Ўзбекистон, минтақа ва дунё: Буёғига Хитойдан нима кутса бўлади?

2023 йилги Сиан саммити иштирокчилари

Сурат манбаси, rasmiy

Сурат тагсўзи, Хитой Марказий Осиё давлатларига сармоя киритиш, қарз бериш ва улар билан савдо-сотиқ қилишда дунёнинг энг етакчи давлатларидан бири бўлади.
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Хитой Ўзбекистоннинг ҳам иккита энг йирик савдо-иқтисодий ҳамкоридан биттаси бўлади. Марказий Осиёга ҳам чегарадош, ўзининг энг йирик - миллиардлаб долларлик иқтисодий лойиҳаларини айнан минтақага боғлаган. Хитой энди супердержавага айланадими?

Шунчалик муҳимми?

Кечаётган ҳафтада Хитой ҳаётидаги энг муҳим сиёсий воқеа амалга ошди.

Бутунхитой халқ вакиллари конгрессининг йиллик сессияси бўлиб ўтди.

Бу энг йирик сиёсий воқеа саналади, уч мингга яқин халқ вакили йилига бир марта бир жойда йиғилади.

Мазкур органнинг ўзи эса, кенг ваколатларга эга, деб кўрилади.

У қонунлар қабул қилиш, конституцияга ўзгартиришлар киритиш ва давлат бюджетини тасдиқлаш каби муҳим сиёсий масалалар билан шуғулланади.

Бу йилги сессия дунёда геосиёсий танглик янада кескинлашган, айниқса, божлару Тайван масаласида Хитой ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар ўта ҳассос бир пайтга тўғри келди.

Яна Венесуэла бўладими ёки Эрон, Хитойнинг анъанавий иттифоқчилари кетма-кет АҚШ нишонига айланаётган вазиятда бўлиб ўтди.

Бу икки давлат энергияга чанқоқ Хитойнинг АҚШ назорати остида бўлмаган энг йирик таъминот манбалари сифатида кўрилишган.

Хитой Америка Қўшма Штатларидан кейин дунёнинг иккинчи энг йирик ҳарбий ва иқтисодий қудрати саналади.

АҚШ қудрати ва таъсирини жиловлаш ҳаракатида бўлган давлат.

Жаҳонда ўзининг ядровий арсеналига эга саноқли мамлакатлардан бири.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг бешта доимий аъзосидан биттаси.

Ўзининг яқин иттифоқчиларидан бири Россия Украинага очган урушга ҳам бефарқ эмас, ўзининг тинчлик режаси билан чиққан саноқли давлатлардан бири.

Урушга чек қўйиш уринишларида Ғарб орқа қилишга ҳаракат қилиб кўрган мамлакат.

Марказий Осиёга ҳам чегарадош, ўзининг энг йирик - миллиардлаб долларлик иқтисодий лойиҳаларини айнан минтақага боғлаган, минтақага ўзини Европа билан боғловчи муҳим йўлак сифатида кўз тиккан, энг йирик геоиқтисодий ўйинчи.

Дунёдаги аҳолиси энг йирик давлатдан биттаси, Марказий Осиёдаги табиий энергия заҳираларининг асосий харидори ва истеъмолчиси, уларни ўзлаштиришга фаол бош қўшган, катта пул тикаётган давлат.

Марказий Осиё давлатларига сармоя киритиш, қарз бериш ва улар билан савдо-сотиқ қилишда дунёнинг энг етакчи давлатларидан бири.

Аксарият минтақа давлатларининг энг йирик савдо-иқтисодий ҳамкорларидан.

Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши ва Хитой халқ сиёсий маслаҳат кенгаши Миллий қўмитасининг "қўшалоқ йиғини" эса, ҳар йил четда диққат билан кузатилади.

Чунки улар қудратли Хитой сиёсатидаги янги устивор йўналишларга далолат қилади.

Хитой ўзи барқарорлик таянчи эканини кўрсатмоқчими?

Хитой президенти
BBC ning Xitoy bo‘yicha muxbiri
Geosiyosiy manzara o‘zgarmoqda va Vashington boshqa narsalar bilan band ekan, Si buni Xitoyni kuchaytirish uchun imkoniyat sifatida ko‘rishi mumkin...
Lora Biker
BBC ning Xitoy bo‘yicha muxbiri

Лора Бикер

BBC нинг Хитой бўйича мухбири

"Хитойнинг дунёнинг етакчи қудратли давлати бўлишга интилиши кўп жиҳатдан бир муҳим омил – президент Си Цзинпиннинг мамлакат иқтисодиётини бошқариш қобилиятига боғлиқ.

Си АҚШнинг нима қилмоқчи эканини олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган президенти ва Яқин Шарқдаги уруш мувозанатни издан чиқариб юбораётган дунёда иқтисодиётни мувозанатлаштирмоқчи.

Унинг Хитой фуқароларини кўпроқ пул харжлашга ундаш сиёсати секинлашиб бораётган ички иқтисодиётни барқарорлаштиришга қаратилган.

У келажакда ютқазмаслик учун технологик устунликка интилмоқда. Яъни энг янги саноат роботлари ва сунъий интеллект намуналарини бутун дунё Хитойдан сотиб олишини истайди.

Пекин яна қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқаришни ҳам кенгайтирмоқда, бу эса Хитойнинг ўзини ўзи энергия билан таъминлаш имкониятини яхшилайди.

Хитой бошқа давлатлар, жумладан, Эрондан кўп нефт ва газга эҳтиёж сезмайдиган бўлади.

Хитой Коммунистик партияси ўзининг барқарорлик таянчи эканлигини кўрсатишга ҳаракат қилмоқда ҳамда асосий эътиборини иқтисодиёт ва мамлакат келажагини мустаҳкамлашга қаратган.

АҚШ билан савдо уруши сулҳ билан якунланди ва Си Цзинпин Хитой ҳозирда кучли мавқеъга эга эканига ишонади.

Хитойнинг савдодаги устунлиги эҳтиёткор собиқ харидорлари, жумладан, Буюк Британия ва Канадани ҳам яна унга қайтармоқда.

Геосиёсий манзара ўзгармоқда ва Вашингтон бошқа нарсалар билан банд экан, Си буни Хитойни кучайтириш учун имконият сифатида кўриши мумкин.

Аммо у кўп нарса мамлакатнинг келгуси йилларда ўз иқтисодий муаммоларини қандай енгишига боғлиқ бўлишини ҳам тушунади."

Рақобатчи глобал қудрат

Ўзбекистон ва Хитой президентлари

Сурат манбаси, rasmiy

Сурат тагсўзи, Хитой сўнгги йилларда Ўзбекистон раҳбари энг кўп сафар қилаётган даалатлардан бири ҳам бўлади.

Украина уруши фонида Марказий Осиё атрофида геосиёсий тангликнинг қанчалик кучайиб бораётгани четдаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган, бугун халқаро аҳамиятга молик воқеъликка айланган.

Хитой урушдан йил ўтиб, 2023 йилги Сиан саммити чоғида ҳеч ким қилмаган ишни қилган – Марказий Осиёга ўзининг улкан ҳамкорлик режаси билан чиққан.

Минтақа билан ҳамкорликнинг саккиз йўналишини таклиф қилган.

Расмий Пекин очиқлаган янги тараққиёт режаси Марказий Осиё инфратузилмасини барпо этишдан тортиб, энергетика, хавфсизлик, мудофаа, ҳуқуқ-тартибот соҳаларида ҳамкорлик ва савдо-сотиқни янада кучайтиришни ҳам ўз ичига олган.

Ўзининг қанчалик кенг қамровли экани билан ўзига эътиборни тортган.

Расмий Пекин ўшанда беш минтақа давлати билан ривожланиш стратегияларини мувофиқлаштириш ва улар барчасини модернизация қилишда кўмаклашишга тайёр эканлигини баён қилган.

Марказий Осиёга қарийб $4 миллиард доллар беғараз ёрдам беражагини ҳам айтган.

Бунақаси эса минтақа давлатлари тарихида кўрилмагани билан ҳатто халқаро миқёсда сарлавҳаларга чиққан янгиликка ҳам айланган.

Хитойнинг Сиандаги саммитига баҳо бераркан, кўпчилик таҳлилчилар буни расмий Пекиннинг мавжуд глобал тартибга муқобил ўзининг янги тартибини тақдим этиш, Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларини ҳам ўзининг янги глобал тартиби яхшироқ эканига ишонтириш нияти билан изоҳлашган.

Ўтган йил эса Хитой беш Марказий Осиё давлати билан "Абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида"ги шартномани имзолаган.

Янгилик ўшанда минтақа қолиб, Ғарбда ҳам эътибор топди, аксарият халқаро нашрларда Хитой Қозоғистонда Марказий Осиё билан "абадий" алоқаларини мустаҳкамламоқчи, деган талқинда сарлавҳаларга чиққан.

Шартнома Хитойнинг минтақа билан савдо, энергетика ва инфратузилма бўйича ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ниятининг ифодаси ўлароқ баҳо топган.

Хитойнинг бу каби шартномани фақат икки ядровий қудрат ва минтақавий ўйинчи – Россия ва Покистон билан имзолагани сўнгги янгиликнинг аҳамиятини янада бўрттириши айтилганди.

Кўплаб таҳлилчилар фикрича, Хитой энди Россиянинг Украинага босқинидан кейинги дунё сиёсатида муҳим рол ўйнаш истагида.

Худди шу уруш манзарасида Марказий Осиё давлатлари мустақилликларини дастаклашларига оид баёнотлар билан ҳам чиққан.

Таҳлилчиларга кўра, Хитой бу каби фаоллиги билан минтақада сиёсий таъсир ва энергия ресурслари учун бўлган пойгада асосий геосиёсий рақиблари бўлган Россия ва АҚШни ортда қолдирган, пешқадам мавқеъга чиқиб олган.

Минтақа давлатлари расмий Пекин наздида Хитой президенти Си Цзинпиннинг миллиардлаб долларлик улкан ташаббуси - "Бир белбоғ, бир йўл" лойиҳасининг ҳам муҳим иштирокчилари саналишади.

Воқеаларнинг сўнгги ривожига ўз баҳосини берган айрим минтақавий таҳлилчиларга кўра, Хитой билан ҳамкорлик Марказий Осиёда янада кучайиш ҳаракатида бўлган Россияга қарши бир мувозанат вазифасини бажара олади.

Уларнинг айтишларича, ҳозир ҳам транспорт-логистика ва ҳам ўз кун тартибларини шакллантириш нуқтаи назаридан Марказий Осиёда ЕвроОсиё ҳудудида муҳим ўйинчига айланиш, минтақада Россиянинг кучсизланганидан фойдаланиб, баҳамжиҳатликда иқтисодий, сиёсий ва дипломатик жиҳатдан кучайиш имконияти бор.

Аммо минтақадаги икки йирик ва қудратли ҳамкорларининг ўзаро яқинлашуви улардан қай бирининг "кўнглини олиш" - манёвр қилиш масаласида Марказий Осиё давлатларини қийин аҳволга солиб қўйишига оид хавотирлар ҳам йўқ эмас.