Янгиликлар: Ўзбекистон ҳам саҳролашмоқда, бу ерда яшаш ўта қийинлашадими? O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, BBC Sport
Дунёнинг кўплаб ҳудудларида инсонлар зироат ва чорвачиликда фойдаланиб келган ерлар яроқсизга айланяпти, айниқса, охирги йилларда саҳролашиш оқибатлари яққол сезилаяпти. Бу ҳудудлар орасида Ўзбекистон ҳам бор.
Мамлакат - жаҳонда кескин чўллашаётган бир нечта минтақалардан бири.
Ер саҳролашса, на деҳқончилик, на чорвачилик қилиб бўлади. Яшаш қийинлашади, озиқ-овқат қимматлашади, халқ камбағаллашади ва низолар эҳтимоли кучайиши ҳам мумкин.
Шундай ҳолатда Ўзбекистонни қандай келажак кутмоқда ва мамлакат нима қила олади, деган савол долзарб туради.
Алоқадор мавзулар:
Саҳролашиш Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалигида фойдаланиб келинаётган ерларини "ютиб юбораётгани", ҳар йили гектарлаб ер яроқсизга айланаётгани муаммоси ҳақида ҳали СССР замонида бонг урилган.
Охирги йилларда эса сув тақчиллиги деҳқончилик ерларидан шўр ювишни ҳам мушкуллаштирди, бу эса тупроқ сифати янада ёмонлашиб, ҳосилдорлик пасайишига олиб келди.
Дарахтлар кесилмоқда
Шундоқ ҳам Орол денгизи қуриши туфайли аянчли экологик аҳволга тушган мамлакатда ўтган 15 йил давомида дарахтларни кесиш бошланган.
Аҳвол шу даражага борганки, аксар шаҳарлардаги қатор сўлим кўчалар бугун қақраган чўлга айланган.
Расмийлар эса иқлимга мос келмайдиган, на мева, на соя берадиган арча экишга киришиб кетганлар.
Ўзбекистонда дарахтлар кесилишига жамоатчилик қаттиқ норозилик билдириб, ҳукуматни бунга қарши чоралар кўришга мажбур этаётган бўлса ҳам соя-салқин иқлим барпо этиб турган ўнлаб кўп йиллик дарахтларни кесиш давом этаяпти.
Матбуот ёритган энг сўнгги мисол эса Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида 61 дарахт кесиб ташлангани билан боғлиқ.
Ўзбекистон парламенти собиқ депутати, Экология вазири маслаҳатчиси дарахтларни ким кесгани прокуратура томонидан аниқланмагани ҳақида ёзди.
Шундай бир шароитда мутахассислар, матбуот Ўзбекистон учун саҳролашишнинг оғир оқибатларидан огоҳлантириб келаяптилар, бу огоҳлантиришлар, Президент Мирзиёевнинг "яшил макон" сиёсати, дарахт кесиш учун жавобгарликни кучайтириш ҳаракатларига қарамасдан, ободонлаштириш, одамлар учун яхши яшаш шароити яратиш важи билан кўп йиллик дарахтлар кесилиши олдини олиш қийин бўлаяпти.
Фаоллар Тошкент шаҳрининг охирги ўн йилликлардаги фазодан олинган фото суратларини Интернетда эълон қилдилар, бу суратларда Тошкент шаҳрининг "ўпкаси" бўлган парк ва боғлар қанчалар торайиб қолгани кўринади.

Сурат манбаси, Sreda.uz
Олимлар Ер сайёрасида саҳролашишнинг асосий сабаблари сифатида аҳоли сонининг кўпайиб бораётгани, ўрмон ва дарахтзорлар кесилаётгани, тупроқ яйлов сифатида ҳаддан зиёд кўп фойдаланилаётгани, тупроқ эрозияси ва иқлим ўзгаришини тилга оладилар ва бу сабабларнинг саҳролашишга олиб келиб таъсирларини камайтаришга чақирадилар.
Бунинг энг самарали йўлларидан бири дарахт экиш, Ўзбекистон қуриган Орол ўрнида саксовулзорлар барпо этаётгани деҳқончиликка яроқли бўлиб турган замин саҳролашиши олдини олишга ёрдам бераётгани аниқ.
Ўзи иқлим ўзгариши таъсирлари аллақачон Марказий Осиё мамлакатларига таъсир кўрсата бошлаган, Қирғизистон ва Тожикистондаги кўп асрлик музликларнинг қўрқинчли даражада тез эриши кузатилаяпти.
Ўзбекистон Орол денгизининг қуриши, унинг тубидан осмонга кўтарилган пестицидли чангларнинг одамлар саломатлиги ва деҳқончилик ва иқтисодиётга таъсиридан азият чекиб келаётганига анча бўлди.
Дунёда иқлим ўзгариши эса денгизлар ўта узоқ жойлашган минтақада ҳам сувсизлик, саҳролашиш ва чанг бўронлари каби ҳолатларни кучайтира бошлаган.
Кўплаб экспертлар Ўзбекистон ҳукумати саҳролашиш таҳдидига янада жиддий қараши, бу йўлдаги аниқ самара берадиган ҳаракатларини жадаллаштириши лозим, деб ҳисоблайдилар.
Орол денгизи 90% қуриган ва унинг жонланиши даргумон. Қуриган денгиз атрофида ҳаётни сақлаб қолиш ҳам улкан масала.
Айни мақсадлар учун кўп миллиард долларлик маблағлар зарур.
Бир вазифа керакли маблағни топиш бўлса, иккинчи масала - Ўзбекистон каби коррупция кучли давлатда маблағнинг борлиги қанчалик муаммони ҳал қилади, деган савол устидадир.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.













