Янгиликлар: Фалаж одамни юргизиш давоси топилди. Бу қандай амалга ошди? Ilm-fan

Gert-Jan walking in the park

Сурат манбаси, WEBER Gilles

Сурат тагсўзи, Gert-Jan can now leave his wheelchair behind and go for a walk in the park
    • Author, Паллаб Гош
    • Role, Илм-фан мухбири

Фалаж бўлиб қолган одам миясига ўрнатилган имплантлар ёрдамида шунчаки юриш ҳақида ўйлагани онда юра бошлаган. Бу тиббий илож ҳаётимни ўзгартириб юборди, дейди у.

40 ёшли голланд Герт Ян Оскам бундан 12 йил илгари велосипедда ҳалокатга учраб фалаж бўлиб қолган эди.

Унинг миясидаги электрон имплантлар унинг ўйларини умуртқасига ўрнатилган иккинчи имплантга симсиз узатади ва шу орқали қўл ва оёқларини ҳаракатга келтиришга ёрдам беради.

Бу қурилма ҳозирча синов босқичида, Британиядаги умуртқа жароҳатлари бўйича хайрия ташкилоти уни "жуда умидбахш" деб атади.

"Ўзимни энди юришни ўрганаётган ёш боладек ҳис этяпман", дейди жаноб Оскам Би би сига. Ҳозир у ўрнидан туриши, зинадан кўтарилиши мумкин.

"Бу жуда узоқ сафар бўлди, аммо муҳими ўрнимдан туришим, дўстим билан бирга пиво ичишим мумкин. Бу кўпчилик одамлар тушунмайдиган бир завқдир."

Герт-Ян компютерга мияси орқали сигнал юборяпти

Сурат манбаси, EPFL

Сурат тагсўзи, Герт-Ян компютерга мияси орқали сигнал юборяпти

Бу синовлар швейцариялик тадқиқотчилар томонидан ўтказилган бўлиб, натижалари Nature журналида чоп қилинди.

Нейрожарроҳ ва имплантларни мияга жойлаштириш амалиётини ўтказган, Лозанна университети профессори Жоселин Блох таъкидлашича, бу қурилма ҳозирча бошланғич босқичда турибди ва фалаж беморларга кенг кўламда қўллаш учун яна кўп йиллар керак.

Аммо унинг BBC News'га айтишича, бу қурилмани имкон қадар тезроқ лабораториядан олиб чиқиб, клиник шароитда қўллаш жамоанинг мақсадидир.

"Биз учун муҳими илмий тажриба ўтказишгина эмас, балки шифокорларидан ҳеч қачон юра олмасликка кўникиши кераклигини эшитавериб умидсиз бўлиб қолган, умуртқаси шикастланган кўпроқ беморларга ёрдам беришдир."

мия

Сурат манбаси, Wimagine

Британиянинг Spinal Research хайрия ташкилоти бош ижрочи директори Ҳарвей Сиҳота ушбу тажрибада қатнашмаган. Унинг айтишича, гарчи бу технология кўпчиликка етиб боргунича анча йиллар керак бўлса ҳам, ушбу ривожланишнинг ўзи "жуда умидбахшдир".

"Бу технологияни ривожлантириш учун хали кўп иш қилиниши керак бўлса ҳам, нейротехнология учун, умуртқаси шикастланганларнинг юра олиши ва мустақил бўлиши йўлидаги жуда қувонарли қадамдир."

Герт-Яннинг ҳаракатчанлигини тиклаш бўйича операция 2021 йил июль ойида ўтказилган. Профессор Блох бош суягининг ҳар икки томонида, ҳаракатни бошқарадиган мия қисмларида диаметри 5 см бўлган иккита айлана тешик очди. Кейин у мия сигналларини - Герт-Яннинг ниятларини симсиз равишда узатувчи диск шаклидаги иккита имплантни жойлаштирди.

Швейцариялик олимлар жамоаси Герт-Яннинг умуртқасига ўрнатилган иккинчи имплант ёрдамида бу сигналларни оёқ мушаклари ҳаракати бўйича кўрсатмаларга айлантирувчи алгоритмни ишлаб чиқди. Профессор Блох уни юриш билан боғлиқ нервларига моҳирона бириктирди.

график

Олимлар бир неча ҳафталик машғулотлардан сўнг бемор ҳасса ёрдамида тик туриб юра олишига эришдилар. Лойиҳага раҳбарлик қилган Лозаннадаги Федерал Политехника мактаби профессори Грегуар Куртиннинг айтишича, бемор ҳаракатлари секин, аммо бир текисдадир.

"Унинг жуда табиий юра олишини кўриш жуда таъсирли, - дейди у. - Бу аввал мавжуд бўлган усуллардаги жуда катта ўзгаришдир."

Мия имплантлари проф. Куртиннинг аввалги ишига таянади, ўшанда ҳаракатни тиклаш учун фақат умуртқа имплантацияси ишлатилган эди. Умуртқа имплантаси миядан умуртқа поғонасининг шикастланган қисмига келаётган заиф сигналларни кучайтирди.

BBC News хабар беришича, 2018 йилда Дэвид М'Зи умуртқа поғонаси имплантацияси ёрдамида муваффақиятли даволанган биринчи бемор бўлди, шу сабабли фарзанд кўришга ҳам муваффақ бўлди, илгари бу имконсиз эди.

Ўтган йили биз худди шу технологиядан фойдаланган ҳолда умуртқаси бутунлай узилган Мишел Роккати яна юра олган биринчи одам бўлгани ҳақида хабар берган эдик.

Иккаласи ҳам катта наф берди, аммо уларнинг юриши олдиндан дастурлаштирилган ва роботнинг ҳаракатига ўхшарди. Шунингдек, улар ўз ҳаракатларини компьютер билан синхронлаштиришлари керак эди, агар синхронлаштириш узилиб қолса, тўхтаб, компьютерни қайта ишга туширишлари зарур бўларди.

Герт-Янганинг (ўртада) 2018 йилда ҳали оёққа турмаган пайти тушган расми

Сурат манбаси, Hillary Sanctuary / EPFL

Сурат тагсўзи, Герт-Яннинг (ўртада) 2018 йилда ҳали оёққа турмаган пайти тушган расми

Герт-Янга мия имплантацияси ўрнатилишидан олдин умуртқа имплантацияси ўрнатилган. Унинг айтишича, ҳозир у ҳаракатларини кўпроқ назорат қила олади.

"Илгари тизим мени бошқараётганини ҳис қилардим, лекин ҳозир мен уни бошқараман." На эски ва на янги тизимдан доимий фойдаланиш мумкин эмас. Улар ҳозирча жуда қўпол ва ҳали тажриба босқичида.

Беморлар уларни соғайиш амалиётларининг бир қисми сифатида ҳафтасига бир соат ёки бир неча марта ишлатишади. Юриш ҳаракати уларнинг мушакларини машқ қилдиради ва тизим ўчирилганида ҳаракат даражасини тиклайди, бу шикастланган нервлар қайта ўсишига ёрдам беради.

Якуний мақсад технологияни ихчамлаштиришдир. Профессор Куртиннинг "Onward Medical" шўъба корхонаси ушбу технологияни одамларнинг кундалик ҳаётида қўллашга мослаштириш мақсадида такомиллаштирмоқда.

"Оз қолди, - дейди профессор Куртин. - Герт-Янга имплант у жароҳат олганидан 10 йил ўтиб ўрнатилди. Тасаввур қилинг-а, жароҳатдан кейин бир неча ҳафта ўтгач, мия ва умуртқа интерфейсини қўллаймиз. Тикланиш имконияти жуда катта".

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.