Маймунчечак юқтирган одамлар нималарни очиқлашди?

Сурат манбаси, REUTERS/Arlette Bashizi
"Мен жуда қўрққанман. Чунки унинг нималигини билмасдим. Аҳволим эса оғирлашарди. Томоғим бита бошлади. Яллиғланиб, буткул битиб қолди". Маймунчечакка чалинган Хорун ўз ҳолатини худди шундай тасвирлайди.
У айнан Мпокс ёки маймунчечак юқтирганини билгач, кучли ваҳимага тушганини айтади.
"Ўлишни истамасдим. Аммо иситмам ошиб борар. 42-44 даражага чиқиб, ҳушимни йўқотгандим. Ҳаммаси тугади деб ўйланганман" - дейди Хорун.
Алоқадор видео:
Мавзуга оид:
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Мпокс, яъни маймунчечакни фавқулодда ҳолат, деб эълон қилган.
Ушбу касалликнинг янги вируси Африкадаги Конго Демократик Республикасидан тарқалди. Юзлаб одамлар ўлди.
Касалликдан тузалган одамлар бугун унинг аломатлари ва қайси узвларга зарар етказиши ҳамда бетоблик қандай ўтиши ҳақида ўз бошларидан ўтказганларини баҳам кўришмоқда.
Улар, хусусан, қаттиқ иситмалаб, жинсий аъзоларида яралар чиққанини айтишади.
Собиқ беморлар бу каби аломатлар кўриндими, тезда шифокорга боришни маслаҳат беришади.
Анчайин хавфли, деб айтилаётган Клад 1Б маймунчечак штамми ҳозиргача Осиё ва Европада ҳам аниқланган.
Мпокс ёки маймунчечакнигн ҳозиргача маълум аломатлари қандай?

"Биринчи аломати - чот қисмимда шиш пайдо бўлди. Эртаси куни жинсий аъзомда кичик яра пайдо бўлди. Бир икки кун ўтиб, қўлларимга ҳам икки-учта яра чиқди" - дейди аргентиналик Лисандро Энрике.
У Испанияга борганида маймунчечак юқтирганини айтади. Лисандро бошидан ўтказганларини ижтимоий тармоқда минглаб фолловерлари билан бўлашди.
" Менимча, ҳушёр бўлишими керак. Эътиборсиз бўлмайлик. Терингиз бошқанинг терисига тегиб кетишига аҳамият бериш муҳим. Ҳатто интим муносабатда бўлмаса ҳам" - дейди у.
"Африкада маймунчечак борлигини бир неча йилдан бери билардик. Унга қарши зардоб мавжуд, лекин Африкага қанча вакцина юбордик?" - савол қўяди собиқ бемор.

Сурат манбаси, Getty Images
АҚШ олдинроқ Африкага 10 мингта вакцина берганди. Аммо Африкадаги касалликни назорат қилиш ва олдини олиш билан шуғулланувчи тиббиёт марказларининг билдиришича, ҳозир уларга 10 миллионта вакцина керак.
"Бу ўринда глобал жавоб чораси зарур. Хавф катта ҳудудларга захираларни йўналтириш долзарб мақсад бўлиши керак" - дейди Доктор Эбере Окереке.
"Биз ковид ва бошқа фавқулодда ҳолатларда юз берганидек, давлатлар ўзлари учун ғамлаб қўйишгани каби ҳоллар қайтарилиши истамаймиз. Аввало ўз фуқароларимни ҳимоя қилишимиз керак, деган фикрни тушунамиз. Аммо бу учун касаллик манбасини жиловлаш керак" - хулоса қилади олима.
Собиқ беморларга кўра, вакциналар нафақат бой давлатларда, балки Африкадаги камбағал мамлакатларда ҳам барча учун етарли бўлиши лозим.
Уларнинг урғулашича, агар дунёда бир нафар одам касаллик хавфидан ҳоли бўлмаса, демак, жаҳондаги ҳеч бир инсон хавфдан ҳоли эмас.
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













