Қонимдан кўп миқдорда доимий зарарли моддалар чиқди – нима қилишим керак?

- Author, Catrin Nye
- Role, BBC Panorama
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Қон топширгани тиббий клиникага кираётганимда, фақат камера олдида қўрқоққа ўхшаб кўринмаслик ҳақида ўйлардим. Қон таҳлили нимани аниқлаб бериши хаёлимга ҳам келмаганди.
Игнани ёмон кўрсам ҳам, BBC Panorama дастурининг "доимий кимёвий моддалар" деб аталган текшируви доирасида уларнинг қонимдаги миқдорини аниқлаш учун қон топширдим. Икки нафар ёш боласи бор она сифатида, бу моддаларнинг оиламга таъсири бор-йўқлигини билишни истардим.
Доимий кимёвий моддалар ёки ПФАМ (пер- ва полифторалкил моддалар) 10 000 га яқин кимёвий моддалар гуруҳидан иборат. Улар ўнлаб йиллар давомида сув ўтказмайдиган кийимлардан тортиб, ошхона жиҳозларию электроника ва тиббий асбоб-ускуналаргача қўлланган.
Улар барқарор ифлослантирувчи моддалар бўлиб, осонликча парчаланмайди ва атроф-муҳитда тўпланиб боради.
Улар уйимизда, сувимизда ва овқатимизда бор.
Олимлар уларнинг айримлари бепуштлик ва саратон каби жиддий касалликлар билан алоқадорлигини аниқлашган.
Профилактик тиббиёт мутахассиси доктор Сабин Доннайнинг айтишича, қондаги ПФАМ миқдорининг 2 нг/мл (нанограмм миллилитрда) дан юқори даражаси соғлиқ учун хавф туғдиради. У қонида ПФАМ бўлмаган одамни учратмаганини айтади.
Менинг натижам 9,8 нг/мл ни кўрсатди.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Доктор Доннай бу хабарни жуда мулойимлик билан етказди, лекин барибир бу мени хавотирга солиб қўйди.
У менга қонимдаги доимий кимёвий моддалар соғлиғимга "катта эҳтимол билан" таъсир қилишини айтди.
Камига, танам ҳомиладорлик пайтимда бу кимёвий моддаларнинг бир қисмидан боламга ўтказиш орқали халос бўлганини тушундим.
Айни шу лаҳзада бу текширув мен учун шунчаки иш эмас, жуда шахсий тус олди.
"Улар [ПФАМ даражалари] ҳомиладор бўлишингиздан олдин янада юқори бўлган," деди менга доктор Доннай.
"Уларни фарзандларингизга ўтказганингиз аниқ"
Хавотирга тушдим, ўзим билмаган ва ихтиёримдан ташқари шаклда шундай бўлганини ҳеч қабул қила олмасдим.
Бу моддалар ва улар билан боғлиқ соғлиқ муаммолари ҳақида кўпроқ билишни хоҳладим.
Қироллик кимё жамияти ходими Стефани Метзгер айтишича, ПФАМ "парчаланмайди".
"Улар танага киргач, аъзоларимизга аралашиб, аста-секин тўпланиб боради.
Баъзи ПФАМлар қалқонсимон без муаммолари билан, бошқалари буйрак ва жигар саратони билан боғлиқ, айримлари эса репродукцияга таъсир кўрсатиши аниқланган."
Ўзимга келсак, доктор Доннай қонимдаги миқдорни нолга тушира олишим "эҳтимолдан йироқ" эканлигини айтди.
"Аммо кейинги икки-уч йилда маълум стратегия ёрдамида уни пасайтира оласиз", деди у.
У менга кўпроқ толали маҳсулотлар истеъмол қилишни – сули, арпа, дуккаклилар, ёнғоқ ва уруғларни кўпроқ ейиш, гел ҳосил қилувчи толали қўшимчалар қабул қилишни тавсия этди. Рационимизда толанинг кўпайиши "ёрдам бериши мумкинлиги ҳақида энг ишончли далил" эканлигини таъкидлади.
Агар мен буларни қилсам, ҳайз кўриш ҳам вақт ўтиши билан жорий ПФАМ даражасини камайтиришга ёрдам беради, деб қўшимча қилди у.

Шунингдек, у менга уйимдаги энг катта манбаларни аниқлашни маслаҳат берди – ёпишмайдиган идиш-товоқларни керамика, зангламайдиган пўлат ёки чўян билан алмаштириш, сув фильтридан фойдаланиш ва ПФАМ йўқлиги ҳақида маълумот берилган экологик тозалаш воситаларига ўтишни тавсия қилди.
ПФАМсиз пардоз ва соч парваришлаш воситаларидан фойдаланиш ва таркибида "фтор" ёки "политетрафторэтилен" бўлган маҳсулотлардан сақланишни қўшимча қилди у.
Шундай маслаҳатни Империал коллежидан доктор Федерика Амати ҳам Беркширдаги уйига борганимизда ҳомиладор Пэм Каванага берди.
Пэм уй шароитида чақалоғи учун ПФАМ хавфини қандай камайтиришни билишга қизиқарди – доктор Амати доимий кимёвий моддаларнинг чақалоқ ва болаларга қандай таъсир қилиши мумкинлигини ўрганган.
"Водопровод сувини ичганимизда, қаерда яшашимизга қараб, ПФАМга турли даражаларда дуч келамиз," деди доктор Амати.
Унинг айтишича, оддий сув фильтри сотиб олиш ҳам таъсирни камайтиришга ёрдам беради – бу фильтри бор кувача ёки бевосита раковинага ўрнатилган фильтр бўлиши ҳам мумкин.
Тирналган, ёпишмайдиган товаларни ташлаб юбориш керак, деб маслаҳат берди доктор Амати.
Зангламайдиган пўлат ёки керамик товалар "анча хавфсиз," дейди у.
Гиламларни доғ тушишига қарши ПФАМ билан ишлов бериш мумкин, деб қўшимча қилди у ва одамларга гиламларни ҳар куни чангютгич билан тозалашни тавсия этди.
"Ҳар куни деразаларни очиб хонани шамоллатиш яхши ғоя, чунки [ПФАМ] аслида уй чанги сифатида тўпланади".
Сўнг доктор Амати болалар кийимига эътибор қаратди. Пэм сув олмайдиган ёки ифлосланишга чидамли кийимларда ПФАМ бўлиши мумкинлигини билиб, ҳайратдан "тили калимага келмай қолди". Ишлаб чиқарувчиларда харидорларга бу маълумотни бериш мажбурияти йўқ.
Би-би-си маълумотларига кўра, баъзи болалар маҳсулотлари, гарчи ПФАМ йўқ деб ёзиб қўйилган бўлса ҳам, ПФАМдан холи эмас.

Бир неча ой олдин Mountain Warehouse веб-сайтидан сотиб олганимиз болалар пальтосида ПФАМ топилди, ваҳоланки, сайтда болалар маҳсулотлари бундай кимёвий моддалар билан ишлаб чиқарилмаслиги таъкидланган.
Mountain Warehouse Би-би-сига маълум қилишича, синовдан ўтказилган куртка уч йилдан ортиқ вақт олдин ишлаб чиқарилган эски захиранинг кичик партиясидан экан.
Куртка "Буюк Британия хавфсизлик стандартларига жавоб берса-да", маҳсулот сотувдан олиб ташланди.
Компания "барча маҳсулотлардан ПФАМни имкон қадар тезроқ чиқариб ташлаш" устида ишлаётганини ва "2023 йилдан бери ишлаб чиқарилаётган болалар кийимлари ПФАМдан холи" эканлигини таъкидлади.
Курткани текширган Бирмингем университети профессори Стюарт Ҳаррад тушунтиришича, агар таркибида ПФАМ бўлган матолар "инсон териси билан узоқ вақт алоқада бўлса," кимёвий моддалар тери орқали сўрилиши мумкин.
Доктор Доннай хавфни камайтириш учун ишлов берилмаган матоларни танлашни ва ПФАМсиз деган сертификати бўлмаса, "сув олмайдиган" ёки "доғ тушмайдиган" деган ёрлиқлардан сақланишни тавсия қилди.
Европа озиқ-овқат хавфсизлиги бошқармаси маълумотларига кўра, бизнинг доимий кимёвий моддаларга энг кўп дуч келишимиз озиқ-овқат, хусусан, балиқ, гўшт, тухум, мева ва мева маҳсулотлари орқали бўлади.
Манчестер Метрополитан университети профессори Дэвид Мегсон тушунтиришича, оддий кўринадиган қулупнайда ҳам ПФАМ бўлиши мумкин, чунки бу кимёвий моддалар пестицидларга "меваларга яхшироқ ёпишиши учун қўшилади, натижада дори ёмғир ёққанда ҳам ювилмайди".
Doktor Donnay menga qonimdagi doimiy kimyoviy moddalar sog‘lig‘imga "katta ehtimol bilan" ta’sir qilishini aytdi.
Профессор Мегсон айтишича, биз кўрсатган пикник буюмлари орасида бир шиша вино энг катта ПФАМ хавфини туғдириши мумкин.
"Ҳар бир шишага юзлаб узумни тўплаймиз. Кенг тарқалган пестицид парчалангач, ПФАМ қисми қолиб кетади," дейди у.
ПФАМ замонавий ҳаётимизга шунчалик сингиб кетганки, ҳеч биримиз улардан қочиб қутула олмаймиз. Улар ҳаётимизни қулай, маҳсулотларимизни эса чидамли қилди, аммо эндигина унинг потенциал зарарини ҳисоблай бошладик.
Европа Комиссияси 10 000 га яқин ПФАМларга тўлиқ тақиқ қўйиш масаласини кўриб чиқмоқда. Буюк Британия ҳукумати баъзи кимёвий моддаларни тақиқлаш ёки чеклашни режалаштирмоқда, аммо тўлиқ тақиқлашга ҳали ваъда бермаган. Улар бизга бу борада "сиёсат ва тартибга солиш бўйича ёндашувни шакллантиришда атроф-муҳитдаги ПФАМ даражасини, унинг манбаларини ва потенциал хавфларини баҳолаш учун тартибга солувчилар билан яқиндан ишлаётганини" маълум қилди.
Кимё саноати уюшмаси таъкидлашича, ПФАМ моддалари кўплаб муҳим соҳаларда қўлланади ва хавфсизроқ муқобиллари ҳали мавжуд эмас. Уюшма фикрича, муқобил вариантларни бозорга чиқариш учун "тартибга солувчилар ва саноатчилар ҳамкорлик қилиши керак".
Дастлаб қон таҳлилини топширганимда, бу ҳужжатли фильмимиз учун қизиқарли лавҳа бўлади, деб ўйлаган эдим.
Аммо бу кимёвий моддалар танангизда борлигини билганингиздан сўнг, буни унутиб бўлмайди.
Таъсирни камайтириш йўллари борлиги бироз таскин беради. Лекин очиғини айтсам, бу ҳам яна бир бошоғриққа айланди.












