Хотира келажаги: мия имплантлари бизни ақллироқ қила оладими?

Сурат манбаси, Jonathan Kitchen/Getty Images
Бозорлик рўйхатини эслаб қолишингиз керакми? Ёки муҳим йиғилишдаги меҳмонлар исмларини?
Одамлар мияларини яхшироқ ишлашга ўргатиш учун хотира усулларидан фойдаланади – бу зеҳнни яхшилаш учун дастурий ёндашувдир.
Аммо миямизда электр кучайтиргич қурилмалардан ҳам фойдаланишимиз мумкинми?
Ҳозирча ушбу технология баъзи неврологик ҳолатларда мия фаолиятини тиклашга ёрдам бериш учун ишлаб чиқилмоқда.
Чуқур мия стимуляцияси (ЧМС) бунга мисол бўла олади. Бу мураккаб усул кўп йиллар давомида Паркинсон касаллиги каби ҳаракат бузилишлари бўлган беморларни даволашда қўлланган.
Миянинг юрак стимулятори
Лондондаги Сент-Жорж университети профессори Франческа Морганте ЧМСнинг ўз беморларига таъсирини кузатган.
"ЧМС симптомларни назорат қила олмайдиган беморлар учун кўриб чиқилади", деди у Би-би-си Жаҳон хизматининг CrowdScience дастурига.

Сурат манбаси, BSIP/Universal Images Group via Getty Images
Паркинсон касаллигида кимёвий нейромедиатор ҳисобланадиган дофаминни ишлаб чиқарадиган ҳужайралар нобуд бўлади.
Дофамин тана ҳаракатларини бошқарадиган мия қисмларида сигнал узатиш учун зарур. Етарли дофамин бўлмаса, Паркинсон билан оғриган беморлар титроқ, мушаклар қотиб қолиши ва ҳаракат сустлиги каби симптомлардан азият чекади.
Вақт ўтиши билан бу касаллик зўрайиб боради, ҳозирча унинг давоси йўқ.
ЧМС жарроҳлик йўли билан тери остига, кўпинча ўмров суягидан пастроққа пулс генераторини ўрнатишдан иборат. У зарарланган мия қисмларига борган электродларга уланади ва уларга кичик миқдорда электр орқали стимул берилади.
Профессор Моргантенинг таъкидлашича, у миянинг нормал сигнал узатишини тиклашга ёрдам беради.
Ҳаммага мос тушавермайди
ЧМС Паркинсон касаллигининг баъзи аломатларини енгиллаштиришга ёрдам берса-да, доим ҳам самарали эмас.
Мия ҳужайраларининг мураккаб тармоқлари бир-бирига электр сигналларини юбориш усуллари мураккаб ва ҳали тўла тушунилмаган.
"Титроқ ва ҳаракатланиш билан боғлиқ муаммолардан кўпроқ симптомлар бор", дейди Лондоннинг Сент-Жорж университети доктори Люсия Риччиард. "Масалан, депрессия, хавотир, мотивация етишмаслиги, хотира ва уйқу билан боғлиқ муаммолар".
Унинг айтишича, тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ЧМС депрессия ва ҳаловатсизлик каби баъзи аломатларни енгиллатиши мумкин, аммо ҳали кўпроқ тадқиқотлар ўтказиш керак.

Сурат манбаси, Kateryna Kon/Science Photo Library via Getty Images
Бундан ташқари, индивидуал ёндашувлар ҳам мавжуд. Ҳар бир инсон мияси жуда мураккаб ва ўзига хос, шунинг учун ҳамма учун бир хил ёндашув йўқ.
ЧМСда қўлланиладиган имплантация қилинган симлар турли нерв ҳужайраларига уланадиган бир нечта мустақил сегментлардан иборат.
Мутахассислар беморнинг аломатларига энг кўп таъсир кўрсатиш учун қайси сегментларни рағбатлантириш кераклигини аниқлаб олиши керак.
"Қайси бирини фаоллаштириш ва частота, амплитуда, импулс, кенглик нуқтаи назаридан қайси параметр билан ишлатиш… хуллас кўриб чиқиш лозим бўлган омиллар кўп", деди доктор Риччиард.
Анъанавий равишда синов ва хатолар ёрдамида амалга ошириладиган бу ҳар бир инсон учун алоҳида калибрлаш жараёни тобора такомиллашиб бормоқда, айниқса, ҳозир сунъий интеллект қайси комбинация қайси миялар учун энг яхши эканлигини аниқлай оладиган бўлди.
Хотира яхшиланадими?
Мия стимуляцияси хотира каби бошқа функцияларни кучайтиришга келганда яхши ўрганилмаган. Лекин бу фаол тадқиқот мавзуси ҳисобланади.
Инсон хотираси миянинг гиппокамп деб аталадиган қисмида жойлашган.
Бу миянинг бошқа қисмларидан маълумот олади, масалан, сезилган ҳид, овоз ва кўриниш кабиларни қисқа ёки узоқ муддат сақланадиган кодга айлантиради, дейди АҚШнинг Уэйк Форест университетидан хотира бўйича мутахассис доктор Роберт Ҳэмпсон.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Бир неча йил олдин унинг жамоаси кичик кемирувчиларда хотира тажрибалари ўтказди ва ҳайвон бирор нарсани танлашидан олдин маълум электр нақшлари пайдо бўлганини кузатди.
"Агар лаборатория каламуши чапга бурилмоқчи бўлса, мен "чап" деб атайдиган нақш ҳосил бўлади, агар ўнгга бурилмоқчи бўлса, "ўнг" нақшини кўраман", деб тушунтирди доктор Ҳэмпсон.
"Биз хотира тўғри ишлаётганида ёки бузилиш арафасида бўлганида маълум нақшлар пайдо бўлишини аниқладик", дейди у.

Сурат манбаси, fotografixx/Getty Images
Доктор Ҳэмпсон бу нақшларга таъсир қилиш ва "хотира бузилганида уни тузатиш" мумкинмикан, деб ўйлай бошлади.
Унинг жамоаси гиппокамп "нейрон протези" деб номланган қурилмани одамларда дастлабки синовдан ўтказди.
ЧМСга ўхшаб, у ҳам жарроҳлик йўли билан имплант қилинган кўплаб электродлардан иборат, фақат бу сафар нишон гиппокамп.
Технология ҳали тўлиқ ишлаб чиқилмаган. Шундай қилиб, имплантация қилинган юрак стимуляторидан фарқли ўлароқ, электродлар ҳозирда миядан сигналларни юбориши ва қабул қилиши мумкин бўлган катта ташқи компютерга уланган.
Biz taxminan bir soatdan 24 soatgacha ma’lumotni saqlash qobiliyati 25 foizdan 35 foizgacha yaxshilanganini ko‘rdik.
"Биз бу функция заиф бўлганда ёки йўқолганда уни тиклашга ҳаракат қилмоқдамиз", дейди доктор Ҳэмпсон.
Дастлабки натижалар эпилепсия билан оғриган одамларда текширилганда истиқболли кўринади.
"Биз тахминан бир соатдан 24 соатгача маълумотни сақлаш қобилияти 25 фоиздан 35 фоизгача яхшиланганини кўрдик, – дейди доктор Ҳэмпсон. – Бу натижа айнан шу тестда хотира билан боғлиқ муаммолари энг кўп чиққан иштирокчиларда кузатилди".

Сурат манбаси, gorodenkoff/Getty Images
Келгуси эҳтимоллар
Доктор Ҳэмпсоннинг таъкидлашича, бу технология келажакда Алцгеймер касаллиги каби хотира муаммолари бўлган беморларга ҳам ёрдам бериши мумкин.
Аммо фақат дегенератив касалликлари бўлган одамлар эмас, балки ҳар қандай инсоннинг миясини яхшилаш мумкинми?
Доктор Ҳэмпсон баъзи одамларнинг хотираси бошқаларникига қараганда нима учун яхшироқ ишлаши ҳақида ҳали кўп нарса ўрганишимиз кераклигини таъкидлайди.
"Буни нормалдан яхшироқ қила оламизми? Бунга жавоб бериш учун етарли маълумот йўқ", дейди у.
Албатта, мия жарроҳлиги хавфидан ташқари, эътиборга олиниши лозим бўлган ахлоқий масалалар ҳам бор.
"Хотира бизни биз қиладиган моҳиятдир ва биз уни ўзгартиришни истамаймиз", дейди доктор Ҳэмпсон.





























