Илм-фан: Катталар кўкрак сути ичиши керакми?

Кўкрак сути солинган идиш ва кўкрак сутини олишда ёрдам берадиган насос ушлаб турган аёл қўллари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Кўкрак сути чақалоқни озуқавий моддалар ва антитаналар билан таъминлайди ва бола ўсиши учун зарур. Аммо баъзи катталар унинг супер озуқавийлигига ишониб ғамлайдиган бўлганлар.
    • Author, София Беттиза
    • Role, Глобал саломатлик репортёри, BBC World Service
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

У кўпинча халқ тилида "суюқ олтин" деб аталади. Баъзи мутахассислар уни "сеҳрли кучлар" манбаи дейишади.

Олимлар фикрича, она сути чақалоқни озуқавий моддалар ва антитаналар билан таъминлайди ва уларнинг ўсиши учун зарур.

Аммо баъзи катталар унинг супер озуқавийлигига ишонишади.

Алоқадор мавзулар

Уч фарзанднинг отаси бўлган 39 ёшли Жеймсон Ритенур умр йўлдоши эмизикли пайтида биринчи марта она сутини ичган.

Ўшанда рафиқасининг сути боладан ортиб қолаётган эди.

"Унга бу бироз ғалати туюлган бўлса ҳам, мен коктейлимга ундан қўшдим," дейди у Би-би-си билан суҳбатда.

Жеймсон YouTube'да бир бодибилдер кўкрак сути ичишнинг таъсири ҳақида гапирган видеони кўриб, бунга қизиқиб қолган эди.

Жеймсон Ритенур спортзалда жисмоний машқ пайти

Сурат манбаси, Jameson Ritenour

Сурат тагсўзи, Экспертлар бегона кўкрак сутини ичишда эҳтиёт бўлишни маслаҳат беришади. Жеймсон Ритенур кўкрак сутини мунтазам истеъмол қилиши кундалик жисмоний машқларига қувват берганини айтади.

Хотинининг кўкрак сутини ичиш Жеймсоннинг кундалик одатига айланди: у кунига ҳар бири тахминан 200 граммдан бўлган иккита порция ичарди.

"Мен, эҳтимол, ҳаётимдаги энг яхши ҳолатда эдим," дейди у Би-би-си билан суҳбатда.

"Бу, албатта, мушакларимни ривожлантиришга ёрдам берди. Мен вазн йўқотдим, шу билан бирга, тахминан икки ой ичида мушак массасининг 5 фоизини тўпладим."

Жеймсоннинг айтишича, она сути унинг рационининг бир қисми бўлганида, у касал бўлганини ёки шамоллаб қолганини эслай олмайди.

"Мен чақалоқ каби ўсишни ва чақалоқ каби ухлашни хоҳлардим, шунинг учун мен ҳам чақалоқ каби овқатланишга қарор қилдим, – дейди у. – Ўзимни яхши ҳис қилдим, кўринишим ҳам яхши эди".

Онлайн харид қилиш хавфли

Олимлар айтишича, она сутини ичишнинг катталар организми учун қандайдир фойдаси борлиги ҳақида илмий далиллар йўқ.

Аммо етакчи мутахассислар бу ҳали ҳам фойдали бўлиши мумкинлигини айтишмоқда ва одамларнинг ўз хаётларидан ҳикояларга қарашмоқда.

"Унда оқсил кўп – чақалоқ мушаклари жуда тез ўсади ва, албатта, бодибилдерлар айнан шуни хоҳлашади," дейди АҚШнинг Сан-Диего шаҳридаги Калифорния университети қошидаги Инсон сути институти асосчиси, доктор Ларс Боде.

"Бодибилдерларнинг бадани жуда яхши ҳолатда, шунинг учун унда нимадир бўлиши мумкин. Биз шунчаки бунинг ортидаги илмни билмаймиз."

Аммо доктор Боде ҳозирча эҳтиёт бўлишни маслаҳат беради, чунки она сути кўпинча Facebook, Craigslist ва Reddit'даги шубҳали манбалар орқали сотиб олинади.

"Бу сут текширилмаган ва соғлиқ учун катта хавфлар бор," деб огоҳлантирди доктор Боде. Бу ОИВ ёки гепатит каби касалликлар тарқатувчиси бўлиши мумкин.

Кўкрак сути ҳам аёлнинг овқатланиши ва умумий саломатлиги каби яхши ва бир қатор инфекциялар ташувчиси бўлиши ҳам мумкин.

Аёллар кўпинча назорат қилинмайдиган ёки стерил бўлмаган муҳитда ўзларини соғиб олишади, шунинг учун сут осон ифлосланиши мумкин.

2015 йилда АҚШдаги Nationwide Children'с Hospital томонидан ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, интернет орқали сотиб олинган 101 та она сути намуналарининг 75 фоизида зарарли патогенлар мавжуд ва намуналарнинг 10 фоизи сигир сути ёки чақалоқ сунъий сути билан аралаштирилган.

Жеймсон Ритенурнинг Интернетда сотиб олган кўкрак сути захираси сумкаси

Сурат манбаси, Jameson Ritenour

Сурат тагсўзи, Жеймсон Ритенур кўкрак сутини онлайн харид қилади. Экспертлар Интернетдан кўкрак сутини сотиб олмасликни маслааҳат берадилар

Жеймсон хотини сутдан чиққач, уни онлайн сотиб олишга қарор қилди.

Унинг айтишича, у сутнинг ифлосланиши хавфи ҳақида билмаган.

"Мен уни интернетдаги тасодифий одамдан сотиб олдим, лекин аввалига Facebook'да бироз суриштирув ўтказдим ва у нормал кўринди, - деди Жеймсон. - Шундай қилиб, таваккал қилишга қарор қилдим».

Илмий маълумотлар етишмаслиги уни ташвишга солмайди, чунки, айтишича, тажрибаси жуда ижобий бўлган.

Унинг сўзларига кўра, унчалик ижобий бўлмаган нарса одамлар муносабати эди.

"Одамлар менга, албатта, четдан қарашди, чунки фикран сут чақалоқлар учун. Аммо бу одамлар ўйлаганчалик ғалати эмас."

Хитойда чақалоғини эмизаётган аёл

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Кўкрак сутидан чақалоқлар озуқа ва аксилтаналар оладилар

Нимжон чақалоқлар-чи?

"Мен ҳеч қачон катталарга она сутини ичишни тавсия қилмаган бўлардим," дейди кўкрак сути чақалоқ саломатлигини қандай қувватлашини ўрганаётган доктор Меган Азад.

"Уларга зарар берганидан эмас, она сутига жуда муҳтож бўлган чақалоқлар бор, масалан, чала туғилган чақалоқлар ва кўкрак сутига муҳтожлар."

Доктор Боденинг айтишича, ортиқча она сутини фойда олиш учун сотиш эмас, балки муҳтож чақалоқларга бериш керак.

"Бизда энг заиф чақалоқларни боқиш учун сут етарли эмас. Она сути чала туғилган чақалоқларда касалликларни даволаш хусусиятига эга. Бу улар ҳаётини сақлаб қолиши мумкин."

Доктор Азаднинг таъкидлашича, агар қийналган оналар бодибилдерларга сутни онлайн сотиш орқали пул ишлаш мумкин деб ўйласалар, бу катталар истеъмоли учун кўкрак сутини сотиб олишнинг ўсиб бораётган ва хавфли тенденциясини янада кучайтириши мумкин.

Аммо Жеймсон ўзини айбдор ҳис қилмаслигини айтади.

"Одамлар мени оч қолган чақалоқлар учун айблашди. Лекин мен касалхоналар олдида туриб, онадан бор сутини беришини сўрамаяпман-ку!

Аслида, унга 100 дан ортиқ аёл боғланиб, ортиқча кўкрак сутини сотмоқчи бўлганини айтади.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Эҳтимолий соғлиқ фойдаларини очиш

Она сути ҳали тўлиқ ўрганилмаган тадқиқот соҳаси ҳисобланади.

"Узоқ вақт давомида тадқиқот молиялаштирувчилар она сутини аҳамиятсиз аёллар масаласи деб қараб, унга эътибор беришмаган, – дейди доктор Азад. – Бу патриархал қараш эди."

Бироқ бу ўзгармоқда.

Катталар она сутини истеъмол қилишининг хавфидан фарқли ўлароқ, унинг таркибидаги баъзи моддалар ҳозирда артрит, юрак касалликлари, саратон ва таъсирчан ичак синдроми каби бир қатор катталар касалликларини даволашда қўлланилиши мумкин бўлган воситалар сифатида ўрганилмоқда.

Уругвайдаги Монтевидео шифохонаси музлаткичида сақланаётган она сутлари

Сурат манбаси, EPA-EFE/REX/Shutterstock

Сурат тагсўзи, Уругвайдаги Монтевидео шифохонаси музлаткичида сақланаётган она сутлари

Доктор Азад, айниқса, она сути таркибидаги пребиотик толалар – она сути олигосахаридларининг саломатлик учун потенциал фойдаларига қизиқмоқда.

Бу толалар инсон организмида ҳазм бўлмайди, аммо фойдали ичак бактериялари томонидан чақалоқларда соғлом микробиомни ривожлантириш учун ишлатилади.

"Тадқиқотчилар бу олигосахаридларнинг катталар учун яллиғланишли ичак касаллиги каби ҳолатларни даволашда қўллаш мумкинлигини ўрганмоқдалар," дейди доктор Азад.

"Микробиомнинг соғлиғимиз учун муҳимлигини биламиз. Шунинг учун, агар ичак микробиомини бошқариш ва яхшилашнинг янги усулларини топсак, бу наф келтириши мумкин. Она сутидан олинган олигосахаридларлар эса бу борада катта истиқболли."

2021 йилда эълон қилинган сичқонлар устидаги тадқиқотда доктор Боде битта олигосахарид атеросклероз – юрак хуружи ва инсултга олиб келадиган артериялар тиқилишини камайтирганини аниқлади.

"Она сути таркибий қисмлари ғоят ноёб, – дейди доктор Боде. – Бу инсонлар томонидан инсонлар учун яратилган ягона нарсадир."

Одамлар танасига киритадиган сунъий бирикмалардан тайёрланадиган кўпчилик дори воситаларидан фарқли ўлароқ, она сути бирикмалари хавфсизроқ ва самаралироқ бўлиши мумкинлигини таъкидлайди у.

Бироқ улар катта истиқболли бўлса-да, клиник маълумотлар ҳали етарли эмас.

Агар давом этаётган клиник тадқиқотлар муваффақиятли якунланса – бунга доктор Боде ишончи комил – бу бирикмалар ҳар йили миллионлаб одамлар ўлимига сабаб бўлаётган юрак хуружи ва инсулт олдини олишда муҳим рол ўйнаши мумкин.

"Юрак хуружи ва инсултдан вафот этаётганлар сонини миллионлаб камайтириш имкониятини тасаввур қилинг. Бу улкан ўзгариш бўларди," дейди доктор Боде.