир йиғлайди, кимдир жилмаяди, бошқалар эса титраб, жим туради. Бир эркак кўзларини юмиб, дуо қилади. Бошларида эса кетма-кет портлашлар янграйди.
Исроилдаги бадавий араб жамоаларининг аҳволи бундан ҳам оғир. Уларнинг аксарияти Негев чўлидаги расмий мақомга эга бўлмаган қишлоқларда яшайди. Қишлоқлар тан олинмагани боис, у ерда умуман бошпана қурилмаган.
2024 йил апрель ойида Исроил ва Эрон ўртасидаги тўқнашув вақтида ҳалок бўлган ягона қурбон ҳам шундай қишлоқлардан бирида яшаган қизалоқ эди. У Эрон ракетасининг бўлаги бошига тегиб оғир жароҳат олган, бир йил давомида касалхонада даволангач, ҳаётдан кўз юмган эди.
Бошпаналар етишмаслиги фақат араб жамоалари билан чекланмайди – Тел-Авив жанубидаги айрим камбағал яҳудий жамоаларда ҳам бу муаммо долзарб.

Иброний Университети яқинда ўтказган сўров натижаларига кўра, яҳудий исроилликларнинг 82,7 фоизи Эронга қарши ҳужумни қўллаб-қувватлаган бўлса, араб исроилликларнинг 67,9 фоизи бунга қарши чиққан. Бундан ташқари, араб исроилликларнинг 69,2 фоизи зарбалардан қўрққанини билдирган, 25,1 фоизи эса умидсиз эканини айтган.
«Араб жамияти ўзини эътибордан четда, ортда қолган ҳис қилади, – дейди Илан Амит. – Таълим ва бандликда катта тафовутлар бор. Хавфсиз бошпаналар борасида эса бу тафовут янада каттароқ.»
Тамра шаҳар ҳокимлиги вакили Адел Хатиб шундай дейди: «Бу фожеа юз берганидан бери одамлар ичида ғазабни аниқ ҳис қилиш мумкин.»
«Биз энг зарур нарсалардан ҳам бебаҳрамиз, – дейди Хатиб. – Аксарият араб жамоаларида маданият уйлари, тадбирлар ўтказиладиган марказлар ёки жамоат бинолари йўқ.»
Расмий Исроил статистик маълумотларига кўра, 2023 йилда араб аҳолининг 42,4 фоизи қашшоқлик даражасидан паст шароитда яшаган. Бу кўрсаткич Исроилнинг умумий аҳолиси орасидаги қашшоқлик даражасидан икки баравар юқори.
Сўнгги йилларда бу тафовутларни камайтириш бўйича баъзи уринишлар бўлган. 2021 йилда Исроилнинг олдинги ҳукумати араб жамиятини ривожлантириш учун беш йиллик дастурни қабул қилган эди.
«Биз айни дамда ўрта таълим, олий таълим ва бандлик соҳаларидаги тафовутларни бартараф этишга қаратилган катта ижтимоий-иқтисодий сакраш босқичида эдик», дейди Амит.
Аммо Исроил тарихидаги энг кескин ўнг қанот коалицияси – ҳозирги ҳукумат бу дастурга ажратилган маблағларни аста-секин камайтира бошлади ва ресурсларни бошқа томонга йўналтирди.
Бу қисқартиришларнинг баъзилари Ғазо секторидаги уруш туфайли бюджет қайта кўриб чиқилганда юз берди. Бу уруш 2023 йил 7-октабрда ҲАМАС бошчилигида Исроилга уюштирилган ҳужумга жавобан бошланган эди. Ўша куни тахминан 1 200 киши ҳалок бўлган, 251 нафари гаровга олинган.
«Бу ҳукумат, оддий қилиб айтганда, беш йиллик режага тўсқинлик қилмоқда – уни тўлақонли амалга оширишга йўл бермаётир», дейди Амит.
«Сўнгги бир ярим йил давомида араб жамияти ўзини орада қолган ҳолатда ҳис қилди: бир томондан улар ҳукумат сиёсати туфайли азият чекмоқда, бошқа томондан эса Ғазо ва Ғарбий Соҳилдаги биродарлари уруш туфайли жабр кўрмоқда», дея қўшимча қилади у.
Қосим Абу ал-Ҳижа оиласининг вайронага айланган уйи олдида 16 ёшли қўшниси Муҳаммад Усмон шундай дейди: «Ҳамма ғазабда, ҳамма ғамда.»
У Шада ҳақида гапириб, шундай дейди: «У умрининг ҳаммасини ўқишга бағишлади. Энг зўр бўлишни хоҳларди. Отаси юрист эди, у ҳам отасига ўхшашни орзу қиларди. Бу орзуларнинг барчаси шунчаки йўқ бўлиб кетди.
Улар бахтли оила тимсоли эди… Энди мен уларни хотирлаётганимда уларнинг парчалари кўз олдимга келяпти.»
Дафн маросими олдидан ўтказилган йиғинда ўнлаб жамоа аъзолари тўпланиб, бир-бирларини қучиб, қўл сиқади, қаҳва ва чой ичиб, сукутда мотам тутади.
«Бомбалар арабни ёки яҳудийни танламайди, – дейди Қосим, – Бу урушни тўхтатишимиз керак. Дарҳол тўхтатиш керак.»












