Миямиз қаришини секинлата оламизми? Олимлар “ҳа” демоқда

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Лара Люингтон
- Role, Би-би-си мухбири
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Турмуш тарзимиз қанчалик соғлом бўлишимизга таъсир қилиши узоқ вақтдан бери маълум. Энди олимлар янги технологиялар миямиз қаришини секинлаштиришга ёрдам бера оладими, кексайиб борганимиз сари миямизда қандай ўзгаришлар бўлишини кузатиш орқали олимлар буни билишга қизиқмоқда.
Қуёшли тонгда 76 ёшли голландиялик Марижке ва унинг эри Том мени Лос-Анжелесдан бир соатча йўл шарқда жойлашган Лома Линдадаги уйларига нонуштага таклиф қилишди.
Алоқадор мавзулар:
Ёрма, чой, резаворлар, лекин қайта ишланган шакарли дон ёки қаҳва йўқ - нонушта Лома Линданинг миссияси каби тоза.

Сурат манбаси, .
Лома Линда дунёдаги "Мовий зоналар" деб аталадиган жойлардан бири. Бу каби жойларда одамлар узоқроқ умр кўриши аниқланган. Бу ерда узоқроқ яшайдиганлар, Еттинчи кун адвентистлар черкови қавмидир.
Улар одатда алкоголь ёки кофе ичмайди, вегетарианлар ёки ҳатто веганлар диетасига риоя қилишади ва ўз соғлиқларига иложи борича ғамхўрлик қилишни диний бурч деб билишади.
Улар нима учун яхшироқ ва узоқроқ яшаши ўнлаб йиллар давомида тадқиқот мавзуси бўлиб келган.
Лома Линда университети доктори Гэри Фрейзернинг менга айтишича, Еттинчи кун адвентистлари жамияти аъзолари нафақат узоқроқ умр кўради, балки уларда яна "саломатлик муддати" (яъни, соғлом яшалган вақт) аёллар учун тўрт-беш йил, эркаклар учун етти йилгача узаяди.
Марижке ва Том шаҳарга кейинроқ кўчиб келишган, аммо ҳозир иккаласи ҳам бу жамиятга мустаҳкам ўрнашган.

Лома Линданинг сири катта эмас. Улар соғлом ҳаёт кечиради, ақлий рағбатни сақлайди ва кўпинча диний қадриятларга асосланган жамиятни қадрлайди.
Соғлом турмуш тарзи бўйича маърузалар, мусиқали йиғинлар, жисмоний тарбия машғулотлари мунтазам ўтказилади.
Мен 112 киши билан бирга қариялар уйида яшовчи Жуди билан гаплашдим, у ерда ҳар доим "юрак ёзувчи ва ақлни тиниқлаштирувчи суҳбатлар ўтказиш имконияти" мавжуд, дейди у менга.
"Жамият ичида бўлиш миямиз учун қанчалик муҳимлигини илгари тушунмагандим... бусиз у кичраяди ва йўқолади", дейди Жуди.
Илм-фан анча илгари ижтимоий мулоқот ва ёлғизлик олдини олиш афзалликларини тан олган.
Аммо ҳозир кимнинг мияси тезроқ қариётганини аниқлаш, ҳатто уни кузатиш ва келажакда профилактика чорасини кўриш мумкин.
Соғлиқни сақлашнинг кўпроқ персоналлаштирилган, профилактик моделларига ўтаётганимизда, сунъий интеллект ва катта маълумотларга таянган ҳолда, эрта ташхис соғлиқни сақлашнинг барча соҳаларида муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Жанубий Калифорния университети геронтология ва ҳисоблаш биологияси кафедраси доценти Андрей Иримия менга миямиз қаришини баҳолайдиган ва унинг заифлашишини башорат қиладиган компьютер моделларини кўрсатди.
У ушбу моделларни МРТ сканерлари, 15000 та мия маълумотлари ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда соғлом қариш ва деменция каби касаллик жараёнларини бошдан кечираётган миялардаги ўзгариш траекториясини тушуниш учун яратди.
"Бу биз билмаган тартибли жараёнларни ўрганишнинг жуда мураккаб усули, аммо Сунъий Идрок алгоритми тушунишга қодир", дейди у.
Профессор Иримия, албатта, бошимни текширди.

Ташриф олдидан функционал МРТ ўтказдим ва натижаларни таҳлил қилиб бўлгач, профессор Иримия менинг мия ёшим хронологик ёшимдан саккиз ойга катта эканлигини айтди. Бироқ, профессор Иримия натижалар икки йиллик хатолик чегарасида бўлишини айтди.
Хусусий компаниялар ҳам ушбу технологияни тижорийлаштиришни бошлайди. Brainkey ширкати бу хизматни дунёнинг кўплаб клиникаларида тақдим этмоқда. Унинг асосчиси Оуэн Филлипс менга МРТ олиш келажакда осонроқ бўлиши кераклигини айтди.
"МРТлар одамлар учун анча қулайлашиб, тасвирлари ҳам тобора яхшиланмоқда", дейди у.
"Технология ўтмишдагидан анча олдинроқ кўриш мумкин бўлган нуқтага яқинлашмоқда. Бу шуни англатадики, биз индивидуал беморнинг миясида нима содир бўлаётганини аниқ тушунишимиз мумкин. СИ ёрдамида биз буни янада осонлаштира оламиз."
Профессор Иримиянинг МРТ таҳлили менга кўрсатганидан фарқли ўлароқ, Brainkey'нинг баҳолаши миямнинг биологик ёшини бир йилга қаритди. Менга унинг 3D босилган моделини ҳам беришди.
Бу ерда мақсад нафақат даволанишга аниқроқ ёндашиш, балки ҳар қандай чора қанчалик яхши ишлашини миқдорий баҳолаш имкониятидир.
Сўнгги 200 йил ичида ўртача умр кўришнинг кескин ўсиши ёшга боғлиқ кўплаб касалликлар пайдо бўлишига олиб келди. Агар ҳаммамиз етарлича узоқ яшасак, деменция барча эшикларимизни тақиллатиши мумкинми, деб ўйлайман.
Профессор Иримия, бу назария кенг миқёсда тадқиқ қилинган, аммо исботланмаган бўлсада, мақсад деменцияни секинлатиш йўлини топиш эканлигини айтди.
Буларнинг барчаси бизни худди шу нарсага қайтаради. Ҳар бир олим ва шифокор Мовий зоналар ҳаёт тарзи муҳим эканлигини айтади. Яхши овқатланиш, фаоллик, ақлий ҳушёрлик ва бахтлилик миямиз қаришини секинлатади.
Берклидаги Калифорния университетининг нейробиология ва психология профессори ва энг кўп сотилган "Нега биз ухлаймиз" китоби муаллифи Метю Уокернинг фикрича, яна бир муҳим омил бор.
"Уйқу - бу сизнинг миянгиз ва танангиз ўз соғлиғини тиклаш учун ҳар куни қила оладиган энг кучли нарсадир", дейди у. "Ухлаётганингизда мўъжизавий равишда яхшиланмайдиган ёки етарли даражада ухламаганингизда сезиларли даражада ёмонлашадиган онг фаолияти йўқ ҳисоби."
У уйқу пайтида "Альцгеймер касаллигининг иккита энг катта сабабчиси" бета-амилоид ва тау оқсилларини тозалаш учун ишлайдиган миямиздаги тозалаш тизими ҳақида гапирди.
Уйқу режимидаги ўзгаришлар ҳам деменция билан боғлиқ. Профессор Уокер таъкидлашича, бу фақат 60 ёки 70 ёшда эмас, 30 ёшда бошланиши мумкин. Шундай қилиб, уйқуни кузатиш орқали ушбу ўзгаришларни аниқлаш "ўрта ёшдаги профилактика модели" бўлиши мумкин.
Сан-Франсиско чеккасида жойлашган Fauna Bio биотехнология компанияси қиш уйқуси вақтида ва ундан кейин олмахонлар ҳақида маълумот тўплайди. Бу қишки уйқу вақтида олмахонларнинг тана ҳарорати пасайиши ва уларнинг метаболизм тезлиги одатдагидан атиги 1% гача тушиши маълум.
Бу вақтда улар афтидан нейронларни қайта ўстиради ва мияларидаги узилган алоқалар тикланади. Компания мақсади бу жараённи одамларда такрорлайдиган дори воситаларини яратишдир.
Даволанмаган депрессия ҳам деменция ривожланиши хавфини оширади. Стенфорд университети профессори Лин Уилямс МРТ ёрдамида мияда руҳий тушкунликнинг айрим шаклларини «тасвирлаш» ва шу орқали даволаш самарадорлигини текшириш усулини ишлаб чиқди.
Бу олимларга руҳий саломатлик ҳолатининг асосий омилларини, масалан, депрессияни яхшироқ тушунишга ёрдам беради. Шунингдек, у даволаш чоралари самарасини ўлчаш усули ҳамдир.
Ўзининг биологик ёшини сақлашга миллионлаб маблағ сарфлаётган технология тадбиркори Браян Жонсондан ҳам бу соҳага кўпроқ ишонадиган одам кам бўлса керак.
Ўнлаб қўшимча озуқалар, кунига 19 соат рўза тутиш, жисмоний машқлар ва турли муолажалар - бу вақтни ортга қайтаришга умиддандир.
Аммо мен Лома Линдаги 103 ёшли Милдред қатъий таъкидлаганидек: "Сиз диетангизга жуда эҳтиёт бўлишингиз керак, бу тўғри, лекин мен "Сиз буни ва буни қилишингиз керак, бунга умуман яқинлашманг!" демоқчи эмасман".
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













