Россиянинг ярмида мигрантлар ишлаши оғирлашди

Москвадаги мигрантларни рўйхатга олиш маркази биноси ичига кириб бораётган марказий осиёликлар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, "Крокус Сити" савдо марказига қонли ҳужумдан кейин мигрантларнинг Россияда бўлишига оид қонунлар қаттиқлаштирилди, жойларда ҳудудлар раҳбарияти тақиқ ва чекловлар жорий этди.
Ўқилиш вақти: 3 дақ

2024 йили Россиянинг 47 ҳудудида бошқа мамлакатдан борган мигрантларнинг ишлаб пул топишига нисбатан тақиқ ва чекловлар жорий этилган.

Россия раҳбарияти мигрантларнинг мамлакатда бўлишини янада қаттиқлаштириш, имкони борича кўп муҳожирларни Украина урушига жалб қилишни кучайтириш ҳаракатида.

Россиянинг қайси минтақалари қайси соҳаларга тақиқ ва чекловлар жорий этганини мустақил "Вёрстка" веб-нашри ўрганган.

"Вёрстка" Россия Украинага тўлақонли босқин бошлаганидан кейин жорий этилган цензурага қарши ҳаққоний ахборотни тарқатиш мақсадини кўзлаган россиялик журналистларнинг жамоасидир.

Журналистларнинг Россия ҳудудларидаги маҳаллий ҳокимиятлар чиқарган қарорларни ўрганиб тадқиқ қилишларича, ўзбекистонлик ёки тожикистонлик энди патент асосида меҳнат фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган иш таксичилик ёки жамоат транспорти билан боғлиқ меҳнат соҳасидир.

Россиянинг 47 ҳудудида мигрантларнинг бу турдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган.

Кейинги энг кўп ҳудудда тақиқланган соҳа савдо.

Россиянинг 39 минтақасида марказий осиёликлар савдо билан шуғулланолмайдилар.

14 ҳудудда уй-жой ва коммунал хизматларда ишлаш, 12 та минтақада етказиб бериш билан шуғулланишга тақиқ киритилди.

19 та минтақада тиббиёт соҳасида тақиқлар жорий этилган: шифохоналар, дорихоналар, дори-дармонлар ишлаб чиқаришда.

Энди марказий осиёликлар Россиянинг 27 ҳудудида маориф соҳасида ишлолмайди.

Ҳарбий-саноат мажмуаси заводларида тақиқ етти минтақада, қурилишда фақат иккита минтақа - Краснодар ўлкаси ва Ямал-Ненец автоном округида жорий этилди.

Баъзи соҳаларда ишга қабул қилишга тақиқ қўйишда, минтақалар истиснолар киритган, асосан малакасиз ишчилар ва фаррошлар учун.

40 га яқин минтақа ишга қабул қилишга чекловлар жорий қилмаган. Булар Москва шаҳри, Санкт-Петербург шаҳри, Татаристон, Бошқирдистон ва Свердловск вилояти.

"Вёрстка" инфографикаси

Сурат манбаси, verstka.media

Сурат тагсўзи, "Вёрстка" веб-нашри инфографикаси

"Крокус" ҳужумлари оқибати

Ёниб кетган "Крокус Сити" савдо маркази ёнида турган Россия полициячиси

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Москва яқинидаги "Крокус Сити" савдо марказига қуролли ҳужумлар ортидан Россияда мигрантларга қарши кампания кучайди

2024 йил 22 март куни Москва яқинидаги "Крокус Сити" савдо марказига уюштирилган ҳамда Россия расмийлари 145 кишининг ҳаётига зомин бўлганини хабар қилган қонли қуролли ҳужумда Тожикистондан Россияга ишлашга борган меҳнат муҳожирлари айбланиб қўлга олиндилар.

"Крокус Сити" ҳужуми Россия ҳукуматига мигрантларга қарши кампания бошлашига туртки берди.

Россия парламенти депутатлари янги қонун лойиҳаларини таклиф қилиб кучга киритдилар.

Расмийлар мигрантларни танқид қилишди ва жойларда чет элликларни ишга қабул қилиш бўйича чекловлар жорий этила бошлади.

Аксар таҳлилларга кўра, аслида, тақиқ ва чекловлар асосан Ўзбекистон ва тожикистонлик ишчиларга қаратилди.

Ўтган йили Россияга парвоз қилиб борган ўзбекистонлик ва тожикистонлик мигрантлар аэропортларда бир неча кун саргардон бўлиб қолиб кетдилар.

Матбуот хабарларига кўра, 2024 йили Россиядан 80000 мигрант бадарға қилинди.

2022 йилда Россия Украинага қарши уруш бошлаганидан кейин корхоналарни режасиз текшириш каби чоралар жорий этилди, бу эса мигрантларни армияга жалб қилиш учун рейдларга айланди.

2023 йили чет элликларни ишга қабул қилиш бўйича минтақавий тақиқлар фақат 10 минтақада жорий қилинган эди, "Крокус Сити" ҳужумлари ортидан оммавий тус олди.

Ушбу чекловлар минтақавий ҳокимиятларнинг фармонлари билан жорий этилаяпти.

Iqribos

Сурат манбаси, .

Тақиқ ва чекловлар Россия давлат назоратидаги оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқлар ва расмийларнинг баёнотларида гўёки таксичилик ва бошқа соҳаларда мигрантларни ишга қабул қилишга тақиқ сифатида тақдим этилади.

Россиядан ташқари Қирғизистон, Қозоғистон, Арманистон ва Белорусни ўз ичига олган Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларининг фуқаролари умуман патент олишга ҳожати йўқ.

Шунингдек, иш визаси бўлган чет элликлар, масалан, Ҳиндистон, Покистон ва Вьетнам фуқароларига ушбу тақиқлар умуман тегишли эмас.

Таҳлилчилар Россия президентининг 2024 йил 30 декабрда имзолаган янги фармонига ҳам эътибор қаратадилар.

Унда Россия ҳудудида ноқонуний бўлиб турган чет элликларга ўз ҳужжатларини тўғирлаб олишлари учун муҳлат берилгани айтилади.

Ушбу фармонда Украина урушида қатнашиш учун Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашни истаган шахсларга имтиёзлар тақдим этилиши айтилган.