Қирғизистон тақиқи ва қиммат ем: Ўзбекистон гўшт бозорини нима қутқаради?

Ўзбекистондаги бозор.

Сурат манбаси, Jasmine Leung/SOPA Images/LightRocket via Getty Images

Сурат тагсўзи, Қирғизистон ҳукуматининг қарори Ўзбекистон гўшт бозорига бевосита таъсир қилади — мамлакат йиллар давомида қорамолни асосан қўшни давлатдан олиб келган.
    • Author, Davron Hotam
    • Role, Qirg‘iziston
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Қирғизистон ҳукумати 9 мартдан бошлаб қорамол, йилқи ва қўй-эчки экспортига қўйилган тақиқни яна ярим йилга чўзди. Бу қарор Ўзбекистон гўшт бозорига бевосита таъсир қилади — мамлакат йиллар давомида қорамолни асосан қўшни давлатдан олиб келган.

Қирғизистондаги мол бозори

Сурат манбаси, Viktor Drachev via BBC Kyrgyz

Сурат тагсўзи, Қорамол экспортига тақиқ дастлаб ўтган йилнинг августида, Қирғизистоннинг ўзида гўшт нархи кескин ошиб кетган пайтда жорий этилган эди.

Қирғизистон Миллий статистика қўмитасининг маълумотига кўра, Қирғизистондан мол экспортининг 98 фоизи айнан Ўзбекистонга тўғри келган.

Қорамол экспортига тақиқ дастлаб ўтган йилнинг августида, Қирғизистоннинг ўзида гўшт нархи кескин ошиб кетган пайтда жорий этилган эди.

Тақиқ кучга кирганидан сўнг Ўзбекистоннинг қорамол импорти 11 минг бошга тушган.

Бир йил ичида ўн баробардан ортиқ камайишнинг оқибати бозорда ҳам сезилиб, 2026 йил январида қўй гўшти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27,2 фоизга, суяксиз мол гўшти эса 25 фоизга қимматлашган.

Марказий банк ўз ҳисоботида савдо ҳамкорлар томонидан қўйилган чекловларни нарх ошишининг асосий омилларидан бири сифатида тасдиқлади.

Қирғизистондаги мол бозори

Сурат манбаси, Viktor Drachev via BBC Kyrgyz

Сурат тагсўзи, Қирғизистонда тақиқ кучга кирганидан сўнг Ўзбекистоннинг қорамол импорти 11 минг бошга тушган.
Қирғизистондаги гўшт растаси

Импорт харажатлари икки баробарга ошди

Бозордаги гўшт растаси
Сурат тагсўзи, Нарх ошиши фақат маҳаллий гўштда эмас — импорт маҳсулотларида ҳам қайд этилмоқда.

Қирғизистон тақиқи кучга кирганидан сўнг Ўзбекистон гўшт импортини кескин оширди.

Нарх ошиши фақат маҳаллий гўштда эмас — импорт маҳсулотларида ҳам қайд этилмоқда.

Президент Мирзиёевнинг феврал ойидаги йиғилишда маълум қилишича, январдаги умумий инфляциянинг 45 фоизи озиқ-овқат маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келган, шундан 13 фоизи айнан гўшт нарх ошишидан иборат.

Божхона қўмитасининг 2026 йил январ-феврал маълумотларига кўра, икки ой ичида мамлакатга 156,9 миллион долларлик гўшт маҳсулотлари олиб келинди — 2025 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 89,2 миллион доллар эди.

Мол гўшти импорти 17,3 минг тоннадан 25,9 минг тоннага ошди, харажат эса 68,3 миллион доллардан 120 миллион долларга чиқди.

Қўй гўшти бўйича эса олиб келинган миқдор деярли ўзгармаган — 3,3–3,4 минг тонна — аммо унга тўланаётган нарх 3,4 миллиондан 8,1 миллион долларга ошган.

Муқобил манбалар етарлими?

Қозоқ масъули
rasmiy
Yaqin davlatlarga, xususan, O‘zbekistonga eksportimiz katta. U yerdagi narxlar bizning ichki bozorimizdagidan balandroq.
Yerbol Tasjurekov
Qozog‘iston Qishloq xo‘jaligi vaziri o‘rinbosari (batafsil: bbc.com/uzbek da).

Қирғизистон ўрнига Ўзбекистон Қозоғистондан кўпроқ гўшт олмоқда, бироқ у ерда ҳам вазият барқарор эмас.

Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Ербол Тасжуреков 6 март куни ўтказилган брифингда Ўзбекистондаги нархлар баландлиги сабаб қозоғистонлик ишлаб чиқарувчилар маҳсулотини кўпроқ хорижга чиқараётганини айтди.

Бу эса Қозоғистоннинг ўз бозорида ҳам нарх ошишига олиб келмоқда.

"Яқин давлатларга, хусусан, Ўзбекистонга экспортимиз катта. У ердаги нархлар бизнинг ички бозоримиздагидан баландроқ", — деган у.

Гўшт эҳтиёжини қоплаш чораси сифатида Ўзбекистон Мўғулистондан 100 минг бош қорамол олиб келишни режалаштирмоқда.

2025 йил августидан 2027 йил декабригача ҳаво транспорти харажатларининг 50 фоизи давлат бюджетидан қопланади, қўшилган қиймат солиғи тўлови эса фоизсиз кечиктирилади.

Аммо олиб келинган молларни маҳаллий шароитда кўпайтириб, бозорга етказиш президент қарорига кўра 2029 йилгача давом этади.

Ўзбекистонда гўшт нега қиммат? У қачон арзон бўлади? Видеони томоша қилиш учун илова қилинган линкни босинг.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Асл муаммо — ички ишлаб чиқарувчида

Гўштни майдалаш жараёни
Сурат тагсўзи, Ўзбекистонда энг кам ойлик маош 1 271 000 сўм — бу маошга маҳаллий мол гўштидан бор-йўғи 9–10 килограмм олиш мумкин.

Ўзбекистонда гўштнинг 81,3 фоизини деҳқон ва томорқа хўжаликлари етказиб беради.

Айнан шу хўжаликларда ишлаб чиқариш 2025 йилда 1,9 фоизга қисқарди. Бир йил аввал эса 4,1 фоизга ошган эди.

Чорвадорларнинг айтишича, яйловлар қисқариб, ерлар фермерларга бўлиб берилгач, мол боқиш фақат қиммат ем-хашакка боғланиб қолган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маълумотига кўра, охирги етти ой ичида беда 80 фоизга, маккажўхори силоси қарийб икки баробарга, буғдой 59 фоизга қимматлаган.

Битта мол бир ойда 800 минг сўмлик ем ейди — бундай харажат билан майда хўжалик учун фойда қолмайди.

Натижа бозорда кўринади. Тошкентнинг Чорсу бозорида йиллар давомида гўшт харид қилиб келган Карим бобо: "Маҳаллий гўштни 140 минг деяпти. Қаердан оламиз уни? Бола-чақага қандай едирамиз?" — дейди.

Ўзбекистонда энг кам ойлик маош 1 271 000 сўм — бу маошга маҳаллий мол гўштидан бор-йўғи 9–10 килограмм олиш мумкин.