Нега бировнинг нажаси бошқа бировнинг ичагига киритилади?

Олим

Сурат манбаси, Rick Dallaway/Getty Images

    • Author, Сунет Перера
    • Role, Би-би-си Жаҳон Хизмати
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

"Нажасни трансплантация қилиш ғояси ғалати эди, албатта", дейди Рик Даллауэй. У донор нажасидан фойдаланиб ўтказилган клиник синовда иштирок этиш учун биринчи таклиф қилинган вақтини эслаб.

50 ёшли Даллауэй Бирламчи склерозловчи холангит (БСХ) деб аталадиган кам учрайдиган сурункали жигар касаллиги аломатларини даволаш мақсадида Англиянинг Бирмингем университетида нажас трансплантациясининг икки ойлик дастурини ўтади.

"Бу шунчаки нажаснинг бир бўлаги эмас", деб кулади у трансплантация жараёнини тушунтириб. "Уни аввал лабораторияда тайёрлаб олишади."

Алоқадор мавзулар:

Айни пайтда Рикнинг кам учрайдиган касаллигини даволашнинг охирги чораси жигар трансплантациясидир. Бу Буюк Британиядаги 100 000 кишидан олти-етти кишида учрайдиган касаллик бўлиб, умр кўриш давомийлигини 17-20 йилга қисқартиради.

Рикка саккиз йил олдин 42 ёшида ташхис қўйилган.

"Мен жуда хавотирда эдим, келажагимдан жуда хавотирда эдим, - деб эслайди у. - Бу худди жардан йиқилишга ўхшайди."

Фекал трансплантация нима?

Чизгилар

Нажас ёки нажас трансплантацияси сифатида ҳам танилган Фекал микробиота трансплантацияси (ФМТ) бир неча мамлакатда ичак касалликлари билан оғриган беморлар учун, асосан, клиник синовларда қўлланилади.

Соғлом нажас донорлари аввал текширилади, уларнинг намуналари ичак бактерияларидан олинади ва улар беморнинг ичакларига одатда колоноскопия, ҳуқна ёки назогастрал найча орқали кўчирилади.

Рик БСХ учун экспериментал даволаниш олди, аммо бу турдаги даволаниш мамлакатнинг Миллий Соғлиқни сақлаш ва Парваришлаш Институти кўрсатмаларига кўра, ҳозирда Буюк Британияда фақат битта ҳолат учун тавсия этилади.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Оғир Clostridium difficile (C. diff) инфекцияси бўлган беморлар Буюк Британиянинг Миллий соғлиқни сақлаш хизмати (МССХ) орқали даволаниши мумкин. Clostridium difficile (C. diff) диареяга олиб келиши мумкин бўлган зарарли бактериялар бўлиб, кўпинча антибиотикларни узоқ вақт давомида қабул қилган одамларга таъсир қилади.

50 мл суюқлик ФМТ намунаси МССХга 1684 долларга тушади. Экспертлар айтишича, бу такрорий антибиотиклар ва шифохонада даволаниш нархидан камроқ. Баъзи ҳолларда ФМТ фақат бир марта қўлланилиши керак.

Баъзи муассасалар, шунингдек, инсон нажасида топилган фойдали бактериялардан тайёрланган ичиладиган капсулаларини ҳам таклиф қилишади.

Ички органлар

Сурат манбаси, Getty Images

Нажосат

Янги жигар, буйрак ёки юракка муҳтож одамлар мос донорни топиш учун ойлар ёки ҳатто йиллар кутиши мумкин.

Бундан фарқли ўлароқ, одамнинг ахлатини топиш анча осон, аммо бошқа одамларнинг нажаси ҳақида ўйлаш баъзи одамларга жуда ёқимсиз.

Аммо Рик ғалатилигига қарамай, илмга ишонади ва унинг рафиқаси ва дўстлари унинг муолажасини қўллаб-қувватламоқда.

"Ҳеч қандай хижолат ёки шок қиладиган нарса йўқ, - дейди Рик. - Агар у иш берса, нега қилмаслик керак? Дўстларим ва қариндошларим айнан шундай муносабат билдирди".

Нажас банклари

Бирмингем университетидаги Microbiome Treatment Centre (МТС) маркази Буюк Британиянинг биринчи мустақил ФМТ хизмати бўлиб, C. diff инфекцияларидан юзлаб беморларни хавфсиз даволаш учун нажас намуналари билан таъминлайди.

Муассасада донорларнинг батафсил касаллик тарихи, турмуш тарзи баҳоланади, қон ва нажасдаги патогенлар учун тестлар олинади, умуман, жиддий скрининг бўлади.

Эҳтиёткорлик билан текширилгандан сўнг, соғлом нажас намуналари -80 ° С ҳароратда музлатгичда 12 ойгача сақланади. Беморга нажас трансплантацияси керак бўлганда, музлатилган, фильтрланган нажас эритилади ва шприцга жойлаштирилади.

"Нажас банклари бўлмаган мамлакатларда бу қийин, лекин аслида музлатилган ФМТдан фойдаланиш тавсия этилади, шунинг учун сиз бу одамларни тўғри текширишга вақт топасиз", дейди марказ директори, профессор Тариқ Иқбол Би-би-сига.

Донорлар харажатлари £200 совға картаси билан қопланади.

БСХни даволашда ФМТнинг роли

Мутахассислар таъкидлашича, Рикнинг ҳолатида, БСХ билан оғриган беморларнинг 70-80 фоизида яллиғланишли ичак касаллиги (ЯИК) ривожланади, бу атама узоқ муддатли яллиғланишни, Крон касаллигини ва ошқозон яраси билан оғир касалликка олиб келиши мумкин бўлган ярали колитни англатади.

Рикнинг синов муолажасига масъул гепатолог ва гастроэнтеролог доктор Палак Триведи айтишича, олимлар нима учун одамларда БСХ пайдо бўлиши ёки нима учун у ЯИКга ўтиб кетишини билишмайди.

"Бизнинг мақсадимиз - соғлом ичак микробиотасига эга нажасни БСХ билан оғриган беморларнинг ичакларига ўтказиш ва бу уларнинг жигар касалликларига қандай таъсир қилишини кўришдир", деб тушунтиради у.

Фекал трансплантация бўйича йўриқнома

Айни пайтда нажас трансплантацияси ҳар қандай касаллик учун таклиф қилинадиган биринчи даволаш усули эмас, дейди Лондон Империал коллежининг гастроэнтерологи, ФМТ бўйича расмий кўрсатмаларни ишлаб чиқишда қатнашган доктор Ҳорас Уилямс.

Доктор Уилямс таъкидлашича, МССХ фақат оғир Clostridium difficile (C. diff) инфекциялари учун ФМТни таклиф қилади, бошқа ҳолатлар учун эмас ва бошқа сабабларга кўра даволанишни хоҳлайдиган беморларни Рик сингари клиник синовларга қўшилишга ундайди.

Лондон Империал коллежи гастроэнтерологи ва Британия Гастроэнтерология Жамиятининг ФМТ бўйича йўриқномаси етакчи муаллифи, доктор Бенжамин Маллиш Би-би-сига айтишича, кўп одамлар ўзи мустақил тарзда ФМТ билан шуғулланмоқчи бўлади, бу жуда хавфли бўлиши мумкин.

Жанубий Африкадаги Витватерсранд университетининг Стив Бико биоэтика марказидан тиббий биоэтик доктор Ҳарриет Этерижнинг таъкидлашича, тажрибали амалиётчилар ва аниқ кўрсатмаларсиз ФМТ зарарли бўлиши мумкин, "айниқса соғлиқни сақлаш ресурслари чекланган қашшоқ мамлакатларда".

Жуда камдан-кам ҳолларда бундай даволаниш ҳатто ўлимга олиб келади.

Қариндошнинг нажасими ёки бегонаники?

Қорнини ушлаган одам

Сурат манбаси, Getty Images

АҚШ ва Европадан ташқари, ФМТ Бразилия, Жанубий Африка ва Ҳиндистон каби мамлакатларда синовдан ўтказилмоқда.

Баъзи беморлар нажасни ёқтирмасликлари, шунингдек, турли маданий, ижтимоий ва диний эътиқодлари туфайли даволанишни истамайди.

"Одамлар баъзида бундай даволаниш ҳақида эшитса, ўзини ноқулай сезади ва шифокор ҳазил қиляпти ёки жиддий эмас деб ўйлашлари мумкин", дейди Ҳиндистондаги Сир Ганга Рам касалхонасининг Жигар ва ўт йўллари ошқозон ости бези гастроэнтерологияси институти доктори Пиюш Ранжан.

Доктор Ранжан ўз тажрибасидан келиб чиқиб айтишича, баъзи беморларга нажасни бегона одамдан эмас, балки қариндошларидан қабул қилиш "яхши кўринади" - ҳатто нотаниш одам текширилган ва соғлом бўлса ҳам.

Аксинча, Crohn's and Colitis UK хайрия ташкилотининг 200 дан ортиқ аъзолари ўртасида ўтказилган сўров шуни кўрсатдики, кўпчилик ўзлари билганидан кўра номаълум, ишончли манбадан келган нажасни афзал кўришади.

Худди шу сўровномада респондентларнинг 37 фоизи дастлаб нажас кўчириб ўтказишга рози бўлмасликларини айтишган, аммо жараён ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлгач, бу кўрсаткич 54 фоиз кўтарилган.

"Таълим кўп тўсиқларни йўқ қилади", дейди тадқиқотга раҳбарлик қилган доктор Брет Палмер Би-би-сига.

Рик муолажа унинг кам учрайдиган касаллигини даволашига умид қилмоқда.

"Агар кимдир менга 10 йил олдин одам нажаси касалликларни даволайди, деб айтганида, мен бунга умуман ишонмаган бўлардим, - дейди у. - Аммо ҳозир бу ҳақиқат."

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002