БМТ бош котиби ва СОР27: Инсоният иқлим бўйича ҳамкорлик қилмаса, йўқ бўлиб кетади Iqlim Dunyo

BBC

БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш Мисрда COP27 Иқлим саммитига йиғилганларга юзлана инсоният "ҳамкорлик қилиши керак ё йўқ бўлиб кетади", деди.

"Биз иқлим жаҳаннами сари катта йўлда юқори тезликда ҳаракат қиляпмиз", - деди у.

БМТга кўра, ўтган йилги СОР26дан бери иссиқхона газларини кесиш ҳаракатлари "ўта номақбул" бўлган.

Олимларга кўра, иқлим исиши даражаси 2100 йилгача 1,5 градусдан ошмаслиги керак. Аммо, уларнинг айтишича, бу кетишда глобал ҳарорат аср охирига бориб 2,8 фоизга ошади.

Сўнгги хабарлар ўта хавотирли. Уларда таъкидланишича, дунё "ҳал қилувчи" ўйинга тайёргарликни бошлаши керак.

Алоқадор мавзулар:

Янги тадқиқот

Янги тадқиқотга кўра, олимлар иқлим ўзгаришининг ҳалокатли оқибатларини, жумладан, одамларнинг йўқ бўлиб кетиши эҳтимолини етарлича жиддий қабул қилмаяпти.

Муаллифларнинг таъкидлашича, ҳаддан ташқари исиб кетиш оқибатлари - агар ҳеч қандай чора кўрилмаса, шундай бўлиши мумкин - "хавфли даражада кам ўрганилган".

Уларнинг таъкидлашича, дунё "иқлимнинг ҳал қилувчи ўйини"га тайёргарлик кўришни бошлаши керак.

Улар БМТ олимларини ҳалокатли ўзгаришлар хавфини текширишга чақирмоқда.

Namibia
Сурат тагсўзи, Экстремал иқлим ўзгаришининг келажакдаги оқибатлари тўлиқ ўрганилмаган

Ушбу янги таҳлилга кўра, иқлим ўзгариши қандай глобал фалокатга олиб келиши мумкинлигини тўғридан-тўғри тушуниш асосий илмий тадқиқотлардан эмас, балки "Ишашга яроқсиз Ер" каби машҳур илмий-оммабоп китоблардан олинган.

Глобал исиш

Сўнгги йилларда иқлим бўйича олимлар 1850 йилда, глобал саноатлаштириш бошланишидан олдин кузатилган ҳароратдан тахминан 1,5 дан 2 ° С гача исиш оқибатларини тобора кўпроқ ўрганишди.

Suv toshqinlari

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Покистонда одамлар сув тошқинларидан қочмоқда

Ушбу тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бу асрда ҳароратни ушбу даражага яқин ушлаб туриш глобал иқтисодиётга оғир юк бўлади, аммо улар инсониятнинг охирини башорат қилмайди.

Тадқиқотчилар асосли сабабларга кўра ана шу паст ҳарорат сценарийларига эътибор қаратдилар.

Иқлим бўйича Париж келишуви натижасида Ер юзидаги деярли ҳар бир мамлакат бу асрда глобал ҳарорат кўтарилишини 2С дан пастроқ ушлаб туриш ва имкон қадар уни 1,5С дан пастроқ сақлашга ҳаракат қилиш бўйича келишувни имзолади.

Шундай экан, ҳукуматлар ўз олимларидан бундай ўзгаришлар нимани англатишини аниқ кўрсатишини исташи табиий.

Аммо ушбу янги мақолада айтилишича, иқлим ўзгаришининг янада экстремал таъсирига етарлича эътибор берилмаяпти.

"Менимча, мумкин бўлган энг ёмон сценарийлар ҳақида ўйлаш хавфларни донолик билан бошқариш бўлади, биз буни бошқа ҳар қандай вазиятда қиламиз, сайёра ва жонзотлар тақдири ҳақида гап кетганда, албатта керак", дейди етакчи муаллиф доктор Люк Кемп, Кембриж университетидан.

Тадқиқотчилар, ҳароратнинг 3С га кўтарилиши оқибатлари етарлича ўрганилмаган.

Башоратлар

Иқлим моделларидан фойдаланган ҳолда ҳисобот шуни кўрсатадики, ушбу сценарий бўйича, 2070 йилга бориб, дунёнинг сиёсий жиҳатдан беқарор минтақаларида 2 миллиардга яқин одам йиллик ўртача 29С ҳароратда яшайди.

Sharqiy London

Сурат манбаси, PA Media

Сурат тагсўзи, Бу ёз Европада рекорд даражадаги ҳарорат уйларни вайрон қилди

Тадқиқот ҳаммуаллифи, Нанкин университетидан Чи Ху: "Ҳозирги вақтда ўртача 29С йиллик ҳарорат Саҳрои Кабир ва Форс кўрфази соҳилидаги 30 миллионга яқин одамга таъсир қилмоқда.

2070 йилга бориб, бу ҳароратлар, унинг ижтимоий ва сиёсий оқибатлари иккита ядровий кучга ва энг хавфли патогенлар сақланадиган еттита максимал ҳимоя лабораториясига бевосита таъсир қилади. Бу ерда ҳалокатли ножўя таъсирлар юзага келиши мумкин", дейди у.

Муаммо нафақат юқори ҳароратда, дейилади ҳисоботда, балки фалокатга олиб келиши мумкин бўлган озиқ-овқат ёки молиявий инқирозлар, урушлар ёки касалликнинг авж олиши каби мураккаб ва ён таъсирлардадир.

Ҳароратнинг кўтарилиши уни янада кўтарадиган бошқа табиий ҳодисани қўзғатганда, пермафрост эриши натижасида метан эмиссияси каби потенциал бурилиш нуқталарини аниқлашга ҳам кўпроқ эътибор қаратиш лозим.

Ушбу хавфларнинг барчасини тўғри баҳолаш учун муаллифлар иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро панелни ҳалокатли иқлим ўзгариши бўйича махсус ҳисобот тайёрлашга чақирадилар.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, одамларни қўрқитиши мумкин бўлса ҳам, энг ёмон сценарийларнинг оқибатларини жиддий ўрганиш жуда муҳимдир.

Уларнинг таъкидлашича, ушбу тадқиқотни ўтказиш олимларга атмосферага совутгичларни пуркаш билан боғлиқ иқлим муҳандислиги каби фавқулодда вазиятларни кўриб чиқишга имкон беради. Тадқиқотчилар иқлим ўзгаришининг энг ёмон оқибатларига қарши ушбу радикал аралашувлар хавфини таҳлил қилишлари мумкин. Энг ёмон сценарийларга эътибор қаратиш, шунингдек, жамоатчиликни хабардор қилишга ёрдам беради ва салбий оқибатлар эҳтимолини камайтиради.

Ispaniyaning Zamora viloyati

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Иқлим ўзгариши сабаб бўлган ўрмон ёнғинлари бу ёзда шимолий ярим шардаги дарахтларга қирон келтирди

"Ушбу эҳтимолий, аммо даҳшатли сценарийларни тушуниш ҳам сиёсий, ҳам омма фикрини жунбушга келтириши мумкин", дейди доктор Кемп.

"Биз буни ядро қиши масаласига келганда кўрган эдик, бу кўплаб жамоатчилик ҳаракатларига, шунингдек, 1970 ва 80‑йиллардаги қуролсизланиш ҳаракатига туртки берган эди."

"Умид қиламанки, агар иқлим ўзгариши ҳақида фикр юритишда шунга ўхшаш аниқ механизмларни топсак, бу ҳам худди шундай таъсир кўрсатади."

Кўпроқ экстремал сценарийларни жиддий ўрганишга чақирув кўплаб ёш иқлим фаолларига ёқади.

"Иқлим ўзгаришининг барча жиҳатларида, жумладан, ҳалокатли ҳодисалар даҳшати бўйича тадқиқотларимиз бўлиши жуда муҳим, - дейди 25 ёшли иқлим фаоли Лаура Янг. - Бунинг сабаби шундаки, биз тўлиқ ҳақиқат ва барча мумкин бўлган таъсирларсиз ўзимизга керак бўлган онгли танловларни қила олмаймиз ва иқлим бўйича етарли чора кўришга мажбурлай олмаймиз.

"Кўп йиллар давомида иқлим ўзгаришини яширишди, нотўғри маълумот беришди ва бу мавзудан қочишди, ҳозир уни тўхтатиш керак. Айниқса, кўп йиллар давомида Ерни ана шу аҳволга олиб келингани оқибатларига юзлашадиган ёш авлодлар учун.

Тадқиқот "Proceedings of the National Academy of Sciences" журналида чоп этилган.

Мазкур мақолани тайёрлашда BBC News нинг Иқлим ва илм-фан масалалари бўйича мухбири Элла Ҳамбли ҳам иштирок этган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek