Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 05 Июн, 2006 - Published 19:49 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Саҳролашиш - қашшоқлик манбаи
Орол денгизининг 1985 ва 2003 йилларда олинган суратлари
Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти асосий эътиборни Ер сайёрасидаги чўл ҳудудлари, саҳролашув оқибатларига қаратган.

БМТнинг 5 июнь - Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни муносабати эълон қилган ҳисоботида айтилишича, дунёнинг чўл ҳудудлари шу пайтга қадар кузатилмаган даражада хавф остидадир.

Шу билан бирга глобал иқлим исиши, инсониятнинг сувга бўлган эҳтиёжи тобора орти бораётгани ҳамда сайёҳлик ер юзидаги чўллар учун энг катта таҳдидлар сифатида тилга олинган ҳисоботда.

Бирлашган Миллатларга кўра, чўл ҳудудларида яшаётган ярим миллиард аҳолининг келажагини муҳофаза этиш учун фавқулодда чораларга қўл урилмоғи лозим.

Ҳисоботда чўл ўсимликлари ва жадаллик билан исиб бораётган иқлимга мослашиши мумкин бўлган турларни яратиш, ёввойи ҳайвонот оламини ҳимоя қилиш учун махсус чоралар кўришга чақирилади.

 Агар жаҳон бўйлаб экология ёмонлашиб бораверса, биз яқин келажакда атроф-муҳит қочқинларига дуч келишимиз мумкин
Ник Натал, БМТ Атроф-муҳит дастури воизи

БМТ Атроф-муҳит дастурининг воизи Ник Наталнинг айтишича, саҳролашиш жараёни бутун дунё бўйлаб муҳожирлар сонининг кўпайишига олиб келиши мумкин.

"Агар жаҳон бўйлаб экология ёмонлашиб бораверса, биз яқин келажакда атроф-муҳит қочқинларига дуч келишимиз мумкин. Биз одамлар ўз ерларини ташлаб, бошқа ҳудудларга сафар қилишга мажбур бўлишларига гувоҳ бўламиз", - дейди Ник Натал.

Ўзбекистон жўғрофиясида янги ном - Оққум

Марказий Осиёдаги энг йирик экологик фожеа Орол денгизи қуришининг олдини олиш йўлидаги чора-тадбирлар самараси деярли сезилмаётган экан, денгиз тубидан кўтарилаётган тузлар Орол атрофида янги чўл барпо қилаяпти, дейди профессор Рашод Иброҳимов.

"Агар илгари Қорақум, Қизилқум саҳролари бўлган бўлса, энди Орол атрофида Оққум саҳроси пайдо бўлдики, илгари экинзор бўлган жойларда ҳозир сув етишмаслиги натижасида ер шўрланиб чўлга айлана бошлади", - дейди профессор Иброҳимов.

Жаҳоннинг саҳролашиш хавфи мавжуд ҳудудлари харитасида Ўзбекистоннинг бугун экин экиладиган майдонлари ҳам киритилган бўлиб, яқин келажакда саҳроларнинг бостириб келавериши оқибатида ушбу далаларнинг деҳқончиликка яроқсиз аҳволга келиши ҳақида огоҳлантирилади.

Бугуннинг ўзида Навоий, Жиззах ҳамда Сирдарё вилоятларида катта экин майдонлари йилдан йилга деҳқончилик истеъмолидан чиқиб бораётганини айтишади олимлар.

Марказий Осиёни сув билан таъминлаётган минг йиллик музликларнинг эриб бораётгани, шунингдек минтақа мамлакатлари ўртасида сувдан фойдаланиш борасида ўзаро қаноатланарли келишувга эришолмаётганликлари сингари омиллар саҳролашиш юзасидан хавотирларни янада оширади.

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy