Ўзбекистон ва дунё: Буёғига Тошкентда ҳам чанг ва қум бўронлари кўпаядими?(Видео)

Сурат манбаси, gazeta.uz
Термизликлар икки-уч кун тинмайдиган, "Афғон шамоли" деб ном берилган қум бўронини яхши биладилар. Охирги йилларда эса чанг ва қум бўронлари илгари кузатилмаган пойтахт Тошкентда ҳам кўпайди, олимлар бутун Ер юзасида кўз очирмайдиган қум бўронлари янада катта ҳудудга ёйилаётганини, инсонлар ҳаёти ва иқтисодга зарарлари кўпаяётганини айтмоқдалар.
Қум бўронлари сайёрамиз табиий даврий ўзгаришининг таркибий бир қисми, бироқ саҳролашиш, кўп асрлик музликларнинг шиддат билан эриб бораётгани, шунингдек, инсон қўли билан яратилаётган ўзгаришлар чанг ва қумни осмону-фалакка кўтариб учаётган шамол ва бўронлар кучини янада ҳалокатли қилаяпти.
Яқинда АҚШ ҳудудида, Яқин Шарқда, дунёнинг кўп жойларида чанг ва қум бўронлари "қутурди", осмон кўринмай қолди, кўплаб инсонлар нафас олиш мушкулликларига дуч келдилар.
Кўпинча бундай чанг-тўзонли довул ва бўронлар улкан саҳро, чўлларда кузатилади.
Аммо экспертларнинг Би-би-сига айтишларича, охирги вақтда кузатилаётган чанг ва қум бўронлари иқлим ўзгаришининг - саҳролашиш ва кўп асрлик музликларнинг эриб бораётганининг оқибатидир, бу дегани бундан буёғига чанг ва қумнинг ҳавога кўтарилиши янада кўпаяди.
Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилотига кўра, охирги ҳисобот Ўрта Ер денгизи минтақаси ва ён-атрофида бундай штормларнинг такрорланиш тезлиги ва изчиллиги янада кучайганини кўрсатди.
Шунинг учун ҳам БМТ чанг ва қум бўронлари олдини олиш глобал саъй-ҳаракатларини янада фаоллаштиришга чақиради.

Сурат манбаси, Kevin Frayer/Getty Images
Чанг ва қум бўронларига нима сабаб бўлади?
Чанг ва қум бўронлари - қуруқ тупроқдаги чанг ва қумни кучли шамоллар атмосферага кўтариб олиб чиқадиган Ернинг табиий даврий айланишидир.
БМТ ҳисоб-китобларига кўра, ҳар йили икки миллион тонна қум ва чанг Ер атмосферасига олиб чиқилади.
Оксфорд Университетининг иқлим фанлари профессори Ричард Вашингтон айтишича, атмосферагаа кўтарилган чангнинг ярми Саҳрои Кабирники.
Қум ва чанг зарралари минглаб километр узоққа учиб бориши мумкин.
Асли Африканики бўлган чанг, мисол учун, Европага, Амазон тропик ўрмонлари ва Атлантика океанигача етиб бориши мумкин.
Ўзининг ушбу саёҳати давомида улар фойдали озуқа моддаларини олиб учадилар, океанлар ва заминни ўғитлайдилар, шу йўл билан сув ва қуруқлик экотизимини қўллаб-қувватлайдилар, деб тушунтиради профессор Вашингтон.
"Улар сайёрамиз қандай ишлашининг ажралмас таркибий қисмидир", дейди у.
Бошқа йирик манбалар Мўғулистондаги Гоби саҳроси, Араб саҳроси ва Яқин Шарқ ҳисобланади.
Чанг ва қум бўронлари таҳдиди нақадар?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
БМТ маълумотларига кўра, чанг ва қум глобал миқёсда 330 миллион ҳаётига таъсир кўрсатади.
Чанг ва қум инсонларда нафас йўллари муаммоларини келтириб чиқаради, чорва моллари ва зироатчилик ҳосилларини нобуд қилади, узоқни кўришни қийинлаштириши туфайли йўллар ва аэропортлар ёпилишига олиб келади.
Шу йил мартида АҚШ Техас ва Канзас штатларида юзага келган чанг бўронлари автомобилларнинг бирининг орқасидан бориб урилишларига ва ўнлаб инсонлар ҳалок бўлишига олиб келди. Ню-Мексикодаги бошқа бўрон кўришни қийинлаштирди, йўл-транспорт ҳодисаларига сабаб бўлди.
Орадан бир ҳафта ўтиб бутун Ироқ ҳудудида кузатилган чанг бўронлари 1000 дан ортиқ инсонда респиратор хасталикларини келтириб чиқарди.
БМТга кўра, агар чанг парчалари бурун ва оғизда тиқилиб қолса, астма ёки зотилжам каби хасталикларга етаклаши мумкин.
Янада кичик зарралар инсон танасига янада чуқурроқ кириб бориши, қон айланиши ва бошқа барча органларга таъсир қилиши мумкин.
Чанг бўронлари ҳаво ифлосланишига ҳам сабаб бўлади.
"Бу нарсалар саломатликка шикаст етказади, миллионлаб инсон ҳаётининг сифатига зарар кўрсатади. Ҳаво ва қуруқлик транспортини издан чиқариб, деҳқончилик ва қуёш энергияси ишлаб чиқаришни камайтириб миллионлаб доллар моддий зарар келтиради", дейди Жаҳон Метереология ташкилоти Бош котиби Селесте Сауло.
Жаҳон Метереология ташкилоти эълон қилган янги ҳисоботга кўра, чангнинг узоқ муддатли салбий зиёнига энг кўп дуч келадиган ҳудудлар Атлантика океанининг Ғарбий Африка, Кариб ҳавзаси, Лотин Америкаси, Ўрта Ер денгизи, Араб денгизи, Бенгал бўғози ва марказий-шарқий Хитойдир.
Ҳисоботга кўра, 2024 йили "чанг концентрациясининг салмоқли даражада юқори" бир неча қайноқ нуқталари кузатилган.
Бу нуқталар Африканинг Либерия, Кот д'вуар, Гана, Камерун ва Миср мамлакатлари.
Лотин Америкасида Колумбия, Венесуэла ва Бразилия.
Хитой ва Марказий Осиёнинг Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонидир.
Ўрта Ер денгизида Испания ва Италияга ҳам таъсир қилган.
Жаҳон Метереология ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, 2017 йили чанг ва шамол эррозияси АҚШга 154,4 миллиард доллар зарар келтирган.
Қум бўронлари қанчалар ёмонлашиши мумкин?

Сурат манбаси, .
Чанг ва қум бўронлари ҳар доим таҳдид бўлиб келган, дейди доктор Вашингтон.
Аммо иқлим ўзгаришининг айрим таъсирлари шамоллар ҳавога кўтараётган чанг миқдорини янада ошириши мумкин.
Жаҳон Метереология ташкилоти қўшимча қилишича, қурғоқчилик, ердан нооқилона фойдаланиш, куйиб кулган бўлган ёввойи ўрмонлар ҳудудларининг кенгайиши чанг ва қум бўронлари таҳдидлари ўсишига ҳисса қўшаяпти.
"Дунёнинг саҳролашиш огоҳлантирилиши эълон қилинган ҳар бир бурчагида чанг ва қум бўрони огоҳлантиришига дуч келамиз, чунки бу саҳролашиш оқибатидир", дея тушунтиради Жаҳон Метереология ташкилоти эксперти Сара Басарт.
Доктор Басарт сўзларига кўра, азалдан чўл бўлмаган, бироқ аҳолиси зич ҳудудлар, хусусан, Европанинг жанубий қисмлари қурғоқчил ҳудудларга айланиш эҳтимоли мавжуд.
Шу ой эълон қилинган БМТ дастаклаган ҳисоботга кўра, охирги икки йилда Сомалидан тортиб Европагача бўлган ҳудудлар тарихда кузатилмаган қақшатқич қурғоқчиликларга рўпара келган.
Ушбу ҳисоботда салбий таъсирларнинг Африка, Ўрта Ер дангизи, Лотин Америкаси ва Жануби-шарқий Осиёда кучли экани таъкидланади.
Доктор Вашингтон қўшимча қилишича, эриб бораётган асрий музликлар яна бир таҳдидни юзага келтиради, чунки минглаб йил мобайнида музлар орасида яшириниб ётган майда зарралар ташқарига чиқадилар.
Шу йил февралида эълон қилинган ҳисобот дунёда асрий музликлар ҳар қачонгидан ҳам тезроқ эриб бораётганидан огоҳлантирди.
Ҳисоботга кўра, бунинг сабабларидан бири инсониятнинг қазилма ёқилғиларини ёқаётганидек фаолияти билан боғлиқ.
"Бу нарса эса бутун сайёрамизга чангнинг янги манбалари оқимини олиб келаяпти. Мен учун қизиқарли бўлган нарса шуки, Саҳрои Кабирнинг чангларини дунёга ёйиш тезлигининг ярми ҳам чангларни ҳавога кўтараяпти, чунки таркибидаги зарралар жуда майда", дейди профессор Вашингтон.
Биз нимаа қила олишимиз мумкин?
Доктор Вашингтон таъкидлашича, чанг ва қум бўронлари кўпайиши олдини олишнинг энг муҳим йўли атмосферага чиқарилаётган карбонат ангидрид (CO₂) миқдорини назоратга олишдир.
Карбонат ангидрид ортиқча энергиянинг атмосферада "қамалиб қолиши" ва сайёра ҳарорати даражаси қизиб кетишига олиб келаётган "кўрпа" вазифасини ўтаяпти.
БМТга кўра, глобал чанг эмиссиясининг 25 фоизи инсоният фаолиятига боғлиқ, буларга қурилиш, қишлоқ хўжалиги, ўт-ўланни ўлдириб, тупроқни шамол эррозиясига юзма-юз қиладиган нооқилона ер бошқаруви сингарилар киради.
"Чанг ва қум бўронлари инсоният фаолияти оқибати экан, бу бўронларни инсоният амаллари билан камайтириш мумкин", дейди олим.
Шунингдек, чанг ва қум бўронларининг олдиндан башорат қилиш тизимини барпо этишга инвестиция ётқизиш ҳам ҳаётий аҳамиятга эга, деб тушунтиради доктор Вашингтон.
Доктор Басарт янада кўпроқ дарахт ўтқазиш, тупроқни ҳўл сақлаш каби амаллар ҳам бундай бўронлар оқибатларини камайтириши мумкинлигини айтади.
"Муаммо янада чуқурлашиши ёки жиловланиши инсонларнинг қарорларига боғлиқ", дейди доктор Сара Басарт.












