Аслида 30 ёшда ҳам ўсмирмизми ёки миямиз ривожланишининг тўрт фасли

Сурат манбаси, Monty Rakusen/Getty
- Author, Жеймс Галлаҳер
- Role, Би-би-сининг саломатлик ва илм-фан мухбири
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Олимлар аниқлашича, мия ҳаётда бешта босқични босиб ўтади, бунда асосий бурилиш нуқталари 9, 32, 66 ва 83 ёшларда кузатилади.
90 ёшгача бўлган тахминан 4000 кишининг мия ҳужайралари ўртасидаги алоқаларни аниқлаш учун сканерлаш ўтказилди.
Кембриж Университети тадқиқотчилари миянинг ўттиз ёшгача ўсмирлик фазасида қолишини ва кейин "чўққига" чиқишини аниқладилар.
Уларнинг таъкидлашича, бу ўрганиш натижалари руҳий касалликлар ва деменция хавфи нима учун ҳаёт давомида ўзгариб туришини тушунишга ёрдам бериши мумкин.
Мия янги билим ва тажрибага жавобан доим ўзгаради, аммо тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бу туғилишдан то ўлимгача бир текис кечмайди.
Бу борада қуйидаги бешта мия фазаси мавжуд:
• Болалик даври – туғилишдан тўққиз ёшгача
• Ўсмирлик даври – тўққиз ёшдан 32 ёшгача
• Етуклик даври – 32 ёшдан 66 ёшгача
• Эрта кексалик – 66 ёшдан 83 ёшгача
• Кеч кексалик – 83 ёшдан кейин
"Мия бутун умр давомида қайта шаклланади. У ички алоқаларини кучайтириб ва заифлаштириб туради, бу эса бир текис жараён эмас – миянинг қайта шаклланишида тебранишлар ва турли босқичлар мавжуд," дейди тадқиқотнинг етакчи муаллифи, доктор Алекса Моусли Би-би-си билан суҳбатда.
Баъзи одамлар бу босқичларга бошқаларга қараганда эртароқ ёки кечроқ етиб боради, аммо тадқиқотчилар таъкидлашича, бу босқичларнинг маълумотларда қанчалик аниқ ажралиб тургани эътиборга лойиқ. Бу жараёнлар Nature Communications журналида чоп этилган тадқиқотдаги кўп сонли мия сканерлари туфайли энди аниқланди.
Миянинг бешта фазаси
Болалик – биринчи даврда мия ҳажми тез ўсиб боради, аммо ҳаётнинг бошида ҳосил бўлган синапслар деб аталадиган мия ҳужайралари ўртасидаги ортиқча алоқалар сийраклашади.
Бу босқичда мия самарадорлиги пасаяди. Бу худди А нуқтадан Б нуқтага тўғри йўл билан боришга эмас, паркда хоҳлаган томонига айланиб юрган болага ўхшайди.
Ўсмирлик даври – тўққиз ёшдан бошлаб миядаги алоқалар тезликда самарадорлик даврига ўтади. "Бу жуда катта ўзгариш," дейди доктор Моусли, мия фазалари ўртасидаги энг чуқур ўзгаришни тасвирлаб.
Бу, шунингдек, руҳий касалликлар бошланиш хавфи энг юқори бўлган давр ҳисобланади.
Табиийки, ўсмирлик балоғат ёши билан бошланади, аммо тадқиқот бу давр бизнинг тахминимиздан анча кечроқ тугашини кўрсатган. Илгари бу фақат ўсмирлик йиллари билан чекланган деб ҳисобланган, кейинчалик нейробиология бу давр 20 ёшлардан 30 ёшларгача давом этишини кўрсатди, энди эса эрта 30 ёшларгача чўзилиши аниқланди.
Бу фаза миянинг нейронлар тармоғи энг самарали ишлайдиган ягона давр ҳисобланади. Доктор Моуслининг айтишича, бу мия фаолиятининг кўплаб кўрсаткичларини тасдиқлайди, яъни мия ўттиз ёшлар бошида энг юқори чўққига чиқади, аммо унинг тўққиз ёшдан 32 ёшгача бир хил фазада қолиши "жуда қизиқ", дейди у.
Етуклик даври – Кейинги давр мия учун барқарорлик даври бўлиб, у ўзининг энг узун босқичига киради ва ўттиз йилча давом этади.
Бу вақт ичида ўзгариш олдинги даврларга қараганда секинроқ кечади, аммо бу ерда биз мия самарадорлигининг яхшиланиши тескарисига айланишини кўрамиз.
Доктор Моусли буни кўпчилигимиз кузатган ёки бошдан кечирган "ақл ва шахсият барқарорлашуви" билан боғлиқ деб таъкидлайди.
Эрта кексалик – 66 ёшда бошланади, аммо бу кескин ва тўсатдан пасайиш эмас. Бунинг ўрнига миядаги алоқалар тизимида ўзгаришлар кузатилади.
Мия бир бутун орган сифатида мувофиқлашиш ўрнига, тобора алоҳида-алоҳида, лекин ўзаро чамбарчас боғлиқ ҳудудларга бўлинади – худди гуруҳ аъзолари ўзининг яккахон лойиҳаларини бошлаётгандек.
Гарчи тадқиқот соғлом мияга қаратилган бўлса-да, бу мия саломатлигига таъсир қилувчи деменция ва юқори қон босими намоён бўла бошлайдиган ёш ҳисобланади.
Кеч кексалик – 83 ёшда охирги босқичга ўтамиз. Бошқа гуруҳларга қараганда маълумотлар камроқ, чунки сканерлаш учун соғлом мияларни топиш қийин бўлди. Миядаги ўзгаришлар эрта кексаликка ўхшаш, лекин янада яққолроқ намоён бўлади.
Доктор Моуслининг айтишича, уни ҳайратга солган нарса шуки, бу турли босқичлар балоғат ёши, кейинчалик пайдо бўладиган соғлиқ муаммолари ва ҳатто 30 ёшлар бошидаги ота-оналик каби муҳим ижтимоий ўзгаришларга қанчалик мос келгани бўлди.
"Жуда ажойиб тадқиқот"

Сурат манбаси, .
Тадқиқотда эркаклар ва аёллар алоҳида ўрганилмаган, аммо менопаузанинг таъсири каби саволлар туғилиши мумкин.
Кембриж Университетининг нейроинформатика профессори ва тадқиқот жамоаси аъзоси Дункан Астл шундай дейди: "Кўплаб нейроривожланиш, руҳий саломатлик ва неврологик ҳолатлар миянинг қандай тузилганига боғлиқ. Ҳақиқатан ҳам, мия тузилишидаги фарқлар диққат, тил, хотира ва турли хил хатти-ҳаракатлар билан боғлиқ қийинчиликларни келтириб чиқаради."
Тадқиқот устида ишламаган Эдинбург Университети бош мия фанлари кашфиёт маркази директори, профессор Тара Спирес-Жонс шундай дейди: "Бу миямизнинг бутун умр давомида қанчалик ўзгаришини кўрсатадиган жуда ажойиб тадқиқот."
У натижалар миянинг қариши ҳақидаги тушунчамизга "яхши мос келишини" айтди, аммо "ҳамма ҳам бир хил ёшда бу тармоқ ўзгаришларини бошдан кечирмаслиги" мумкинлигини таъкидлади.












