Марказий Осиёда Лениннинг 'энг баланд ҳайкали' олиб ташланди, янгилик ўзбекистонликларни ҳам эътиборсиз қолдирмади - Россия ҳозирча жим

Сурат манбаси, Getty Images/illyustrativ
Янгилик шу кунларда ҳатто Ғарбда ҳам эътибор топди. Ғарбнинг қатор етакчи нашрларида сарлавҳаларга ҳам чиқди.
"Энг баланд" ҳайкал
Қирғизистон Шўролар доҳийсининг Марказий Осиёда энг баланди, деб кўрилган ҳайкалини олиб ташлади.
Мазкур ҳайкалнинг узунлиги 23 метрни ташкил этган.
У сўнгги 50 йил давомида Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида қад ростлаб турган.
Шаҳарнинг марказий майдонида ўрнатилган мазкур ҳайкал Қирғизистонга Шўролар Иттифоқи давридан мерос қолган.
Владимир Ильич Ленин 1917 йилги Октябр инқилоби етакчиси ва Совет Иттифоқи асосчиси сифатида кўрилади.
Хабарларга кўра, унинг Ўшдаги ҳайкали шу кунларда тинчгина олиб ташланган, бунга шанба куни бўй кўрсатган суратлар далолат қилган.
Суратларда ерда чалқанча ётган қиёфада акс этган ҳайкалнинг турган жойидан кран ёрдамида олингани кўрилади.
Маҳаллий расмийлар Ленин ҳайкалини кўчириш қарорини ортиқча шов-шув қилишмаган.
Уларнинг нега айнан бугун бу каби қарорга келишгани сабаби ҳам ҳозирча маълум эмас.
Би-би-си мухбирлари эса сўнгги янгилик манзарасида охирги пайтларда кўплаб Совет республикаларининг Россия билан аввалги алоқаларига камроқ урғу бериб, миллий ўзига хосликларига қайта эътибор қаратиш ҳаракатида эканликлари омилини тилга олишган.
Уларга кўра, қирғизистонлик расмийлар бу ишлари иттифоқчилари Россиянинг кўнглини оғритиб қўйиши хавфини англашади.
Сўнгги янгилик, бошқа томондан, Россияда Шўроларнинг яна бир доҳийси Иосиф Сталинга янги ҳайкал ўрнатилишидан бир ҳафта ўтиб олинган.
Аммо Лениннинг Марказий Осиёдаги энг йиригига қиёс берилган ҳайкалининг олиб ташланиши ва бошқа жойга кўчирилиши билан боғлиқ хабарларга расмий Москванинг муносабати ҳозирча кўзга ташланмайди.
Расмий баёнот
Ўш Қирғизистоннинг пойтахт Бишкекдан кейин иккинчи йирик шаҳри бўлади.
Ўш мэриясининг бу хусусдаги баёнотида ҳайкалнинг шаҳар архитектураси ва эстетик қиёфасини яхшилашга қаратилган "одатий ҳолат" талқинида бошқа жойга кўчирилиши айтилган.
Маълум бўлишича, баёнотда, шунингдек, бундан илгари Россиянинг ўзида ҳам Лениннинг ҳайкаллари олиб ташлангани мисол тариқасида тилга олинган.
"Шу боис, масалани сиёсийлаштиришга ҳожат йўқ"лиги ҳам таъкидланган.
Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, Лениннинг пойтахт Бишкекдаги кўчирилган бошқа ҳайкаллари мисолида бўлгани каби, Ўшдагисининг ўрнига ҳам давлат байроғи устуни ўрнатилади.
Расмий маълумотда қайд этилишича эса, Лениннинг Марказий Осиёдаги энг йириги, деб кўрилган ҳайкали "Мээрим" боғига кўчирилади.
Қирғизистон 34 йил аввал Шўролар Иттифоқи парчаланган пайтда мустақилликка эришган.
Аммо, ҳатто ҳайкалларсиз ҳам, унинг Совет тарихи ҳақидаги эслатмаларни бутун мамлакат бўйлаб топиш мумкин.
Мисол учун, Қирғизистоннинг иккинчи энг баланд тоғи "Ленин чўққиси", деб аталади, дейишади Би-би-си мухбирлари.
Россия ва Марказий Осиё

Қирғизистон Тожикистон билан бирга Марказий Осиёнинг Россиянинг ҳарбий базаси ва иншоотлари энг кўп жойлашган иккита давлатидан биттаси ҳам бўлади.
Россия Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари мисолида бўлгани каби мамлакатлари ўз мустақиллигини қўлга киритиши ортидан ҳам, катта сондаги қирғизистонликлар учун энг йирик ташқи меҳнат бозори вазифасини ҳам бажариб келади.
Қирғизистон Қозоғистон каби Россия шамсияси остидаги деярли барча ташкилот ва иттифоқларга ҳам киради.
Аммо Россия Украинага қарши олиб бораётган уруш манзарасида Марказий Осиёда глобал қудратлар ўртасидаги рақобат кучаяркан, минтақа давлатлари ҳукуматларининг кўп векторли ташқи сиёсатга қанчалик мойиллик билдиришаётгани ҳозир ҳатто халқаро миқёсда эътибор топаётган, экспертлар доирасида хос талқин ва таҳлилларга сабаб бўлаётган воқеълик бўлади.
Воқеаларнинг бу каби ривожи расмий Москванинг ошкора норозилиги фонида кузатилаётгани ҳам уларнинг аҳамиятини янада бўрттирувчи яна бир муҳим омилга айланган.
Яқинда Россия президенти ёрдамчисининг "СССР ҳали ҳам мавжуд", деган сўзлари ҳам минтақада беэътибор қолмаган.
Ижтимоий тармоқларда куннинг, таъбир жоиз, энг кўп шарҳланган, баҳсу мунозараларга сабаб, Ўзбекистон мисолида эса, ҳатто, айрим партия лидерлари, етакчи зиёлиларининг кескин танқидий чиқишларига ҳам сабаб мавзулардан бирига айланган.
Россия президенти ёрдамчисининг айни қабилидаги сўзлари қатор россиялик шовинист сиёсатчиларнинг етакчи Марказий Осиё давлатларининг миллий ўзлиги, ери ва давлатчилиги савол остига олинаётган чиқишлари кучайиб бораётган бир манзарада янграгани билан ҳам минтақа аҳолиси орасида, таъбир жоиз, янада "актуаллик" касб этган.
Президент Путиннинг ўзи эса, орада СССРнинг парчаланишини "фожеа", "тарихий Россиянинг қулаши" сифатида қабул қилишини айтган.
Россия, йилларки, Марказий Осиё давлатларининг энг йирик савдо-иқтисодий, стратегик шеригидан биттаси, яқин иттифоқчиси, ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорилигича қолаётган давлат ҳам бўлади.
Қирғизистон, бошқа томондан, ўтган йил Москванинг Крокусида уюштирилган ва унга алоқадорлик гумони билан бир қирғизистонлик ҳам ҳибсга олингани хабар қилинган қонли ҳужумлар ортидан Россиянинг кучайиб бораётган аксилмиграцион сиёсати манзарасида у ерда меҳнат муҳожирлигида банд фуқароларига нисбатан номақбул муносабатларга нисбатан ўзининг норозилигини расман ва фаол билдириб келаётган минтақа давлатларидан бири экани кўрилади.
Ташқи меҳнат миграцияси ҳам камбағаллик ва ишсизлик муаммоси бугун ҳам анчайин долзарблигича қолаётган аксарият Марказий Осиё давлатларига босимини ўтказишида, йилларки, расмий Кремль қўлидаги энг йирик ва муҳим таъсир воситаларидан бири бўлиб келади.
Акс-садолар

Айрим маҳаллий мустақил журналистларга кўра, бунгача ҳам Ўшнинг собиқ раҳбарлари Ленин ҳайкалини марказий майдондан олиб ташлашга уринишган, аммо жамиятдаги баҳс ва тортишувлар туфайли бу иш амалга ошмаган.
Жумладан, журналист Шоҳруҳ Соиповнинг ёзишича, Ўшдаги ҳайкалнинг олиб ташланиши ҳам жамоатчилик орасида турли фикрлар ва муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Айримлар Лениннинг Қирғизистон тарихидаги аҳамиятини урғулаётган бўлса, бошқалар унинг ўрнига мустақилликка бағишланган янги ёдгорлик ўрнатилишини таклиф қилмоқда.
"Кўпчилик Ленин туфайли биз ўз ҳудудимизга эга бўлганимизни унутган бўлса керак, акс ҳолда бизни парчалаб ташлашлари мумкин эди", деган ўшлик Илҳом Жумабаев.
Умар Соипов эса, унга: "Ленин шарофати билан Марказий Осиё давлатлари зўрға ўнгланмоқда, чегара муаммолари фақат қон тўкиш билан ҳал қилинди. Ленин туфайли аҳолининг зиёли қатлами қатлиом қилинди ва ҳоказо", дея жавоб қайтарган.
Тошкентлик Ориф Мўминов эса, Ленин ҳайкалининг олингани билан унинг хотираси абадий сақланишини айтган.
"Ҳа, ачинарли... Лекин барибир у тарихий шахс бўлиб қолади. Уни эслашнинг ўзи ҳам кўпгина замонавий сиёсатчиларни ҳалигача даҳшатга солади. Ўзларининг исмларини эса ўлимларидан сўнг ҳатто фарзандлари ҳам эсламайди. Ҳайкал шунчаки темир тўплами, хотира эса дилларда яшайди", дея фикр билдирган Ориф Мўминов.
Бу фикрга қўшила олмаслигини айтган Абдуҳалим, "Чингизхон ва Гитлер ҳам тарихий шахс бўлиб унутилмаяпти", деган.
Парламент депутати, Қирғизистон Коммунистлар партияси раҳбари Исхоқ Масалиев эса, Ленин ҳайкалининг олинишга кескин муносабат билдириб, буни "манқуртлик", деб атаган.
"Ўшдаги Ленин ҳайкалини тунда олиб қўйишибди. Шаҳар аҳолисининг фикри сўралмади ҳам. Бу каби қарорлар ўтмишни унутишга қаратилган ҳаракатлардир. Аксинча, ҳалқимизга Совет ҳукумати олиб келган ютуқлар ҳақида гапирмайликми? Илмсизлик оқибатларини сеза бошладик. Қонун ҳимоя қилади, кейин тўғрилаб қўямиз. Уят, ака-укалар!", дея ёзган сиёсатчи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Маълумотларга кўра, шу каби баҳсу мунозараларга сабаб бўлаётган мазкур ҳайкал Совет даври ҳайкалтароши, СССР Бадиий академияси президенти Николай Томский томонидан ишланган.












