Янгиликлар: Нега олимлар иқлим масаласида норозилик намойишларига чиқмоқдалар? Iqlim Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Scientist Rebellion
- Author, Навин Сингх Хадка
- Role, ВBC World Service Атроф-муҳит мухбири
Дунё бўйлаб олимлар иқлим ўзгаришига қарши етарлича чоралар кўрилмаётгани учун норозилик билдирмоқдалар, кимдир йўлни тўсиб қўйса, яна биров ўзини жамоат биноларига занжирлаб қўймоқда.
Улар иқлим инқирози бўйича хабар бериш илмий нашрлар доирасида чекланмаслиги керак, чунки "уй аллақачон олов ичида" демоқдалар.
Аммо бошқа олимлар эса, намойишлар орқали иқлим инқирозига эътибор қаратиш ўрнига аниқ илмий ечимлар излаш керак, дейди.
Алоқадор мавзулар:
Олимларнинг халқаро ҳаракати бўлмиш "Олимлар исёни" бир йилдан ошдики норозилик митинглари уюштирмоқда.
Вакилларининг билдиришича, ҳозиргача ҳаракатга 2000 дан ортиқ олим қўшилган.
"Мен қамалишдан эмас, иқлим адолатсизлигидан уяламан"
Ана шундай олимлардан бири Германиядан Корнелия Ҳутдир.
20 йилдан ортиқ тажрибага эга эпидемиолог бир қанча иқлим норозилик намойишларида иштирок этган.
Ўтган октябрь ойида Мюнхенда йўлни тўсиб қўйишганидан сўнг, уни ҳибсга олишди, йўлни тўсиб, машина ва пиёдалар ҳаракатига халал бергани учун айбланди.
Суд иши давом этмоқда, аммо Ҳут хоним ўз норозилик чиқишларини давом эттиражагини айтмоқда.
"Фан иқлим ўзгариши бўйича ечимлар таклиф қилган, аммо ҳукуматимиз бу ечимларни амалга жорий қилмаяпти, мана нима учун биз кўчага чиқиб норозилик билдиряпмиз."

Сурат манбаси, Jordan Andres Cruz
БМТнинг кейинги иқлим конференцияси - COP28 Бирлашган Араб амирликларида бўлади. Бу конференцияда 2015 йили Парижда эришилган келишув бўйича давлатлар амалга ошираётган ишлар ривожи кўриб чиқилади.
Ўша келишувга кўра, глобал ҳарорат кўтарилишини саноатлашув давридан аввалгига нисбатан 2 даража Цельсийдан пастроқ ушлаб туриш белгиланган. Олимлар ана шу даражани нисбатан хавфсиз деб ҳисоблайди.
Бунинг учун дунё углерод эмиссиясини 2019 йилдан 2030 йилгача 43 фоизга қисқартириши керак.
Аммо ўтган йили БМТ томонидан қилинган сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, дунёда углерод эмиссияси қисқариш ўрнига 2010 йилдан бери 11 фоизга ошган.
Ҳут хонимнинг айтишича, Глобал Жануб учун иқлим ўзгариши хатарлари каттароқ.
"Бу жойларда давлатлар камроқ иссиқхона газларини чиқарган, аммо унинг салбий оқибатларидан биздан кўра кўпроқ зарар кўради. Мен бу каби иқлим адолатсизлигидан уяламан."
Ижтимоий фаоллик ёки илмий нашрлар?
Баъзи олимлар таъкидлашича, одамлар иқлим инқирозидан шундоқ ҳам хабардор ва муаммо жиддийлигини англаш учун олимларнинг норозилик чиқишларига муҳтож эмас.
Улардан бири Чалмерс университети профессори Жессика Жуэлл бўлиб, у норозилик намойишлари олимларга бўлган ишончга путур етказиши мумкин, деб ҳисоблайди.
"Олимларнинг иши хавф-хатар ва унга қарши чораларни мустақил баҳолашдан иборат. Иқлим бўйича ҳар бир чора, жумладан, ҳаракатсизликда ҳам ютувчи ва ютқазувчи томонлар бўлишини ҳисобга олсак, бу айниқса муҳимдир. Ўзига бўлган ишончни сақлаб қолиш учун олимлар ушбу баҳсларда муайян сиёсий ўйинчига ён босишдан тийилишлари керак", дейди у.
"Фавқулодда ҳолатга дуч келаётганимиз ҳозирги вақтда муаммога илмий ечим топиш устида ишлаш муҳимроқ."

Сурат манбаси, Renovate Switzerland
Бошқа бир иқлимшунос олим Зеке Хаусфатер ўтган йили шундай твит ёзган эди: "Мен иқлим ўзгариши билан жамият самарали кураша олмагани учун иқлимшуносларни айблашларига ўрганиб қолганман.
Аммо иқлимшуносларга иш ташлаб, илм билан шуғулланишни тўхтатишни таклиф қилиш ўта аҳмоқлик."
Би-би-си Жаҳон Хизматининг 2021 йили 31 мамлакатда ўтказган сўрови шуни кўрсатдики, ўртача 56 фоиз одам ўз ҳукуматлари иқлим ўзгаришини имкон қадар тезроқ ҳал қилиш бўйича қатъийроқ мақсадлар қўйишини хоҳлайди.
Яна 36% одам, ҳукумат мўътадилроқ ёндашиб, муаммони босқичма-босқич ечишга ҳаракат қилиши керак, дейди.
"Иқлимшунослик етарли"
Норозилик билдираётган олимларнинг таъкидлашича, сўнгги 40 йил ичида етарлича тадқиқотлар олиб борилган. Уларнинг таъкидлашича, ечимлар аллақачон Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро экспертлар гуруҳининг олтита ҳисоботида келтирилган, аммо ҳукуматлар чора кўрмаяпти.
Иқлим ўзгаришига қарши норозилик намойишлари учун ҳибсга олиниб, судга тортилиши кутилаётган профессор Жулия Стейнбергер ўтган йили эълон қилинган гуруҳ ҳисоботларидан бирининг бош муаллифи эди.
"У чоп этилганда, мен бир неча кун давомида ОАВ сўровларига жавоб бердим, 42 та ОАВ материаллари пайдо бўлди.
Олти ой ўтгач, мен Швейцария автомагистралида тахминан 20 дақиқа норозилик билдириш учун ўтирдим. Ана шу ишим туфайли мен ҳали ҳам оммавий ахборот воситаларидан сўровлар оляпман.
Шундай қилиб, оммавий ахборот воситалари таъсири ва иқлим инқирози мавзусини кун тартибида ушлаб туриш учун автомобиль йўлида бир неча дақиқа ўтирганим гуруҳ ҳисоботини тайёрлашда ишлаган йилларимга қараганда самаралироқ бўлди."
"Олимлар ҳаракат қилса, одамлар тинглайди"
Ҳукуматлараро экспертлар гуруҳи ўз баҳоларини эълон қилишдан олдин ҳисобот мазмунини келишиб олиш учун БМТнинг иқлим жараёнига жалб қилинган сиёсатчилар ва ҳукумат вакиллари билан ёпиқ эшиклар ортида учрашдилар.
Америкалик геолог Роуз Абрамофф барча илмий тадқиқотларга қарамай, ҳукуматлар сиёсатида деярли ўзгариш бўлмади, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, бу асосан қазилма ёқилғи ва агробизнес лоббистлари туфайлидир.
Илгари Абрамофф хоним Аляскадаги эриётган абадий музликни текширар, ундан атмосферага қанча иссиқхона газлари чиқаётганини ўлчар ва исиш тупроқдан углерод чиқиндилари ажралиб чиқишини қандай ошириши ҳақидаги симуляцияларни амалга оширар эди.
"Тадқиқотим сиёсатни керакли томонга ўзгартиришига кўзим етмади", дейди у.
"Шундан кейин бошқа бирор нима қилиб кўришим керак деб ўйладим".

Сурат манбаси, WILLIAM DICKSON
У сўнгги 12 ой ичида олти марта ҳибсга олинди, охирги марта 10 май куни АҚШнинг Массачусетс штатида у ва бошқа олимлар ва фаоллар штат қонунчилик палатасига кириб, қазилма ёқилғига инвестицияларни тўхтатишни талаб қилиб соатлаб ўтирдилар.
Ўтган декабрь ойида Америка Геофизика Иттифоқи йиғилишида, маърузачилар саҳнага чиқишидан олдин, у ва NASA иқлимшуноси Питер Калмус "Лабораториядан кўчага" деб ёзилган плакатни кўтариб туришди.
"АГИ бизни конференциядан ҳайдаб чиқарди", дейди у.
Лекин ютуқлар ҳам бор, дейди у.
Ўтган ноябрь ойида у ва бошқа намойишчилар қимматбаҳо саёҳатларга норозилик билдириш учун ўзларини 13 мамлакатдаги ўндан ортиқ хусусий аэропорт терминалларига занжирлаб қўйишди.
Улардан бири Нидерландиядаги Схипхол аэропорти эди. 2023 йил 4 апрелда аэропорт бир нечта режа, шу жумладан, шахсий учоқларни тақиқлаш ҳақида баёнот берди.
"Схипхол хусусий учоқлар ва кичик бизнес авиациясини тақиқламоқчи. Булар ортиқча шовқин ва ҳар бир йўловчига СО2 эмиссиясини номутаносиб шаклда кўп чиқаради", деди аэропорт.
"Олимлар ҳаракат қилса, одамлар тинглайди", дейди Абрамофф хоним.

Сурат манбаси, Scientist Rebellion
Углеродни ўрганувчи эквадорлик олим Жордан Андрес Круз ҳам шундай фикрда.
"Бизнинг чиқишларимиз нафақат ҳукуматларга босим ўтказмоқда, балки жамоатчилик қизиқишини уйғотади, бу уларга иқлим инқирози қанчалик жиддий эканини англашга ёрдам беради", дейди узоқ Анд тоғларида, шунингдек, шаҳарларда норозилик намойишлари ўтказган олим.
Улардан бири ўтган йили пойтахт Китодаги Атроф-муҳит вазирлигида ўтказилган эди, у ва бошқа олимлар иқлим ўзгариши билан боғлиқ илмий мақолаларни давлат идораси деворлари ва деразаларига ёпиштиришди.
"Бу ҳукуматнинг икки томонлама стандартларини фош қилишга қаратилган эди: бир томондан, у глобал форумларда ўзини экологик тоза давлат сифатида кўрсатади, шу билан бирга Эквадорнинг Амазон минтақасида нефть қазиб олишни кўпайтиришни кўзлайди.
Иқлим ўзгаришига қарши чоралар суст, агар билимли олимлар оддий одамларни огоҳлантирмаса ва ҳокимиятга босим ўтказмаса, ким қила олади буни?"
Тelegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














